Бош саҳифаЯнгиликларЎзбекистонда бодринг нархи тез суръатда ўсиб бормоқда
ДолзарбМахсусЯнгиликлар

Ўзбекистонда бодринг нархи тез суръатда ўсиб бормоқда

Жорий йилнинг октябрь ойи бошидан буён Ўзбекистонда бодрингнинг улгуржи нархлари динамикасида мавсумий ўсиш кузатилмоқда. Бироқ, жорий йилда ушбу маҳсулот нархи ўтган йилларнинг шу давридагига нисбатан анча тез ўсяпти.

Сўнгги ҳафтада ушбу маҳсулотнинг ўртача улгуржи нархи бир ярим баробар, 2022 йилнинг октябрь ойи бошидан ноябрь ойининг биринчи ўн кунлиги охиригача бўлган даврда эса уч баробар ошди. Бундан ташқари, EastFruit таҳлилчиларининг қайд этишича, силлиқ калта бодрингнинг жорий улгуржи нархлари ўтган йиллардаги шу даврда қайд этилган даражадан камида 2,5 баробар юқори.

EastFruit‘нинг нархлар мониторинги маълумотларига кўра, 2022 йил 4 ноябрдан 11 ноябрга қадар Ўзбекистонда силлиқ калта бодрингнинг ўртача улгуржи нархи 1 кг учун 12 000 дан 18 000 сўмга ошди ва ушбу маҳсулот нархларининг мавсумий ўсиши (2022 йил октябрь ойи бошидан 11 ноябргача) – 1 кг учун 6 000 дан 18 000 сўмгачани ташкил этди.

2022 йилнинг 11 ноябрь ҳолатига кўра, калта силлиқ бодрингнинг ўртача улгуржи нархи 2021 йилнинг худди шу санасига нисбатан 2,6 баробар ва 2020 йилнинг шу санасига нисбатан роппа-роса 3 баробар юқоридир.

Қуйидаги графикда: 2020-2022 йилларда силлиқ калта бодрингнинг ўртача улгуржи нархлари, сўм/кг

Юқоридаги графикдан кўриниб турибдики, ўтган йилларда мавсумий нархлар ўсиши сентябрь ойи охирлари — октябрь ойи бошида бошланган, аммо силлиқ калта бодринг учун улгуржи нархлар даражаси анча паст эди. Бундан ташқари, 2021 йилнинг октябрь ойи бошидан ноябрь ойининг биринчи ўн кунлиги охирига қадар ушбу маҳсулотнинг ўртача улгуржи нархи 1,8 баробар, 2020 йилнинг шу даврида эса 2 баробар ошган.

Шу билан бирга, 2020-2021 йиллардаги ноябрь ойининг иккинчи ўн кунлигида нархлар кескин сакраши, кейин эса янада тез ўсиши – ҳаво ҳарорати босқичма-босқич пасайиши билан бирга кузатилди.

Ўтган йилларда кузатилган нархларнинг «тез» ўсиши даври жорий мавсумда олдинроққа сурилди.  Бунинг асосий сабаби — ноқулай об-ҳаво шароити, яъни, совуқ ҳавонинг олдинги йилларга нисбатан эрта бошланиши ва ёғингарчиликдир. Ўзбекистонда октябрь ойининг иккинчи ярми ва айниқса, ноябрь ойининг биринчи ўн кунлиги ўтган йиллардаги шу даврга нисбатан совуқ ва ёмғирли кечди. Худди помидор билан бўлгани каби бу, ўз навбатида, очиқ даладаги бодринг ҳосилини йиғиш мавсуми якунланишини тезлаштирди. Ушбу даврда иссиқхона бодринги бўйича бозорда таклиф ҳажми етарли бўлмаслиги билан бир қаторда (Ўзбекистонда иссиқхона маҳсулотлари  мавсуми энди бошланаётгани сабабли) буларнинг бари ушбу маҳсулот нархи янада тез ошишига олиб келди.

Ўзбекистон ички бозорида бодринг нархи бундай кескин ошишига экспортёрларнинг ушбу маҳсулотга нисбатан фаол талаби ҳам қўшимча омил бўлди. Дастлабки расмий статистик маълумотларга кўра, 2022 йил октябрь ойининг иккинчи ярмида Ўзбекистон 1,8 минг тонна сархил бодринг экспорт қилган, бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 2,3 баробар ва 2020 йилнинг шу даврига нисбатан қарийб 13 баробар кўпдир.

Қайд этиш жоизки, EastFruit мева-сабзавот маҳсулотларининг улгуржи нархларини ҳар ҳафта кузатиб борадиган мамлакатлар орасида Ўзбекистонда силлиқ калта бодрингнинг амалдаги нархлари энг юқори ҳисобланади. Таққослаш учун айтадиган бўлсак, қўшни Тожикистонда ушбу маҳсулотнинг ўртача улгуржи нархлари Ўзбекистондагидан 2 баробар паст.

EastFruit

Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.

Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!

Бу сизга ҳам қизиқ бўлиши мумкин

Турк лирасининг қулаши: Туркиядан импорт қилинадиган мевалар оқими ортиши кутилмоқда

EastFruit

Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари Малайзия импортёрларида қизиқиш уйғотмоқда

EastFruit

Ўзбекистонда тарвуз нархи бир ҳафта ичида 33 фоизга пасайган

EastFruit

Шарҳлар қолдиришингиз мумкин