Бош саҳифаМева-сабзавот бозориЧакана савдо тармоқлари аудитиМинтақанинг йирик шаҳарларидан мева-сабзавотларнинг энг юқори нархлари қаерда ва йил давомида улар қай тариқа ўзгарди?
ДолзарбМахсусЧакана савдо тармоқлари аудитиЯнгиликлар

Минтақанинг йирик шаҳарларидан мева-сабзавотларнинг энг юқори нархлари қаерда ва йил давомида улар қай тариқа ўзгарди?

EastFruit мутахассислари Украина, Ўзбекистон, Молдова, Грузия ва Тожикистоннинг йирик шаҳарларидаги супермаркетлар тармоғининг мева-сабзавот бўлимларида навбатдаги аудит ишларини якунлади. Унинг натижалари чакана аудит рукнида эълон қилинди. Қайд этиш жоизки, маълумотлар 2022 йилнинг ноябрь ойи ўрталарига тааллуқли!

Аудит доирасида биз анъанавий равишда сабзавот ва меваларнинг энг кўп сотиладиган позициялари бўйича нархларни кузатамиз. Бу бизга истеъмолчиларнинг сабзавот ва мевалар учун энг юқори нархни қаерда тўлаши ва аксинча, қаерда пул тежашини кўрсатиб беради. Бундан ташқари, нархлар даражасини ўтган йил билан таққослашимиз ва нархлар қанчалик камайгани ёки ошганини аниқлашимиз мумкин.

2022 йилнинг ноябрь ойида Грузия пойтахти Тбилиси мева-сабзавотларнинг асосий тўпламини харид қилиш учун энг қулай шаҳар бўлиб чиқди. Ноябрь ойида харид саватида энг катта улушга эга бўлган меваларнинг энг паст чакана нархлари Тбилисида бўлди. Шу билан бирга, Тбилисидаги картошка ва анъанавий сабзавотлар, аксинча, минтақанинг бошқа шаҳарларига нисбатан қимматроқ эди (тахминан, ўрганилган шаҳарлар орасида энг «қиммат» бўлган Душанбедаги каби юқори даражада).

Дарвоқе, бундан бир йил аввал ҳам, яъни, 2021 йилнинг ноябрь ойида ушбу шаҳарлар орасида мева-сабзавотларнинг арзон нархлари рейтингида айнан Тбилиси етакчилик қилган. Йил давомида эса Грузиядаги мева-сабзавот маҳсулотлари нархи бирданига 22 фоизга кўтарилди. Ва ушбу кўрсаткичга кўра, Тбилиси анти-лидер бўлди — бошқа ҳеч бир шаҳарда нархларнинг кескин ўсиши кузатилмади. Бироқ, шу ўринда кичик бир эслатмани айтиб ўтишимиз керак — биз нархларни доллар ҳисобида солиштирамиз ва йил давомида Грузия лариси долларга нисбатан 13,5% га ревальвацияланди. Шу боис, нархларнинг номинал ўзгариши анчайин кам аҳамиятлидир— атиги 8,5%.

Мутахассислар фикрича,  валютанинг қадрсизланиши ҳам, сабзавот ва мевалар нархи ошиши ҳам истеъмолчилар сони кескин ўсиши билан боғлиқ, чунки,  Россиянинг Украинадаги жанговар ҳаракатлари туфайли уй-жойи ва мол-мулкини йўқотган Украинанинг жанубий ҳамда шарқий вилоятларидан кўплаб фуқаролар Грузияга қочишга мажбур бўлди. Ва яна сафарбарликдан бош тортишга уринган кўплаб Россия фуқаролари ҳам Грузияга келди.

Молдова пойтахти Кишинёв супермаркетларида мева-сабзавот маҳсулотлари тўплами атиги 3,7% қимматроқ бўлиб, бизнинг рейтингимиздан иккинчи ўринни эгаллади.  Кишинёвда барча тоифалар учун мувозанатли нархлар ҳукм сурди: иссиқхона сабзавотлари, картошка ва борш тўплами сабзавотлари ҳамда мевалар. Бироқ, бу тоифаларнинг ҳеч бири бўйича Кишинёв етакчи ҳам, аутсайдер ҳам бўлмади.

Бундан бир йил аввал Кишинёв ҳам учинчи ўринда эди. Йил давомида Молдова пойтахтида мева-сабзавотларнинг чакана нархлари 14 фоизга ошди. Молдовада мева-сабзавот нархларининг номинал ўсиши анчайин муҳим эди, зеро, бу даврда маҳаллий валюта деярли 11 фоизга қадрсизланди.

Учинчи ва тўртинчи ўринлар  Украинанинг Киев ва Днепр шаҳарларига насиб этди.

Энг қийин шароитлар ва муҳим фуқаролик инфратузилмаларига Россиянинг  ҳужумларига қарамай, Украина супермаркетлари сабзавот ва мевалар учун жуда рақобатбардош нархларни таклиф қилмоқда! Бу ерда мева-сабзавот тўплами Кишинёвдагидан атиги 2,6 фоизга қиммат бўлиб чиқди, шу билан бирга, бу ерда мевалар деярли Тбилисидагидек арзон. Иссиқхона сабзавотларининг юқори баҳоси Киевнинг юқори ўринни эгаллашига тўсқинлик қилди, бу ҳам Россиянинг жанговар ҳаракатлари билан боғлиқ.

Албатта, паст нархлар истеъмолчиларни хурсанд қилиши мумкин, аммо танганинг иккинчи томони ҳам бор — бу боғбонлар ва сабзавот етиштирувчиларни ҳеч ҳам мамнун қила олмайди, чунки бу ерда картошка, карам,  олма каби маҳсулотларнинг нархи ўта паст даражада ва Украина энергетика объектларига ҳужумлар шароитида уларни сақлаш жуда қийин. Демак, фермерлар катта зарар кўриши мумкин, қиш-баҳор даврида эса бу товарлар нархи кескин ошиши мумкин.

Қизиғи шундаки, бир йил аввал бу шаҳарлар нархлар рейтингида айнан шундай ўринларда бўлган. Йил давомида Киевда нархлар 12 фоизга, Днепрда эса 13 фоизга ошди. Тўғри, бу ерда гап доллар ҳисобида нархлар ошиши ҳақида кетмоқда. Гривнада нархлар сезиларли даражада ўзгарди, чунки Украина миллий валютаси 35% девальвацияга учради.  Бошқача айтганда, украиналик истеъмолчилар гривнада бир йил аввалгига нисбатан 37-38% юқори нарх белгиларини кўришмоқда.

Анъанага кўра, куз охирида Ўзбекистонда мева-сабзавот маҳсулотларининг чакана нархлари  юқори бўлади. Тошкент ўтган йилгидек бу йил ҳам рейтингимиздан бешинчи ўринни эгаллади.

Нисбатан ҳамёнбоп борш тўплами сабзавотлари мамлакат учун катта ютуқ – чунки бундан бир йил аввал Ўзбекистонда бу маҳсулотлар нархи анчагина баланд эди. Бироқ, нима учун энг йирик экспортёр мамлакатлардан бирида иссиқхона сабзавотлари нархи уруш давом этаётган ва маҳаллий иссиқхона маҳсулотларини етиштириш деярли бутунлай йўқ қилинган, денгиз орқали Туркиядан арзон импорт ҳам барбод бўлган Украинага нисбатан юқори эканлигини тушунтириш ҳали-ҳануз қийин. Шунингдек, Ўзбекистонда мевалар Украинаникига қараганда анча қиммат, бу кўплаб асосий маҳсулотларни етиштириш ва сақлаш самарадорлиги борасидаги муаммолардан далолатдир.

Бироқ йил давомида Тошкент шаҳрида мева-сабзавот маҳсулотларининг асосий тўплами нархи АҚШ доллари ҳисобида ўзгармаган. Миллий валюта девальвацияси 5 фоиз атрофида бўлди, бу маҳаллий истеъмолчиларнинг сабзавот ва мевалар учун харажатларни деярли оширмаганини англатади. Бироқ, кўриб турганингиздек, Ўзбекистонда ички нархлар даражасини пасайтириш салоҳияти анчайин муҳимлигича қолмоқда.

Аҳоли даромадлари бўйича энг паст кўрсаткичларга эга  мамлакатдаги энг қиммат сабзавот ва мевалар тўплами Тожикистонда. EastFruit мева-сабзавот нархлари рейтингида ушбу мамлакатнинг икки шаҳри:  Хўжанд ва Душанбе сўнгги ва охиридан битта олдинги ўринларни эгаллади. Душанбедаги супермаркетларда сабзавот ва меваларни сотиб оладиган ўртача истеъмолчи (ва шуни тан олиш керакки, бундай истеъмолчилар озчилик, чунки ҳали-ҳануз сабзавот ва мевалар савдосининг қарийб 98%ини бозорлар улуши ташкил қилади) Тбилисидаги истеъмолчига нисбатан 41% кўпроқ пул тўлайди. Бу ерда мевалар Тбилисидагига қараганда 73% қимматроқ, аммо бошқа маҳсулотлар нархи бу ерда пастроқ. Дарвоқе, биз аудит ўтказган барча шаҳарлар орасида иссиқхона сабзавотлари, борш тўплами сабзавотлари ва картошканинг энг паст нархлари — Хўжандда.

Дарвоқе, бир йил давомида Душанбеда мева-сабзавот тўплами нархи атиги 4 фоизга ошган, Хўжандда эса ҳатто 3 фоизга арзонлашган! Бироқ, агар маҳаллий валюта ревальвациясини ҳисобга оладиган бўлсак, нарх динамикаси янада қизиқарли тус олади — тожик сомонийси йил давомида 11 фоизга мустаҳкамланган. Шу сабабли, сабзавот ва меваларнинг номинал нархлари Душанбеда ҳам, Хўжандда ҳам пасайган.  Душанбеда мева-сабзавот тўплами нархи 7 фоизга, Хўжандда эса 15 фоизга пасайган.

EastFruit

Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.

Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!

Бу сизга ҳам қизиқ бўлиши мумкин

Турк лирасининг қулаши: Туркиядан импорт қилинадиган мевалар оқими ортиши кутилмоқда

EastFruit

Ўзбекистонда тарвуз нархи бир ҳафта ичида 33 фоизга пасайган

EastFruit

Сергей Алба: ер ости томчилатиб суғоришга йўналтирилган инвестициялар бир мавсумдаёқ ўзини оқлайди

EastFruit

Шарҳлар қолдиришингиз мумкин