Бош саҳифаЯнгиликларЎзбекистонда бир ярим ой ичидаги кам ҳосил фонида бодом нархи 40 фоиз арзонлашди
Долзарб Махсус Янгиликлар

Ўзбекистонда бир ярим ой ичидаги кам ҳосил фонида бодом нархи 40 фоиз арзонлашди

Ўзбекистонда бодом  йиғим-терим мавсуми тугади, у июль ойи охирида эртаги навлар билан бошланиб, сентябрь охирида кечки навлар билан тугайди, яъни, тахминан икки ой давом этади. Бу йилги мавсумда ҳосил кам бўлишига қарамай, август ойининг учинчи ўн кунлигида ўртапишар навларни йиғиш пайтида бошланган нарх пасайиши тенденцияси шу ҳафта ҳам давом этди. 2021 йилнинг 7 октябрь ҳолатига кўра, бодомнинг ўртача улгуржи нархи бир ярим ой аввал қайд этилган нархларга нисбатан 40% пастдир.

EastFruit таҳлилчиларининг фикрича, 2021 йил бошидан то ҳозирги кунга қадар ушбу маҳсулот импорти деярли йўқ бўлган шароитда паст ҳосил ва бодом нархи пасайишининг ғайриоддий комбинацияси сабаби жуда оддий. Бозор иштирокчиларининг бодомнинг бу йилги ҳосили бўйича кутилмалари жуда пессимистик бўлган, ҳосилнинг реал ҳажми кутилганидан яхшироқ бўлиб чиқди.

Ўзбекистонда бодомнинг эртаги навлари тақвим бўйича баҳор келишидан аввалроқ гуллайди. Бироқ, 2021 йилнинг қиш фаслидаги ғайритабиий исиш бодом дарахтларининг эрта уйғонишига олиб келди. Ўзбекистоннинг жанубий вилоятларида бодом февраль ойи ўрталарида, бироздан кейин мамлакатнинг марказий қисмида гуллади. Бу иссиқдан кейин февраль ойи охири ва март ойи ўрталарида келган совуқнинг икки тўлқини бу йилги бодом ҳосилига катта зарар етказди, шунингдек, бошқа данакли мевалар ҳамда ёнғоқ экинлари ҳам турли даражада зиён кўрди. Бодом ҳосили бой берилиши мамлакатдаги турли ҳудудлардан келиб чиқиб, 30%дан 90%гача баҳоланди.

Шунингдек ўқинг: Грузиядаги энг йирик бодом плантациясида ҳосил қандай йиғилади? (видео)

Бодом бозори иштирокчиларининг бодомнинг бу йилги ҳосилидан кутилмалари жуда паст даражада эди ва шу сабаб апрель ойи бошидан ушбу маҳсулот нархи кўтарила бошлади. 2021 йилнинг 25 мартидан 17 июнига қадар пўстлоқли бодомнинг ўртача улгуржи нархи 50 000 сўм/кг (4,8 доллар) дан 100 000 сўм/кг (9,4 доллар)гача, яъни, роппа-роса 2 баробар ошди. Сўнг кейинги икки ой мобайнида – 20 августга қадар нархлар худди шу даражада қолди. Фақат август ойининг учинчи ўн кунлигидан бошлаб, Ўзбекистонда бодом нархи туша бошлади ва ҳозирча бу тенденция давом этмоқда. 2021 йилнинг 19 августидан 7 октябрига қадар пўстлоқли бодомнинг ўртача улгуржи нархи 100 000 сўм/кг (9,4 доллар)дан 60 000 сўм/кг (5,6 доллар)гача, яъни, 40 фоизга пасайди.

Бодом нархининг бу йил апрель ойи бошидан буён кунгача кузатилган бундай кескин ўзгаришининг сабаби – об-ҳаво аномалияларининг эртаги навлар ҳосилига катта зарар етказгани, лекин йиғим-терим вақтида аён бўлишича ўртапишар навлар камроқ даражада ва кечки навларда ундан ҳам камроқ зиён кўргани билан изоғланади. Ўзбекистонда бодомнинг эртаги навлари ҳосилини йиғиш июль ойи охири – августнинг бошларида бошланади, бироқ ушбу маҳсулот нархи 20 августга қадар рекорд даражада юқори бўлди. Нархлар август ойининг учинчи ўн кунлигида – ўртапишар навларни йиғиб олиш бошланиши билан туша бошлади. Ушбу навлар ҳосилини йиғиш тугаши ва кечки навлар йиғим-теримига ўтиш билан нархларнинг пасайиш тенденцияси давом этди. Бошқача айтганда, бу йилги бодом ҳосили бўйича энг ёмон натижалар эртаги навларда кузатилди, ўртапишар ва кечки навлар ҳосили эса кутилганидан яхшироқ бўлиб чиқди.

Шу қайд этиш жоизки, бодомнинг ҳозирги ўртача улгуржи нархлари ўтган йилнинг худди шу санасида қайд этилган даражада, лекин 2019 йилнинг айни санасига нисбатан 50%  юқоридир. Бунинг сабаби, ўтган 2020 йилги бодом ҳосили 2019 йилга қараганда анча паст бўлган. Бошқача  айтганда, мамлакатда бодом ҳосили кетма-кет иккинчи йил одатдагидан паст даражада кузатилмоқда.

Бодом нархларининг яқин бир неча ҳафтада янада пасайиши ёки ўзгармаслигига келсак, бозор иштирокчиларининг фикрига кўра, ушбу маҳсулот нархининг ҳозирги ҳолатидан сезиларли даражада янада пасайиши эҳтимоли жуда кам.

EastFruit

Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.

Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!

Бу сизга ҳам қизиқ бўлиши мумкин

Ўзбекистонда 2026 йилга қадар 36 минг гектар майдонда доривор ўсимликлар плантациялари барпо этилади, фермерларга эса имтиёзлар берилади

EastFruit

Қувайт компаниялари Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини импорт қилишга қизиқиш билдирмоқда

EastFruit

Куз фаслида Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темир йўли қурилиши бошланади

EastFruit

Шарҳлар қолдиришингиз мумкин