Бош саҳифаЯнгиликлар5 йилдан сўнг Грузияда бодом етиштириш ҳажми кескин ошади – қайта ишлаш бизнесини бошлаш вақти келди
Долзарб Махсус Янгиликлар

5 йилдан сўнг Грузияда бодом етиштириш ҳажми кескин ошади – қайта ишлаш бизнесини бошлаш вақти келди

Яқин 7 йил ичида Грузия бодом етиштириш ҳажмини камида 16 баробар оширмоқчи. Бодом грузин ошхонасининг асосий таркибий қисми эмас ва у хом ашё сифатида фаол қўлланадиган ишлаб чиқариш корхоналари ҳам йўқ. Бу ёнғоқ кам истеъмол қилинишида акс этади. Шунинг учун энди ёнғоқни экспорт қилиш истиқболлари ҳақида ҳозирданоқ ўйлаш зарур.

Грузия бодом ва ёнғоқ етиштирувчилар ассоциацияси (AWРA) маълумотларига кўра, ҳозирги пайтда мавжуд боғлардан бодом ҳосилини 2027 йилда 14 минг тонна (пўстлоғи билан) йиғиб олиш тахмин қилинмоқда. Бу кўрсаткич 2019-2020 йиллардаги 900 тонна билан солиштирилса, кескин ўсишдир.

Сўнгги 20 йил ичида ички бозорда бодом мағзи таклифи ҳажми (ишлаб чиқариш + импорт – экспорт) секин суръатда ўсди ва йилига қарийб 9 тоннага ошди. Сўнгги 7 йил ичида аниқ ўсиш тенденцияси йўқ, аммо бу тенденциялар жуда тез ўзгариши кутилмоқда.

AWРA Грузияда бодом етиштириш ҳажмини кескин кўпайиши ҳақида огоҳлантирмоқда. Ассоциациянинг прогнозига кўра, 2020 йилдан 2027 йилгача Грузияда бодом етиштириш йилига ўртача 48 фоизга ўсади, 2020 йилдан кейин барпо этилган янги боғлар бундан мустасно. Умумий ҳосил ҳажми 2027 йилга келиб, рекорд даражада юқори бўлади, бу ҳозирги ҳосилдан камида 14 баробар, 2001-2019 йиллардаги ўртача кўрсаткичдан камида 17 баробар кўпдир.

Грузиянинг бодом сектори ҳам экспортда, ҳам маҳаллий бозорга маҳсулот етказиб беришда муваффақият қозониш учун кўп ишларни бажариши керак. Йиғим-теримдан кейинги таъминот занжирида деярли ҳеч қандай асосий иштирокчилар йўқ ва маҳаллий бодом истеъмоли шу қадар пастки, у бу ҳажмни “ҳазм” қила олмайди. Aгар бу янги бодом ҳосилининг ҳаммаси экспорт қилинмай, жойида истеъмол қилинса, 2027 йилга бориб, Грузия аҳоли жон бошига бодом истеъмоли бўйича биринчи учталикка киради. Ҳозирча бу имконсиздек туюлмоқда. Грузияда бодом истеъмоли пастлиги ҳам маҳаллий истеъмол маданияти, ҳам аҳоли даромадлари билан боғлиқ.

Бизнинг ҳисоб-китобларга кўра, бутун йил давомида Грузияда аҳоли жон бошига бодом истеъмоли (мағиз ҳисобида) 2016-2020 йилларда 0,08-0,11 кг оралиғида бўлган. Ёнғоқ ва қуруқ мевалар бўйича Халқаро кенгаш (INC) маълумотларига кўра, истеъмол даражаси энг кўп бўлган 16 мамлакат аҳолиси ушбу маҳсулотларни жон бошига ўртача 7-8 баробар кўпроқ истеъмол қилади. Бу мамлакатларда ўртача ялпи ички маҳсулот аҳоли жон бошига 35 000 долларни, Грузия учун эса 4 400 долларни ташкил қилади (манба: Жаҳон банки). Шундай қилиб, мамлакатнинг умумий иқтисодий ўсиши маҳаллий бодом истеъмоли ўсиши учун ҳал қилувчи аҳамиятга эга.

Aгар маҳаллий истеъмолнинг ҳозирги таркиби ўзгармаса, Грузия бодомни 2021 йилда 300 тоннага яқин, 2027 йилда эса 5 минг тоннадан ортиқ ҳажмда экспорт қилиши керак бўлади.

Кутилаётган ҳажмларни инобатга олган ҳолда Грузия жаҳон бозоридаги вазиятга катта эътибор қаратиши керак. Одатда, бодом мағзининг жаҳон савдоси қиймати пўстлоқли бодомдан 4 баробар кўп. Лидерлар – AҚШ (жаҳон бодом мағзи экспортининг 70%и – 2020 йилда 629 минг тонна), Испания (94 минг тонна) ва Aвстралия (56 минг тонна)дир. Бу мамлакатлар катта миқдордаги юқори сифатли қайта ишланган ёнғоқларни таклиф қилади.

Aйнан Қўшма Штатларда бодом ҳаддан зиёд кўп етиштирилиши 2020 йилда унинг пўстлоқлиси учун ҳам, мағзи учун ҳам жаҳон нархлари кескин пасайишига олиб келди.

Пўстлоқли бодомни импорт қилиш жуда авж олган. 2020 йилда энг йирик импортёр – Ҳиндистон бошқа 9 та энг йирик импортёрга нисбатан икки баравар кўп маҳсулот харид қилди.

Бодом мағзи савдоси насбатан фаолроқ ва хилма-хилроқ. Шу маънода пўстлоқли бодомни эмас, балки мағизни экспорт қилишга эътибор қаратиш тўғри қадам бўлар эди.

2020 йилда бодом мағзининг йирик импортёрлари

Манба: TradeMap.org

Европа юқори нархлар ва катта импорт ҳажмига эга асосий импортёр-бозор ҳисобланади. Грузия ва Европа Иттифоқи ўртасидаги эркин савдо шартномаси, шунингдек, фундук савдоси туфайли ўрнатилган алоқалар фойда келтириши мумкин. Aммо бодом мағзининг ярмидан кўпи “снеклар” кўринишида истеъмол қилинадиган Европа Иттифоқи ёнғоқ сифатининг юқори стандартларига ҳам эга ва пестицид қолдиқлари ҳамда афлатоксин даражасини назорат қилади. Шу боис, ёнғоқни йиғим-теримдан кейин қайта ишлаш ва сақлаш жуда муҳимдир.

Хитой ҳам Грузия нишони бўлиши мумкин. Хитойга бодом мағзи импорти 2020 йилда 2013-2015 йилларга нисбатан 650% дан ошди. Ўртача нарх Европадагига яқин (бир тонна учун 5 121 доллар) ва импорт ўсиши 2020 йилда 16 миллион килограммдан ортиқ бодом мағзини импорт қилган мамлакатлар учун энг юқори кўрсаткичдир.

Яхшиямки, грузиялик бодом етиштирувчилар маҳсулотларининг катта қисмини экспорт қилиш кераклигини тан олишмоқда.

AWРA маълумотларига кўра, яқин орада бодомнинг йирик ҳажми пайдо бўлиши кутиляпти. Аммо ҳозирча кутилаётган ҳажм бўйича  савдо-сотиқни амалга ошириш мумкин бўлган катта каналлар мавжуд эмас. Буларнинг бари яқин йилларда йиғим-теримдан кейинги ишлов беришда сезиларли даражада ривожланишни тақозо этади. Шу маънода, эҳтимол, Грузияда бодомни қайта ишлаш бизнесини бошлаш учун энг яхши вақт ҳозирдир.

EastFruit

Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.

Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!

Бу сизга ҳам қизиқ бўлиши мумкин

Грузиядаги энг йирик бодом плантациясида ҳосил қандай йиғилади? (видео)

EastFruit

Хитой олма бозори: юқори захиралар, паст нархлар, умидсиз истиқбол

EastFruit

Янги суперфуд: украиналик фермерлар минглаб тонна маржондарахт мевасини экспорт қилмоқда

EastFruit

Шарҳлар қолдиришингиз мумкин