Бош саҳифаЯнгиликларАпрель-май ойлари Тожикистонда сабзи нархи 5 баробар ошган
Янгиликлар

Апрель-май ойлари Тожикистонда сабзи нархи 5 баробар ошган

Апрель-май ойларида Тожикистонда сабзининг нархи 5 маротаба ошган.

Кейинги икки ой мобайнида Тожикистонда сабзининг нархи 5 маротаба ошди. Агар март ойининг бошида Душанбе ва Хўжанд  бозорларида бир килограмм сабзини 2 сомонига ($0,18)  харид қилиб олиш мумкин бўлган бўлса, бугунги кунда у 10 сомони туради ($0,89). Экспертларнинг сўзларига кўра, сабзига бўлган нарх бошқа сабзавот турларига бўлганидек, мавсумга боғлиқ. Анъанага кўра апрель ва май ойларида нархлар ошади, аммо бу йилдагидек юқори эмас.  Лекин бу ҳолат кўп давом этмайди: июнь ойининг бошида эрта ҳосил пайдо бўлиши билан унинг нархи тезда тушиб кетади.

Тожикистон жанубида эса кузги сабзини қиш ўрталаригача йиғиб-териб олишган. У Жалолиддин Балхи, Жайхун, Шахритус ва Фархор туманларида етиштирилади ва кўп ҳосил беради, деб ёзади Asia-Plus.

Шимолда  Истаравшан ўз сабзилари билан шуҳрат қозонган.

Шу йил бошида Балхи туманида 1 гектар ердан 60 тонна сабзи ҳосили олинган, бу Тожикистондаги энг яхши кўрсаткич ҳисобланади.

Тожикистонда етиштирилаётган сабзининг ўртача ҳосилдорлиги ҳудуд шароитига қараб  40-45 тоннани ташкил этади.

Етиштирилган сабзи ҳосилини улгуржи харидорлар тўғри даладан, фермерлардан харид қилиб олиб кетишади.

Айнан апрель-май ойларида ҳосил йўқ, шу сабабли ишлаб чиқарувчилар улгуржи харидорларга маҳсулотни омборхона совутгичларидан етказиб беришади.

 Норентабел сабзи

2017-2019 йилларнинг май ойларида, яъни баҳорнинг охирги ойларида сабзи нархи барқарор эди —   2,5 дан 3,5 сомонигача, ўтган йилда эса нарх 2 сомонигача пасайди.

Экспертлар 2021 йилда сабзи нархининг ошиб кетиш сабабини, баҳорнинг охирги икки ойида бозорда ушбу маҳсулотнинг етишмаганлигида деб ҳисоблашади.

 Шунингдек ўқинг: Тожикистон и Россия мевали сабзавот маҳсулотларини етказиб бериш учун соддалаштирилган божхона тартибини синовдан ўтказишади.

«Тожикистон ўзини сабзи билан тўлиқ таъминлайди ва ҳосилнинг қолган қисмини қайта ишлаши ёки уни янги узилган ҳолатида экспорт қилиши мумкин. Айниқса куз ва қиш мавсумида у арзон бўлади. Тожикистонда сабзини совутиш камераларида сақлаш ва нархни барқарор ушлаб туриш имконияти йўқ», — дейди агроном Алибек Шохмурод.

Фермер Ризомад Мухибуллоевнинг айтишича, ўтган йили сабзининг нархи жуда паст бўлган, ишлаб чиқарувчилар кам фойда олишган, шунинг учун бу йил сабзини камроқ экишган.

Тожикистон деҳқон-фермер хўжалиги Ассоциацияси раиси Азизбек Шарипов сўзларига кўра, бу мавсумда сабзи нархининг кескин ошиб кетишига сабаб – аграр сектордаги истиқболнинг ва етиштирувчиларни  қўллаб-қувватлашнинг йўқлигидир:

«Иттифоқ парчаланиб кетганидан сўнг режали иқтисодни танқид қилиш урф бўлди. Аммо бозор иқтисодида ҳам қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқаришнинг истиқболларини белгиловчи режалаштириш зарур. Деҳқонлар бозор эҳтиёжини билишмайди, қачон, қайси маҳсулот энг фойдалироқ эканлиги тўғрисида уларга кўрсатмалар бериб йўл кўрсатиш зарур. Шунинг учун бизда ҳар доим шундай – бир йили пиёз жуда арзонлашиб кетади, кейинги йили ҳеч ким пиёз экмайди ва натижада пиёзнинг нархи ошиб кетади. Сабзи, картошка, карам билан ҳам худди шундай. Афсуски, бу ҳолат йилдан-йилга такрорланади».

Эслатиб ўтамиз, ўтган йили баҳорги-кузги мавсумда Тожикистон фермерлари учун сабзини сотиш катта муаммо туғдирди,  ҳатто бир килосини 2 сомонидан сотиш қийин бўлди.

Балки, сабзига бўлган жуда паст нарх ва унга эҳтиёжнинг йўқлиги сабабли кўплаб сабзи етиштирувчилар бу йил сабзи экмасликка қарор қилишган, бу эса ҳозирги кунда нархнинг ошиб кетишига асосий сабаб бўлди.

 Қўшниларда сабзи мўл

Бозор иштирокчиларининг маълумотларига кўра, Ўзбекистондан Тожикистонга сабзи етказиб бериш қийинлашган, бу нархнинг тушишига туртки бўлиши мумкин эди.

Маълумки қўшни давлат сабзи етиштириш бўйича жаҳонда етакчилардан бири ҳисобланади (йилига 2,3 млн тоннадан ортиқ, Хитойдан кейин иккинчи ўринда).

Ҳосилдорлиги бўйича эса Ўзбекистон ўз рақобатдошларини ортда қолдириб биринчи ўринни эгаллайди: бир гектардан ўртача 70 тонна ҳосил олинади.

Дунё бўйича сабзи етиштириш бир миллион гектар майдондан 25 млн тоннани ташкил этади.

Тожикистон ҳар йили тахминан  300 минг тонна сабзи етиштиради, 120 та ишлаб чиқарувчи давлатлар орасида турли йилларда 20 ва 30-ўринлар орасини эгаллайди.

Мамлакатда ҳар йили  7 минг гектарга яқин  ерга сабзи экилади.

Кўриниб турибдики, бозорда маълум бир йўналишнинг йўқлиги – республикада кўплаб етиштириладиган сабзавотларга ҳам ғайритабиий нархлар пайдо бўлишига олиб келади.

«Шунинг учун, Тожикистонда 1 кило сабзи нархи – 10 сомони  — бу шунчаки бемаънилик», — таажжубланади агроном Алибек Шоҳмурод.

EastFruit

Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.

Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!

Бу сизга ҳам қизиқ бўлиши мумкин

Ўзбекистон қулупнайи – 2021: мавсум қисқа, нархлар юқори, имкониятлар эса яна бой берилди

EastFruit

Россия: Жанубий Федерал округ фермерлари эртаги сабзининг биринчи партияларини рекорд даражадаги юқори нархларда етказиб беришмоқда

EastFruit

Қозоғистон қўшни мамлакатлардан сабзавот маҳсулотларини сотиб олиш бўйича форвард шартномаларини тузади

EastFruit

Шарҳлар қолдиришингиз мумкин