Сўнгги йилларда Ўзбекистондан эртаги пиёз экспорти жуда юқори суръатларда ўсмоқда. Гарчи, ҳукумат сабзавот етиштирувчиларнинг кўпроқ қишки пиёз етиштиришини рағбатлантираётган бўлса-да, ушбу бизнесда ҳаммаси зўр, деб бўлмайди.
EastFruit ўтказган нархлар мониторинги маълумотларига кўра, Ўзбекистондаги эртаги пиёзнинг улгуржи нархлари аллақачон ташвиш уйғотмоқда. Чунки нарх ўтган йилга нисбатан деярли учдан бир қисмга пастлаган ва ҳамон тушишда давом этяпти. Қўшни Тожикистонда эса ўтган йилги пиёзни ҳатто килограммига 7 АҚШ центидан, яъни Ўзбекистонга қараганда икки баравар арзон нархда сотиб олиш мумкин. Россияда 2020 йил ҳосилидан катта ҳажмда пиёз қолган ва нарх ўтган йилнинг худди шу пайтига нисбатан икки ярим баравар арзон!
EastFruit мутахассислари Ўзбекистоннинг эртаги пиёз экспорт қилиш борасидаги имкониятлари ҳамда пиёз бизнесининг қайси сегментлари мамлакат учун энг истиқболли эканини ўрганишди.
Демак, EastFruit ҳисоб-китобларига кўра, сўнгги беш йилда Ўзбекистондан эртаги пиёз экспорт қилиш ҳажми йилига 24 фоиз ёки 21 минг тоннага ўсиб бормоқда. Ўзбекистонда эртаги пиёзни йиғиб-териб олиш апрель ойига, яъни айнан шимолий мамлакатларда ўтган йилги ҳосил захиралари камайиб бораётган пайтда бошланиши сабаб, маҳсулотни экспорт қилиш учун уч ойгача давом этувчи имконият эшиклари очилади.
Нега уч ой? Россия ва Беларусда эртаги пиёзнинг биринчи партиялари фақат июнь ойи охирларида бозорга чиқади. Тахминан шу вақтда захиралар тугай бошлайди ва нархлар, кўпинча, жуда тез кўтарилиб кетади.
Бир қарашда ҳаммаси яхши кетаётгандек – экспорт даражаси ортиб бораётган экан, демак, эртаги пиёзга талаб бор, шундай эмасми? Бироқ, Ўзбекистон пиёзини экспорт бозорига олиб чиқиш йўлида бир қатор муаммолар мавжуд бўлиб, улар ҳақида биз фермерларни огоҳлантирмоқчимиз.
Айтганча, биз эртаги пиёз деганда календарь йилнинг апрель ойидан июнига қадар экспорт қилинган ҳосилни назарда тутамиз ва қуйида мазкур хулосаларнинг сабабларини изоҳлаймиз. Назарий жиҳатдан олиб қаралганда, ҳосил таркибига юқори сифатли омборларда сақланган ўтган йилги пиёз ҳам қўшилиб қолиши мумкинлигини тушуниб турибмиз. Қолаверса, Ўзбекистонда сабзавотларни сақлаш учун инфратузилма ривожланиб борар экан, ўтган йилги ҳосил янгиси билан бозорда фаол рақобатлашиши мумкин. Айниқса, ўтган йилги пиёз яхшироқ “кийинган” ва қуруқ бўлгани учун уни ташиш нисбатан осонроқ эканини инобатга олсак.
Айтганча, бу “Саримсоқпиёз ҳамда сабзавот маҳсулотларини тўқсонбости усулида етиштириш ва экспорт қилишни кўпайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ҳукумат ҳужжатига асосан рағбатлантирилиши кутилган қишки пиёз экинларини янада кенгайтиришнинг нима учун катта таваккалчилик экани сабабларидан биридир. Қишки пиёзни Ўзбекистонда ишлаб чиқаришни янада кенгайтиришга бел боғлашдан аввал “етти ўлчаб, бир кесиш” учун бошқа сабаблар қуйида келтирилган.
- Пиёз нисбатан арзон маҳсулот бўлиб, унинг нархи камдан-кам ҳолларда бир кг учун 50 АҚШ центидан ошади. Шу сабабли, жаҳондаги барча йирик экспортчилар арзон логистика, яъни денгиз орқали ташиш имкониятларига эга ёки импорт қилувчи мамлакат (масалан, Польша)лар яқинида жойлашган. Ўзбекистоннинг қишки пиёзи етиштириладиган асосий ҳудудлари эса савдо бозорларидан минглаб километр узоқда жойлашган ва уни, масалан, Москвага ташиш нархи бир килограмм учун Москвадаги пиёзнинг бугунги ўртача улгуржи нархидан қиммат. Устига-устак, Ўзбекистон дунё океанидан жуда ҳам узоқ мамлакатлардан бири ҳисобланади, шу боис, арзон денгиз логистикасига таяниш ҳақида ўйламаса ҳам бўлади.
- Сўнгги йилларда пиёз экспортидаги кескин ўсишга бир қатор ностандарт омиллар сабаб бўлди. Булар қаторида кетма-кет икки йил ишлаб чиқаришни кескин пасайтирган ва пиёзни юқори нархларда ушлаб турган Европа Иттифоқидаги ғайритабиий қурғоқчилик, шунингдек, собиқ социалистик лагерь мамлакатларида пиёз истеъмолининг кескин, аммо қисқа муддатли ўсишига туртки бўлган Covid-19 пандемиясини мисол келтириш мумкин. Бироқ, коронавирус омилининг бозорга таъсири аллақачон тўхтагани аниқ ва навбатдаги об-ҳаво инжиқликларини кутиш мумкин, аммо унга ишониб қолмаслик зарур.
- Ўзбекистондан эртаги пиёзнинг 90 фоизга яқини Россия ва Қозоғистон бозорларига етказиб берилмоқда. Бироқ улар импортга қарамликни камайтириш мақсадида маҳаллий пиёз етиштириш ҳажмини фаол ривожлантиряпти ва омборлар қуриляпти. Агар сўнгги беш йилни оладиган бўлсак, апрель ва июнь ойлари оралиғи ҳисобланса, Россия ва Қозоғистонга пиёзнинг умумий импорти йилига 4,7 фоиз ёки 11,8 минг тоннага ўсди – бу Ўзбекистондан пиёз экспорти ўсишидан деярли икки баравар секин. Дарвоқе, Ўзбекистон қишки пиёз экишни кенгайтириш бўйича қарорлар чиқараётган бир пайтда, Россия пиёз сақлаш инфратузилмасини ривожлантириш учун сабзавот етиштирувчиларга субсидиялар ажратмоқда, бу эса кескин нарх тебранишларини юмшатишга ва пиёз нархи баҳорга бориб тобора секин ўсишига сабаб бўлади. Сақлаш инфратузилмаси етарлича ривожланган илғор мамлакатларда эса пиёз нархи йил давомида бутунлай барқарор. Бундан ташқари, баҳорда пиёз нархи кузги ҳосил йиғиш даврига қараганда паст бўладиган ҳолатлар ҳам кам эмас. Масалан, Украинада бу ўртача уч йилда бир марта содир бўлади. Яъни Қозоғистон ва Россия Федерациясига Ўзбекистон пиёзини етказиб бериш учун ўзига хос “имкониятлар ойнаси” аста-секин йўқ бўлиб кетиши эҳтимолдан холи эмас.
- Албатта, юқоридаги омиллар фонида Ўзбекистондан пиёз экспорт қилиш географиясини диверсификациялаш зарурати туғилади. Бироқ, пиёзнинг жаҳондаги асосий импортчилари, яъни АҚШ, Малайзия, Буюк Британия, Европа Иттифоқи мамлакатлари, БАА, Саудия Арабистони ва бошқалар Россиядан ҳам узоқроқда жойлашган. Маҳсулотни бу ҳудудларга етказиб бериш янада мураккаб, қимматдир. Бу, Ўзбекистон янги савдо бозорларига йўл топа олмайди дегани эмас, аммо денгизга чиқиш имконияти бўлган ёки савдо бозорларига яқинроқ мамлакатларга қараганда, буни амалга ошириш Ўзбекистон учун анча қийин бўлади.
- Ўзбекистонда пиёз ишлаб чиқариш таннархи юқори ва аҳоли даромадлари ошгани сайин у ўсиб боради. Ахир, мамлакатда пиёз етиштириш жараёнининг аксарият қисми қўл меҳнати билан амалга оширилади. Айни дамда Россияда пиёз етиштириш тўлиқ механизациялашган. Шунинг учун Ўзбекистонда эртаги пиёз етиштириш рентабеллиги пасайишда давом этади, унинг нархи бирданига кўтарилиб кетмаса, албатта. Ҳозирча прогнозга кўра, пиёз нархи кўтарилишдан кўра, пастроқ даражада барқарорлашишга мойил. Масалан, Украинада бу йил пиёз нархи бутун мавсум давомида бир кг учун 10 АҚШ центидан ошмади. Умуман олганда, ушбу мавсумда пиёз, шарҳимизда аллақачон ёзганимиздек, ҳамма ерда арзон бўлди.
- Рақобатчилар ҳам қўл қовуштириб ўтиришгани йўқ – қўшни Тожикистонда, юқорида айтилганидек, пиёзнинг бир килограмми 7 АҚШ центига тенг бўлиб, бу Ўзбекистонга қараганда икки баравар арзон нархдир. Ушбу мамлакатдан экспорт қилиш учун транспорт харажатлари Ўзбекистон экспортига нисбатан у қадар юқори эмас. Шу билан бирга, Тожикистонда пиёз етиштириш таннархи ҳосил етиштириш тизими ва ўзига хослиги ҳамда ишчи кучи харажатларини ҳисобга олганда, нисбатан арзон.
- Албатта, муқобил савдо бозорларини топишда Ўзбекистонга ёрдам берувчи яна бир муҳим омил бор. Бу – сифат. Бироқ, талаб даражасидаги сифатни таъминлаш учун мамлакатда ишлаб чиқаришни сезиларли даражада модернизациялаш ва пиёзни қайта ишлаш (саралаш, калибровкалаш, қадоқлаш) учун инфратузилма яратиш керак бўлади. Шунингдек, маркетинг ва рақобатчилардан ажралиб туриш учун ҳам маблағ сарфлаш керак. Бироқ, масалан, нархи пиёздан ўртача 10-20 баравар қимматроқ бўлган голубика (мевали бута ва унинг тўқ кўк меваси) етиштиришга маблағ тикиш мумкин бўлган бир пайтда нима учун Россияда чакана нархи камдан-кам ҳолларда килоси 1 долларга чиқадиган нисбатан арзон маҳсулот маркетингига сармоя киритилиши тушунарсиз.
Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.
Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!