Сўнгги уч ҳафта ичида Ўзбекистонда бананнинг ўртача улгуржи нархлари 22 фоизга пасайган ва жорий кўрсаткичлар ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 30 фоиз паст, дея хабар бермоқда EastFruit таҳлилчилари.
EastFruitнинг нархлар мониторинги маълумотларига кўра, 2022 йилнинг 18 февралидан 11 мартига қадар 1 кг бананнинг ўртача улгуржи нархлари 18 000 дан 14 000 сўмгача, яъни, 22 фоизга пасайган ва жорий йилнинг январь ойида қайд этилган минимал даражага етган. Бундан ташқари, улгуржи нархларнинг жорий даражаси ўтган йилнинг шу санасига нисбатан анча паст. 2022 йилнинг 11 март ҳолатига кўра, Ўзбекистонда бананнинг ўртача улгуржи нархи 2021 йилнинг шу санасига нисбатан 30 фоиз арзонроқдир.
EastFruit экспертлари аввалроқ қайд этганидек, Ўзбекистонда банан нархининг бундай динамикасида ушбу маҳсулот импорти учун божхона божи тўловлари нолга туширилгани асосий омил бўлмоқда. Маълумки, 2021 йилнинг октябрь ойида мамлакат ҳукумати қатор мевалар (банан ҳам бу рўйхатга киритилган)ни импорт божлари тўловидан озод қилиш тўғрисида қарор қабул қилган эди.
Шунингдек ўқинг: Ўзбекистонда 5 гектар ер майдонида экспериментал мандарин плантацияси барпо этилади
Ҳукуматнинг мазкур қарори 2021 йилнинг сўнгги ойлари ва 2022 йил бошида Ўзбекистонда ушбу маҳсулот истеъмоли ўсиши учун қўшимча рағбат бўлди, чунки, импорт статистикаси 2021 йилнинг октябригача ҳам Ўзбекистонга банан импорти сезиларли даражада ошганини кўрсатган эди. Натижада, бутун 2021 йил давомида ушбу маҳсулот импорти ҳажми 89,4 минг тоннани ташкил этди ва бу 2020 йилга нисбатан 2,4 баробар кўп кўрсаткичдир. 2022 йилнинг дастлабки икки ойида ҳам банан истеъмолининг ўсиш тенденцияси давом этди.
Лойиҳа таҳлилчилари бундай пасайиш натижасида Ўзбекистонда банан нархи EastFruit мева-сабзавот бўйича улгуржи нархларни кузатиб борадиган минтақа давлатлари орасида энг паст кўрсаткичлардан бирига айланганига эътибор қаратишмоқда. Агар Россияда бананнинг улгуржи нархи АҚШ доллари қийматида пасайиши, асосан, Россия рубли қадрсизлангани ҳисобига содир бўлганини ҳисобга олсак, Ўзбекистон ушбу маҳсулотнинг арзонлиги бўйича мазкур рўйхатда иккинчи ўринни эгаллайди (1 кг учун АҚШ долларида): Польша – 1,01; Ўзбекистон – 1,28; Грузия – 1,30; Беларусь – 1,51; Молдова – 1,58; Тожикистон – 1,73.
Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.
Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!