EastFruit 2021 йилнинг ноябрь ва декабрь ойларида Ўзбекистон мева-сабзавот секторини ривожлантиришнинг янги тизимини жорий этилиши, мева-сабзавот ҳосилини об-ҳаво рискларидан суғурталаш амалиёти кенг жорий этилиши ва экспорт шартномаси мавжуд бўлган тақдирда мева-сабзавот етиштирувчиларга суғурта мукофотининг 50 фоизигача бўлган қисми давлат томонидан қоплаб берилиши ҳақида ёзган эди.
2022 йилнинг 18 февраль куни Тошкент шаҳрида Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Молия вазирлиги ва Суғурта бозорини ривожлантириш агентлиги кўмаги билан “Semurg Insurance» суғурта компанияси ҳамда Швейцария, Германия, Францияда фаолият юритувчи йирик қайта суғурталовчи компаниялар (Swiss Re, Hannover Re, Scor Re, Ре ва Аxis Re) экспертлари иштирокида агросуғурта бўйича “Аgroinsurance Conference 2022” биринчи халқаро конференцияси бўлиб ўтди.
Анжуманда риск-менежмент ва мамлакат қишлоқ хўжалиги саноати самарадорлигини ошириш масалалари муҳокама қилиниб, ҳосил суғуртаси ва унинг муҳофазаси борасидаги энг мақбул вариантлар кўриб чиқилди.
Шунингдек ўқинг: Сурхондарё вилоятида эртаги картошка экиладиган майдонлар учдан бир ҳиссага кенгайди
Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги матбуот хизмати хабарига кўра, агросуғуртани ривожлантиришга бағишланган анжуманнинг асосий мавзуларидан бири – Ўзбекистон суғурта бозори учун ҳосилни ҳимоялаш бўйича янги ва ноёб суғурта маҳсулоти бўлди. Ушбу суғурта маҳсулоти аграр рисклардан ҳимоялаш бўйича жаҳондаги етакчи қайта суғурталовчи компания (Швейцария, Swiss Re компанияси) билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган.
Фақат банкни ҳимоя қилувчи стандарт молиявий риск суғуртаси полисидан фарқли ўлароқ, ҳосил суғуртаси айнан қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчисига етказилган зарарни қоплайди.
Маълум қилинишича, янги маҳсулотнинг вазифаси қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчисига нафақат ҳосил бой берилган тақдирда тўловни олиш, балки, дастлабки хавфларни камайтиришга ҳам ёрдам беришдир.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда 2021 йилнинг қиш ойларида ва эрта баҳорда кузатилган об-ҳаво аномалиялари сабзавот, мева ва ёнғоқ етиштирувчилар ҳамда мева-сабзавотларни сотиш, қайта ишлаш билан шуғулланувчи тадбиркорлар фаолиятига ва албатта, истеъмолчилар ҳамёнига салбий таъсир кўрсатди. Об-ҳавонинг бундай сюрпризларини EastFruit таҳлилчилари Ўзбекистон мева-сабзавотчилигида 2021 йилги Топ-10 воқеликларидан бири сифатида қайд этишди. Ушбу об-ҳаво аномалиялари 2021 йили Ўзбекистонда етиштирилган мева, ёнғоқ ва сабзавотлар нархига, шунингдек, мева, ёнғоқ экспортига қандай таъсир кўрсатгани ҳақида батафсил EastFruitнинг якуний таҳлилида ўқинг.
Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.
Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!