EastFruit таҳлилчилари Ўзбекистондан анор экспорти ҳажми ошганини қайд этишмоқда. Уларнинг ҳисоб-китобига кўра, август ойининг иккинчи ярмида ташқи бозорларга анор жўнатиш ҳажми шу ойнинг биринчи ярмига нисбатан бир неча баробар ошди. Ўзбекистон анорлари учун экспорт мавсуми фаол босқичга ўтмоқда. Шу билан бирга, нархлар бир ой ичида 2 баробарга пасайган: агар 2021 йилнинг июль ойи охирида анор етиштирувчилар супер-эртаги навларнинг биринчи партияларини 12 000 сўм/кг ($1,13) нархда жўнатишган бўлса, август ойи охирида бу маҳсулот 6 000 сўм/кг ($0, 56)дан жўнатилди.
EastFruit маълумотларига кўра, Ўзбекистон ҳозирча нисбатан кам – йилига 10 дан 18 минг тоннагача анор экспорт қилмоқда. Ўтган 2020 йилда республика 18,5 миллион долларлик 17,4 минг тонна анор экспорт қилди. Бироқ Ўзбекистондан ташқи бозорга жўнатилган сархил мева-сабзавотларнинг бошқа турларига қараганда, анор экспорти мавсуми узоқ давом этади ва экспорт ҳажми ойлар бўйича тенг тақсимланади. Масалан, 2020 йилда Ўзбекистондан анор экспорти мавсуми 7 ой – августдан декабрга қадар давом этди. Шу билан бирга, августдан ташқари, ойлик экспорт ҳажми 2,2 дан 3 минг тоннагача бўлган. Фақат август ойида – экспорт мавсуми бошланган биринчи ойда 1,3 минг тонна маҳсулот ташқи бозорга жўнатилди. Бошқача айтганда, анорнинг экспорт ҳажми ойдан-ойга кўп ўзгармайди ва бутун экспорт мавсумида ойлар давомида деярли тенг тақсимланади. Тахминан худди шу манзара 2019 йилда ҳам кузатилган. Экспортнинг катта қисми Россия ва постсовет ҳудудидаги бошқа давлатларга тўғри келади.
Эслатиб ўтамиз, 2021 йилнинг март ойи охирида EastFruit яқин 5-10 йил ичида Ўзбекистоннинг анор етиштириш ҳажмини йилига камида 600 минг тоннага етказиш билан боғлиқ режалари ва бу режаларни амалга ошириш истиқболлари ҳақида ёзган эди. Ўзбекистон анор етиштиришни кўпайтириш режаларидан ташқари, мева сотиш учун янги бозорларни очишни ҳам унутмади. 27 апрель куни Хитой Божхона бош бошқармаси Ўзбекистондан белгиланган фитосанитария талабларига жавоб берувчи анор Хитойга экспорт қилинишига рухсат берилишини эълон қилди. Бу мамлакат географик жиҳатдан қўшни ҳудудда жойлашган ва жаҳондаги энг йирик анор импортёри ҳисобланади. Гонконг билан биргаликда Хитой йилига қиймати бир миллиард AҚШ долларидан зиёд анор импорт қилади.
Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.
Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!