Бош саҳифаЯнгиликлар«Экзотик» сабзавот: Украина бозорида маккажўхорининг янги нави тобора талабгир бўлиб бормоқда
Янгиликлар

«Экзотик» сабзавот: Украина бозорида маккажўхорининг янги нави тобора талабгир бўлиб бормоқда

Украиналик фермерлар янгилик ва тажрибаларга жуда ҳам хайрихоҳ. Улар мамлакат қишлоқ хўжалиги бозорига ранг-баранглик олиб келадиган янги турдаги маҳсулотларни борган сари кўпроқ етиштиришга ҳаракат қилишмоқда. Кейинги пайтда фермерлар харидорларни маккажўхорининг турли навлари билан хушнуд қилишяпти. Аввалроқ, EastFruit хабар берганидек, Украинада ҳозирча «экзотик» саналмиш оқ маккажўхори алоҳида қизиқиш уйғотган. «МНАГОР» компанияси асосчиси, Украинадаги биринчи супер-ширин оқ жўхори — «Белый кролик F1» нави муаллифи, тадбиркор-ихтирочи Михаил Нагорняк SEEDSга берган эксклюзив интервьюсида ширин маккажўхорининг афзалликлари ҳақида батафсил тўхталди.

Оқ маккажўхори бошқа навлардан шуниси билан фарқлики, унда қовоқранг-сарғиш пигментлар мавжуд эмас. Михаил Нагорнякнинг сўзларига кўра, бу маҳсулот ҳозирча мамлакатда кенг тарқалиб улгурмаган.

«Маккажўхори Украинага Ўрта ер денгизи мамлакатларидан кейин, Қора денгиз мамлакатлари — Туркия, Молдова ва Грузиядаги билан бир вақтда кириб келди. Ва тез орада турли ранглари пайдо бўлди: сариқ, оқ ва биколор. Даставвал мутациялар юзага келди ва улар биохилма-хилликка олиб келди. Оппоқ маккажўхори анча вақт олдин, ушбу сабзавот келиб чиққан мамлакатлар (Перу, Чили, Мексика)да пайдо бўлган. Маълумки, табиатда генетик жиҳатдан вақти-вақти билан турли мутациялар юзага келади ва янги белгилар пайдо бўлади. Одамлар оқ маккажўхорини рангидан дарҳол пайқашди ва ажратиб олишди. Кейинроқ кўп йиллар давомида таққослаш ва дегустация усули туфайли ушбу маҳсулотнинг кўплаб афзалликлари маълум бўлди. Шу тариқа аста-секинлик билан оқ маккажўхори ном қозониб борди. Турли халқлар вакиллари оқ маккажўхорининг фойдали хусусиятларини эътироф этишди. Шунинг учун ҳам ушбу маҳсулотдан пазандаликда фаол фойдаланиладиган бўлди.  Мисол учун, Мексиканинг маълуму машҳур» Тортилья» қуймоқлари оқ жўхори унидан тайёрланади», дейди Михаил Нагорняк.

Анъаналар жаҳон бўйлаб тарқалишда давом этмоқда. Шу боис, аста-секин оқ маккажўхори Европа ва Осиёда ҳам оммабоп бўла бошлади.

«Масалан, Винница вилоятида, Мурованокуриловец ва Могилев-Подольский туманларида анъанавий «Мамалыга» бўтқаси кўплаб рецептлар бўйича тайёрланади. Казатинщинда эса «Мамалыга» унчалик оммабоп эмас. У ерда Полесьянинг таъсири сезилади ва турли хил картошкали таомлар, хусусан, «Дерун», Лежень» кабилар кўпроқ тайёрланади. Табиийки, масофа 150 км, маккажўхори истеъмоли бўйича анъана бошқача.  Шунинг учун, айнан анъанага кўра, европалик ва украиналиклар ҳозирча оқ маккажўхорига эҳтиёткорона муносабатда бўлишмоқда. Одамлар бу табиий маҳсулот эмас деб ўйлашади. Бироқ, янгиликларни хуш кўрадиганлар ҳам бор», дейди мутахассис.

Михаил Нагорнякнинг сўзларига кўра, бундан 3-5 йил аввал мармар-биколор навлар талабгир эмас эди. «Мнагор» компанияси уларни «татиб кўриш» учун тарқатган.  Аммо бугунги кунда бу навлар сабзавот бозорида жуда оммабопдир.  Мутахассиснинг фикрича, 5-7 йил ичида оқ маккажўхори оммага янада кўпроқ танилади.

«Биз, Винница аграр университети битирувчилари Украинадаги сабзавот бозорига («Оқ қуён» ва «Монблан» навлари) шакар миқдори 22% дан юқори бўлган биринчи супер-ширин оқ маккажўхорини олиб келиб  тарқатганимизда энг биринчи муаммо таъми эмас, ранги бўлган эди. Зеро, одамлар бу маҳсулотни билмаган, хом сабзавот таклиф қилиняпти, деб ўйлашган. Бу унинг оммалашувига жуда ҳам халал берган», дея эслайди Михаил Нагорняк.

Аммо, ҳеч нарсага қарамай, оқ маккажўхори бозорни забт эта олишига мутахассиснинг ишончи комил. Чунки, ушбу маҳсулот таркибида юқори даражада парҳезбоп тола мавжуд бўлиб, бу унинг калориясини пасайтиради. Қолаверса, каротеноидлари йўқлиги сабабли, оқ маккажўхори бир ёшгача бўлган болалар  истеъмол қилиши учун яроқлидир.

Михаил Нагорнякнинг қайд этишича, ҳозирданоқ баъзи фермерлар оқ маккажўхори навларига катта қизиқиш билдирмоқда. Улар ушбу маҳсулотнинг «экзотик» эканлиги истеъмолчилар эътиборини қозонади, деб ҳисоблашади.

Масалан, прикарпатьялик фермер Василий Барвинченко уч йилдан буён оқ маккажўхори етиштирмоқда. У ишни «Белый кролик» навидан бошлаган ва ўтган йили «Монблан»ни синаб кўрди.

«Мен барча маҳсулотларни Ивано-Франковскдаги  бозорда ҳам улгуржи, ҳам чакана тарзда сотаман. Бу мавсум жуда муваффақиятли ўтди. Ҳосилни улгуржи нархда 1 донасини 15-20 грн дан сотдим, сариғи эса атиги 1 донаси 8-12 грн эди. Харидорлар ва улгуржи сотувчиларнинг чеки йўқ, ҳамма маккажўхори қачон келишини ва менда қандай янги маҳсулотлар борлигини сўради. Дарвоқе, оқ ва мармар (биколор) маккажўхори учун нарх ҳар доим юқори. Ҳар гектардан 35 минг бош катта ва 5 минг бош кичикроқ ҳосил олинди. Ҳаммасини сотдим. Ва 1,2 гектар ердан 500 000 грн.дан ортиқ даромад олдим», дейди Василий Барвиченко.

Ўз навбатида, Волинда истиқомат қилувчи фермер Олег Кошиль ҳам маккажўхорининг оқ навини синаб кўрди.

«Бизнинг ҳудудда одамлар ширин маккажўхори нима эканлигини яқинда билиб олишди. Мен сотиб олишни таклиф қилганимда, харидорлар маҳсулотим нима учун «яшил» эканини сўрашарди. Бу шундай нав эканлигини тушунтиришимга тўғри келди. Яқинда маҳаллий фермерни қўллаб-қувватлашга қарор қилдим, шунинг учун «Мнагор»га «Украина биколори» ва «Мармар» навлари учун буюртма бердим. Ҳозирча истеъмолчиларни биколор навларга ўргатишим керак. Бундан ташқари, мен оқ ёки биколор ва сариқ маккажўхорини бир вақтнинг ўзида эксангиз, иккинчиси янада мазали бўлишини пайқадим», дейди Олег Кошиль.

Винница вилоятининг Жмеринский туманидан фермер Валентина ҳам «Мнагор»дан уруғ харид қилган.

«Асосий экинлардан ташқари, мен янги ширин маккажўхори гибридини синаб кўрмоқчи бўлдим. Ва  оқ донли «Белый кролик» гибридини танладим. Май ойида об-ҳаво қулай бўлиб, тупроқ исиганида уруғ қададим. Маккажўхорини классик технология асосида етиштирдим. Сабзавот пишганида бошлари кўп эди, қайнатиб олдим.  Бошларнинг ўлчами — тахминан 20 см. Биргина муаммо шу бўлдики, уларнинг ранги туфайли пишиб етилганини аниқлашга қийналдик. Тавсияга кўра, кўп қайнатмадим — 6-8 дақиқа.  Маккажўхорини татиб кўрганимизда, ҳаммамиз унинг ажойиб ширин таъми ва донлари юмшоқ эканлигидан ҳайратландик. Қўни-қўшни ва таниш-билишларни ҳам меҳмон қилдим, уларга ушбу ширин таом жуда ёқди.  Ҳосилнинг бир қисмини бозорда сотдим. Харидорлар хурсанд бўлишди ва яна қайтиб келишди. Умуман олганда, ҳосил ва маҳсулотнинг таъми мени қониқтирди, келаси йили кўпроқ “Белый кролик” экиш ниятидаман», дейди Валентина ўз тажрибаси билан ўртоқлашаркан.

Черкас вилоятида яшовчи фермер Ирина Белоус ҳам «синов учун» оқ маккажўхори уруғини буюрди.

«Экин майдонининг 10 фоизи учун “Белый кролик”дан буюртма қилдим. Маҳсулотнинг таъми, юмшоқлиги ва ташқи кўриниши ҳеч кимни бефарқ қолдирмайди. Шунинг учун  барча фермерларга бу янгиликни харид қилинг ва харидорларни унга ўргатинг дея маслаҳат берган бўлардим», дейди у.

Михаил Нагорнякнинг қайд этишича, «Мнагор» компанияси беш йил давомида оппоқ рангдаги ва ўта ширин таъмли маккажўхори навларини қидирди. Натижада, «Белый кролик» ва «Монблан» пайдо бўлди.

«Ушбу навлар туфайли кичик фермер ва боғбонларга уларни етиштириш янада даромадли бўлди. Зеро, оқ маккажўхорига ҳозир ҳамма қизиқяпти, ҳамма уни татиб кўришни хоҳлайди. Тақчил уруғларни сотиб олган ва «Мнагор»нинг оқ рангли ўта ширин навларини экишга муваффақ бўлган сабзавот етиштирувчилар рақобатбардош устунликка эга бўлишлари, ҳар бир бошоқдан 1-3 грн. қўшимча даромад олишлари мумкин бўлади», дея қўшимча қилди Михаил Нагорняк.

Немис таҳлилчиларининг фикрига кўра, 2030 йилга бориб, Европада оқ ва мармар-биколор навларга бўлган талаб 30-50% га ўсиши кутилмоқда.

 

EastFruit

Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.

Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!

Бу сизга ҳам қизиқ бўлиши мумкин

Исроилнинг «Orri» мандаринлари кундан-кунга талабгир бўлиб бормоқда

EastFruit

Влад Ведрашко: «Узумзорлар барпо этмоқчи бўлсангиз, аввало, савдо имкониятларини таҳлил қилинг» (видео)

EastFruit

Ўзбекистон селекционерлари саримсоқнинг янги навини яратишди

EastFruit

Шарҳлар қолдиришингиз мумкин