Бош саҳифаЯнгиликларЕИнинг музлатилган малина бозори шарҳи — нархлар тушиши қачон тўхтайди?
Бозорлар шарҳиМахсусМева-сабзавот бозориЯнгиликлар

ЕИнинг музлатилган малина бозори шарҳи — нархлар тушиши қачон тўхтайди?

EastFruit музлатилган резаворлар ва мева-сабзавотлар бўйича бозор шарҳлари туркумини бошламоқда. Илк шарҳ Шарқий Европа ва Марказий Осиёдаги шок усулида музлатиш ривожига туртки бўлган асосий маҳсулот —малинага бағишланиши ўзига хос рамзий маънога эгадир. Биз, музлатилган малинанинг Европа ва жаҳон бозорида 2023 йил январь ойида юзага келган инқирозли вазият ҳақида сўз юритишдан олдин ўтмишга қисқача тўхталиб ўтмоқчимиз.

2021 йилда малинанинг аномал юқори нархларидан сўнг кўплаб мамлакатлардаги фермерлар уни етиштиришга катта қизиқиш билан қарашди ва плантациялар фаол кенгайтирила бошланди. Бу бизни оқибатлар ҳақида огоҳлантиришга ундади ва «Малина буми-2» сарлавҳали материалимиз кўплаб тилларга таржима қилиниб, жаҳоннинг ўнлаб мамлакатларида ундан иқтибослар келтирилди, кенг муҳокама қилинди.  Шунга қарамай, малина етиштириш даражаси ошди. Кўпчилик маҳсулот нархи аввалгидек юқори бўлишига умид қилди. Одатда, муайян бир маҳсулот нархи кўтарилса нима бўлади? Табиийки, унинг истеъмоли камаяди ва муқобил вариант изланади. Бироқ, 2022 йилда бунга яна бир омил қўшилди — Россиянинг Украина ҳудудидаги жанговар ҳаракатлари туфайли Украинадаги музлатилган малина ишлаб чиқарувчилар тайёр маҳсулотлар реализациясини имкон қадар тезлаштиришга мажбур бўлишди.

Мавсум бошидаги нархлар

Шундай қилиб, 2022 йилги мавсум бошида ЕИда музлатилган малина нархлари жуда юқори даражада, бир килограмм учун 5 евро миқдорида шаклланди. Аммо реал битимлар 1 кг учун тахминан 4,7 евро нархда амалга оширилди. Албатта, биз экстра-класс малина ҳақида сўз юритмоқдамиз. Музлатилган малина экспорти бўйича жаҳондаги етакчи мамлакат — Сербия янада юқори нархларни эълон қилди. Кўплаб мамлакатлардаги малина музлатувчилар ушбу нархларни мўлжал олишди ва уларга асосланиб, хом ашё базасини шакллантира бошлашди. Ҳатто Тожикистон ва Ўзбекистонда ҳам мавсум бошида малинани музлатиш учун харид қилиш 3,0-3,5 $/кг нархида амалга оширилди. Кейинчалик нархлар бироз пасайган бўлса-да, ишлаб чиқарувчилар 1 кг учун 4-5 доллардан арзон бўлмаган маҳсулотлар экспортини режалаштиргани аниқ.

Эслатиб ўтамиз, бу вақтга келиб, бир неча ой давомида Украинада уруш давом этаётган ва бу Европа, айниқса, Россияда таназзул хавфи пайдо бўлишига олиб келган эди. Маълумки, малина асосий эҳтиёж маҳсулоти эмас. Бироқ, қайта ишловчилар керакли ўзгаришларни амалга оширишмади ва қиммат хом ашёни сотиб олишда давом этишди.

Август — Украина омили

2022 йилнинг август ойи бозор учун чинакам шок бўлди, украиналик экспортёрлар малинани 3,7 евро/кг атрофида таклиф қила бошлашди. Бундай шароитда бозор «тўхтади», чунки ҳеч ким нархлар энди қандай бўлишини тушунмасди. Табиийки, қисман миллий валютанинг қадрсизланиши, шунингдек, бошқа мамлакатларга қараганда хом ашё сотиб олиш нархи пастлиги туфайли шундай нархни қўя олган Украина экспортёрларигина маҳсулотларини сотишга муваффақ бўлишди.

Бундай шароитда бозордаги нархлар аста-секин тушди. Бошқа мамлакатлар экспортёрлари ҳам ўз маҳсулотлари нархини пасайтиришга мажбур бўлишди. Шу билан бирга, уларнинг аксарияти келгусида Украина малина сотишни тўхтатгач, нархлар тикланишига умид қилиб, маҳсулотини  «ушлаб турди».

Куз — ремонтант малина омили

Илиқ куз Украинага ремонтант малина навларидан яхши ҳосил олиш имконини берди. Юқори ҳосил фонида маҳаллий қайта ишловчилар жаҳон малина бозорида нархлар пасайишда давом этаётганини англаган ҳолда харид нархларини пасайтиришди. Бундан ташқари, Россия Украинанинг аҳоли энергетика инфратузилмасига қарши йирик ракета зарбаларини бергани сабабли кўпчилик музлатилган озиқ-овқат маҳсулотларини сақлаш билан боғлиқ муаммолардан чўчиди.  Шунинг учун улар сотишни янада тезлаштириб,  нархларга янги босқичда босим ўтказишди.

Натижада, ноябрь ойи охирига келиб, Европа Иттифоқида юқори сифатли музлатилган малинанинг улгуржи нархлари 1 кг учун 3,3-3,5 евро даражасига тушди.  Натижада, Молдованинг Тiferet номли музлатувчи компанияси менежери Юлия Тимошенконинг сўзларига кўра, «грис» сифатли малинанинг нархи бутунлай тушиб кетди ва 2023 йил январь ойида у кунига 4 марталаб ўзгарди — бир килограмм учун 1,65 евро даражасига тушди.

Украина 2022 йил якунларига кўра, малина экспорти ҳажми бўйича рекордни янгилагани ажабланарли эмас. Бироқ, бошқа мамлакатлар, биринчи навбатда, Польша ва Сербиядаги музлатилган резавор ишлаб чиқарувчилар қийин кунларни бошдан кечиришди, чунки улар хом ашёни анча юқори нархда сотиб олишган эди, маҳсулотни эса зарарига сотишга мажбур бўлишди.

2023 йилнинг январь ойи — Марокаш омили

Европа Иттифоқида музлатилган малина нархини давомий пасайтириш эстафетаси январь ойида Украинадан Марокашга ўтди. Европалик маҳсулот музлатувчиларга 2022 йил охирига келиб, малина нархи «экстра» учун 3,20-3,30 евро/кг атрофида барқарорлашгани аён бўлиши биланоқ, Марокаш экспортёрлари 2023 йилнинг январь ойида бозорга бир килограмми 2,5-2,6 евродан малина таклиф қилишди! Натижада, Польша Украина, Молдова ва Европанинг бошқа малиналарини сотиб олиш нархини яна 2,8-2,9 евро/кг гача пасайтирди. Марокаш малинасининг сифати ва етказиб бериш ҳажми ҳақида фикр-мулоҳазалар ҳозирча йўқ, аммо бозор қоидаларига кўра, ҳатто арзонроқ нархли бир нечта машиналардаги таклифлар ҳам ушбу мўрт бозорни бузиши мумкин. Шу билан бирга, ишлаб чиқарувчилар ва трейдерлар (Украина, Сербия, Польша, Молдова)да турли сифатдаги малиналарнинг катта ҳажми мавжуд.

Қуйида Европа Иттифоқи мамлакатларида экстра сифатли музлатилган малина (95/5 ва 90/10) учун ўртача ойлик нархларнинг индикатив жадвали келтирилган.

Кўпгина ишлаб чиқарувчилар учун малинани жорий нархларда сотиш жуда оғриқли ва зарарли. Айтганча, нархлар пасайишига қарамай, малинага бўлган талаб  унчалик юқори эмас. Албатта, баъзи украиналик ишлаб чиқарувчилар ўз маҳсулотларини ёзги харидга нисбатан арзонроқ нархларда кузги ремонтант навлардан тайёрлашди, чунки хом ашёни сотиб олаётганда улар бозордаги жорий нарх маълумотларига эга эди.

Ўтмиш — кўп саволларга жавобни билади

Аслида, бозорда бутунлай янгича воқеликлар содир бўлгани йўқ.

«Кўпчилик бир неча йил аввалги вазиятни эслайди — музлатилган малина нархи 1 кг учун 2 евродан паст эди ва ҳатто ушбу кўрсаткичдан ҳам сезиларли даражада пастга  тушган. Ўша пайтда фермердан тортиб тайёр маҳсулот трейдеригача бўлган бутун занжир паст нарх даражасининг босими остида эди. Фермерлар учун ўз хом ашёсини қайта ишлашга сотиш фойдали бўлмаган, кимдир резаворларини буталарда қолдирган, кимдир уларни ўша нархга кўниб сотган,  кўпчилик эса малина плантацияларини илдизи билан қўпориб ташлаган», дейди Юлия Тимошенко.

«2017-2018 йиллар — малинанинг жаҳондаги нархлари пастлиги даври 2019 йилга ҳам таъсир кўрсатган ва бу Украинада ушбу резаворни етиштириш даражаси тез ўсиши билан боғлиқ. Натижада, истеъмолчилар малина энг арзон резаворлардан бирига айланганига ўрганиб қолди. Ва бу таркибига малина қўшиладиган маҳсулотлар сони ортишига олиб келди: ҳар хил турдаги йогуртлар, смузилар, қандолатчилик ва нон маҳсулотлари саноати шулар жумласидандир. Табиийки, паст нархлар малинага бўлган талаб тез ўсишининг кафолатига айланди. Бу пайтда эса жаҳоннинг турли мамлакатларидаги фермерлар малинадан оммавий равишда халос бўлишди, чунки арзон тайёр маҳсулот хом ашё етиштириш даромадли бўлишини таъминлай олмади, айниқса, ишчи кучи тақчиллиги ортиб бораётган бир шароитда», дейди БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) инвестицион департаменти иқтисодчиси Андрий Ярмак.

«2021 йили Сербияда иқлим аномалиялари туфайли малина ҳосили билан боғлиқ муаммолар юзага келганида жаҳонда унга бўлган талаб жуда юқори эканлиги ва инерция бўйича ўсишда давом этаётгани маълум бўлди. Шу сабабли, нархлар килограмм учун ўртача 5 еврогача кўтарилиб кетди. Энди биз тескари циклнинг гувоҳи бўлмоқдамиз. Ҳозир юқори нархлар ва истеъмолчи даромадлари пасайиши, бир томондан, истеъмолга салбий таъсир кўрсатмоқда, фермерлар эса плантацияларни кенгайтирган ва малина етиштириш юқорилигича қолмоқда», дейди Андрий Ярмак.

Малина нархи пасайишда давом этадими?

«Бирор-бир прогноз қилиш мушкул, чунки бозор жуда беқарор», дейди Юлия Тимошенко. «Бир томондан, баъзи ишлаб чиқарувчилар 2023 йилги мавсумга аввалги мавсумдан қолган музлатилган малина билан кириб келишлари мумкин. Бошқа томондан, мавсум давомида фермерларнинг жавоби номаълумлигича қолмоқда. Эҳтимол, кўтарилган харажатлар шароитида улар арзон нархлардаги таклифлардан шокка тушишар, чунки нархларнинг кескин пасайишини олдиндан айтиш жуда осон. Бироқ музлатилган малинага талаб ва таклиф қай даражада барқарорлашади, буни ҳозирча баҳолаш қийин – янги мавсум бошланишини кутиш керак», дейди эксперт.

Фермерлар учун нохуш хабар

2022 йилда музлатилган малина нархи ҳатто Украинада ҳам нисбатан юқори бўлганига қарамай, ушбу нархлар даражасидан норозиликнинг дастлабки белгилари пайдо бўла бошлади.

2023 йилда харид нархлари сезиларли даражада паст бўлади, чунки 2022 йил ёзидан бери тайёр маҳсулот нархи деярли икки баробар пасайиб кетган. Шу билан бирга, биздаги маълумотларга кўра, маҳсулот етиштирувчи асосий мамлакатларнинг ҳеч бирида малина экиладиган майдонлар камаймаган. Ва баъзилари ҳатто инерция бўйича ўсишда давом этди.

Шу боис, малина нархлари бўйича янги нарх реалликлари фермерлар учун кутилмаган ёқимсиз ҳолат бўлиши мумкин.

EastFruit

Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.

Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!

Бу сизга ҳам қизиқ бўлиши мумкин

Музлатилган резавор ва мевалар бозори 2023/24 йилги мавсумга тайёрми?

EastFruit

Европа Иттифоқи Ўзбекистоннинг «GSP+» тизими бенефициари мақомини янги муддатга узайтирмоқда

EastFruit

Мева-сабзавот маҳсулотларини музлатиш бизнесидаги муваффақият омиллари

EastFruit

Шарҳлар қолдиришингиз мумкин