Фермерлар бу йил хурмонинг ўтган мавсумга нисбатан юқори нархлари ҳақида гапиришмоқда. Бу бир қанча омилларга боғлиқ. Ноқулай иқлим шароитлари, жумладан, ёздаги қурғоқчилик, кузнинг совуқ ва ёмғирли ҳавоси, август ойида Кахетиядаги дўл кабилар минтақа ҳосилини сезиларли даражада камайтирди. Яна бир омил – бу меҳнат харажатларининг ошиши. Мева ҳосилини йиғиб олувчиларнинг ўртача кунлик маоши 2020 йилги мавсумга нисбатан 20-30 фоизга кўпдир.
Соломон Гогелишвили 2 гектарлик боғдан 30-40 тонна хурмо йиғиб оларди, лекин, афсуски, унинг Телави муниципалитетидаги Акура қишлоғи август ойида дўл эпимарказига тушиб, ҳосилнинг 100 фоизи йўққа чиқди. Бундан ташқари, Гогелашвили EastFruitга берган интервьюсида дўл нафақат мевалар, балки дарахтларга ҳам зарар етказганини айтди. Энди у дарахтлардан бир қисмининг ҳолати яхшиланишига умид қилмоқда, лекин кўпини кесишга тўғри келади.
Грузия Атроф-муҳит муҳофазаси ва қишлоқ хўжалиги вазирлигининг Кахетия минтақавий хизмати вакили Васил Германишвилининг EastFruitга айтишича, дўл зарари туфайли Кахетиядаги хурмо ҳосили ўрта ҳисобда 20-30% паст бўлади.
Дўл бу мавсумда хурмо учун ягона иқлим муаммоси эмас. Ёзги қурғоқчилик меванинг ҳажмини камайтирди. Марина Аколашвилининг Гуржаани муниципалитетида совутиш омбори бор ва экспортёрлар учун фермерлардан мавсумий меваларни харид қилади. Унинг сўзларига кўра, жорий йилги мевалар кичик, бу эса кўп сонли экспортёрларни жалб қила олмайди. Марина хоним кузда, йиғим-терим бошланишидан аввал мевалар катталашишга улгуришидан умидвор.
Шунингдек ўқинг: Грузиядан картошканинг яна бир ғайриоддий экспорти
«Ҳаммаси мижозларга боғлиқ. Агар биз хурмо йиғишга буюртма олсак, сотиб олишни бошлаймиз. Нархлар ёки мавсум ҳақида гапиришга ҳали эрта, чунки, ҳозирча буюртмалар йўқ”, дейди Аколашвили.
Оммавий мавсумга ҳали эрта бўлса-да, баъзи фермерлар хурмонинг биринчи партиясини сотишди. Роман Чхенкели Кахетиянинг Лагодехи муниципалитетида 12 гектарлик хурмозорга эгалик қилади. У биринчи партияни 1,1 лари/кг (0,35 доллар)дан сотди. Лекин кейинги партиялар учун нарх кўтарилади, деб ҳисобламоқда. Бунинг асосий сабаби – ишчи кучи нархи ошишидир. Хурмо қўлда йиғилгани боис, деҳқонлар учун меҳнат харажатлари асосий чиқимлардан бири ҳисобланади.
Экспортёрлар билан нарх борасида келишиб олган бошқа фермер Анзор Мсхиладзе Гори вилоятида 7 гектарлик хурмо боғига эгалик қилади. Ундан улгуржи савдогарлар бу йилги хурмо ҳосилини 0,9 лари/кг (0,27 доллар)дан сотиб олишади, бу кўрсаткич ўтган мавсумдагидан 0,2 лари (0,06 доллар) кўпдир. Мсхиладзе EastFruit билан мулоқот чоғи ишчи кучи харажатлари ошганини тасдиқлади.
Ҳозир Грузия шарқи ва ғарбида ёмғирли об-ҳаво ҳукм суриб тургани туфайли йиғим-терим жараёни кечикмоқда. Оммавий йиғим-терим октябрь ойи ўрталарида бошланиб, ноябрь ўрталарига қадар давом этади. Фермерлар йиғим-терим кечикишига сабаб бўладиган ноодатий совуқ ҳаво ҳақида гапиришмоқда, лекин бу мевалар сифатига таъсир кўрсатмайди.
Грузия хурмоси анъанавий равишда Россия, Украина ва Арманистонга экспорт қилинади. Сентябрь ойида ушбу мамлакат 340 тонна хурмо экспорт қилди, шунинг 62 фоизи Арманистон улушига тўғри келади. EastFruit келгуси ойларда ҳам Грузиядаги хурмо мавсуми ҳақида муштарийларимизга маълумот беришда давом этади.
Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.
Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!