Бош саҳифаЯнгиликларЎзбекистонда қовуннинг улгуржи нархлари икки ҳафта ичида 1,5 баробарга ошди
ДолзарбМахсусЯнгиликлар

Ўзбекистонда қовуннинг улгуржи нархлари икки ҳафта ичида 1,5 баробарга ошди

Ўзбекистондан қовун экспорти мавсуми қизғин паллага кирди ва жорий йилда ушбу маҳсулотни ташқи бозорга жўнатиш ҳажми ўтган йилларга нисбатан бир неча баробар кўп. EastFruit таҳлилчилари фикрича,  Ўзбекистонда сўнгги икки ҳафта ичида қовун нархи кескин ошишига асосий сабаблардан бири ушбу маҳсулотга экспортёрларнинг фаол талабидир.

EastFruitнинг нархлар мониторинги маълумотларига кўра, 2022 йил 22 июлдан 5 августгача бўлган даврда қовуннинг ўртача улгуржи нархлари 1 кг учун 1200 дан 1800 сўмгача, яъни, икки ҳафта ичида 1,5 баробар ошган. Ушбу маҳсулотнинг жорий улгуржи нархлари худди шу санадаги ўтган йилги даражадан 64 фоизга, 2019 йилнинг шу санасидаги улгуржи нархлардан эса 80 фоизга юқоридир.

2022 йилнинг 4 август куни EastFruit жорий мавсумда Ўзбекистондан қовун экспорти рекорд даражада ошгани ҳақида ёзган эди.  Қовун экспорти мавсуми май ойи ўрталарида бошланганини инобатга олсак, мавсум бошидан буён ўтган 2,5 ой давомида (май-июль ойларида) экспорт ҳажми жисмоний жиҳатдан 2021 йилнинг шу даврига нисбатан 2 баробар ошиб, камида охирги беш йилликдаги рекорд кўрсаткичга етди.

Қолаверса, сўнгги икки ҳафта ичида қовун экспорти янада тез ўсди. Агар 15 майдан 4 августга қадар ташқи бозорларга 24,8 минг тонна маҳсулот (дастлабки расмий статистик маълумотларга кўра) – 2,5 ойдан кўпроқ вақт ичида жўнатилган бўлса, охирги икки ҳафтада – 21 июлдан 4 августгача бўлган даврда ушбу ҳажмнинг 40 фоиздан ортиғи, яъни, 10,2 минг тонна қовун жўнатилди. Бу, ўз навбатида, ички бозорда қовунга нисбатан экспортёрлар томонидан талаб ортиб бораётганидан далолатдир.

Таққослаш учун айтадиган бўлсак, сўнгги икки ҳафтада (2022 йил 21 июлдан 4 августга қадар) Ўзбекистондан қовун экспорти ҳажми 2021 йилнинг шу даврига нисбатан 2,4 баробар, 2020 йилнинг шу даврига нисбатан эса 3 баробар кўп бўлди.

EastFruit

Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.

Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!

Бу сизга ҳам қизиқ бўлиши мумкин

Ўзбекистонда помидор нархи рекорд даражада юқорилигича қолмоқда

EastFruit

Ўзбекистондаги фермер хўжаликларида маймунжоннинг турли навлари синовдан ўтказилмоқда

EastFruit

Бу йил Ўзбекистонда 37 минг тоннадан зиёд брокколи етиштирилади

EastFruit

Шарҳлар қолдиришингиз мумкин