EastFruit таҳлилчилари Ўзбекистонда меваларнинг 2022 йил январь ойи охиридаги улгуржи нархларини бир йил аввалги нархлар даражаси билан таққослаб, маҳаллий меваларнинг аксарият тоифалари нархи сезиларли даражада ошганини таъкидлашмоқда. Айни пайтда хориждан келтириладиган цитрус мевалар ва банан нархи арзонлашган.
Маълумки, банан, апельсин ва мандарин нархи пасайиши Ўзбекистон ҳукумати томонидан 2021 йилнинг октябрь ойида қабул қилинган бир қатор мевалар импорти учун божхона божини вақтинча бекор қилиш тўғрисидаги қарори билан боғлиқ. Ушбу қарор натижасида, 2022 йилнинг 28 январь ҳолатига кўра, Ўзбекистонда бананнинг улгуржи нархлари ўтган йилга нисбатан 17 фоиз, апельсин нархи ўтган йилга нисбатан 22 фоиз, мандарин эса 23 фоиз арзонлашган. Яна шуни қўшимча қилиш жоизки, йил давомида ўзбек сўми атиги 3 фоизга қадрсизланди. Бироқ, биз импорт ҳақида сўз юритаётганимиз сабабли, реал нархлар янада сезиларли пасайганини айтишимиз мумкин.
Банан билан боғлиқ мисолнинг ўзи Ўзбекистон бозорида ушбу турдаги меванинг нархи одатдагидан анча паст даражада эканлигини кўрсатади. Импорт божларини бекор қилиш билан бирга бозорда нархлар пасайишини Ўзбекистон чакана савдо бозоридаги супермаркетлар тармоқлари, хусусан, хориж супермаркетлари ўртасида рақобат кучайиши рағбатлантирмоқда. Зеро, айнан супермаркетлар тармоғи импорт мевалар билан ишлашни афзал кўради, чунки, бундай меваларни тўғридан-тўғри импорт қилиш ва рақобатбардош нархда сотиш мумкин.
Шунингдек ўқинг: Ўзбекистон 2021 йилда сўнгги беш йил ҳисобидан рекорд миқдорда апельсин импорт қилди
Шу билан бирга, мавсум давомида жуда арзон сотилган хўраки узум нархлари бир йил аввалгидан 7 фоизга баланддир. Гарчи, 2021 йили Ўзбекистонда узум етиштириш ҳажми ошган бўлса-да, узум сифатини баҳоргача сақлаб туришни таъминловчи омиллар саналмиш – ушбу маҳсулотни етиштириш технологиялари ва уни сақлаш инфратузилмаси мамлакатда рисоладагидек эмас.
Ўзбекистонда нокнинг улгуржи нархи 2021 йилнинг айни даврига нисбатан 9 фоиз, олма нархи эса ўртача 80 фоиз қимматроқ. Ўтган йили мамлакатда олма етиштириш ҳажми об-ҳаво аномалиялари туфайли пасайди, бу эса нархларга таъсир кўрсатди.
Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.
Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!