2022 йил якунига саноқли кунлар қолди ва айни пайтда EastFruit таҳлилчилари йил натижаларини сарҳисоб қилишмоқда. Хўш, бу йил Ўзбекистон мева-сабзавот бизнеси иштирокчилари учун нимаси билан ёдда қоларли бўлди ва унинг қандай муҳим воқеликларини қайд этиш мумкин?
Кетма-кет иккинчи йил эрта баҳорда об-ҳавонинг кутилмаган «сюрприз»лари данакли мевалар ҳосилига жиддий зарар етказди, аммо ўтган йилгидан фарқли ўлароқ, бир неча турдаги данакли мевалар — бодом, ўрик ва гилос зарар кўрди. Бошқа меваларни эса табиат аномалиялари четлаб ўтди. Натижада, бодом, ўрик ва гилоснинг нархи юқори ва экспорт кўрсаткичлари паст бўлди. Шу билан бирга, меваларнинг кўпгина турлари бўйича ҳосил юқори бўлди, натижада, нархлар пасайиб, рекорд даражадаги экспортга эришиш имконини берди.
2022 йилнинг ёзи Марказий Осиё фермерларини яна бир нохуш ҳодиса билан синади — жазирама иссиқ помидор нархини кўтариб юборди, шунингдек, бу йил ҳосили рекорд даражада юқори бўлган олма сифати ёмонлашишига олиб келди. Бундан ташқари, иқлимшуносларнинг прогнозига кўра, Марказий Осиёда бундай ғайритабиий иссиқ ҳаво одатий ҳолга айланиб бормоқда.
EastFruit таҳлилчилари бозор иштирокчиларини бу ҳақида огоҳлантирганига қарамай, 2022 йилда биз «сабзи пуфаги»ига гувоҳ бўлдик. Шу билан бирга, сабзи «олтин шоҳсупа»ни пиёзга бўшатиб берди ва пиёздан ўзбекистонлик фермерлар бу йил яхши даромад олишга муваффақ бўлишди. Бундан ташқари, карам яна трендда бўлди ва унинг барча асосий турлари бўйича Ўзбекистон экспорт ҳажми рекордларини янгилади.
Картошка ва банан Ўзбекистоннинг мева-сабзавот сегментидаги энг йирик импорт позициясилигича қолмоқда. EastFruit таҳлилчилари сўнгги бир неча йил ичида илк бор истеъмол картошкаси импорти ҳажмининг пасайиши, шунингдек, банан истеъмолининг ўсиш суръати пасайишини прогноз қилишмоқда.
Жаҳондаги геосиёсий вазиятнинг ўзгариши шароитида Ўзбекистон тушунарли сабабларга кўра, ташқи бозорларга юк етказиб беришда муқобил йўналишларни излаш ва халқаро транспорт йўлакларини диверсификациялаш бўйича саъй-ҳаракатларни кучайтирди. Биринчи натижалар узоқ куттирмади. Қолаверса, 2022 йилнинг декабрь ойида мамлакат ҳукумати ерости сувларини ҳимоялаш муаммосига алоҳида эътибор қаратди.
Ўзбекистон ритейл бозорига хорижий иштирокчиларнинг экспансияси борасида турлича манзара намоён бўлди. Хуллас, ушбу воқеликларнинг ҳар бири ҳақида алоҳида тўхталамиз.
Материал катта ҳажмда бўлганлиги сабаб, EastFruit мутахассислари уни икки қисмга бўлишди. Биринчи қисм Топ-4 асосий воқеликни, иккинчи қисм эса яна 6 та муҳим воқеликни қамраб олган.
1. Март ойидаги об-ҳаво аномалиялари гилос, ўрик ва бодом ҳосилига катта зарар етказди
2022 йилнинг эрта баҳоридаги об-ҳаво ўзбекистонлик сабзавот, мева ва ёнғоқ етиштирувчилар учун нохуш «сюрприз»ларни олиб келди. Ва афсуски, бу ҳолат тақвим йилининг худди шу даврида кетма-кет иккинчи йил содир бўлди.
2022 йил март ойининг биринчи ярмида ёмғирнинг муттасиллиги ва давомийлиги бўйича юқори кўрсаткич қайд этилди. 5—17 март кунлари Ўзбекистон пойтахтида деярли 2 ойлик ҳажмда ёғингарчилик бўлди, тоғли ва тоғолди ҳудудларда эса одатдагидан 2-3 баробар кўп ёмғир ёғди. Бу даврда қисқа танаффуслар билан деярли ҳар куни ёғингарчилик кузатилди. Аммо об-ҳавонинг кутилмаган ҳодисалари шу билан тугаб қолмади, ёмғирли об-ҳаво йилнинг ушбу даври учун ғайритабиий совуққа ўз ўрнини бўшатиб берди. Мамлакатнинг барча ҳудудларида март ойининг иккинчи ярмида ҳаво ҳарорати кескин пасайиши кузатилди.
Йилнинг бу фасли учун ғайритабиий саналган узоқ муддатли ёмғир ва ундан кейинги совуқлар, биринчи навбатда, эрта гуллайдиган данакли мевалар – бодом ва ўрик, шунингдек, гилос ҳосилига катта зарар етказди.
Маълумки, Ўзбекистонда гилос етиштириладиган асосий ҳудуд ҳисобланмиш Фарғона водийсида ушбу турдаги мева март ойида гуллайди, бироқ бу йилги об-ҳаво шароити гилоснинг чангланишига имкон бермади. Натижада, 2022 йилги гилос ҳосили ўтган йилга нисбатан қарийб 2 баробар кам бўлди. Шу билан бирга, бозорга чиқариладиган 26 мм. ва ундан катта калибрли йирик гилос – ўрта ва кечпишар гилос навлари энг кўп зарар кўрди. Аммо март ойидаги об-ҳаводан эртаги гилос навлари ҳосилига етган зарар анча кам бўлди, чунки бу аномалиялар бошланмасидан аввал у чангланишга улгурган эди. Бироқ эртаги гилоснинг маҳаллий навлари кичик калибр (26 мм.дан камроқ)га эга бўлди.
Натижада, Ўзбекистонда 2022 йилги гилос мавсуми нисбатан қисқа бўлди, бу, асосан, ўрта ва кечпишар навлар учун йиғим-терим мавсумининг сезиларли даражада қисқариши билан боғлиқ бўлиб, нархлар ўрта ҳисобда ўтган йилга нисбатан (айниқса, йирик калибрли гилос навлари учун) анчайин юқори бўлди. Натижада, 2022 йилги мавсумда Ўзбекистондан гилос экспорти ҳажми жисмоний жиҳатдан бир неча баробар камайди. Шу билан бирга, кичик калибрли гилоснинг умумий экспортдаги улуши ўтган йиллардаги кўрсаткичларга нисбатан анча юқори бўлди.
Гилос мева сегментида Ўзбекистоннинг асосий экспорт позицияларидан бири ҳисобланади. 2022 йилги мавсумда Ўзбекистон 25,3 минг тонна гилос экспорт қилди, бу ўтган йилги рекорд кўрсаткичга нисбатан 2,4 баробар ва 2020 йилга нисбатан қарийб 20 фоизга пастдир.
Ўзбекистонда 2022 йилги гилос мавсуми якунлари ҳақидаги батафсил маълумотни бу ерда ўқинг.
Март ойидаги об-ҳаво аномалиялари туфайли ўрик ҳосилига етган зарар гилосга нисбатан анча кўпроқ бўлди. Қайд этиш жоизки, ўзбекистонлик ўрик етиштирувчиларга кетма-кет иккинчи йил омад кулиб боқмади. 2021 йилнинг қиш ойларидаги ғайритабиий иссиқ ҳаво ва ундан сўнг февраль ойи охири ва март ойининг биринчи ярмидаги совуқлар Ўзбекистондаги ўрик ҳосилининг катта қисмини нобуд қилган эди. Об-ҳавонинг кутилмаган ҳодисалари 2021 йилда паст ҳосил, юқори нархлар ва ушбу маҳсулот экспортининг кескин пасайишига сабаб бўлган эди.
Умуман олганда, ўрик ҳосили ҳажми, нархи ва экспорт кўрсаткичлари бўйича деярли бир хил манзара 2022 йилги мавсумда ҳам такрорланди.
Мавсум бошида, яъни, май ойининг иккинчи ярмида Ўзбекистонда ўрикнинг ўртача улгуржи нархлари ўтган йилги даражадан 1,5-2 баробар паст бўлди. Бунинг сабаби шундаки, бу вақтда ўрик бозорга, асосан, мамлакатнинг жанубий вилоятларидан келади, шунингдек, мамлакатнинг марказий қисмидан келадиган эртаги навлар ҳосили ушбу об-ҳаво аномалияларидан анча кам зарар кўрди. Мамлакатнинг жанубий ҳудудларида ўрик март ойидаги об-ҳаво аномалиялари олдидан гуллаш ва чангланишга улгурди, шунингдек, мамлакатнинг марказий қисмидаги эртаги навлар ҳам.
Бироқ бозорда жанубий вилоятлардан ўрик ва бошқа вилоятлардан эртаги навлар етказиб берилиши ҳажми камайиши билан ушбу маҳсулотнинг улгуржи нархи ўса бошлади. Энг кўп ўртапишар ўрик навлари зарар кўрди, июнь ойида ушбу маҳсулотнинг ўртача улгуржи нархлари ўтган йилги даражадан 1,5 баробар юқори бўлди, 2022 йилнинг июль ойида эса ўрикнинг улгуржи нархлари ўтган йилги рекорд даражадан 13-40 фоизга юқори бўлди.
Умуман олганда, 2022 йилги мавсумда ўрикнинг ўртача улгуржи нархлари 2020 йилги мавсум – об-ҳавонинг бундай аномалиялари кузатилмаган йилга нисбатан 2 баробардан 8 баробаргача юқори бўлди.
Бундай нархлар ва паст ҳосилдорлик билан экспорт кўрсаткичлари иккинчи йил ҳам, табиийки, паст бўлди. 2022 йилги мавсумда экспорт жисмоний жиҳатдан атиги 5,8 минг тоннани ташкил этди ва бу сўнгги 6 йилдаги энг паст кўрсаткич эди. Қайд этиш жоизки, Ўзбекистон 2021 йилга қадар ўрик экспортини фаол равишда ошириб борган эди ва 2020 йилда мамлакат ушбу маҳсулотни сархил ҳолатда экспорт қилувчи Испаниядан кейин жаҳонда иккинчи ўринга чиққан.
Жорий йилнинг март ойида кузатилган об-ҳаво аномалиялари туфайли Ўзбекистонда 2022 йилги бодом ҳосили ҳам паст бўлди. Натижада, сентябрь ойи охири – октябрь ойи бошида ушбу маҳсулот йиғим-терими мавсуми якунига кўра, пўстлоқли бодомнинг ўртача улгуржи нархлари ўтган йилги кўрсаткичдан бир ярим баробар юқори бўлди. 2022 йилнинг 20 декабрь ҳолатига кўра, ўртача улгуржи нархлар 1 кг учун 95 000 сўмни ташкил этди, бу 2021 йилнинг шу санасига нисбатан 2,4 баробар юқори кўрсаткичдир.
Табиийки, бундай нархларда 2022 йилги бодом экспорти кескин камайди. Ўзбекистонда бодом йиғим-терими мавсуми июль ойининг охирида эртаги навлар ички бозорга кириб келиши билан бошланади. Дастлабки расмий статистик маълумотларга кўра, 2022 йилнинг июль ойи бошидан 20 декабрига қадар пўстлоқли бодомнинг экспорт ҳажми атиги 97,5 тоннани ташкил этди, бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 4,7 баробар камдир. Бу даврда тозаланган бодом экспорти ҳажми атиги 38,5 тоннани ташкил этди ва бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 4 баробар камдир.
2. Ҳарорат рекордлари сабаб, помидор нархи кескин кўтарилди, олма сифати эса ёмонлашди
2022 йилнинг ёзи Ўзбекистон фермерларини яна бир кутилмаган нохуш ҳодиса билан синади. Июль ойида тахминан уч ҳафта давом этган ғайритабиий жазирама агробизнес вакиллари фаолиятига ўзига хос ўзгаришлар киритди. Соя жойдаги ҳаво ҳарорати Цельсий бўйича 45-46 даражадан ҳам юқори бўлиши, бу эса ўсимликларнинг ҳаддан зиёд зўриқиши, сув танқислиги, меваларнинг қуёшда куйиши ва маҳсулот сифати кескин ёмонлашишига олиб келди. Сабзавот етиштирувчилар ўсимликлар ўсишдан тўхтаганлиги ва ҳатто бор кучларини ишга солишган тақдирда ҳам ҳосил тўлиқ бой берилиши ҳақида гапиришди. Боғбонларнинг хабарига кўра, бу ҳароратда мевали боғларда экинга ишлов бериш билан боғлиқ юмушларни амалга ошириш жисмонан имконсиз эди.
Ғайритабиий жазирама сабаб, Ўзбекистон ички бозорида помидор етказиб бериш ҳажмининг қисқариши туфайли ушбу маҳсулот нархи кескин юқорилади, чунки мазкур турдаги экин далаларда қуриб қола бошлади.
Натижада, Ўзбекистонда помидор нархи нафақат июль ойида, балки кейинги бир неча ой ичида ҳам рекорд даражада юқори бўлди. Агар 2022 йилнинг июль ва август ойларида ушбу маҳсулотнинг ўртача улгуржи нархлари ўтган йилги кўрсаткичдан 2 баробар юқори бўлган бўлса, сентябрь ойида бу тафовут янада ошди ва ўртача улгуржи нархлар 2021 йилнинг шу даврига нисбатан 2,5-3 баробар баланд бўлди.
Бундан ташқари, 2022 йилнинг июль ойи охирида иқлимшунослар Марказий Осиёдаги бундай ғайритабиий жазирама янги меъёрга айланиб бораётгани ва бу минтақадаги фермерлар учун жиддий муаммо туғдириши ҳақидаги нохуш прогнозни эълон қилди.
EastFruit мутахассислари иқлим ўзгариши бутун жаҳон фермерлари учун жуда катта салбий оқибатларга олиб келишини бир неча бор қайд этишган. Марказий Осиё мамлакатларига келсак, ушбу минтақадаги сабзавот етиштирувчилар ҳимояланган тупроқда — иссиқхона ёки нетхаузларда маҳсулот етиштиришнинг турли хил вариантларига эътибор қаратишлари лозимлигини қайд этишган эди.
2022 йилда бу борада илк қадамлар қўйилди – Андижон вилояти Асака туманида умумий майдони 111 гектарлик Nethouse типидаги энг йирик замонавий енгил иссиқхона мажмуаси барпо этилди. 2022 йилнинг октябрь ойи бошида мазкур иссиқхона мажмуасининг 20 гектар майдонида ўнлаб турдаги маҳсулотлар, жумладан, помидор ҳосили йиғиб олинди. Nethouse иссиқхоналарида помидор ҳосилдорлиги анъанавий усулда очиқ майдонда етиштириш усулига нисбатан бир неча баробар юқори бўлди. Бундан ташқари, бу ерда томчилатиб суғориш тизими жорий қилинган бўлиб, у тупроқни махсус тўр билан қоплаш билан суғориш учун сув сарфини очиқ ерлардаги анъанавий суғориш усулига (жўяклар бўйлаб) нисбатан 10 баробаргача қисқартириш ва ўғитлар сарфини сезиларли даражада камайтириш имконини беради.
Бундан ташқари, 2022 йил ёзида Ўзбекистон Сабзавот, полиз экинлари ва картошкачилик илмий-тадқиқот институти олимлари помидорнинг ўттизга яқин нав ва дурагайлари очиқ ерда етиштирилганида ғайритабиий иссиқ ҳавога чидамлилигини синовдан ўтказишди. Ана шундай шароитда ҳосилни сақлаб қолиш учун ўзбек селекционерлари помидорни бошқа ўсимликлар ёрдамида соялади, ерда маккажўхорининг қуруқ поялари ва 5 см қалинликдаги сомон каби енгил пояли ўсимликлар билан салқин муҳит яратишди, намликни сақлаб туриш учун экин кечаси суғорилди. Синовдан ўтказилган навлар орасида “Бобкат F1”, “Томск F1”, “Ложан F1”, “Ред Стоун”, “Сераж F1”, “Индепенденс-28”, “Рио Гранде” кабилар июль ойининг жазирама иссиқ об-ҳаво шароитларига бардош бериб, яхши натижаларни кўрсатди.
2022 йил баҳорида олма ҳосили Ўзбекистонда жуда яхши бўлди, чунки март ойидаги об-ҳаво бу ҳосилга минимал таъсир этди. Фермерлар ўтган мавсумдан фарқли ўлароқ, 2022 йилда кузги олма навларидан яхши ва балки рекорд даражада кўп ҳосил олишни кутишган эди, зеро, ўтган мавсумда совуқнинг икки тўлқини куртакларга жиддий зарар етказган ва ҳосил ҳамда мева сифатига салбий таъсир қилган. Дарвоқе, фермерларнинг фикрича, айнан 2021 йилги ҳосилнинг ортиқча юкламаси йўқлиги жорий мавсумда мўл ҳосил шаклланишига яна бир сабаб бўлди.
Бироқ, 2022 йилнинг июль ойидаги ғайритабиий иссиқ ҳаво ўз ўзгаришларини киритди. Юқори ҳарорат ҳали керакли ҳажмга эга бўлмаган кузги олма навларининг жуда эрта етилишига олиб келди, фермерлар ҳосилни йиғиб, сотишга мажбур бўлишди. Бундан ташқари, ўша пайт бозорда маҳаллий эртаги навли олмалар, шунингдек, импорт қилинган арзон олмалар кўп эди. Бу эса 2022 йилнинг июль ойи охирида Ўзбекистонда олманинг улгуржи нархлари ўтган йилнинг шу даврига нисбатан уч баробардан кўпроқ арзон, чакана нархлар эса ўртача икки баробар паст бўлишига олиб келди.
Кейинги ойларда ҳам Ўзбекистонда олма нархи пастлигича қолди. Хусусан, 2022 йилги мавсумда олманинг оммабоп навларидан бири «Голден Делишес» нави учун ўртача улгуржи нархлар ўтган йилги даражадан анча паст бўлди ва тахминан 2019 йилги нархлар даражасига мос келди.
Юқори ҳосил ва олма нархи пастлиги кам ҳосилли 2021 йилга нисбатан экспорт ҳажмини сезиларли даражада ошириш имконини берди. Ўзбекистонда эртаги олманинг янги ҳосилини оммавий йиғиш мавсуми май ойи ўрталарида старт олади ва айнан шу даврда эртаги олманинг биринчи экспорт жўнатмалари бошланади. Шундай қилиб, 2022 йилнинг май ойи бошидан ноябрь ойи охиригача бўлган даврда Ўзбекистон 16,6 минг тонна ва қиймати 6,5 миллион долларлик сархил олма экспорт қилди, бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан жисмоний жиҳатдан 2,5 баробар кўп ва тахминан 2020 йилнинг шу давридаги кўрсаткичлар даражасидадир.
3. Юқори ҳосил ва рекорд даражадаги экспорт ҳажми
Март ойидаги об-ҳаво аномалиялари келгусидаги ҳосилга таъсир қилиш даражаси бўйича бошқа меваларни деярли четлаб ўтди.
2022 йилда Ўзбекистонда анжир, нок, олхўри, шафтоли ва нектариннинг юқори ҳосили ва натижада, уларнинг нархи нисбатана арзонлиги экспорт ҳажмини кескин ошириш имконини берди. Бундан ташқари, тарвуз ва қовуннинг юқори ҳосилдорлиги, нархи нисбатан арзонлиги ҳам ушбу турдаги полиз мевалари экспортини кескин ошириш имконини берди.
Сархил анжир 2022 йилда Ўзбекистон мева сегменти экспортида чинакам хитга айланди. Жорий мавсумда сархил анжир экспорти ҳажми жисмоний кўрсаткичларда ушбу маҳсулотнинг ўтган беш йилдаги умумий экспорти ҳажмидан 7 баробар ошди!
2022 йилда Ўзбекистондан анжир экспорти мавсуми июнь ойининг иккинчи ўн кунлигида бошланиб, сентябрнинг иккинчи ўн кунлигида якунланди. Ўзбекистон 2022 йилнинг июнь ойи бошидан сентябрь ойи охирига қадар жами 7,2 минг тонна ва умумий қиймати 1,9 миллион долларлик сархил анжир экспорт қилди ва бу тарихий рекорддир. Батафсил маълумотлар билан “Ўзбекистондан сархил анжир экспорти бўйича тарихий рекорд қайд этилди” материалида танишинг.
Ўзбекистон мева-сабзавот сегментида 2022 йилги экспортнинг навбатдаги хити нок бўлди. Ўзбекистон сархил нокларининг биринчи партияларини ташқи бозорларга жўнатиш июнь ойининг иккинчи ярмида эртаги навларни ташқи бозорларга йўллаш билан бошланди. Расмий статистик маълумотларга кўра, 2022 йилнинг июнь-ноябрь ойларида Ўзбекистон рекорд ҳажмда сархил нок экспорт қилди: жами 5,2 минг тонна ва умумий қиймати 2,3 миллион долларлик. Таққослаш учун айтадиган бўлсак, ўтган йилларда ушбу маҳсулот экспорти ҳажми жисмоний жиҳатдан минг тоннадан ошмаган эди.
2022 йилда Ўзбекистондан сархил олхўрининг биринчи партияларини жўнатиш май ойининг иккинчи ўн кунлигидан бошланди ва экспорт мавсуми старт олганидан буён сўнгги олти ой давомида мамлакатдан жами 48,5 минг тонна ва умумий қиймати 23,5 миллион долларлик сархил олхўри экспорт қилинди. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 2,5 баробар ва 2019 йилдаги аввалги рекорд кўрсаткичдан деярли 11 фоизга кўпдир. Ўзбекистон олхўри экспорти мавсуми якунлари ҳақида бу ерда батафсил ўқинг.
Ўзбекистондаги жорий шафтоли/нектарин мавсуми ҳам нисбатан арзон нархлар, ташқи бозорларга жўнатмалар кескин ошгани ва рекорд даражадаги экспорт тушумлари билан ажралиб турди. 2022 йилги мавсумда Ўзбекистон жами 76,7 минг тонна ва умумий қиймати 68,1 миллион долларлик шафтоли ва нектарин экспорт қилди. Экспорт тушумлари бўйича 2022 йил кўрсаткичи камида охирги беш йилдаги рекорд даража бўлиб, 2020 йилдаги аввалги рекорддан 11% га ошиб кетди. Бу ҳақида батафсил “Ўзбекистондан шафтоли ва нектарин экспорти мавсуми рекорд кўрсаткичлар билан якунланди” деб номланган материалимизда ўқинг.
Узум мева-сабзавот сегментида Ўзбекистоннинг энг йирик экспорт позицияси ҳисобланади. Жорий йилда янги ҳосилдан сархил хўраки узум экспорти мавсуми июнь ойининг иккинчи ўн кунлигида, ўтган йилга нисбатан тахминан бир ҳафта аввал эртапишар навлар жўнатилиши билан бошланди. Ташқи бозорларга экспорт мавсуми бошланганидан буён ўтган олти ой ичида Ўзбекистон ушбу маҳсулотни рекорд ҳажмда экспорт қилди.
Дастлабки статистик маълумотларга кўра, 2022 йилнинг июнь ойи бошидан 20 декабрга қадар Ўзбекистон жами 220,1 минг тонна ва қиймати 184,8 миллион долларлик сархил хўраки узум экспорт қилди, бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан жисмоний жиҳатдан 5 фоизга, экспорт тушуми бўйича эса 29 фоизга кўпдир. Агар 2021 йилнинг худди шу даврида хорижий бозорларга рекорд ҳажмдаги сархил хўраки узум жўнатилганини инобатга олсак, жорий мавсумда Ўзбекистон аввалги рекордни янгилади. 2022 йилги ҳосил хўраки узум экспорти географияси ҳақида бу ерда ўқинг.
Бундан ташқари, 2022 йилда Ўзбекистон қуритилган узум (майиз) экспорти бўйича ҳам рекордни янгилади. 2022 йилнинг январь ойи бошидан 20 декабрига қадар Ўзбекистон майизини ташқи бозорларга жўнатиш ҳажми 81,4 минг тонна ва умумий қиймати эса 81,4 миллион долларни ташкил этди, бу жисмоний жиҳатдан 2019 йилнинг аввалги рекорд кўрсаткичидан 15 фоизга кўпдир.
*2022 йил учун маълумотлар: 1 январдан 20 декабргача
Ўзбекистон Марказий Осиёда хўраки узумнинг энг йирик экспортёри бўлиб, ушбу маҳсулотнинг жаҳондаги топ-15 экспортёрлари қаторига киради. Аммо, афсуски, Ўзбекистон хўраки узуми экспорти фақат постсовет ҳудудидаги мамлакатлар билан чекланган бўлиб, экспортнинг қарийб 99 фоизи ЕОИИнинг тўрт мамлакати умумий улушига тўғри келади.
EastFruit таҳлилчилари узум навларини алмаштириш, плантацияларни янгилаш, истиқболли ва жаҳон бозорида талабгир бўлган хўраки узум навларини экиш зарурлиги ҳақида бир неча бор сўз юритишди. Чунки Ўзбекистонда етиштирилаётган узум навларининг ташқи бозорларда рақобатбардошлиги, жумладан, янги бозорлар очиш имкониятлари бундан ҳам яхшироқ истиқболни орзу қилишга ундайди. 2021 йилнинг май ойида эълон қилинган Ўзбекистонда етиштириладиган хўраки узум навлари рейтинги бўйича материал узум етиштирувчилар орасида қизғин муҳокамага сабаб бўлди ва мазкур тармоқ ушбу рақобатбардош бозорда ўз ўрнини сақлаб қолиши учун шошилинч чоралар кўриш зарурлигини яққол намоён этди.
2022 йилда маҳаллий навларни хориж селекциясига оид хўраки узумларнинг уруғсиз навлари билан алмаштириш бўйича илк қадамлар қўйилди.
Айни пайтда Тошкент вилоятида жойлашган Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий марказининг махсус иссиқхоналарида “in-vitrо” усулида хориж селекциясига мансуб етти хил хўраки узум кўчатлари, жумладан, Venus, Vanessa, Romulus, Lakemont ва Хimrod кабилар етиштирилмоқда. 2023 йилнинг баҳорида бу кўчатлар тажриба далаларига экила бошлайди, шунингдек, янги узум плантацияларини барпо этиш учун фермер хўжаликларига ҳам тарқатилади. Бу ҳақида батафсил “Ўзбекистонда хўраки узумнинг хориж селекциясига мансуб уруғсиз навлари экиш учун тайёрланмоқда” сарлавҳали материалимизда ўқинг.
2022 йилда Ўзбекистон тарвуз экспорти бўйича ҳам рекорд ўрнатди ва эришилган кўрсаткич ўтган йилгидан қарийб 2 баробар ошиб кетди. Ушбу маҳсулот экспорти ҳажмининг ошиши, асосан, Қозоғистонга етказиб бериш ҳажми қарийб икки баробар ошиши ҳамда Тожикистон ва Қирғизистонга жўнатиш ҳажми бир неча баробар ортиши ҳисобигадир.
Якунланаётган йилда Ўзбекистондан тарвуз экспорти мавсуми 15-20 май кунлари бошланиб, ноябрь ойи ўрталарида тугади. Ўзбекистон 2022 йилнинг май ойи бошидан ноябрь ойи охиригача бўлган даврда жами 81,8 минг тонна ва умумий қиймати 18,1 миллион долларлик тарвуз экспорт қилди, бу 2021 йилнинг шу даврига нисбатан жисмоний жиҳатдан 1,9 баробар, 2020 йилнинг шу давридаги рекорд кўрсаткичга нисбатан 1,7 баробар кўпдир. Бу ҳақида батафсил шу ерда ўқинг.
2022 йил ҳосилидан қовун экспорти ҳажмига келсак, ушбу маҳсулот экспорти ҳам ўтган йилга нисбатан кескин ошди ва 2020 йилнинг рекорд даражасига яқинлашди. Ўзбекистондан жорий қовун экспорти мавсуми май ойи ўрталарида – ўтган йилга нисбатан қарийб бир ҳафта эрта, эртапишар қовун навларини ташқи бозорларга жўнатиш билан бошланди. Дастлабки маълумотларга кўра, Ўзбекистон 2022 йилнинг май ойи бошидан 20 декабрига қадар жами 53,7 минг тонна ва умумий қиймати 18,4 миллион долларлик сархил қовун экспорт қилди. Бу ўтган йилнинг май-декабрига нисбатан жисмоний жиҳатдан 38 фоиз ва 2020 йилги рекорд кўрсаткичдан атиги 5 фоизга камдир.
*2022 йил учун маълумотлар: 1 январдан 20 декабргача
EastFruit таҳлилчилари Ўзбекистон мева-сабзавот секторидаги муҳим тенденция – музлатилган маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва уларнинг экспортини кўпайтириш масаласига бир неча бор эътибор қаратган. 2022 йилда Ўзбекистондан музлатилган мева-сабзавотлар экспорти ҳажми ўтган йилга нисбатан пастроқ суръатларда бўлса-да, ўсишда давом этди.
Ўзбекистон 2022 йилнинг январь ойи бошидан 20 декабрига қадар жами 15,1 минг тонна ва умумий қиймати 16,4 миллион долларлик музлатилган сабзавот экспорт қилди. Бу 2021 йилга нисбатан жисмоний жиҳатдан 23 фоиз ва экспорт тушуми бўйича 73 фоизга кўпдир.
2022 йилнинг шу даврида музлатилган мева экспорти ҳажми 6,4 минг тонна ва умумий қиймати 13,4 миллион долларга етди. Бу бутунбошли 2021 йилга нисбатан жисмоний жиҳатдан 10 фоиз ва экспорт тушуми бўйича 76 фоизга кўпдир.
4. Карам — яна трендда
Ўтган 2021 йил ўзбекистонлик оқ бошли карам етиштирувчилар учун муваффақиятли кечди ва 2022 йилда ҳам Ўзбекистон фермерларига омад кулиб боқди – тақвим йили минтақанинг деярли барча мамлакатларида карамнинг ниҳоятда юқори нархлари билан бошланди. Ўзбекистоннинг энг жанубий ҳудуди – Сурхондарё вилоятида оқ бошли карам ҳосили 2021 йилнинг декабрь ойида йиғиб олина бошланди ва 2022 йил февраль ойининг биринчи ўн кунлигида ҳам йиғим-терим давом этди. Ушбу карам 2021 йилнинг сентябрь ойида экилгани боис, нарх тез ўсишини ҳали ҳеч ким хаёлига келтирмагани учун фермерлар унинг майдонларини ҳеч бир ўзгаришсиз қолдиришган.
Хуллас, карам етиштирувчилар жуда мамнун бўлиб, карамни далалардан 4000 сўм/кг нархда жўнатишди, бу 2021 йилнинг шу даврига нисбатан қарийб 9 баробар юқори нархдир. Ўзбекистон карами, асосан, Беларусь, Россия ва Қозоғистонга жўнатилди, бироқ унга бўлган талаб таклифдан сезиларли даражада ошиб кетгани туфайли нархлар янада ошди.
Карамга ажиотаж талаб шароитида ўзбекистонлик фермерлар март ойининг биринчи ярмида йиғиб олинадиган эртаги карам майдонларини кескин кенгайтиришди. Ўзбекистонда эртаги карам етиштириш ҳажми кескин ўсиши кутилаётганига қарамай, таҳлилчилар минтақа мамлакатларидаги мавжуд вазиятдан келиб чиқиб, ташқи бозорларда ушбу маҳсулот нархи янада ошишини прогноз қилишди.
Натижада, 2022 йилнинг биринчи ярмида Ўзбекистондан оқ бошли карам экспорти 113,7 минг тоннани ташкил этди, бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 30 фоизга кўпдир.
2022 йил якунига кўра, Ўзбекистон оқ бошли карам экспорти бўйича ўтган йили қайд этилган рекордни янгилади. Дастлабки маълумотларга кўра, 2022 йилнинг январь ойи бошидан 20 декабрига қадар мамлакат 120,3 минг тонна ва умумий қиймати 24,7 миллион долларлик оқ бошли карам экспорт қилган, бу 2021 йилга нисбатан жисмоний жиҳатдан 27 фоиз, экспорт тушуми бўйича эса 66 фоизга кўпдир.
*2022 йил учун маълумотлар: 1 январдан 20 декабргача
Бундан ташқари, сўнгги йилларда Ўзбекистонда гулкарам ва брокколи етиштириш ҳажми ортиб бормоқда. Ички бозорда ушбу турдаги карамга талаб ҳам, уни экспортга жўнатиш ҳажми ҳам ортиб бормоқда.
2022 йилда Ўзбекистондан карамнинг ушбу турлари экспорти кескин оширилиб, рекорд кўрсаткичлар қайд этилди. Дастлабки маълумотларга кўра, январь ойи бошидан 20 декабрга қадар мамлакатдан жами 22,4 минг тонна ва умумий қиймати 12,4 миллион долларлик гулкарам ва брокколи экспорт қилинган. Бу бутунбошли 2021 йилга нисбатан жисмоний жиҳатдан 1,8 баробар, экспорт тушуми бўйича эса 2 баробар кўп кўрсаткичдир.
*2022 йил учун маълумотлар: 1 январдан 20 декабргача
Бундан ташқари, 2022 йилда Ўзбекистон Пекин карами экспортини кескин ошириб, карамнинг ушбу тури бўйича ҳам рекорд кўрсаткичларни қайд этди. Дастлабки расмий статистик маълумотларга кўра, 2022 йилнинг январь ойи бошидан 20 декабрига қадар мамлакат жами 3,5 минг тонна ва умумий қиймати 2,1 миллион долларлик Пекин карами экспорт қилган бўлса, аввалги йилларда Пекин карами экспорти ҳажми 1,2 минг тоннадан ошмаган.
Материалнинг давомини иккинчи қисмда ўқийсиз.
Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.
Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!