Бош саҳифаМева-сабзавот бизнесиБизнес тарихиТожикистонда мева ва резаворлар шок усулида музлатиладиган биринчи завод ишга туширилди
Бизнес тарихиДолзарбМахсусЯнгиликлар

Тожикистонда мева ва резаворлар шок усулида музлатиладиган биринчи завод ишга туширилди

EastFruit экспертлари резаворлар ҳамда мева- сабзавотларнинг шок усулида музлатилиши Марказий Осиё учун энг жозибадор сармоявий йўналишлардан бири деб ҳисоблашади. Шу боис, бундан маҳаллий инвесторлар фаол хабардор қилиб борилмоқда. Қувонарлиси, ушбу маълумотлар ўз самарасини беряпти ҳам. 2021 йилда Ўзбекистон музлатилган сабзавот ва мевалар экспортини кескин ошира бошлади. Ва ниҳоят, Тожикистонда ФАО ва ЕТТБ лойиҳаси консультацион кўмагида мева ва резаворларни шок усулида музлатиш бўйича биринчи корхона пайдо бўлди.

2021 йил охирида “Хариф” МЧЖ томонидан кунига 15 тоннагача резавор, мева ёки сабзавотни статик музлатиш усулида қайта ишлаш қувватига эга бўлган илк завод фойдаланишга топширилди. Корхона Тожикистон шимолида, Хўжанд шаҳри яқинида жойлашган. Завод 2022 йилнинг баҳоридан  қулупнай, малина, олча ва ўрик каби меваларни музлатишни бошлайди. Бироқ, ҳар қандай турдаги мева-сабзавотларни музлатиш мумкинлиги туфайли бошқа имкониятлар ҳам кўриб чиқилади – бу малина, олхўри, шафтоли, қовун, наъматак, сабзавотлар ва ҳатто ёввойи турдаги мевалар бўлиши ҳам мумкин. Келгусида ушбу корхона жаҳон бозори учун қимматли бўлган, илгари мамлакатда етиштирилмаган бошқа турдаги мева-сабзавот маҳсулотларини етиштиришга туртки бериши, шубҳасиз.

“Хариф” заводи Тожикистондаги биринчи музлатувчи корхона ҳисобланади. Шу пайтгача мамлакатда сабзавотни қуритиш, мева-сабзавотларни консервалаш, қуритилган меваларни қайта ишлаш, шарбат ишлаб чиқариш заводлари мавжуд эди. Яқин-яқингача мамлакатда шок усулида музлатиш заводлари бўлмаган ва бу Тожикистон учун инновацион лойиҳа ҳисобланади. Тожикистон BRIX таркиби кўп миқдордаги юқори сифатли мевалари ҳамда мазкур хом ашёнинг нисбатан арзонлиги билан машҳур. Бироқ етиштирилган маҳсулотларнинг бир қисми шунчаки йўқ бўлиб кетади, чунки, уларни сархил экспорт бозорига сотиш имкониятлари жуда чекланган.

Шу билан бирга, маҳаллий фермерлар барча маҳсулотларни сархил ҳолатда сотиш мумкин эмаслигини тушуниб,  маҳсулотларни офтобда  ёки ўзлари қуритишади, лекин бир килограмм сархил маҳсулот ҳисобига олиб қаралганда қуритилган маҳсулотлан тушадиган даромад анчайин паст. Тожикистон  ўзининг қуритилган ўриги, олмаси, олхўриси ва қуруқ мева аралашмалари билан машҳур. Шунингдек, мамлакатда сабзавотлар қуритиладиган бир қанча корхоналар фаолият кўрсатмоқда. Бироқ, сархил ёки музлатилган маҳсулотларни сотиш анча фойдалидир, чунки, қуритилган меваларни сотишдан гектарига тушадиган даромад янги узилган ёки музлатилган меваларни сотишдан кўра бир неча баробар паст.

Дарвоқе, маҳаллий аҳоли учун анъанавий маҳсулот ҳисобланмиш Марказий Осиё мамлакатлари бозорида ҳам қуруқ мевалар ўз бозор улушини сархил меваларга бера бошлаган. Бундан ташқари, минтақадаги супермаркетлар тармоқлари, хусусан, Маkro супермаркетлар тармоғи менежери ўзбекистонлик Роман Сайфулин EastFruit нашрига берган интервьюсида мева-сабзавотларни музлатиш Ўзбекистонда ҳам энг тез ривожланаётган савдо сегментларидан бири эканлигини таъкидлади! Шу боис, янги лойиҳа туфайли Тожикистон супермаркетларида ҳам маҳаллий етиштирилган мева ва резаворларнинг музлатилган турлари пайдо бўлиши мумкин.

“Шахсан мен учун Тожикистонда мева ва резаворларни музлатиш бўйича завод ташкил этилиши катта ғалаба, чунки, бу мазкур турдаги бизнес салоҳиятини минтақанинг бошқа инвесторларига ҳам намоён этиш имконини беради. Зеро, музлатилган мева, сабзавот, резавор ва ёввойи турдаги мевалар  экспорти янги узилганларига қараганда анчайин осон. Мева-сабзавотларни чуқур музлатиш жаҳон мева-сабзавот бозорининг энг тез ривожланаётган сегментларидан биридир. Демак, маҳсулотларни музлатиш Тожикистонга экспорт ҳажмини ошириш, боғбонлар ва сабзавот етиштирувчилар даромадларини кўпайтириш ҳамда бутун қўшилган қиймат занжири бўйлаб янги иш ўринлари яратиш имконини беради. Шунингдек, умид қиламанки, ушбу корхона туфайли жаҳоннинг кўплаб мамлакатлари Тожикистон меваларининг ўзига хос таъмига баҳо беришлари мумкин бўлади. Чунки, музлатилган ҳолда сотиш учун мевалар тўлиқ пишиш босқичида йиғиб олинади. Бу босқичда уларнинг таъм сифати энг юқори чўққида бўлади», дейди Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) инвестицион департаменти иқтисодчиси Андрий Ярмак.

“Хариф” корхонасига қарашли мева ҳамда резаворларни музлатиш корхонаси қабул ва назорат бўлими, шок услида совутиш ва музлатиш, сақлаш ва совутиб ишлов бериш, шунингдек, қадоқлаш бўлимларидан иборат. Корхонанинг ҳатто ўз лабораторияси ҳам бор. Шу билан бирга, завод 300 тоннадан ортиқ мева ва резаворларни музлатилган ҳолда сақлаш имкониятига эга бўлади, бунинг учун замонавий сақлаш омбори қурилган. Шунингдек, 500 тонна мевани бир вақтнинг ўзида совутиш майдони мавжуд бўлиб, бу келажакда сархил ва совутилган юқори сифатли маҳсулотларни экспорт қилиш лойиҳасини йўлга қўйиш имконини беради. Ушбу инновацион корхонада музлатиш мавсумида 30 нафардан зиёд киши меҳнат қилади.

“Айни дамда Тожикистоннинг Сўғд ва Хатлон вилоятларидаги уй ва фермер хўжаликларидан хомашё сотиб олишни режалаштирганмиз. Келгусида 50 гектарга яқин майдонда Тожикистоннинг анъанавий ва нишали резаворларини етиштириш бўйича кооператив ташкил этишни режалаштирганмиз”, – дейди “Хариф” масъулияти чекланган жамияти директори, шунингдек, EastFruit, ФАО ва ЕТТБнинг узоқ йиллик маслаҳатчиси Бахтиёр Абдувоҳидов.

Мева-сабзавотларни музлатиш истиқболига ишонч ҳосил қилган ва мана, бир неча йилдирки, маҳаллий инвесторларни ҳам бунга ишонтираётган жаноб Абдувоҳидов шахсий намуна кўрсатишга ва энг замонавий технологиялардан фойдаланган ҳолда мустақил равишда биринчи заводни қуришга қарор қилди.

Украина музлатилган резаворлар экспортидан 200 миллион доллар, Польша ва Сербия эса ҳар бири ярим миллиард доллардан даромад олади. Шу билан бирга, Тожикистонда иқлим яхши, ишчи кучи ва электр энергияси арзон, резаворларнинг вегетация даври нисбатан узоқ, шу боис, Тожикистоннинг ушбу ўсиб бораётган ва истиқболли бозорда муваффақият қозонмаслиги учун ҳеч бир сабаб йўқ. Қолаверса, юқори ва ҳатто премиал сифатли маҳсулотлар етиштирамиз, улар учун қимматроқ нархга эга бўламиз», дейди Бахтиёр Абдувоҳидов.

Шунингдек, у сўнгги пайтларда вилоятдаги кичик фермерлар қулупнай етиштириш билан фаол шуғуллана бошлаганини, бу хомашё зонасининг барқарор кенгайиши ва маҳсулотларнинг бир қисмини музлатиб сотиш бўйича сархил бозор муқобили яратилишига умид қилаётганини таъкидлади. Ўз навбатида, “Хариф” компанияси ҳамкасбларига экин етиштириш технологиялари бўйича маълумот ва маслаҳатлар бериш, шунингдек, ишлаб чиқариш лойиҳаларини профессионал қўллаб-қувватлашда ёрдам беришни режалаштирмоқда.

Бундан ташқари, компания резаворлар кўчатларини кўпайтириш учун ўта замонавий кўп қаватли иссиқхоналар қуриб, Италиядан энг талабгир навларнинг экин материалини олиб келди. Уларни етиштиришда кам ҳажмли технология қўлланади, бу ҳам Тожикистон резавор бизнеси учун инновация ҳисобланади. Компания жаҳондаги энг яхши навли қулупнайларни саноат мақсадида етиштириш учун ўз питомниги ва плантациясини яратишни режалаштирмоқда.

Мева ва резаворларни музлатиш бўйича корхона ташкил этиш лойиҳаси «Хариф»нинг ўз маблағлари ҳисобидан молиялаштирилди. Шок усулида музлатиш ускунаси эса USAID CTJ лойиҳаси кўмагида харид қилинди.

«Хариф» экспортга йўналтирилган маҳсулотлар ишлаб чиқаради. Бунинг учун музлатишга мўлжалланган хом ашё етказиб берувчи резавор етиштирувчиларга HАCCP, ISО 22000 ва GLOBAL G.A.P сертификатларини бериш режалаштирилган.

EastFruit

Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.

Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!

Бу сизга ҳам қизиқ бўлиши мумкин

Маrlena қизил смородина бозорида янги лидерга айланадими?

EastFruit

Турк лирасининг қулаши: Туркиядан импорт қилинадиган мевалар оқими ортиши кутилмоқда

EastFruit

Боғлар ва узумзорлар учун янгиланган Zilus агророботи тақдим этилди

EastFruit

Шарҳлар қолдиришингиз мумкин