EastFruit таҳлилчилари 2021 йил якунига кўра, Эрон жаҳондаги энг йирик истеъмол картошкаси экспортёрлари бешталигига кириши эҳтимоли баланд эканлигига эътибор қаратишмоқда. 2021 йилда Эрондан картошка экспорти ҳажми 16 фоизга ошиб, рекорд даражадаги 855 минг тоннага етди.
Шу билан бирга, Эрон картошкасининг энг йирик бозорлари орасида постсовет ҳудудидаги олтита давлат бор: Озарбайжон, Ўзбекистон, Туркманистон, Россия, Қозоғистон ва Украина! 14-ўриндан 19-ўрингача ушбу минтақанинг яна беш давлати жой олган, хусусан: Арманистон, Грузия, Беларусь, Қирғизистон ва Молдова. Бундан ташқари, айнан постсовет маконидаги мамлакатларга картошка етказиб беришнинг кескин ортиши Эронга 2021 йилда картошка экспортининг рекорд ҳажмини тақдим этди. Зеро, бошқа йирик импортёрлар Эрондан картошка харидини камайтирди: Афғонистон импортни 17 фоизга, Ироқ эса икки баробардан кўпроқ камайтирган.
Шунингдек ўқинг: 2022 йил учун агро-прогноз: нархларнинг рекорд даражада ўсиши, ўғитлар танқислиги, ҳосилдорлик пасайиши ва ишчи кучи етишмовчилиги
Эрон картошкасини Ўзбекистонга етказиб бериш ҳажми 2021 йил давомида қарийб 37 баробар, Россияга 20 баравар, Украинага 100 баробар ошди. Озарбайжон, одатда, барча постсовет мамлакатлари орасида Эрон картошкасининг энг йирик бозори бўлган, аммо, савдогарлар буни Озарбайжоннинг кейинчалик Россия ҳудудига реэкспорт қилиш учун, деб ҳисоблашади. Шунга қарамай, Озарбайжонга картошка етказиб бериш ҳажми (167 минг тонна) йил давомида 73 фоизга ошган. Ўзбекистон бир йилда Эрондан 146 минг тонна картошка сотиб олди. Эроннинг Туркманистонга картошка етказиб бериши ҳажми бир йил ичида икки баробар ошиб, 77 минг тоннани ташкил этди.
Дарвоқе, Ўзбекистонда картошкани олиб кириш ва сотиш учун солиқ имтиёзлари узайтирилди, қўшни Қозоғистон эса ушбу сабзавот тақчиллигидан чўчиб, экспортга таъқиқ жорий қилди. Ва бу ўринда Эрон картошкаси айни муддаодир.
Қайд этиш жоизки, Эрондан ташқари Покистон ҳам Шарқий Европа ва Марказий Осиё мамлакатларига маҳсулот етказиб бериш ҳажмини фаол оширмоқда. Айтганча, бу мавсумда Покистонда қишки картошка одатдагидан эрта пишганлиги жуда қўл келди.
Шу билан бирга, бизнинг савдо майдончамиздаги фаоллик шуни кўрсатмоқдаки, мисрлик етказиб берувчилар аллақачон янги ҳосил эртаги картошкаларини таклиф қилишмоқда.
Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.
Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!