Бош саҳифаЯнгиликларЎзбекистонда помидор нархи рекорд кўрсаткичларга етди
ДолзарбМахсусЯнгиликлар

Ўзбекистонда помидор нархи рекорд кўрсаткичларга етди

Ўзбекистонда помидор нархи рекордларни янгиламоқда. Минтақадаги йирик помидор экспортёри саналган ушбу мамлакатда ҳозир нархлар энг юқори даражада, дея қайд этмоқда EastFruit таҳлилчилари.

Ўзбекистонда помидорнинг улгуржи нархи айни пайтда импортёр мамлакат — қўшни Тожикистонга нисбатан 61 фоизга юқори.  Шунингдек, Ўзбекистонда нархлар Грузия ва Молдовага қараганда бир ярим баробар юқори.

(Қуйидаги графикда: Тожикистон, Ўзбекистон, Грузия ва Молдовада қизил думалоқ помидорнинг ўртача улгуржи нархлари динамикаси)

Охирги икки ҳафта ичида Ўзбекистонда қизил думалоқ помидорнинг ўртача улгуржи нархи 40 фоизга, пушти помидор баҳоси эса деярли 60 фоизга ошди. Бундан ташқари, улгуржи нархлар ўтган йилги даражадан 20-40 фоизга юқори.

EastFruitнинг нархлар мониторингига кўра, 2022 йил 25 октябрдан 4 ноябрга қадар Ўзбекистонда қизил думалоқ помидорнинг ўртача улгуржи нархи 1 кг учун 10 000 дан 14 000 сўмгача ошган. Худди шу даврда пушти помидорнинг ўртача улгуржи нархи 1 кг учун 12 000 дан 19 000 сўмгача, яъни, икки ҳафта ичида 58% га ошди.

Нархлар кўтарилиши сабаблари ҳақидаги саволга бозор иштирокчилари аниқ жавоб бера олмади. Кўпчилик бунга сабаб ноқулай об-ҳаво шароити деб ҳисобламоқда. Ўзбекистонда октябрь ойининг иккинчи ярми ҳамда ноябрь ойининг боши совуқ ва ёмғирли кечди, бу эса, ўз навбатида, очиқ ердаги помидор ҳосилини йиғиш мавсуми якунини тезлаштирди. Ёғингарчилик очиқ плантациялардаги помидор сифати кескин ёмонлашишига олиб келди ва йилнинг шу даври учун паст ҳароратли кунлар далада қолган помидорларнинг пишишига имкон бермади. Шу боис, ички бозорда пишиб етилмаган яшил помидор бўйича таклифлар кўпайди. Қолаверса, бу даврда Ўзбекистон иссиқхоналарида етиштирилган маҳсулотлар мавсуми энди бошланаётгани сабабли бозорда иссиқхона помидорлари ҳажми етишмади.

Кўпчиликнинг фикрича, нархлар ошишига ўғитлар, ўсимликларни ҳимоялаш воситалари ва бошқа моддий-техник ресурслар, айниқса, импорт қилинадиган маҳсулотлар нархи ошиши таъсир кўрсатган. Бироқ, мазкур далилнинг ўзи етарли эмас, чунки маҳсулот нархи асосан талаб ва таклиф мувозанати таъсирида шаклланади. Масалан, помидор тез бузиладиган маҳсулот — агар у юқори нархда сотилмаса, дарҳол нархни пасайтириш керак бўлади. Бундан ташқари, Грузия ва Молдовада маҳсулот етиштириш харажатлари Ўзбекистонникидан ҳам кўпроқ ошган, бироқ у ерда нархлар деярли бир ярим баробар арзон.

Бозор иштирокчиларининг фикрича, мазкур вазият ташқи бозорларда Ўзбекистон помидорига бўлган талаб фаоллиги билан ҳам изоҳланмоқда. Дастлабки расмий статистик маълумотларга кўра, 2022 йил октябрь ойининг иккинчи ярмида Ўзбекистон 3,8 минг тонна сархил помидор экспорт қилган, бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан қарийб бир ярим баробар кўпдир. Бироқ, айни дамда, Ўзбекистон ва Россияда помидор нархлари ўртасидаги тафовут барҳам топди – боз устига, айни дамда Ўзбекистонда помидорнинг улгуржи нархи Россияникидан ҳам бироз юқорироқ. Шу боис, Ўзбекистонда помидор нархи ўсиши яқин келажакда сустлашиши ёки ҳатто буткул барқарорлашиши ҳам мумкин.

(Қуйидаги графикда: Ўзбекистон ва Россияда қизил думалоқ помидорнинг ўртача улгуржи нархлари динамикаси)

 

EastFruit

Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.

Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!

Бу сизга ҳам қизиқ бўлиши мумкин

Турк лирасининг қулаши: Туркиядан импорт қилинадиган мевалар оқими ортиши кутилмоқда

EastFruit

Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари Малайзия импортёрларида қизиқиш уйғотмоқда

EastFruit

Ўзбекистонда тарвуз нархи бир ҳафта ичида 33 фоизга пасайган

EastFruit

Шарҳлар қолдиришингиз мумкин