Бош саҳифаДолзарбЎзбекистондан эртапишар олма экспорти уч бараварга камайди – совуқ уриши ягона сабаб эмас
Долзарб Махсус Янгиликлар

Ўзбекистондан эртапишар олма экспорти уч бараварга камайди – совуқ уриши ягона сабаб эмас

EastFruit бир неча йилдан буён Ўзбекистондан эртапишар олма экспорт қилиш истиқболлари ҳақида ёзади, аммо аввал прогноз қилганимиздек, 2021 йилда бу тенденцияда узилиш рўй берди. Ўзбекистон Божхона қўмитаси маълумотларига кўра, 2021 йил май-август ойларида ўзбек олмаси экспорти натурал ифодада 2020 йилнинг худди шу даврига нисбатан уч марта камайиб, атиги 6,3 минг тоннани ташкил қилган. Бу сўнгги тўрт йил ичида эртапишар олма экспорти бўйича энг паст кўрсаткич!

Аммо Ўзбекистондан эртапишар олма экспортининг бундай кескин камайишига сабаб биргина ноқулай об-ҳаво шароитлари билан чегараланмайди. Аслида улар анча кўп ва бозор иштирокчилари бунга эътибор қаратишлари лозим.

Эртапишар олма ҳосилининг бир қисми йўқолишига олиб келган об-ҳаво инжиқликлари тўғрисида биз аввалроқ хабар берган эдик. Мазкур маълумотларга таяниб, экспорт кўрсаткичлари пасайишини прогноз қилгандик. Бироқ бу ягона сабаб эмас экан.

Кўплаб бозор иштирокчилари учун кутилмаган равишда минтақадаги энг йирик импортёр бўлган Россияда олма нархлари май ойида одатда юз бергани каби нафақат кўтарилмади, балки туша бошлади ҳам! 2021 йил июлга келиб Россия бозорларида 2020 йилги ҳосилдан қолган олма анча кўп эди, бир қатор навларнинг нархи эса йил давомидаги энг қуйи даража – $0,8/кг нархгача тушди!

Табиийки, стандарт навлар бўйича таклифлар керагидан ортиқча бўлганлиги боис эртапишар олма нархлари ҳам жуда паст даражада қолди. Натижада, 2021 йил июль ойининг иккинчи ярмида Россияда эртапишар олманинг ўртача улгуржи нархи 2020 йилнинг худди шу давридагидан икки баравар пасайиб, мутлақ антирекорд ўрнатди.

Ўзбекистондан Россияга эртапишар олма етказиб беришга бу нархлар қай даражада таъсир кўрсатганини изоҳлаш учун қайд этишимиз керакки, улгуржи харидорлар Россиянинг ўзида етиштирилган эртапишар олмага ўзбек олмасини Россиянинг энг йирик шаҳарларига етказиб бериш қийматига тенг миқдорда, яъни 40 АҚШ центи атрофида нарх таклиф қилдилар. Бошқача қилиб айтганда, етказиб бериш борасида гап ҳам бўлиши мумкин эмасди. Бундай вазият бутун Шарқий Европа бўйлаб ҳукм сурди. Шу сабабли Ўзбекистондан фақатгина қўшни мамлакатларга ва яқин масофаларга кичик-кичик ҳажмда экспорт қилиш имкони бўлди холос.

Экспорт бўлмаганлиги боис ўзбек етказиб берувчилари яна бир муҳим омилга эътибор қилмаган бўлишлари мумкин. Бу йил олма сифатига қўйиладиган талаблар ҳам кучайтирилди. РФдаги супермаркетлар ва улгуржи савдогарлар харид қиладиган олмани қадоқлаш, калибровка қилиш ва бошқа параметрларга белгиланган талаблар 2021 йилда анча ўзгарди. Асосий сабаб – энг яхшилари орасидан танлаб олиш имконини яратган етказиб берувчилар орасидаги рақобатнинг кучайиши. Шу сабабли, Ўзбекистон эртапишар олмадан яхшигина, ҳатто рекорд даражада ҳосил олган тақдирда ҳам, бу йил уни экспорт ҳажмини кўпайтиришнинг деярли иложи йўқ эди.

Тўғри, эртапишар олманинг бир қисминигина бўлса-да сақлаб қола олган ўзбек боғбонлари талаб йўқлигидан шикоят қилишмади. Экспорт мавсумининг одатдаги энг қайноқ пайтида, яъни 2021 йил июнь ойи давомида Ўзбекистон пойтахтининг бозорларида олманинг ўртача улгуржи нархлари 13000 – 14000 сўм/кг ($1,23 – 1,33)ни ташкил қилди. Бу 2019 ва 2020 йилнинг шу давридагидан 2,5 баравар баланд эди. Ҳатто июль ойи ўрталаридаги энг паст нарх – 9000 сўм/кг ($0,84) ҳам 2019-2020 йиллардаги шу даврдаги нархдан 80% юқори бўлди. Маълум бўлишича, маҳаллий бозор кичкина эмас экан, етиштириш ҳажмларининг камайиши эса асосий бозордаги вазиятга қарамасдан нархларнинг ўсишини таъминлайдиган даражада катта бўлган.

Аммо энди Ўзбекистон боғбонлари олдида 2021 йилдаги сценарий 2022 йилда ҳам қайтарилмайдими, деган катта бир савол турибди. Бу йилдагидек Ўзбекистонда эртапишар олмадан яхшигина ҳосил олинса ва Россия бозорларидаги нарх яна етказиб бериш харажатларини ҳам қоплай олмайдиган даражада паст бўлса, нима бўлади?

Ахир, EastFruit 2021 йилда олма ҳаддан ташқари кўп етиштирилаётгани ва унинг нархлари рекорд даражада тушиб кетишига дунё жамоатчилигининг эътиборини қаратиб, ижтимиой тармоқларда #freshapplecrisis хэштегини бежиз ишга туширмади.

Вазият ҳақиқатан ҳам ёқимли эмас. Шу сабабдан ҳам ўзбек экспортёрлари эртапишар олманинг сифат кўрсаткичларини ошириш имкониятлари ва Россия бозорларидан бошқа вариантлар устида ҳозирданоқ бош қотириши керакдир? Чунки етиштириш ҳажмлари ҳаддан ташқари кўпайиб кетса, сифатли олмани ўта баланд нархларда бўлмаса-да бозорга чиқариш мумкин, сифатсизлари эса “чақа нарх”да фақат қайта ишлашга кетади.

EastFruit

Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.

Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!

Бу сизга ҳам қизиқ бўлиши мумкин

Ўзбекистонда помидорнинг нархи рекорд даражага кўтарилди ва тезлик билан ўсишда давом этмоқда

EastFruit

Ўзбекистон 2021 йилда Беларусга карам экспортини оширди

EastFruit

Туркия лимон экспортини 48 фоизга оширди

EastFruit

Шарҳлар қолдиришингиз мумкин