Бош саҳифаЯнгиликларЎзбекистонда қулупнай нархи тушиб кетди
ДолзарбМахсусЯнгиликлар

Ўзбекистонда қулупнай нархи тушиб кетди

Сўнгги бир ҳафта ичида Ўзбекистонда  қулупнайнинг улгуржи нархлари 4,5 баробар арзонлашди ва бу бир ҳафта ичидаги жуда кескин пасайишдир. EastFruit таҳлилчиларининг фикрига кўра, нархларнинг бундай кескин тушиши 2022 йил апрел ойининг иккинчи ўн кунлигида қўшни Тожикистонда ушбу маҳсулот нархи қулашига олиб келган худди шундай об-ҳаво шароити таъсири билан боғлиқ.

EastFruitнинг нархлар мониторингига кўра, 2022 йилнинг 15 апрелидан 22 апрелига қадар  қулупнайнинг ўртача улгуржи нархлари 90 000 дан 20 000 сўм/кг ($7,94 дан $1,77) гача, яъни, атиги бир ҳафта ичида 4,5 баробар пасайган. Агар апрель ойи бошидан буён улгуржи нархлар динамикасини ҳисобга оладиган бўлсак, сўнгги икки ҳафта ичида ўртача улгуржи нархлар 2022 йилнинг 8 апрелида қайд этилган максимал қиймат –  110 000 сўм/кг ($9,68)дан 5,5 баробар тушиб кетган.

2022 йилнинг 22 апрель ҳолатига кўра, ушбу маҳсулотнинг ўртача улгуржи нархлари 2021 йилдаги шу санага нисбатан 3 баробар паст ва 2020 йилнинг худди шу санасидаги даражага мосдир.

2022 йилнинг 22 апрель ҳолатига кўра, чакана савдода – масалан, Тошкентдаги Korzinka.uz супермаркетларида ушбу маҳсулот 27 990 сўм/кг ($2,48) нархда таклиф қилинмоқда.

Ўн кун аввал қўшни Тожикистонда  қулупнайнинг улгуржи нархи бир кунда 2 баробар ($4 дан $2 га) тушиб кетган ва бу маҳсулот нархининг келгусида янада пасайиши деярли шубҳасиз эди. 22 апрель ҳолатига кўра, мазкур маҳсулотнинг ўртача улгуржи нархи 0,88 $/кг гача тушди.

Шунингдек ўқинг: 2022 йили Ўзбекистонда иссиқхона маҳсулотлари етиштиришни 26 фоизга ошириш режалаштирилган (видео)

“Баҳорги аномал совуқлардан сўнг дарҳол иссиқ ёз бошланди. Шу боис, резаворлар жуда тез пишиб етила бошлади.  Қолаверса, қулупнай юқори ҳароратда бузилмаслиги учун тез сотилиши керак бўлгани боис ҳам, фермерлар нархларни пасайтиришга мажбур бўлмоқда”, деган эди ўшанда БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) маслаҳатчиси Бахтиёр Абдувоҳидов, Тожикистондаги қулупнай нархларини кескин пасайишини изоҳлаб.

EastFruit таҳлилчиларининг фикрига кўра, 2022 йилнинг март ойидаги ғайритабиий совуқ ва серёмғир об-ҳаводан сўнг апрель ойида Ўзбекистонда ҳам Тожикистонга ўхшаш об-ҳаво ўзгаришлари ва ҳарорат динамикаси кузатилди. Ўзбекистонда қулупнай нархининг тушиши худди шу омиллар билан изоҳланмоқда.

EastFruit

Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.

Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!

Бу сизга ҳам қизиқ бўлиши мумкин

Турк лирасининг қулаши: Туркиядан импорт қилинадиган мевалар оқими ортиши кутилмоқда

EastFruit

Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари Малайзия импортёрларида қизиқиш уйғотмоқда

EastFruit

Ўзбекистонда тарвуз нархи бир ҳафта ичида 33 фоизга пасайган

EastFruit

Шарҳлар қолдиришингиз мумкин