Бош саҳифаЯнгиликларУкраинада пиёз нархи юқорига кўтариладими?
ДолзарбМахсусЯнгиликлар

Украинада пиёз нархи юқорига кўтариладими?

Украинада пиёзнинг жорий нархлари маҳаллий фермерларни қувонтиришда давом этмоқда: айни пайтда EastFruitнинг нархлар мониторинги маълумотларига кўра, Украина бозорида пиёз бир йил аввалгига қараганда деярли уч баробар ва 2019 йилга нисбатан учдан бир баробар қиммат.

Борш тўплами сабзавотларини етиштирувчи йирик фермерлар куз бошидан буён савдони кескин чеклашмоқда ва мавсумнинг иккинчи ярмида нархларнинг янада фаол кўтарилишига умид қилиб, пиёзни омборда сақлашяпти. Натижада, ҳозир бозорда, асосан, омбори йўқ кичик фермер хўжаликларининг маҳсулотлари ёки узоқ муддатли сақлаш учун яроқсиз маҳсулотлар мавжуд.

Бу умидлар қанчалик ўзини оқлайди ва Украинада пиёз  нархи қачон ошади?

«Бу йил кузнинг бошланиши ҳақиқатан ҳам, украиналик пиёз етиштирувчиларга камида охирги беш-олти йилнинг рекорд даражадаги бошланғич нархини олиб келди! Шундай бўлса-да, нарх жуда секин ўсди ва мамлакатда ушбу маҳсулот учун жорий нархнинг максимал чегараси $0,37/кг ни ташкил қилмоқда – бу  шундай даражаки, унга эришгач, Қозоғистон маҳсулотлари Украина бозорига кира бошлайди»,  дея вазиятни шарҳламоқда Fruit-Inform.comнинг халқаро лойиҳалари раҳбари Евгений Кузин.

Украинада пиёз етиштиришнинг камайиши ва об-ҳаво шароити туфайли йиғиб олинган ҳосил сифати билан боғлиқ муаммолар бу йил юқори сифатли маҳсулотларни омборда сақлашга муваффақ бўлганларда оптимистик кайфият уйғотди ва ёз охиридан бошлаб, Украина бозорида 2018/19 мавсумнинг такрорланиши эҳтимоли юқорилиги ҳақида миш-мишлар тарқала бошлади. Эслатиб ўтамиз, ўшанда куздан баҳорнинг ўрталарига қадар Украинада пиёз нархи беш баробардан ошган эди! Шунга қарамай, бу ҳолатнинг айнан такрорланишини кутмаган маъқул.

“Бизнинг ҳисоб-китобларга кўра, Украина бозоридаги вазият 2018/19 йилги мавсумдагидек тус олмайди. Биринчидан, Fruit-Inform.com лойиҳаси маълумотларига кўра, бу йил Украинада пиёз етиштириш, гарчи, у сўнгги бир неча йил ичидаги энг паст кўрсаткичлардан бири бўлса-да, барибир 2018 йилги кўрсаткичдан ошиб кетади. Иккинчидан, қўшни мамлакатлардаги бозор шароитлари ҳозир бутунлай бошқача: масалан, Марказий Осиёда пиёз етиштириш даражаси  унчалик юқори эмас, Европа Иттифоқида эса ҳосил рекорд даражада бўлади. Учинчидан, агар Украинада йиғиб олинган ҳосил сифати баҳоргача сақлашга қўйилган барча ҳажмларни муваффақиятли асрашга имкон берса, омборхоналар оммавий очилгач, маҳсулот етказиб беришнинг кескин ошиши эҳтимолини истисно қилмаслик керак», дейди Евгений Кузин.

Эслатиб ўтамиз, 2018 йилда Марказий Осиё давлатларидан пиёз импорти куз ўрталаридан бошлаб кўпроқ Ғарб мамлакатлари бозорларида асосий ўринни эгаллай бошлаган, баҳорга келиб эса ушбу маҳсулотга бўлган талаб Шарқий ва Ғарбий Европада ҳам ажиотаж даражада бўлган эди.

Ҳозир Украинада Қозоғистон пиёзининг кичик партияларигина мавжуд, аммо улар маҳаллий маҳсулотлар нархи ошишини ҳозирданоқ чекламоқда. Шу билан бирга, масалан, Тожикистонда маҳаллий ишлаб чиқариш ҳажми камайиши туфайли жорий ўртача нарх 2018 йилнинг декабрь ойи бошидагига нисбатан тахминан 33 фоизга юқори. Маҳаллий иштирокчиларнинг фикрича, ҳосил нисбатан паст бўлган Ўзбекистонда ҳам шунга ўхшаш вазият юзага келган кўринади.

“Бир томондан, жорий мавсумда Тожикистон ва Ўзбекистонда пиёз етиштириш нисбатан паст, бу эса Марказий Осиё маҳсулотларини Украина бозорига етказиб бериш ҳажмини камайтиради. Бошқа томондан, бу минтақа фақат ушбу икки давлат билангина чегараланиб қолмайди ва айни дамда Қозоғистондан Россия Федерацияси, Беларусь ва ҳозирча камроқ даражада Украина бозорларига фаол равишда маҳсулот етказиб берилмоқда», дейди Евгений Кузин.

Шу билан бирга, ғарб масаласида сўз юритар эканмиз, Россия, Молдова ва Украинанинг ўзида нархлар ҳали 2018 йил даражасига етиб бормаганини ва Польшада улар 2018/19 йилнинг декабрь ойи бошидаги мавсумга нисбатан 40 фоиз паст эканини қайд этмоқчимиз! Бундан ташқари, АМI таҳлилий агентлиги ҳисоб-китобларига кўра, бу йил Европа Иттифоқида пиёз етиштириш 2018 йилга нисбатан учдан бир баробар юқори бўлади.

“Бизнингча, Украинанинг жорий пиёз мавсуми ва 2018/19 йиллардаги вазият ўртасидаги асосий фарқ –  Украина импорти фаоллигининг шарқдан ғарбга силжиши бўлиши мумкин. Бу йил Европа Иттифоқида пиёз етиштириш АМIдаги ҳамкасбларимиз маълумотларига кўра, камида 2015 йилдан бери энг юқори кўрсаткичда бўлади, бу, масалан, Германияда жорий уч йиллик минимал кўрсаткич билан тасдиқланган. Европа Иттифоқи фермерлари етиштирган маҳсулотларнинг ортиқча қисмини қаергадир экспорт қилишга тўғри келади ва Украина улар учун яхши вариант бўлиши мумкин, чунки, бу маҳсулот етказиб бериш учун қиммат денгиз логистикасини талаб қилмайди. Масалан, Голландияда сараланган сарғиш пиёзнинг ҳозирги ўртача нархи Қозоғистон  нархига жуда ҳам мос ва Украинаникидан 45% паст. Шундай қилиб, мавсумнинг иккинчи ярмида Украина бозоридаги вазият маҳаллий маҳсулотларни етказиб бериш сезиларли даражада камайган тақдирда айнан Европа Иттифоқидаги пиёз нархлари даражасига боғлиқ бўлиши мумкин», – дея хулоса қилди Евгений Кузин.

EastFruit

Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.

Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!

Бу сизга ҳам қизиқ бўлиши мумкин

Турк лирасининг қулаши: Туркиядан импорт қилинадиган мевалар оқими ортиши кутилмоқда

EastFruit

Марказий Осиё боғбонлари қора смородинани йошта билан, қизилини эса калина билан адаштиришмоқда!

EastFruit

Ўзбекистонда тарвуз нархи бир ҳафта ичида 33 фоизга пасайган

EastFruit

Шарҳлар қолдиришингиз мумкин