EastFruit таҳлилчиларининг маълумотларига кўра, Россияда кўп миллиардлик субсидиялар жорий этилаётган ва етакчи ишлаб чиқарувчи мамлакатларнинг етказиб берувчилари бозорга кириши деярли бутунлай чеклаб қўйилган бўлса-да, маҳаллий мева-сабзавот етиштиришни рағбатлантириш борасидаги чора-тадбирлар самарадорлиги жуда паст даражада қолмоқда. Россия валютаси девальвацияси ва мамлакат аҳолисининг реал даромадлари стагнацияси давом этаётганига қарамай, Россияга мева-сабзавотлар импорти ўсишда давом этяпти!
2021 йилда Россия мева-сабзавотлар импортини яна бир бор оширди. Импорт ўсиши 3,4 фоизни ташкил этиб, ҳажм жиҳатидан 7,6 миллиард долларга етди. Мамлакат аҳолисининг реал даромадлари пасайишда давом этган сўнгги беш йил ичида Россияга импортнинг ўртача йиллик ўсиш суръати йилига 5,6%ни ташкил этди. Ҳар йили Россия импортёрлари хориждан олиб келинадиган сабзавот, мева, резавор ва ёнғоқлар харидини 415 миллион долларга оширишди.
Ушбу кўрсаткичлар Россия ҳукуматининг аҳолини маҳаллий етиштирилган сабзавот ва мевалар билан таъминлашда мустақилликка эришиш учун субсидиялаш бўйича саъй-ҳаракатлари жуда паст самара берганлигини тасдиқлайди. Шубҳасиз, бозор рақобатини чеклаш рақобатбардошлиги паст корхоналар вужудга келишини рағбатлантиради, бундай корхоналар ҳатто импорт учун ноқулай шароитларда ҳам хориж маҳсулотлари билан рақобатда ютқазади.
Ушбу хулосанинг яна бир тасдиғи – Россия бозорида бу мавсум анъанавий сабзавотларнинг деярли барча турлари учун рекорд даражадаги юқори нархлардир. Шу билан бирга, сабзавот ва меваларнинг бир хил позициялари учун улгуржи нархлар (карам, картошка, пиёз, олма, лавлаги, сабзи ва бошқалар) Европа Иттифоқининг қўшни мамлакатларида ва Украинада сезиларли даражада ва кўпинча, ҳатто бир неча баробар паст.
Россиялик истеъмолчилар мева-сабзавотларга минтақа бўйича энг юқори нархларни тўлашидан ташқари, бу нарх давлатнинг маҳаллий мева-сабзавот етиштиришни субсидиялаш учун аҳоли солиқларидан олган ўнлаб миллиард долларларини акс эттирмаяпти. Шу сабабли, Россияда истеъмолчи ушбу сабзавот ва мевалар учун тўлайдиган ҳақиқий нарх рекорд даражадаги нарх номинал нархдан анчайин юқори.
Биз яқинда замонавий шароитда автаркиянинг мутлақо самарасизлиги сабабларини батафсил баён қилган эдик. Сўнгги 5 йил ичида Россияга олма импорти 8 фоизга ўсди – бу мамлакатда етиштирилмайдиган экзотик банан импортидан ҳам сезиларли даражада юқори ўсишдир! Энг қизиғи, россиялик боғбонлар давлатдан субсидиялар олгани, рубль қадрсизлангани ва олма экспорти бўйича жаҳонда етакчи бўлган Европа Иттифоқи мамлакатлари, Хитой ва АҚШ бу меваларни Россия бозорига етказиб бериш имкониятига эга эмаслигига қарамай шундай бўлди!
Шуни ҳам қайд этиш жоизки, Россияга картошка импорти 2021 йилда беш йил аввалгига нисбатан икки баробар ошган. Худди шу даврда тарвуз импорти беш баробар ошди, ваҳоланки, Россия илгари тарвузнинг экспортёри бўлган! Гилос импорти 63 фоизга, қулупнай ва қовоқ импорти икки баробарга ошди.
Матбуотда иссиқхона технологияларидаги улкан ютуқлар ва Россияда иссиқхона сабзавотларини етиштиришнинг доимий ўсиши ҳақида кўплаб хабарлар мавжуд. Буни инкор этиш қийин, албатта. Аммо, мазкур соҳани қўллаб-қувватлаш учун бюджетдан қанча катта маблағ сарфланишини ҳисобга олсак, 5 йил ичида помидор импортининг жисмоний жиҳатдан атиги 1 фоизга камайгани ва импортнинг қиймат жиҳатидан 6 фоизга ошганини катта ютуқ деб аташ тўғри бўлмайди. Албатта, бодринг билан боғлиқ ишлар анча яхши, лекин бодринг иссиқхона помидорлари билан солиштирилганда, катта ҳажмда экспорт ёки импорт қилинмайдиган маҳаллий маҳсулотдир. Иссиқхона сабзавотларининг учинчи муҳим тури бўлмиш қалампирни оладиган бўлсак, сўнгги беш йилда унинг импорти 54 фоизга ўсган.
Россия тобора каттароқ миқдорда импорт қилишда давом этаётган анъанавий сабзавот ва меваларга қўшимча равишда мамлакат истеъмолчиларининг бу ерда етиштирилмайдиган экзотик маҳсулотлар ва Россия Федерациясида иқлим сабабларига кўра, етиштириш чекланган мева- сабзавотларга қизиқиши тобора ортиб бормоқда. Биз яқинда ёзганимиздек, сўнгги 5 йил ичида Россияга авокадо импорти 4 баробар ўсди. Худди шу даврда хўраки узум, сархил ва музлатилган резаворлар импорти икки баробар ошди. Россияга хурмо импорти 71 фоизга, гилос 63 фоизга, ананас 69 фоизга, манго етти баробардан кўпроқ, қовун уч баробардан кўпроқ ошди ва ҳоказо.
Россиянинг мева-сабзавот секторидаги бундай сиёсатидан асосий манфаатдорлар ким? Аввало, бу мазкур мамлакат бозорига мева-сабзавот маҳсулотларининг 17% дан ортиғини етказиб берувчи Туркиядир. Эронлик мева-сабзавот экспортёрлари ҳам етказиб бериш ҳажмини юқори суръатларда оширмоқда. Турли ҳисоб-китобларга кўра, Эрон улуши Россия импорт қиладиган мева-сабзавотларнинг тахминан 15 фоизига тўғри келади. Бошқа бенефициарлар – Миср, Хитой, Ўзбекистон, Жанубий Африка, Беларусь, Молдова ва Исроилдир. Шунингдек, Грузия ҳам Россия Федерациясига сабзавот ва мевалар етказиб беришдан оладиган даромадларини тез суръатлар билан оширмоқда.
Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.
Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!