Бош саҳифаЯнгиликларГрузиядаги энг йирик бодом плантациясида ҳосил қандай йиғилади? (видео)
ВидеоДолзарбМахсусЯнгиликлар

Грузиядаги энг йирик бодом плантациясида ҳосил қандай йиғилади? (видео)

EastFruit маълумотларига кўра, Грузияда бодомнинг янги ҳосилини йиғиш қизғин давом этмоқда. Бодом – ушбу мамлакат учун янги экин, лекин 4-5 йил аввал барпо этилган боғлар тўлиқ мевага кира бошлади.

Энг катта плантация Аdjara Groupга тегишли. Бугунги кунда «Удабно» компаниясига қарашли бодом боғининг умумий майдони 2 300 гектарни ташкил этади, шундан 2021 йилдаги ҳосил 1000 гектар майдондан йиғиб олинади. Аввалроқ биз ушбу лойиҳа ҳақида батафсил сўз юритган эдик. Энди эса EastFruit сизга «Удабно» компаниясида бодом ҳосили қандай йиғиб олинишини кўрсатиш учун ноёб имкониятга эга.

Сиз буни Калифорнияда бодом ҳосилини йиғиш жараёни билан таққослашингиз мумкин (видео бу ерда), шунингдек, бодом етиштириш, ишлов бериш, қайта ишлаш ва маркетингнинг барча жиҳатлари, қолаверса, АҚШда унинг даромадлилик даражаси ҳақида билиб олишингиз мумкин (видео бу ерда). Келинг, ҳозирча Грузиядаги бодом боғларига қайтайлик.

«Удабно» компанияси директори Годердзи Метревелининг сўзларига кўра, 2021 йилда компания 500-600 тонна ҳосил йиғиб олишни режалаштирмоқда. Ҳозирги вақтда Европа Иттифоқи мамлакатлари бозорига экспорт қилиниши режалаштирилган бодомнинг «Гуара» (Guara) ва «Супернова» (Supernova) навлари ҳосилини йиғиш  давом этяпти. Бир ҳафтадан кейин бироз кечроқ пишадиган «Лаурен» (Lauren) нави ҳосилини йиғиб олиш бошланади. Умуман олганда, компания раҳбарияти калибри 29 дан 30 мм гача бўлган мевалар сифатидан мамнун.

Бундан ташқари, бир неча ойдан сўнг корхона Borelliнинг бодом қуритиш ва бўлаклаш ускуналари билан жиҳозланади. Бу линиянинг қуввати соатига 2,5 тонна бодомга ишлов беришга мўлжалланган. Бу йилги ҳосилга худди шу асбоб -ускуналар билан ишлов бериш режалаштирилган. Кейинги мавсумда эса «Удабно» Грузиянинг бошқа фермерларидан бодом сотиб олиш ёки уларга бодомни қайта ишлаш бўйича хизматлар кўрсатишга тайёр бўлади.

Компания келажакда биойўналишни ривожлантириш режасини тузган. Яъни, маҳсулотларни органик равишда етиштириш мақсад қилинган. Бу усулда  нафақат бодом, балки резаворлар ва узум ҳам етиштирилади. Компания ҳозирданоқ ўсимликларни ҳимояловчи кимёвий воситалардан фойдаланиш даражасини камайтирди. Бир неча йилдан сўнг органик мева-резавор ва ёнғоқ маҳсулотларини сертификатланган тарзда етиштиришга тўлиқ ўтилади.

EastFruit «Удабно» компаниясига тақдим этилган видеоматериаллар учун миннатдорлик билдиради.

EastFruit

Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.

Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!

Бу сизга ҳам қизиқ бўлиши мумкин

Марказий Осиё боғбонлари қора смородинани йошта билан, қизилини эса калина билан адаштиришмоқда!

EastFruit

Испан селекционерлари бинафшаранг брокколи навини яратишди

EastFruit

Ўзбекистоннинг жанубий ҳудудларида эртаги узум навлари ҳосилини йиғиб олиш бошланди

EastFruit

Шарҳлар қолдиришингиз мумкин