Бош саҳифаЯнгиликларЎзбекистонда картошка импорти ва савдоси учун солиқ имтиёзлари муддати узайтирилди
Долзарб Махсус Янгиликлар

Ўзбекистонда картошка импорти ва савдоси учун солиқ имтиёзлари муддати узайтирилди

2022 йилнинг 11 январида Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида қабул қилинган қонунга кўра, бир қатор озиқ-овқат маҳсулотлари, жумладан, картошка импорти ва савдосида солиқ имтиёзлари 2022 йилнинг 30 апрелига қадар узайтирилди, дея хабар беришмоқда EastFruit экспертлари.

2021 йилнинг 21 октябрида мамлакат Олий Мажлиси Сенати ички бозорда картошка нархи ўсишини чеклаш омили сифатида Солиқ кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги қонунни маъқуллаган эди. Унда бир қатор озиқ-овқат маҳсулотлари, жумладан, картошкани реализация қилиш бўйича айланма, шунингдек уни импорт қилишда қўшилган қиймат солиғи (ҚҚС)ни бекор қилиш назарда тутилган. Мазкур ҳужжатга кўра, 2021 йилнинг 10 октябридан 31 декабрига қадар ушбу товарларни реализация қилиш бўйича айланма, шунингдек уларни Ўзбекистонга олиб кириш ҚҚСдан озод қилинди.

Ушбу солиқ имтиёзлари муддати тугагач, 2022 йилнинг 11 январида мамлакат парламентининг юқори палатаси Солиқ кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги қонунни маъқуллади. Қонунга кўра, 2022 йилнинг 30 апрелига қадар бир қатор озиқ-овқат маҳсулотлари, жумладан, картошкани реализация қилиш бўйича айланма, шунингдек уни Ўзбекистонга импорт қилиш ҚҚСдан озод қилинган.

2021 йилнинг январь ойи бошидан сентябрь ойи охиригача картошканинг ўртача улгуржи нархлари динамикаси, асосан, ўтган йилгига ўхшаш, нархлар эса 2020 йил билан бир хил даражада бўлди. Аммо Россия картошка бозоридаги ажиотаж вазият туфайли 2021 йилнинг сентябрь ойи охирида домино эффекти сабаб, Ўзбекистонда ҳам ушбу сабзавот қимматлаша бошлади. Орадан уч ҳафта ўтиб, бор-йўғи бир ҳафта ичида – 2021 йилнинг 14 октябридан 21 октябрига қадар картошканинг ўртача улгуржи нархлари 1 кг учун 3500 сўмдан 5000 сўмга, яъни 43 фоизга ошди.

2021 йилнинг 21 октябрида қабул қилинган картошка импорти ва савдосида қўшилган қиймат солиғи бекор қилиш тўғрисидаги қарор ички бозорда ушбу маҳсулот нархининг янада ошишини  чеклашда муҳим омил бўлди. 2021 йилнинг 4 ноябридан 2022 йилнинг 7 январига қадар Ўзбекистонда картошканинг ўртача улгуржи нархлари 1 кг учун 4500 дан 5000 сўмгача ўзгариб турди.

2022 йилнинг 7 январь ҳолатига кўра, ушбу маҳсулотнинг ўртача улгуржи нархлари 5000 сўм/кг ни ташкил этмоқда, бу 2021 йилнинг шу санасига нисбатан қарийб бир ярим баробар ва 2020 йилнинг шу санасига нисбатан 2,3 баробар юқори кўрсаткичдир.

2021 йилда Ўзбекистонга картошка импорти илк  бор ярим миллион тоннадан ошиб, 2020 йилги рекордни янгилади. EastFruit таҳлилчиларининг маълумотларига кўра, бутун 2021 йил давомида мамлакатга 559,1 минг тонна картошка импорт қилинган, бу 2020 йилга нисбатан 33 фоиз кўпдир.

Картошка сўнгги бир неча йил ичида Ўзбекистон мева-сабзавот секторининг асосий импорт позициясига айланди. 2016 йилга қадар картошка импортининг йиллик ҳажми йилига 50 минг тоннадан ошмаган бўлса, 2017 йилда бу маҳсулот импорти 194 минг тоннани ташкил этган.  Шунга кўра, 2017 йилдан 2021 йилга қадар импорт ҳажми қарийб 3 баробар ошди.

EastFruit

Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.

Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!

Бу сизга ҳам қизиқ бўлиши мумкин

Ўзбекистонда 2026 йилга қадар 36 минг гектар майдонда доривор ўсимликлар плантациялари барпо этилади, фермерларга эса имтиёзлар берилади

EastFruit

Қозоғистоннинг Павлоград вилоятидаги агрокорхона PepsiCo билан шартнома имзолади

EastFruit

Қувайт компаниялари Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини импорт қилишга қизиқиш билдирмоқда

EastFruit

Шарҳлар қолдиришингиз мумкин