Сўнгги ойларда минтақанинг деярли барча мамлакатларида карамнинг бениҳоя баланд нархлари EastFruit таҳлилчиларининг диққат марказида бўлиб турибди. Бироқ, сўнгги пайтлар бозор иштирокчилари Ўзбекистон ва минтақанинг бошқа мамлакатларида эртаги карам экиладиган майдонлар кескин кўпайгани ҳақидаги хабарлардан сўнг ушбу турдаги сабзавот нархининг барқарорлашуви ва ҳатто, эҳтимол, пасайишига умид қилишмоқда.
Эртаги карам минтақа бозорларида қачон пайдо бўлади ва Беларусь, Россия, Украина ҳамда Шарқий Европанинг бошқа мамлакатларига қачон етиб боради? Унинг нархи қанча бўлади? EastFruitнинг Ўзбекистондаги жамоаси вазиятни ўрганиб чиқди ва қуйидагиларни аниқлашга муваффақ бўлди.
Ўзбекистоннинг энг жанубий ҳудуди – Сурхондарё вилоятида оқ бошли карам ҳосилини йиғиб олиш декабрь ойи ўрталарида бошланди ва ҳозир йиғим-терим ишлари давом этмоқда. Бироқ, бу карам сентябрь ойида экилган, ўшанда унинг нархи бунчалик тез ва юқори даражага кўтарилишини ҳеч ким кутмаган эди, шу боис, деҳқонлар карам экиладиган майдонларни ҳеч бир ўзгаришсиз қолдиришган. Айни пайтда карам етиштирувчилар жуда мамнун, зеро, карамга талаб жуда юқори даражада! Ушбу сабзавот даладан 4000 сўм/кг нархда жўнатилмоқда, яъни улгуржи харидорлар шу нархда фермерлардан сотиб олишмоқда. Бу 2021 йилнинг шу даврига нисбатан қарийб 9 баробар юқори кўрсаткичдир. Таққослаш учун айтадиган бўлсак, 2021 йилнинг январь-февраль ойларида оқ бошли карамни фермерлар 400-500 сўм/кг нархда даладан юклашган!
Экспортёрларнинг сўзларига кўра, Ўзбекистонда етиштирилган карам ташқи бозорларга, асосан, Беларусь, Россия ва Қозоғистонга жўнатилмоқда, бироқ, ўзбекистонлик карам етиштирувчилар ва экспортерлар ташқи бозорлардаги талабни тўлиқ қондира олмаяптилар ва табиийки, бу вазият ушбу маҳсулот нархларини янада ошишига олиб келади. Бозор иштирокчиларининг фикрига кўра, ушбу маҳсулотга энг катта талаб Беларусда кузатилмоқда.
Шу билан бирга, ҳозирги кунда эртаги карам экиш ишлари қизғин давом этмоқда, об-ҳаво аномалиялари бўлмаса, ҳосил йиғим-терими март ойининг биринчи ярмида бошланади. Ва бунда вазият бутунлай бошқача тус олади. Деярли барча фермерлар карам экиладиган майдонлар кескин кенгайтирилганини тасдиқламоқда. Уруғлик етказиб берувчиларнинг фикрича, рекорд даражада уруғлик сотилгани ҳисобга олинса, экин майдонлари бир неча баробар ошиши мумкин. Аммо Ўзбекистоннинг ўзида карам нархи пасаядими ёки йўқ – буни прогноз қилишга ҳеч ким шошилмаяпти.
Бир томондан, эртаги карам етиштириш ҳажмининг ўсиши таклифлар кескин ошишига олиб келади. Бошқа томондан, ташқи бозорларда талаб ҳам ҳозир ўта юқори даражада ва агар биз ҳосил йиғиб олинишига қадар захиралар янада камаяди, деб ҳисобласак, нархлар яна ҳам ошиши мумкин. Шуни инобатга олиш жоизки, Беларусь яқинда Европа Иттифоқи бозоридан ўзини-ўзи изоляциялашга қарор қилди, Россия эса кўп йиллар давомида шундай қилмоқда, лекин, барибир, яқингача Беларусь орқали Европа Иттифоқидан маҳсулотлар импорт қилар эди. Ҳозир эса Европа Иттифоқидан Россияга маҳсулот етказиб беришнинг асосий канали ёпилган, шунинг учун Россия ва Беларусь карам захираларини тўлдириш учун Ўзбекистон, Тожикистон, Эрон ва бошқа мамлакатлардан ушбу сабзавотни харид қилишдан ўзга чораси йўқ. Бундай вазиятда, шунингдек, украиналик фермер ва савдогарлар Беларусь бозорига маҳсулот экспорт қилишни афзал билишади, бу ҳам мамлакат ички бозорида нархлар юқори даражада сақланиб қолишига туртки бўлади.
Хуллас, вазиятдан келиб чиқадиган асосий хулоса шуки, Украина, Беларусь ва Россия фермерлари ҳамда сабзавот бозорининг бошқа иштирокчилари (юқори сифатли карам захираларига эга бўлган) яна икки ой давомида талаб таклифдан анча юқори бўлишда давом этишига умид қилишса бўлади. Баъзилар ҳатто Россия ва Беларусда оқ бошли карамнинг улгуржи нархи ақл бовар қилмас даражада ошиши, яъни, 1 килограмм маҳсулот баҳоси 1 долларга етиши мумкинлигини тахмин қилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, 2021 йилда эртаги карам экспорти мавсуми ушбу маҳсулотни етиштирувчи ўзбекистонликлар учун ҳам муваффақиятли кечди. Украина, Россия ва Беларусда 2021 йилнинг совуқ баҳори сабабли, эртаги карам ҳосили йиғим-терими бошланиши ўртача икки ҳафтага кечикди. Шу боис, ўзбекистонлик экспортёрларга экспорт учун қўшимча икки ҳафта фурсат бўлди. Натижада, 2021 йилнинг март-май ойларида Ўзбекистондан 67,5 минг тонна оқ карам экспорт (10,2 миллион долларлик) қилинди, бу 2020 йилнинг шу даврига нисбатан жисмоний жиҳатдан 30 фоизга кўпдир.
Ўтган ҳафта EastFruit 2022 йилнинг январь ойида Ўзбекистон 2022 йилнинг январь ойида карамнинг асосий турлари бўйича экспортни рекорд ҳажмга етказгани ҳақида ёзган эди. 2021 йилнинг январь ойиган нисбатан оқ бошли карам экспорти ҳажми 2 баробар, гулкарам ва брокколи қарийб 3 баробар, пекин карами экспорти эса қарийб 16 баробар ошди!
Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.
Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!