Ўзбекистон ҳукумати бир қатор мевалар импортини рағбатлантиришга қарор қилиб, уларни импорт божидан озод қилди. Ва EastFruit экспертлари «Аҳолини асосий озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлашни кафолатлаш ва ички бозорда нархлар барқарорлигини сақлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ҳукумат қарори нимани англатишини ва мева нархлари ҳамда уларнинг савдоси ҳажмига қандай таъсир қилишини ўрганишга ҳаракат қилди.
Биринчидан, шуни айтиш жоизки, импорт божидан озод қилинган мевалар рўйхатига кенг истеъмолдаги мевалар ҳам, экзотик мевалар ҳам киради.
Молдова ва Украина мева етказиб берувчилари учун сархил олманинг импорт божлари нолга туширилиши энг ёқимсиз хабар бўлди. Зеро, ҳозир Молдова ва Украинада, шунингдек, бошқа Европа мамлакатлари бозорларида олма ҳаддан зиёд ва нархлар паст (бу ҳақда биз #freshapplecrisis мақоласида ёзганмиз). Ўзбекистон яхши савдо бозорига айланиши мумкин эди, чунки, олма мамлакатда жуда кўп миқдорда истеъмол қилинади, унинг нархлари эса баланд. Бироқ, ҳозир Молдова ва Украинанинг бошқа етказиб берувчилардан устунлиги йўқ, чунки, бу давлатлар илгари эркин савдо шартномалари бўйича импорт божларини шундоқ ҳам тўламаган. Шу боис, Хитой энди (у ерда ҳам олма нархи паст) Ўзбекистон бозорида Украина ва Молдова билан рақобатлаша олади.
Агар божлар олиб ташланса, Ўзбекистон қанча олма импорт қила олади? 2020 йили мамлакатга олма импорти рекорд даражада юқори бўлган ва 5,5 минг тоннага етган эди. Лекин шуни ёдда тутиш керакки, бозор иштирокчиларининг фикрига кўра, бу олманинг бир қисми Хитойдан Россия бозорига реэкспорт учун олиб келинган. Чунки, Россия 2019 йилдан бери Хитойнинг ўз бозорига олма етказиб беришини таъқиқлаб қўйган эди. Айтганча, Украина 2020 йилда Ўзбекистонга 63 тонна олма етказиб берган, аммо Молдовадан Ўзбекистонга олма импорт қилинмаган. Молдова олмани Россияга экспорт қилишни афзал билади.
Ҳозирги вақтда Ўзбекистонда олма нархи нисбатан юқори эканлигини ҳисобга олсак, мамлакат бизнинг ҳисоб-китобларимизга кўра, 2021 йилнинг ноябридан 2022 йил апрелгача бўлган даврда ички истеъмол учун 10 минг тоннадан зиёд олма импорт қилиши мумкин.
Божлардан озод қилинган яна бир қизиқарли импорт позицияси – банандир. Ўзбекистонда банан унчалик оммабоп эмас, лекин унинг истеъмоли мунтазам ўсиб бормоқда. Бу мева, айниқса, супермаркетларнинг мева-сабзавот бўлимида энг кўп сотиладиган товар. 2020 йилда коронавируснинг банан орқали юқиши ҳақидаги кулгили миш-мишлар, шунингдек, пандемия пайтидаги логистик қийинчиликлар туфайли Ўзбекистонга банан импорти камайди.
Бу йил эса бошқа турдаги мева-сабзавотлар нархи тез ўсиб бораётган бир пайтда банан арзонлади. Бизнинг тахминимизча, Ўзбекистонда импорт божлари бекор қилинган даврда банан импорти ҳам рекорд даражада – 50 минг тонна атрофида бўлиши мумкин.
Цитрус мевалар ҳам 2022 йилнинг 1 майигача импорт божидан озод қилинган. Ўзбекистон ҳар йили, асосан, Покистондан 30-40 минг тоннагача цитрус мевалар импорт қилади. Туркия ва Хитой ҳам нисбатан йирик етказиб берувчилардир. Ўзбекистонга, асосан, мандарин импорт қилинади. Табиийки, бу меваларнинг ҳам импорти қишда тахминан 10-20%га ошиши мумкин.
Ўзбекистон учун нисбатан экзотик ҳисобланадиган киви ва авокадони олиб киришда импорт божларининг бекор қилиниши ҳам қизиқарли ечим бўлди. Мамлакатда авокадо ҳали етиштирилмаётган бўлса-да, фаол истеъмол қилинмоқда, киви етиштириш даражаси эса ўсишда давом этмоқда. Ҳозирча Ўзбекистонда киви, асосан, саноат мақсадларида етиштирилмаяпти, лекин уни мамлакатда муваффақиятли ўстириш имкониятлари мавжуд. Айни мавзуда яқинда батафсил ёзган эдик. Бу борада ҳам импорт ўсиши кутиляпти.
Шунингдек, энди Ўзбекистонга плантин, хурмо, анжир, ананас, гуава, манго, мангустин, папайя, нок ва беҳи импорт қилишда ҳам божлар йўқ.
Ўзбекистон ҳукумати мевалар учун божни камайтиришга қарор қилгани ва уларнинг энди арзонроқ бўлишини аҳоли қандай қабул қилмоқда? Бизни ажаблантиргани шуки, ижтимоий тармоқларда бу қарор ҳақида салбий фикрлар ҳам кам эмас. Шарҳ ёзаётганлар бу асосий озиқ -овқат маҳсулоти эмас деб ҳисоблашмоқда ва улар мазкур қарор чакана нархлар пасайишига олиб келишига ишонишмайди.
Бироқ, EastFruit жамоаси мазкур қарорга ижобий баҳо беради. Ягона эътироз шуки, қарорнинг амал қилиш муддати доимий эмас. Ахир, 2022 йилнинг 1 майигача бождан озод қилинган мева турларининг аксарияти Ўзбекистонда умуман етиштирилмайди ва мамлакатда етиштирилиши ҳам мумкин эмас. Шунга кўра, уларни солиққа тортишнинг маъноси йўқ. Олма ва нок бозоридаги қўшимча рақобат эса маҳаллий боғбонларни маҳсулот етиштириш самарадорлигини ошириш ва унинг сифатини яхшилашга ундайди. Ва бу омил улар учун келажакда асқотади.
Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.
Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!