Бош саҳифаЯнгиликларЎзбекистон олти ой ичида рекорд миқдорда олма импорт қилди
Долзарб Махсус Янгиликлар

Ўзбекистон олти ой ичида рекорд миқдорда олма импорт қилди

2021 йилнинг ноябрь ойи бошидан 2022 йилнинг апрель ойи охирига қадар Ўзбекистонга рекорд миқдорда олма импорт қилинди. Ушбу кўрсаткич ўтган йилларнинг мос даврига нисбатан бир неча баробар ошиб, сўнгги беш йил ичидаги олма импортнинг умумий ҳажмидан деярли икки баробар кўп бўлди.

EastFruit таҳлилчиларининг маълумотларига кўра, 2021 йилнинг ноябрь ойи бошидан 2022 йилнинг апрель ойи охирига қадар Ўзбекистон 28,6 минг тонна олма импорт қилган. Бу мазкур муддат учун мамлакат тарихидаги рекорд кўрсаткичдир. Таққослаш учун айтадиган бўлсак, 2017 йилнинг январь ойи бошидан 2021 йилнинг октябрь ойи охирига қадар – қарийб беш йил давомида олма импорти ҳажми жисмоний жиҳатдан 15,8 минг тоннани ташкил қилган. Яъни, сўнгги олти ойда ушбу маҳсулот импорти ҳажми сўнгги беш йил ичидаги импортнинг умумий ҳажмидан 1,8 баробар кўп бўлди!

Маълумки, олма импортининг кескин ошишига асосий сабаб – ўтган йилнинг февраль ойи охири ва март ойи ўрталарида кузатилган совуқлар туфайли Ўзбекистонда 2021 йилги олма ҳосилининг кам бўлганлигидир. Хусусан, “Fruit House organics” компанияси директори, интенсив боғдорчилик бўйича мутахассис Шуҳрат Аброров EastFruitга берган интервьюсида кўплаб вилоятлардаги олма ҳосилига ушбу аёзлар жиддий таъсир кўрсатганини қайд этган эди.

Аҳолини асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари билан кафолатли таъминлаш ва ички бозорда нархлар барқарорлигини таъминлаш мақсадида 2021 йилнинг октябрь ойида Ўзбекистон ҳукумати қатор мевалар, хусусан, олмани импорт қилишда божхона божини бекор қилиш тўғрисида қарор қабул қилди. Мазкур қарор қабул қилинишидан аввал мевалар импортида 10–20 фоиз, бироқ ҳар бир килограмм учун 0,2 доллардан кам бўлмаган божхона божи ставкаси қўлланган. Ҳукуматнинг импорт божларини ноль қийматга тушириш тўғрисидаги қарори ушбу рўйхатга киритилган мевалар импорти ҳажмини ошириш (олма импорти ҳажмини оширишда ҳам)да қўшимча омил бўлди. Ҳукумат ҳужжатида ушбу маҳсулотларни импорт қилишда 2022 йилнинг 1 май санасига қадар божхона божини бекор қилиш кўзда тутилган эди.

Шунингдек ўқинг: Жаҳон мева-сабзавот бозоридаги ўсиш тўлқинини «қўлга киритиш» ва инвестицион имкониятларни бой бермаслик учун нима қилиш керак? (II қисм, видео)

Импорт географиясига келсак, Ўзбекистон Давлат статистика қўмитасининг маълумотларига кўра, 2022 йил январь-апрель ойларида Эрон энг йирик олма етказиб берувчига айланди ва тўрт давлат – Эрон, Польша, Украина ҳамда Молдованинг умумий улуши ушбу даврдаги умумий олма импорти ҳажмининг 92,4 фоизини ташкил этди:

Эрон – 15,2 минг тонна (умумий олма импортнинг 67,8 фоизи);

Польша – 2,2 минг тонна (9,8%);

Украина – 1,8 минг тонна (8,0%);

Молдова – 1,5 минг тонна (6,7%);

Туркия – 733 тонна (3,3%);

Хитой – 524 тонна (2,3%);

Бошқа мамлакатлар – 443 тонна (2%).

EastFruit

Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.

Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!

Бу сизга ҳам қизиқ бўлиши мумкин

Қозоғистонда олма нархи юқорилигича қолмоқда

EastFruit

Ўзбекистонда бир ой ичида олхўри нархи 3 баробар арзонлашди

EastFruit

Ўзбекистонда яшил булғор қалампирининг нархи кетма-кет учинчи ҳафта пасаймоқда

EastFruit

Шарҳлар қолдиришингиз мумкин