Бош саҳифаМева-сабзавот бозориБозорлар шарҳиЕвропадаги музлатилган ўрик бозори шарҳи ва унинг 2023 йил январь ойида фаоллашуви сабаблари
Бозорлар шарҳиДолзарбМахсусЯнгиликлар

Европадаги музлатилган ўрик бозори шарҳи ва унинг 2023 йил январь ойида фаоллашуви сабаблари

EastFruit музлатилган мева, резавор ва сабзавотлар бозори бўйича туркум шарҳларини давом эттирмоқда. Биринчи шарҳ Европанинг музлатилган малина бозоридаги мураккаб вазият ва нархларнинг давомли пасайишига, иккинчиси эса истеъмолчилар даромадлари пасайиши туфайли музлатилган маҳсулотлар бозоридаги туб ўзгаришларга бағишланган эди. Учинчи бозор шарҳи яна шундай қизиқарли позиция — музлатилган ўрик мавзусига бағишланади.

2023 йилнинг январь ойида Европадаги музлатилган ўрик савдоси 2022 йил охирига нисбатан ошди.  Германия, Украина, Венгрия, Польша каби мамлакатлардаги бозорларда импорт операциялари жонланаётгани бунинг далилидир.

Ишлаб чиқарувчиларнинг сўзларига кўра, 2023 йил январь ойи жуда қизғин кечган ва бозорда кутилган турғунлик содир бўлмаган. Аксинча, бозор фаоллиги ўтган йилларнинг январь ойига хос анъанавий фаолликдан ҳам ошиб кетган бўлиши мумкин.

Шунингдек, 2022 йилнинг январь ойида Молдова биринчи марта музлатилган бутун ўрикни Чехияга экспорт қилди. Илгари бундай маҳсулот камдан-кам қизиқиш уйғотар эди ва Молдова ҳеч қачон бу борада бирор-бир келишувга эришмаган. Бундай бутун ўрикнинг нархи тегишли сифатдаги яримтаки ўрик нархидан 30-40% паст.

2021 йилда музлатилган яримтаки данаксиз ўрикнинг (1-класс) нархи Европада 1 кг учун 1,9-2,0 еврога етди. Иккинчи даражали яримтаки ўрик  учун тахминан 1,4 евро тўланди.

2022 йилги мавсум бошидан бери Европада музлатилган ўрик (қўлда бўлинган) нархи пасайди ва:

  • 2-класс учун 1 кг нархи 1,25-1,35 евро
  • 1 класс учун 1 кг нархи 1,50-1,60 евро
  • калибрланган 1 класс учун 1 кг нархи 1,70-1,75 еврога тенг бўлди.

2023 йилнинг январь ойида Европада музлатилган ўрик нархи худди шу даражада сақланиб қолди. Шунинг учун, ўрик музлатилган мевалар ичида шу йўналишдаги корхоналар учун мураккаб мавсумда нарх-навонинг барқарор позицияси сифатида намоён бўлмоқда.

Фотосуратларда яримтаки музлатилган ўрик учун сифат тоифаларига мисоллар кўрсатилган:

Хулоса қилиш мумкинки, бозорда музлатилган ўрик тақчиллиги йўқ. Европалик трейдерларнинг фикрига кўра, 2022 йили Европада музлатилган ўрик ишлаб чиқариш ҳеч бир кутилмаган ҳодисаларсиз амалга оширилди.

Болгария ва Сербия каби ишлаб чиқарувчи мамлакатларда энди мавсум охиригача бозорни тўлдириш учун захиралар мавжуд. Украина ҳақида бундай деб бўлмайди. 2022 йили Украинада ўрик ҳосили яхши эди, лекин уни музлатишни ҳеч ким истамади, бу борада бошқа позициялар афзал кўрилди. Музлатилган мева тайёрловчи корхоналарнинг  аксарияти малина ва голубика сингари анъанавий юқори даромадли резаворларга эътибор қаратди. Эҳтимол, айнан шу омил 2023 йилнинг январь ойида Украина бозоридаги музлатилган ўрик тақчиллигига сабаб бўлган ва бу уни импорт қилиш заруратига олиб келгандир.

Тажрибадан келиб чиқиб, шуни айтишимиз мумкинки, қандайдир шов-шувни ҳис қилган ҳолда украиналик маҳсулот музлатувчи корхоналар ва трейдерлар 2023 йилги мавсумда ўрикка эътибор қаратишлари мумкин. Ва бу музлатилган ўрикнинг бир йил аввалгига нисбатан кўпроқ тайёрланишига олиб келиши мумкин, бу эса бозорда таклиф кўпайишини таъминлайди ва натижада нарх пасайишига олиб келади.

Бироқ, ҳар қандай ҳолатда ҳам, ҳаммаси об-ҳаво шароитларига ва асосий ишлаб чиқарувчи мамлакатлардаги ҳосилдорлик даражасига боғлиқ.

Ҳозирги кунда музлатилган сабзавот ва мевалар ишлаб чиқариш фаол ривожланаётган Марказий Осиё мамлакатлари ўрикни музлатишга нечоғли фаоллик билан қўшилиши ҳам қизиқ. Ўзбекистон тез суръатлар билан музлатилган мева-сабзавотларнинг йирик экспортёрига айланиб бормоқда, бироқ бунда  сабзавотлар экспорти устунлик қилади. Тожикистонда ҳам мева ва резаворларни шок усулида музлатиш бўйича илк корхона ҳам очилган бўлиб, у ҳозирданоқ экспортга маҳсулот таклиф қилмоқда.

EastFruit

Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.

Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!

Бу сизга ҳам қизиқ бўлиши мумкин

Турк лирасининг қулаши: Туркиядан импорт қилинадиган мевалар оқими ортиши кутилмоқда

EastFruit

Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари Малайзия импортёрларида қизиқиш уйғотмоқда

EastFruit

Ўзбекистонда тарвуз нархи бир ҳафта ичида 33 фоизга пасайган

EastFruit

Шарҳлар қолдиришингиз мумкин