EastFruit таҳлилчиларининг фикрича, 2021 йил охирига келиб, Ўзбекистон жаҳондаги энг йирик картошка импортёрлари бешталигидан жой олиши мумкин. Ўтган 11 ой натижаларига кўра, ушбу мамлакат картошка импорти бўйича ўз рекордини янгилаб, 456 минг тонна картошка импорт қилди. Ваҳоланки, 2020 йил давомида картошка импорти 421 минг тоннани ташкил этган. Шундай қилиб, бор-йўғи уч йил ичида мамлакатга картошка импорти икки баравар ортди.
Дарвоқе, биз Ўзбекистонга картошка импорти билан боғлиқ вазиятни атрофлича ўрганиб чиқиб, мамлакат учун яқин йилларда картошка импорти ҳажмининг ошишини олдини олиш бениҳоя қийин бўлиши сабабига кенг таҳлилий материалда ойдинлик киритган эдик.
Катта эҳтимол билан, 2021 йил охирида Ўзбекистонга картошканинг умумий импорти биринчи марта 500 минг тоннадан ошиши мумкин. Шундай экан, Ўзбекистон энг йирик картошка импорт қилувчи давлатлар рейтингида Бельгия, Голландия, Германия ва Италиядан кейин бешинчи ўринни эгаллаши мумкин.
Айтганча, дастлабки уч етакчи мамлакат картошканинг аксарият қисмини қайта ишлаш эҳтиёжлари учун импорт қилади ва тайёр маҳсулот – музлатилган картошка фриси ҳамда бошқа картошка маҳсулотларини экспорт қилади. Ўзбекистон эса картошкани аксарият қисмини қайта ишлаш учун эмас, балки тўғридан тўғри истеъмоли учун импорт қилади. Шунга кўра, соф импорт ҳажми бўйича Ўзбекистон ҳатто картошканинг эртаги навини экспорт қилувчи Италияни ортда қолдириб, жаҳонда биринчи ўринни эгаллаши эҳтимоли баланд.
Айни пайтда Ўзбекистонда картошканинг улгуржи нархи бир килограмм учун 5000 сўмга яқин даражада барқарорлашди. Бундан ташқари, нархлар ўтган йилга нисбатан 43 фоизга ва 2019 йилга нисбатан икки баравар юқори. Бутун минтақада картошка етказиб бериш билан боғлиқ вазиятни ва Покистон ҳамда Эрондан қиммат логистикани инобатга олсак, Ўзбекистонда янги ҳосил йиғим-терими бошланишигача бўлган даврда картошка нархи сезиларли даражада ошиши мумкин.
Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.
Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!