Бош саҳифаМева-сабзавот бозориБозорлар шарҳиМинтақа мамлакатларидаги пиёз бозори бўйича умумий шарҳ
Бозорлар шарҳиДолзарбМахсусЯнгиликлар

Минтақа мамлакатларидаги пиёз бозори бўйича умумий шарҳ

Мева-сабзавот бозори иштирокчилари EastFruit таҳлилчилари январь ойи ўрталарида прогноз қилганидек, Украинада пиёзнинг улгуржи нархи 1 кг учун 1 АҚШ доллари даражасига етганини жуда хотиржам қабул қилишди. Охирги воқелик 2023 йилнинг февраль ойида рўй берди ва ҳафта охирида нарх 1 кг учун 1,04 долларгача кўтарилди.

Дарвоқе, бу нафақат Украина, балки минтақанинг бошқа барча мамлакатлари учун ҳам мутлақ нарх рекордидир. Албатта, 2019 йилнинг май ойи бошида Украинадаги улгуржи пиёз нархи бўйича қисқа муддатли ўсиш 1,14 долларга етган эди, аммо ўшанда нарх бир ҳафта ичида икки баробар тушган. Шу боис, бу воқеани муҳим деб ҳисоблаш ўринсиз.

Бугун биз ушбу сабзавот нархлари билан минтақанинг барча мамлакатларида нималар содир бўлаётганини кўриб чиқамиз ва бу янги мавсумда барча бозор иштирокчиларига нимаси билан таҳдид солиши мумкинлигини таҳлил қиламиз.

Таққослов соф бўлиши учун нархларни барча мамлакатлар учун АҚШ долларида берамиз.

Шундай қилиб, кўриб турганимиздек, Украина пиёз нархи бўйича «чемпион»лигича қолмоқда. Аввалроқ, пиёзнинг шу даврдаги максимал нархи 2019 йилда килограмм учун 0,41 долларни ташкил қилган эди. Шундай қилиб, энди Украинада пиёз нархи, ҳатто доллар ҳисобида ҳам, ҳар қачонгидан 2,5 баробар юқори.

Пиёз нархи 2019 йилги мавсум сценарийсини такрорлайди деб фараз қиладиган бўлсак, вазият маҳсулот таклифи нуқтаи назаридан жуда ўхшаш бўлганида Украинадаги улгуржи пиёз нархи 2023 йилнинг апрель ойида килограмм учун 2 долларга етишини прогноз қилиш мумкин эди. Чунки ўшанда нарх февраль ойи охиридан апрель охирига қадар икки баробар ошган. Бизнингча, нархларнинг ўсиш тенденцияси давомли бўлса-да, бундай сценарий эҳтимолдан йироқ.

Украинада 2 доллар нархга эришиш мумкин эмаслигига сабаб, ҳозирнинг ўзидаёқ Украина барча Европа мамлакатларида пиёз учун устувор бозордир. Польша билан нархлардаги тафовутлар ҳозирнинг ўзидаёқ, керакли ҳажмдаги пиёзни ҳеч бир муаммосиз импорт қилиш имконини беради. Бу, шунингдек, Нидерландия катта ҳажмдаги пиёзни Африкадан Европа, Украина ва Марказий Осиёга йўналтириши мумкинлигини англатади. Бундан ташқари, ҳозир юқори сифатли пиёз ва жорий  мавсумда тақчил бўлган катта калибрли маҳсулотлар юқори нархлар туфайли Янги Зеландиядан Европага кела бошлади.

Бошқа барча мамлакатларда пиёз нархи Украинага нисбатан анча паст ва албатта, истисносиз барча мамлакатларда у рекорд даражада юқори.

Иккинчи ўринда пиёзнинг улгуржи нархи ўтган ҳафта пасая бошлаган, аммо килограмми 88 АҚШ центига етиб боришда давом этаётган Тожикистон турибди.  Эслатиб ўтамиз, икки йил аввал баҳорда Тожикистонда пиёз нархи 22 баробар арзон эди —ҳа, ўшанда апрель ойида пиёз нархи килограмм учун 4 АҚШ центига тушиб кетган!

Шу боис, Тожикистонда йилнинг шу давридаги улгуржи пиёз нархи бўйича аввалги рекорд килограмм учун атиги 20 АҚШ центини ташкил этгани ва бундан бир йил аввал қайд этилгани ҳеч кимни ажаблантирмаслиги керак.  Айни дамда Тожикистонда пиёз нархи ушбу давр учун ҳар қачонгидан 4,4 баробар қимматроқ. Эслатиб ўтамиз, ҳозирги кунда Тожикистондан пиёз экспорти таъқиқланган.

Грузия минтақа бўйича қиммат пиёз рейтингида учинчи ўриндан жой олган. Бу ерда ҳам охирги пайтда пиёзнинг улгуржи нархларида пасайиш тенденцияси кузатилди. Лекин у аввалгидек, килограмми 83 центни ташкил этмоқда — бу 2019 йилги аввалги рекорддан икки баробар кўп ва ўтган йилнинг худди шу давридагидан 3,2 баробар қиммат. Пиёзнинг Грузияда қиш-баҳор давридаги максимал улгуржи нархи килограмм учун 74 АҚШ центини ташкил этади ва бу нарх 2019 йилнинг апрель ойи охири — май ойи бошларида қайд этилган.

Пиёз нархлари рейтинги бўйича кейинги ўринда 2022/23 йилги мавсумда ушбу маҳсулотни шов-шувли тарзда экспорт қилган Молдова турибди. Албатта, экспорт, асосан, Украинага амалга оширилган. Бу ерда пиёз нархи кескин ошиб бормоқда, чунки захиралар камайиб боряпти ва пиёзни импорт қилиш зарурати пайдо бўлди.

Молдовада пиёзнинг улгуржи нархлари жорий йилнинг шу давридаги аввалги рекорддан икки баробар, ўтган йилга нисбатан деярли уч баробар ва 2019 йилнинг апрель ойи охири — май ойи бошида қайд этилган қиш-баҳор давридаги рекорд нархлардан уч баробар юқори.

Пиёз учун юқори нархлар бўйича бизнинг рейтингимизда бешинчи ўриндан Польша жой олган. Бу ерда пиёз 1 кг учун 69 АҚШ центидан улгуржи нархда сотилмоқда. Бу февраль ойи охиридаги аввалги рекорддан 35 фоиз қимматроқ, аммо 2019 йилнинг май ойидаги рекорд даражадан пастроқ, аммо нарх 2023 йилда ошиб кетиши ҳам мумкин. Бундан ташқари, Польшада пиёз нархи йилнинг ушбу даври учун ўтган йилги даражадан 2,8 баробар юқори.

Аксарият Марказий Осиё мамлакатлари каби пиёз экспорти чекланган Ўзбекистонда айни пайтда ушбу маҳсулот нархи минтақадаги энг паст кўрсаткичга эга, яъни, унинг килограмми 66 АҚШ центини ташкил қилмоқда. Ўзбекистонда пиёз нархи қарийб олти ҳафтадан бери барқарор бўлиб, ҳатто бироз пасайган, аммо у қадар эмас.

Дарвоқе, Ўзбекистонда пиёзнинг улгуржи нархлари ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 3,6 баробар юқори, яъни, бу ерда нархларнинг нисбий ўсиши Украинадагидан юқори бўлди. Қуйидаги графикда кўриб турганимиздек, аввалги барча рекордлар ортда қолдириб бўлинган.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда ҳам аномал совуқлар туфайли эртаги пиёз ҳосилининг кечиши кутилмоқда.

Минтақада пиёзнинг юқори нархи нималарга олиб келиши мумкин?

Пиёз нархининг бу қадар  юқори бўлиши соҳага кўпроқ инвесторларни жалб қилиши ва 2023 йилда пиёз етиштириладиган майдонлар минтақамизнинг деярли барча жойида кенгайишини англаб етиш учун фолбин бўлиш шарт эмас. Бунинг билвосита тасдиғи — пиёз уруғларининг тақчиллигидир, зеро, буни барча уруғлик компаниялари тасдиқлаган.

Шу сабабли, кейинги мавсумда пиёз нархи билан боғлиқ вазият Украинадан ташқари деярли ҳамма жойда бугунги куннинг тескариси бўлиши мумкин.

Мутахассислар фикрига кўра, пиёз нархларининг ўсиш тенденцияси ҳали давом этмоқда. Ахир, Марказий Осиёнинг энг иссиқ мамлакатларида эртаги пиёз йиғим-терими бошланишига ҳали анча вақт бор. Украина ва Молдовада эса эртаги пиёз ҳосили 2023 йилнинг июнь ойи ўрталарига қадар йиғиб олинмайди.

EastFruit

Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.

Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!

Бу сизга ҳам қизиқ бўлиши мумкин

Турк лирасининг қулаши: Туркиядан импорт қилинадиган мевалар оқими ортиши кутилмоқда

EastFruit

Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари Малайзия импортёрларида қизиқиш уйғотмоқда

EastFruit

Ўзбекистонда тарвуз нархи бир ҳафта ичида 33 фоизга пасайган

EastFruit

Шарҳлар қолдиришингиз мумкин