Бош саҳифаМева-сабзавот бизнесиМуаллифлик блоглариРоссияда иссиқхона бизнеси ривожланмоқда: 5-авлод иссиқхоналарининг ҳар бешинчиси ушбу мамлакатда қурилган
Долзарб Махсус Муаллифлик блоглари

Россияда иссиқхона бизнеси ривожланмоқда: 5-авлод иссиқхоналарининг ҳар бешинчиси ушбу мамлакатда қурилган

Иссиқҳона индустрияси – сўнгги йилларда давлат томонидан фаол қўллаб-қувватланаётган Россия қишлоқ хўжалиги бизнес соҳаларидан бири. «Технологии Роста» маълумотларига кўра, иссиқхона учун инвестицияларнинг умумий ҳажми сўнгги 5 йил давомида 200 млрд. рублни ташкил қилган. Деярли 120 та иссиқхона лойиҳаси 5 % ставкали имтиёзли кредитларни қўлга киритган ёки иссиқхонани қуриш, реконструкциялаш ҳамда жиҳозлаш учун киритилган инвестициялар қоплаб берилган. Давлат қўллаб-қувватлови ҳамда тижорий секторга ажратилган маблағлар шарофати билан мамлакатда иссиқхона сабзавотларини ишлаб чиқариш ҳажми 2012 йилги 600 000 тонна кўрсаткичдан 2019 йили 1,3 млн тоннага етди.

2019 йили Россия федерал округларининг кўпчилигида иссиқхоналар қурилиши учун киритилган инвестицияларни қоплаш бўйича давлат дастури якунланди. Минтақаларда иссиқхона бизнесининг ривожланиш даражаси нотекис бўлиб қолгани сабабли давлат дастури Сибир ва Узоқ Шарқда иссиқхона лойиҳаларини ишлаб чиқишга йўналтирилди. 2019 йили Россияда ҳимояланган тупроқда етиштирилган сабзавотлар ҳосилини йиғиб олиш бўйича Сибир федерал округининг улуши фақат 7% ва Узоқ Шарқники 2%ни ташкил қилган. Давлат Узоқ Шарқда иссиқхона сабзавотлари етиштирилишини ривожлантириш учун киритилган инвестицияларнинг 20 фоизини қоплаб беришини эълон қилинди. Федерал даражадаги давлат қўллаб-қувватловига келсак, хўжаликларнинг уруғчиликни ривожлантириш буйича лойиҳалари имтиёзли кредитлаш орқали молиялаштирилади.

«Технологии Роста» маълумотларига кўра, 2019 йили ассимиляцияли ёритиш билан таъминланган қишки иссиқхоналар 1 000 гектарни ташкил этиб, улардан 490 гектари бодринг етиштириш ҳиссасига тўғри келади. 2019 йилда Россиядаги 5-авлод иссиқхоналарининг умумий майдони 100 гектарга етди. Ultra Clima иссиқхоналаридаги Россия улуши шундай даражадаги бутунжаҳон иссиқхоналар тузилмасида 18% га етади. Сўнги йилларда иссиқхона йўналишини фаол янгилаш ва ривожлантириш жараёни амалга оширилаётганига қарамай, Россиядаги 50% саноат иссиқхоналари ҳанузгача 3-авлод иссиқхоналарига мансуб.

Кейинги йилларда мамлакатнинг 20% аҳолиси истиқомат қиладиган Марказий федерал округ (ЦФО) иссиқхона сабзавотларини етиштириш бўйича етакчи бўлди. Мазкур округ 4 ва 5-авлод замонавий иссиқхоналарини ишга туширишда ҳам етакчи. Марказий федерал округда қурилган янги иссиқхоналарнинг асосий қисми округдаги ўртача ҳосилдорликни сезиларли даражада оширадиган замонавий ассимиляцияли ёритиш тизимлари билан жиҳозланган. ЦФО ҳудудида ҳимояланган тупроқда етиштирилувчи сабзавотлар ҳосили Россиядаги жами ҳосилнинг деярли 30%ини, яъни тахминан 400 000 тоннани ташкил этган.

«Агроинвестор» маълумотларига қараганда, қишки иссиқхоналарда иссиқхона сабзавотларининг ўртача ҳосилдорлигининг босқичма-босқич ошиши кузатилмоқда. 2019 йилда ўртача ҳосил йилига 43 кг/м2 бўлиб, 2012 йилдан бери 42 фоизга ошган.  Мамлакатдаги энг юқори ўртача ҳосилдорлик Сибир ва Марказий федерал округларнинг шахсий хўжаликларида қайд этилди — 100 кг/м2. Шу билан бирга, серҳосил бодринглардан ассортиментли позиция томонга сурилувчи ассортимент диверсификациясига асосланган тескари тенденция ҳам кузатилмоқда. Тобора кўпроқ иссиқхоналар помидор, қалампир, бақлажон, кўкатларнинг янги имкониятли (нищевые) навларини етиштирмоқда. Шундай қилиб, иссиқхона хўжаликлари ўртача ҳосилдорликни камайтираётган бўлса-да, улар умумий тоифадаги рақобатдан қочмоқда.

Иқтисоддаги рецессияга қарамай, полиз маҳсулотларининг жон бошига нисбатан ўртача истеъмоли Россияда ортиб бормоқда. Соғлом овқатланиш тенденцияси туфайли сархил сабзавотларга талаб йил давомида мавжуд бўлади. АБ-Марказ маълумотларига кўра,  бодринг истеъмоли 2019 йили рекорд даражадаги кўрсаткич – йилига 5,7 килограммни ташкил этиб, бу кўрсаткич 2014 йилда 4,9 кг бўлган. Саноат усулида ҳимояланган тупроқда етиштириладиган томат истеъмоли 2019 йили 7,4 килограммни ташкил этган. Таққослаш учун, кўрсаткичлар 2018 йили – 6,8 кг, 2016 йили – 4,9 кг қийматларни қайд этган. 2020 йилнинг якуний кўрсаткичлари 2019 йилгисидан юқори бўлиши кутилмоқда.

Маҳаллий иссиқхона маҳсулотларини етиштириш суръати ўсиши ҳисобига истеъмол даражаси ортмоқда. 2019 йили Россиянинг бодринг билан таъминланганлик даражаси 90% деб баҳоланган. Россия 2019 йили жами $105 млн. га тенг 99 900 тонна сархил бодринг ва корнишонларни экспорт қилган. Бодринг импорти аста-секин камайиб бормоқда, 2015/2019 йилларда ўртача йиллик импорт суръати -5,43% бўлган. Бодрингнинг жадал импорт даври октябрга, чўққиси эса январь ойига тўғри келади. 2019 йили йирик бодринг етказиб берувчилар қаторига Эрон (18 000 т.), Беларусь (18 000 т.), Арманистон (8 000 т.) ва Озарбойжон (7 000 т.) кирган.

Россияда помидор ҳанузгача энг кўп импорт қилинадиган сабзавот бўлишига қарамай, ички бозорнинг помидор билан таъминланганлик даражаси 2015 йилги 25% кўрсаткичдан 2019 йили 50%га етди. Ўртача йиллик импорт суръати 2009/2019 йилларда -1,97% кўрсаткични ташкил этган. Россия 2019 йили $637 млн.га тенг 557 000 тонна помидор импорт қилган. Июлдан октябргача Россияда етиштирилган помидорлар бозордга чиқади. Бу вақтда уларнинг нархи, жумладан, хусусий хўжаликларда етиштирилган ҳосил ҳисобига ҳам пасаяди. Помидор импорти ҳажмининг 80% фоиздан зиёди Россияга ноябрь-июнь оралиғида кириб келади. 2019 йил Россияга четдан импорт қилинган бозорда Озарбайжон (172 000 т.), Туркия (94 000 т.) ва Марокаш (54 000 т.) мамлакатлари илғор бўлган. Марказий Осиё мамалакатларининг ривожланаётган агросаноати ва ишлаб чиқаришдаги нисбатан паст харажатлари бошқа халқаро етказиб берувчилар ҳамда Россиялик ишлаб чиқарувчилар учун сезиларли рақобатни юзага келтириши мумкин. Зеро, Ўзбекистоннинг помидор экспорти 2014 йилги 1 400 тоннадан 2019 йил 18 300 тоннага етган.

Кўплаб иссиқхона мажмуалари ўзида етиштириладиган маҳсулотлар қаторига булғор қалампирини қўшганига қарамай, Россияда булғор қалампирини етиштириш чекланганича қолмоқда. Булғор қалампирининг 60 фоиздан зиёди ноябрь-апрель оралиғида импорт қилинади. Россия бозорига йирик ҳажмларда ушбу маҳсулотни етказиб берувчилар Исроил (2019 йили 55 000 т.), Туркия (17 000 т.) ва Эрон (11 500 т.) ҳисобланади. Исроил аввалдан Россияга энг кўп қалампир етказиб берувчи мамлакат бўлган. Рублнинг 2014 йилги девальвациясидан сўнг Исроилдан импорт 2014 йилги 75 900 тоннадан 2019 йил 55 100 тоннага тушиб кетган. Ўзбекистондан Россияга булғор қалампири экспорти суръати ортмоқда – йиллик ўртача суръат 2015/2019 йилларда 91 фоизни ташкил этган, мазкур кўрсаткич ўсишда давом этмоқда.

Россиянинг сабзавотлар бозоридаги рақобатга 2014 йилнинг августида бошланган ЕИ, АҚШ, Канада, Украина ва бошқа бир қатор мамлакатларга нисбатан Россия эълон қилган эмбарго таъсир қилмоқда. Таққослаш учун, 2013 йили Россияга Испания 110 000 т., Нидерландия – 102 000 т., Польша – 52 000 т. помидор экспорт қилган. 2016/2017 йили Туркиянинг сархил сабзавотлари, жумладан, помидор импортига ҳам вақтинчалик эмбарго мавжуд эди. Эмбарго киритилгунига қадар Туркиядан Россияга помидор импорти 323 600 т., 2018 йили эса бор-йўғи 38 800 т. бўлган (2019 йили 113 000 т.га етди).

Сўнгги йиллардаги ишлаб чиқариш ҳажми ортиши фонида Россия саноат иссиқхоналарида ўртача рентабеллик камайди. Даромадлилик кўрсаткичларига рақобат даражасининг ўсиши ва ишлаб чиқариш харажатлари, жумладан, энергия харажатларининг доимий ўсиши салбий таъсир кўрсатмоқда. Ассимиляцияли ёритиш тизимларига эга иссиқхоналарда харажатларнинг тахминан 50%и энергия ресурсларига тўғри келади. Бозор кенгаши ассоциациясининг маълумотларига кўра, 2020 йил якунида, электр энергияси нархи Россияда сўнгги 5 йилда максимал даражагача кўтарилиб, нархнинг ўсиш суръати инфляция даражасидан юқори бўлди. Иссиқхона индустриясининг импорт қилинадиган компонент ва технологияларга қарамлиги 2014 йилги 100% кўрсаткичдан 2018 йили 60%га тушди. Қарамлик барибир сезиларлилигича қолмоқда ва рубль девальвацияси ҳам ишлаб чиқариш харажатлари ўсишига таъсир этмоқда. Марказий банк маълумотларига кўра, 2014 йил январидан 2021 февралига қадар рубл девальвацияси 110 фоизни ташкил қилди, яъни 1 АҚШ доллари 35 рублдан 75 рублга кўтарилди. Бошқа томондан, рублнинг қадрсизланиши Россия маҳсулотларининг импорт қилинадиган маҳсулотларга нисбатан рақобатдош устунлигини оширади. Мутахассислар прогнозига кўра, Россиянинг иссиқхона индустрияси ривожланишда давом этади. Россия қишлоқ хўжалиги вазирлиги прогнозига қараганда, 2021 йили қишки иссиқхоналарда камида 1,45 миллион тонна сабзавот етиштирилади, бу ўтган йилга нисбатан 7,6% кўп демакдир. 2021 йил охирига қадар тахминан 500 гектарда янги иссиқхоналарни фойдаланишга топшириш режалаштирилган, шу билан бирга, иссиқхоналарнинг умумий майдони 3300 гектарни ташкил қилиши керак.

EastFruit

Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.

Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!

Бу сизга ҳам қизиқ бўлиши мумкин

Россияда қурғоқчиликка чидамли смородина (қорағат)нинг янги тури рўйхатдан ўтказилди

EastFruit

Биоактив плёнка қулупнайни 12 кунгача сархил ҳолатда сақлаш имконини беради

EastFruit

USDA прогнози: 2020/21 йилги мавсумда дунё бўйича умумий нок етиштириш ҳажми пасаяди

EastFruit

Шарҳлар қолдиришингиз мумкин