2021 йилнинг январь-апрель ойларида Ўзбекистон 5,1 миллион доллар қийматидаги 4,2 минг тонна бодринг экспорт қилди. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 2,2 миллион долларга кўпдир. Бошқача айтганда, бодринг экспорти умумий қийматининг ўсиши 2020 йилдаги айни даврга нисбатан 76 фоизни ташкил этди. Бу хусусда Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси маълум қилди.
Бодринг экспортининг деярли барчаси (99,6%) уч постсовет мамлакати – Қозоғистон (барча экспортнинг 47,6%и), Қирғизистон (35,7%) ва Россия (16,3%) бозорларига етказиб берилди.
EastFruit таҳлилчиларининг фикрига кўра, сўнгги бир неча йил ичида Ўзбекистондан бодринг экспортининг энг юқори қиймати 2018 йилда қайд этилган. 2021 йилги прогнозлар ҳақида гапиришга ҳали эрта бўлса-да, жорий йилнинг дастлабки 4 ойидаги маълумотлар бу йилги бодринг экспорти ўтган йилгидек ёки ундан юқорироқ бўлади, дейишга асос бўла олади.
Бироқ, уч асосий савдо бозорларидан бири – Россия ёпиқ муҳитда, хусусан, иссиқхонада сабзавот етиштиришни тобора ривожлантирмоқда. Бундан ташқари, жорий йилнинг дастлабки тўрт ойида Россия аввал импорт қилинган миқдордаги бодрингни экспорт қилди ва экспорт даражаси кескин ошиб, импорт камайди.
Шунга қарамай, Ўзбекистон Россия бозорига бодринг етказиб беришни давом эттирди. Чунки, Россиянинг Осиё қисмида худди аввалгидек, вақти-вақти билан маҳсулот танқислиги сезилиб турди. Қуйидаги жадвалда кўрганингиздек, Россияда барра бодринг нархи икки йил аввалгидан кўра кўпроқ ўзгарган.
Aйнан шундай авж паллада Ўзбекистон бодрингини Россияга экспорт қилиш учун имкониятлар юзага келади. Шу боис ҳам, биз бизнес иштирокчиларига порталимиздаги нархларни диққат билан кузатиб боришни тавсия этамиз.
Дарвоқе, 2021 йилнинг дастлабки тўрт ойида Ўзбекистон Россияга бодринг етказиб беришни 3,3 баравар оширди. Шунингдек, Россия бозорига бодринг экспорти ҳажмини Туркия, Эрон ва Грузия ҳам кўпайтирди. Aммо етказиб бериш ҳажми бўйича етакчилар, масалан, Хитой ва Беларусь ўтган йилга нисбатан ушбу даврда Россияга иссиқхона бодринглари экспортини камайтирди.
Иссиқхонада сабзавот етиштириш Россияда энг жадал ривожланаётган йўналишлардан бири. Сўнгги 5 йил ичида Россияда иссиқхона мажмуаларининг майдони 1,5 баробардан зиёд ўсди ва шу вақт ичида маҳсулот етиштириш ҳажми 80 фоиздан ошди. 2020 йилда эса сабзавот етиштириш ҳажми рекорд кўрсаткичга ошиб – 1,37 миллион тоннага етди. Бундан ташқари, Россияда барпо этилаётган иссиқхоналар юқори технологияли, энергия тежовчи эканлиги билан бир қаторда бу йўналиш давлат томонидан қўллаб-қувватланмоқда ва бу, хусусан, Ўзбекистондан импорт ўрнини босиш имконини беради.
Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.
Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!