Хитойлик инвесторлар томонидан таъсис этилган «QI Hang Mubarak» масъулияти чекланган жамият шаклидаги хорижий корхона Қашқадарё вилояти Муборак туманида қишлоқ хўжалигига ихтисослашган иккита йирик лойиҳани амалга оширишни режалаштирмоқда, деб хабар берди EastFruit мутахассислари.
Биринчи лойиҳа доирасида туманнинг Сариқ маҳалласи ҳудудида 50 гектарлик йирик иссиқхона комплекси қурилади ва унинг умумий қиймати 11 миллион АҚШ долларини ташкил этади. Дастлабки прогнозларга кўра, бу ерда йилига 7,5 миллион долларлик қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирилиб, хорижга экспорт қилиниши кўзда тутилган. Ушбу фаолият ортидан эса ҳудуддаги 300 нафар кишининг доимий бандлиги таъминланади, дейилади «Халқ сўзи» нашри материалида.
Биринчи лойиҳани амалга ошириш муддати — 2023 йилнинг 3-чораги.
Иккинчи лойиҳа – умумий майдони 100 гектарлик плантацияда (умумий қиймати 1,5 миллион долларга баҳоланган) кунгабоқар етиштириш бўлиб, ушбу лойиҳани амалга ошириш натижасида 20 та иш ўрни яратиш режалаштирилган. Иккинчи лойиҳанинг 2023 йил охиригача якунланиши режалаштирилган.
Шунингдек ўқинг: Фарғонада тадбиркор кўп қаватли уйнинг ертўла қисмида микрокўкатлар етиштиришни йўлга қўйди
Эслатиб ўтамиз, EastFruit 2022 йилнинг октябрь ойида хитойлик инвесторлар томонидан Ўзбекистоннинг Фарғона вилоятидаги Қува туманида замонавий агрологистика мажмуасини яратиш ва интенсив гилос боғини барпо этиш режалаштирилган йирик лойиҳа амалга оширилиши ҳақида ёзган эди.
Агрологистика мажмуаси, ўз навбатида, умумий қуввати 1500 тонналик музлатгичлар, йилига 5 минг тонна мевани қайта ишлашга мўлжалланган саралаш ва қуритиш линиясини ўз ичига олган. Қуритилган мевалар ва мева чипслари шаклидаги тайёр маҳсулотларни Хитойга экспорт қилиш режалаштирилган эди. Ушбу лойиҳа доирасида хитойлик инвесторлар томонидан 16,4 гектар майдонда замонавий интенсив гилос боғи барпо этилди. Мазкур лойиҳанинг умумий қиймати 4,5 миллион долларни ташкил этади.
Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.
Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!