Бир қарашда жозибали туюладиган бизнес — мева-сабзавотларни шок усулида музлатиш амалда паст маржиналлиги билан мураккаб бўлиб чиқиши мумкин, деди FAO халқаро маслаҳатчиси, Тожикистоннинг “Хариф” компанияси раҳбари Бахтиёр Абдувоҳидов “Резаворлар ва мева- сабзавотларни шок усулида музлатиш — 2023: бозор шарҳи, инвестиция ва истиқболлар” деб номланган онлайн конференцияда.
Онлайн конференциянинг видеоёзувини ушбу ҳавола орқали кўриш мумкин.
Агробизнес соҳасида 18 йиллик тажрибаси бор Бахтиёр Абдувоҳидов “Мева-сабзавотларни музлатиш бизнесидаги бошловчи тадбиркорнинг аччиқ тажрибаси” мавзуидаги маърузасида “Хариф” компаниясининг шок усулида музлатиш бўйича фаолиятига доир биринчи йил якунларини сарҳисоб қилди.
“Дастлаб, мен биринчи йил зарарга ишлашга тайёр эдим. Аммо иккинчи йилга чиққач, қайси йўналишда ишлаш, яъни қайси маҳуслотларни музлатиш мен учун ноаниқлигича қолмоқда. Менимча, шок усулида музлатиш бизнесидаги маржиналлик жуда паст. Агробизнеснинг ушбу йўналилишида қаттароқ ҳажмларда ишлаш орқали фойда кўриш мумкин. Конкрет харидорлар мавжудлиги ҳам жуда муҳим«, деди «Хариф» компанияси раҳбари.
Бахтиёр Абдувоҳидовнинг айтишича, унинг корхонаси 2011 йилдан буён агробизнес соҳасида фаолият юритмоқда. 2022 йили фаолият йўналишларини кенгайтириш тўғрисида қарор қабул қилинди ва Тожикистонда биринчи шок усулида музлатиш корхонаси очилди. Ушбу қарорни қўллаб-қувватловчи далиллар қуйидагилар эди: шок усулида музлатилган маҳсулотлар жаҳон бозорининг ўсиши, мамлакатда рақобатдош корхоналар йўқлиги, арзон маҳаллий хом ашё, арзон ишчи кучи, арзон электр энергияси, қишлоқ хўжалиги соҳасидаги кўп йиллик тажриба, шок усулида музлатиш бўйича мутахассислар билан алоқалар ўрнатилганлиги, шунингдек, бизнес- ҳамкорлар мавжудлиги. Шунингдек, 300 тонналик ўртача ҳароратли музлатгич ҳам бор эди.
Натижада, кунига 15 тонна хомашёни қайта ишлашга мўлжалланган янги корхона жиҳозланди. Ҳозирги вақтда шок усулида музлатиш мажмуаси 6 тонна маҳсулотни бир вақтнинг ўзида музлатиш (минус 36 даражагача) ва 500 тонна совутилган ҳамда музлатилган маҳсулотларни сақлаш имконини беради. Компаниянинг ўз лабораторияси мавжуд.
Бахтиёр Абдувоҳидовнинг сўзларига кўра, қурилиш материаллари ва асбоб-ускуналарни танлашда нафақат ишлаб чиқаришнинг ўзига хослигини, балки Тожикистондаги об-ҳаво шароитини ҳам ҳисобга олиш керак эди (ёзда қуёшнинг тўғридан-тўғри таъсири остида ташқарида ҳаво ҳарорати панелда “плюс” 70 даражага етади, унинг ичида эса «минус» 30 ва бу ҳароратлар орасидаги фарқ тахминан 100 даражагача эканини билдиради). Шундан сўнг қайси сабзавот ва меваларни музлатиш кераклигини аниқлаб олиш лозим эди. Бу, хусусан, музлатиш учун мос хом ашё, шунингдек, махсус жиҳозлар мавжудлигига боғлиқ. Маълум бўлишича, масалан, Тожикистонда қулупнайнинг катта ҳажмларда етиштириладиган учта навидан фақат иккитаси музлатиш учун мос келади. Мамлакатда етиштириладиган малина навлари эса рақобатбардош экстра-класс маҳсулот бера олмайди.
Тожикистонда кичик ишлаб чиқариш устунлик қилгани боис, харидларни амалга ошириш учун кўплаб етказиб берувчилар билан музокаралар олиб боришга тўғри келди. Бундан ташқари, сархил бозордаги нисбатан арзон резавор ва мевалар ҳар доим ҳам музлатилган маҳсулотларни ишлаб чиқариш учун етарлича арзон хом ашё бўла олмаслиги маълум бўлди. Масалан, Тожикистон музлатилган қулупнайининг Россия бозорида рақобатбардош бўлиши учун (бозорнинг 70 фоизини Мисрнинг музлатилган қулупнайлари эгаллаган) нархи 1 кг учун 0,5 доллардан ошмайдиган хом ашё сотиб олиш керак эди. Аммо мавсумда сархил қулупнайнинг нархи 1 кг учун 1,1-1,2 доллардан юқори эди.
“Жаҳон бозорида ҳам хомашёдан ташқари тайёр маҳсулотлар нархлари динамик равишда ўзгарди. Масалан, сўнгги бир йилда музлатилган малина нархи 1 кг учун 5 евродан 2,5 еврогача пасайди. Афсуски, музлатилган маҳсулотларнинг жаҳон бозорида нархларини (сифатга қараб) кузатиб борувчи манба йўқ”, дея қайд этди Бахтиёр Абдувоҳидов.
Унинг сўзларига кўра, музлатилган маҳсулотлар савдосида ҳар бир экспорт бозоридаги логистика, солиқ ва йиғимларнинг амалдаги нархларидан ҳам доимий хабардор бўлиш зарур. Бу омилларга қўшимча сифатида янги иш бошлаган тадбиркорнинг тажриба, имиж ва йўлга қўйилган савдо каналларига эга бўлган компаниялар билан экспорт бозорларида рақобатлашаётган маҳал ҳамма ундан чегирмали маҳсулотлар таклиф этишини кутиши ҳам бор.
“Менда бундай тажриба йўқ эди. Бугунги кунга қадар катта тажриба тўпланди ва бунинг учун меҳнат, вақт ҳамда молиявий ресурслар сарфланди. Иш юришмоқда, бироқ шу билан бирга, келаси йил нима ишлаб чиқариш, яъни қайси маҳуслотни музлатишни режалаштириш мумкин, деган саволга ҳамон жавоб йўқ”, дейди Бахтиёр Абдувоҳидов.
Шунингдек, унинг сўзларига кўра, харидорлар билан янада фаолроқ ишлаш зарур эканлиги аниқ.
“Харидорларнинг дастлабки сўровлари хилма-хил, аммо харидорнинг хоҳиши бошқа, ҳали ишлаб чиқарилмаган маҳсулотни амалда сотиб олишга тайёр эканлиги бошқа. Ҳар бир харидор билан алоҳида келишиб олиш керак. Шу билан бирга, сўровларни бажариш учун қўшимча ускуналар талаб қилиниши мумкинлигини ҳисобга олиш лозим«, деди у.
Бахтиёр Абдувоҳидовнинг сўзларига кўра, кейинчалик қайта ишлаш учун корхона томонидан маҳсулотни ўзи етиштириши масаласига алоҳида йўналиш сифатида қаралмоқда.
«Хариф» компанияси дуч келган вазиятни муҳокама қилиш чоғида FAO инвестицион департаменти иқтисодчиси Андрий Ярмак унга шок усулида музлатиш учун ўзи маҳсулот етиштириш ғоясидан воз кечишни маслаҳат берди ва «агар музлатиш — муайян рисклар билан боғлиқ бизнес бўлса, у ҳолда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқариш жаҳондаги энг рискли бизнесдир«. Бундан ташқари, унинг сўзларига кўра, бирорта ҳам тизимли қайта ишлаш ўзини-ўзи хомашё (маҳсулот) билан таъминлай олмайди.
Андрий Ярмакнинг фикрича, нисбатан мувозанатли вариант — бу маҳсулот етиштириш лойиҳаларига сармоя киритиш ва ҳамкорликни йўлга қўйишдир.
“Ўзингизни хом ашё тақчиллигидан ҳимоялаш учун (маҳсулотлар сархил бозорга йўналтирилиши натижасида) чекланган талаб шароитида фермерлар катта ҳажмда етиштирадиган маҳсулотларни танлаш керак. Шунингдек, фермерлар билан тизимли равишда ишлаш мумкин бўлган маҳсулот тоифаларини танлаш лозим. Булар, масалан, брокколи, гулкарам, ширин маккажўхори, қулупнай бўлиши мумкин. Айтганча, улар музлатилган маҳсулотлар бўйича жаҳон савдосида биринчи ўринда туради”, деди Андрий Ярмак.
Қуйида Бахтиёр Абдувоҳидовнинг чиқиши акс этган видеони томоша қилишни таклиф этамиз:
Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.
Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!