Бош саҳифаМева-сабзавот бозориЧакана савдо тармоқлари аудитиCarrefour ва Ўзбекистон мева-сабзавот савдосидаги янги юқори стандартлар: EastFruitнинг 2021 йил мартдаги аудити якунлари
Долзарб Махсус Чакана савдо тармоқлари аудити

Carrefour ва Ўзбекистон мева-сабзавот савдосидаги янги юқори стандартлар: EastFruitнинг 2021 йил мартдаги аудити якунлари

EastFruit лойиҳаси жамоаси 2021 йилнинг 1-3 март кунлари беш мамлакатнинг саккизта шаҳри – Киев, Одесса ва Днепр (Украина), Кишинев (Молдова), Тбилиси (Грузия), Тошкент (Ўзбекистон), Душанбе ва Хўжанд (Тожикистон)даги супермаркетларнинг мева-сабзавот бўлимларида  анъанавий чораклик аудитини ўтказди.

Тошкентда  жамоа вакиллари  8 та супермаркетлар тармоғи – Makro ва MakroExpress 24/7, Korzinka, HAVAS, GreenApple, Andalus, Carrefour ва BarakaMarketнинг 26 та  магазинида бўлишди.

Илк бор тўлақонли  чораклик  чакана аудитга Carrefour ва BarakaMarket супермаркетлар тармоғи киритилди, 2021 йил январида биз Carrefour супермаркетлари халқаро тармоғининг биринчи  магазини очилиши ва BarakaMarket тармоғини кенгайтириш бўйича режа юқори даражада акс-садо берганини инобатга олиб, улар бўйича экспресс-аудит ўтказган эдик. Ўшанда Carrefour жуда паст нархларни намойиш этди. BarakaMarket очиқ таассурот қолдирмади. Бу сафар аудит тўлиқ ва  таққослов ҳам тўлақонли бўлди.  Шунинг учун биз янги тармоқлар  иш бошлаганидан кейинги дастлабки ҳафталар билан таққослаганда, улар ўз мавқеини қанчалик яхшилаб олганини  текшириб кўришимиз мумкин.

Ҳар бир магазиннинг  мева-сабзавот  бўлими анъанавий услуб бўйича тўрт мезон нуқтаи назаридан  баҳоланди:

  • Маҳсулотлар ассортименти — бўлимда тақдим этилган  янги  мева-сабзавот  маҳсулотларининг умумий  миқдори;
  • Маҳсулот сифати — янги мева-сабзавот маҳсулотининг истеъмолчилар учун  сифати мақбул стандартларга мос эканлиги;
  • Бўлимнинг сифати —истеъмолчилар учун қулайликлар ва ходимларнинг билими;
  • Маҳсулот нархи — истеъмолчиларга таклиф этиладиган янги мева-сабзавот маҳсулотларининг асосий гуруҳлари нархи.

Юқорида кўрсатилган мезонлар бўйича баҳолар  асосида савдо тармоқлари учун умумий ўртача балл чиқарилди.

Афсуски, EastFruit  2020 йилнинг март ойида  COVID-19  инфекцияси тарқалгани туфайли карантин шароитида ишлагани боис, супермаркетларнинг мева-сабзавот бўлимлари аудитини баҳолаш мониторингигача қисқартиришга мажбур бўлди. Шунинг учун ҳам, вазиятни ўтган йил билан таққослаш имконсиз. Айрим ҳолатларда биз рейтингларни мониторинг анъанавий шаклда ўтказилган 2020 йилнинг ноябри билан қиёслаймиз.

Маҳсулотлар ассортименти

Маҳсулотлар ассортименти  мезони бўйича баҳолар супермаркет пештахталаридаги янги мева-сабзавотлар позициясини ҳисоблаган ҳолда ишлаб чиқилди. Ёнғоқ, қуруқ мева, консерваланган ёки  тузланган сабзавотлар  ва бошқалар ҳисобга олинмади.

Korzinka  тармоқнинг мева-сабзавот бўлимларидаги маҳсулотлар ассортименти  бўйича етакчиликни ўзига қайтариб олди. Korzinka пештахталаридаги янги сабзавот ва меваларнинг ўртача  миқдори 2020 йилнинг ноябри билан таққослаганда 7,4% ўсди.

Маҳсулотлар ассортименти  бўйича рейтингда иккинчи ўринни пештахталардаги мева-сабзавот  маҳсулотлари позициялари  миқдорини фаол кенгайтираётган Carrefour эгаллади. 2021 йил январидан Carrefourда ассортимент  24,4% ошди. Бу маълум даражада   тармоқда яна иккита магазин очилиши билан боғлиқ. Ушбу магазинларда мева-сабзавот маҳсулотлари ассортименти биринчи магазиндагига қараганда анча кўпдир.

Илгари, кўпинча, маҳсулотлар ассортименти бўйича рейтингни бошқариб келган Makro супермаркетлар  тармоғи  бирданига учинчи ўринга тушиб кетди. Бу барча тармоқлар ўртасида 2020 йилнинг ноябридан ассортиментлар энг қисқариб кетган ҳолат бўлди  –   «Макро»да позициялар миқдори бирданига 21% камайди. Биз буни  Makroнинг Тошкент шаҳридаги иккита йирик  савдо корхонаси –   SamarkandDarvoza ва Compass савдо марказларидаги магазинлари ёпилгани билан боғлаймиз,  уларни аудитга киритган эдик. Бирмунча кенг ассортиментли икки магазиннинг ёпилиши, албатта,  тармоқнинг ўртача кўрсаткичига таъсир кўрсатмай қолмайди.

Шундай қилиб, Makro ассортимент  бўйича  «ўртачалар» –  GreenApple ва Andalus тармоқлари сафига кириб қолди. Бироқ, улар 2020 йил ноябридан  бошлаб тақдим этиладиган маҳсулотлар ассортиментини мос равишда 16,7% ва 7,4%  кенгайтиришди.   Ассортимент ранг-баранглиги борасида бу хилдаги иш юритиш билан улар ҳатто аввалги етакчини қувиб ўтиш учун барча имкониятга эгадир. Табиийки,  бу тармоқлар  магазинлар сони бўйича ҳозир Ўзбекистонда биринчи бўлган «Макро»дан анча олисда, шунинг учун у қадар кўп бўлмаган  магазинларда юқори ўрта ассортиментни таъминлаш, албатта, қийин эмас.

«MakroExpress 24/7» ассортимент бўйича  «Уй ёнида» шаклидаги  магазинлар ўртасида биринчи ўринни эгаллади. Бироқ, 2020 йил ноябри билан таққослаганда бу тармоқда ҳам мева-сабзавот маҳсулотлари  ассортименти 17,6%  камайган.

HAVAS ва BarakaMarket позициялар миқдори бўйича аутсайдер бўлиб қолди. Бунинг устига  HAVASда маҳсулотлар ассортименти бўйича  аниқ ортга кетиш кузатилди – 2020 йил ноябри билан таққослаганда натижа 16,3% тушиб кетди. –  HAVAS  магазинларидан биридаги кузатувимиз қизиқ бўлди: айни қизғин иш вақти (13.00лар атрофида)да бўлим пештахталари ярим бўш, бўлимда ходим йўқ эди, аммо беш дақиқадан кейин ходим бир қути банан кўтариб келиб қолди. Кейин эса  омборга кириб кетганча  узоқ вақт кўриниш бермади. Бу ҳолат HAVAS  пештахталарида, эҳтимол, ассортимент бундан кўпроқ бўлиши мумкин эди, аммо барча магазинларда ҳам ходимлар савдо залини товар билан таъминлашга  ўз вақтида эътибор қаратмас экан дея хулоса қилишимизга сабаб бўлди.

Гарчи, BarakaMarket ходимлари томонидан ўтказилган сўровга кўра, харидорлар тармоқда мева-сабзавотларнинг катта ассортиментини  қайд этган бўлишса-да, биз  айрим магазинларда ҳатто энг кенг тарқалган сабзавотлар, масалан, лавлаги, карам ва бодрингни ҳам  топа олмадик. Аммо,  2021 йил мартидаги тармоқ ассортименти 2021 йил январдаги экспресс-аудитдан  5,2% кўп  бўлганини эътироф этмасак бўлмайди. Демак, ассортимент борасида муайян силжишлар мавжуд.

HAVAS                                                                        Baraka Market

Аудит ўтказиш маҳали супермаркетлар тармоқларида  узум борлиги  тахмин қилинган эди ва биз уни 26 та савдо  дўкони орасидан фақат  6 та магазин ( Makro, Korzinka, GreenApple, Andalus)да кўриб, жуда ҳайрон бўлдик. Боз устига,  ақат битта магазиндаги (Andalus) узум ўзимизда етиштирилган, қолган магазинлардаги мева Аргентинадан келтирилган экан. Ўзбекистон узум экспорти бўйича жаҳонда етакчилардан бири экани ҳисобга олинса, бу, мамлакатда маҳсулотни сақлаш борасида жиддий  муаммолар мавжуд эканлигидан далолатдир.

Маҳсулот сифати

Маҳсулот сифати супермаркетлар пештахталаридаги мева-сабзавот  позицияларининг умумий ассортиментидаги яроқсиз  товарлар борасида мева-сабзавот улуши қанчалик кам экани билан баҳоланади. Чириган, шикастланган, нуқсонли, ириган ва ҳоказо, умуман, минимал сифат стандартларига жавоб бермайдиган маҳсулотлар яроқсиз ҳисобланади.

Шу ўринда  2021 йилнинг мартида Тошкент шаҳридаги супермаркетларда яроқсиз маҳсулотлар улуши унча кўп бўлмаганини ва  0,3% дан 4,6%гачани ташкил этганини қайд этиш жоиз. Биз ўтказган мониторингда кўпроқ  қуйидаги позициялар учради: карамнинг  барча  турлари (оқ карам, брокколи, гулкарам), кўкат ва мандарин.

Маҳсулот сифати бўйича  рейтингда янги, Тошкент шаҳри бозорида яқинда пайдо бўлган Carrefour тармоғи етакчи бўлди. Тармоқдан мониторингга киритилган учта магазиндан фақат биттасини талабга жавоб бермайдиганлар қаторига киритиш мумкин.

Makro тармоғи маҳсулот сифати бўйича рейтингда иккинчи ўринни эгаллади. Сифатсиз маҳсулот улуши  атиги 0,6%ни ташкил этди, бу эса тармоқнинг магазинлар сони бўйича мамлакатда етакчи эканини ҳисобга олганда жуда яхши кўрсаткич ҳисобланади. Шубҳасиз, Makro маҳсулот сифатига катта эътибор қаратади –  текширилган магазинлардан бирида мева-сабзавот бўлими ходимлари эскирган  маҳсулотни пештахтадан дарҳол олиб ташланаётганига гувоҳ бўлдик.

Бу сафар энг сифатсиз   мева-сабзавот  маҳсулотлари  HAVAS тармоғида аниқланди. Бу ерда сифатсиз мева-сабзавотлар позицияси улуши 4,6%га етди. Бироқ, бу ўринда  янги мева-сабзавотларнинг ассортименти катта бўлмаган  магазинларда ҳатто битта талабга жавоб бермайдиган  позиция ҳам якунда катта фоиздаги яроқсизликка сабаб бўлади. Шунинг учун бундай тармоқларда маҳсулот сифатига алоҳида диққат қаратиш лозим.

Бўлим сифати

Бўлим  сифати мезони бўйича баҳолаш учта кичик мезондан иборат:

  • хабардорлик, яъни  тақдим этилаётган  маҳсулот  ҳақидаги маълумот истеъмолчига қанчалик етказилиши. Маълумот деганда  маҳсулот ишлаб чиқарилган мамлакат ва вилоят, унинг нави ва ишлаб чиқарувчиси, нарх кўрсаткичнинг ўқилиши ва бошқалар, қўшимча маълумот;
  • мерчандайзинг (маҳсулот тақдимоти) бўлимнинг тозалиги ва безатилиши, маҳсулотларнинг чиройли ва тўғри жойлаштирилиши;
  • қулайлик супермаркетда юриш ва аравачалар билан  ўтиш учун жойлар етарлилиги, мева-сабзавот бўлими жойлашуви,  керакли маҳсулотларни топиш имконияти ва уни тарозида тортиш бўйича  хизматлар,  етарли миқдордаги пакетлар ва бир марта фойдаланиладиган қўлқоплар мавжудлиги, бўлимдаги маслаҳатчиларнинг ваколатлилиги, дўстона муомаласи ва бошқалар.

Янги мева-сабзавотлар бўлими сифати мезони бўйича янги етакчи аниқланди. Рейтингга янги қўшилган   Carrefour супермаркетлар тармоғи биринчи ўринга чиқди. Рейтингда иккинчи ўринга Andalus жойлашди. Агар мазкур тармоқ   мева-сабзавот бўлимини  магазиннинг энг олис бурчагидан биз анъанавий равишда балл қўшиб берадиган  эшик яқинига кўчирганида эди, янги мева-сабзавотлар бўлими сифати рейтингида ғалаба қозоониш учун барча имкониятга эга бўлган бўларди.  Makro тармоғи  етакчилардан фақат  хабардорлик борасида ортда қолиб, учинчи бўлди. Аммо маҳсулотлар  мерчендайзинги  кўрсаткичи бўйича Carrefourдан ўзиб кетганини ҳам эътироф этиш жоиз.

Korzinka супермаркетлар  тармоғи мерчандайзинг ва бўлим қулайлиги борасида  ортда қолди, аммо  хабардорлик бўйича  етакчилардан бироз илгарилаган ҳолда  тўртинчи ўринни эгаллади.

Рейтингнинг яна бир  янги тармоғи – BarakaMarket мерчандайзинг бўйича энг кам миқдорда балл тўплаб, охирги ўринда  қолди.

Бироқ  бўлим сифати бўйича рейтинг етакчиси ҳам  берилиши мумкин бўлган энг юқори миқдордаги баллнинг  32%ини тўплай олмади. Бу шуни кўрсатадики, Тошкент  шаҳридаги супермаркетлар тармоқларининг мева-сабзавот бўлимлари ишида жиддий  камчиликлар, шу билан бирга, ривожланиш учун катта имкониятлар бор.

Тошкент супермаркетларидаги янги  мева-сабзавот бўлимларининг энг заиф томони – бу хабардорлик. Мазкур мезон бўйича бирмунча кўпроқ балларни Korzinka тармоғи тўплади. Бироқ  у ҳам   энг юқори  баллдан 48% ортда қолмоқда.

Умуман олганда,  тармоқларнинг деярли ҳар бири баҳо кўрсатичларини ўқилиши осон ва тушунарли тайёрлашга ҳаракат қилган. Нархлар  юпқа тахтачаларга ёки силлиқ  қоғозларга йирик ҳарф ва рақамларда ёзилади.  Аммо Тошкент  супермаркетларининг мева-сабзавот бўлимларида хабардорлик борасида аввалгидек, маҳсулот етказиб берувчилар ва маҳсулот ишлаб чиқарилган  вилоятлар тўғрисидаги маълумот,  кўпинча,  йўқ бўлади. Ишлаб чиқарувчининг жойи тўғрисидаги маълумот, асосан, фақат импорт қилинадиган  экзотик мевалар қадоғига қайд этилади, у ҳам доимо эмас. Маҳсулот маҳаллийлиги ҳақида кўп ҳолларда қайд этилмайди, ваҳоланки, бу жиҳат унинг яхши сотилишини таъминлаган бўлар эди.

Хабардорлик бўйича рейтинг  аутсайдери «MakroExpress 24/7» бўлди, унда нарх кўрсаткичлари шу қадар майда, товар  ҳақидаги маълумот шунчалик камки, баъзан, ҳатто улар бўлимнинг қайси позициясига мансуб эканини аниқлашнинг ўзи қийин.

Мерчандайзинг бўйича  хабардорлик  билан таққослаганда вазият анча яхши. Баҳолашнинг бу мезони бўйича  етакчилар  – унча катта бўлмаган супермаркетлар тармоқлари – GreenApple ва Andalus. Улар  берилиши  мумкин  бўлган энг юқори  баллдан “атиги” 30%ини тўплай олишмади. Бу мезон бўйича аутсайдер BarakaMarket тармоғи бўлди.

Мева-сабзавот бўлими қулайлиги ва унинг хизматлари сифати  бўйича  етакчиликни Carrefour қўлга киритди. Бу тармоқ берилиши мумкин бўлган энг юқори баллнинг атиги 10%ини тўплай олмади. Мазкур мезон  бўйича иккинчи ўринни  биратўла ўртача тенг балл тўплаган  тўрт тармоқ  — Makro ва MakroExpress, GreenApple ва Andalus эгаллади. HAVAS тармоғи аввалгидек бу кўрсаткич бўйича қатор сабабларга кўра, охирги ўринда қолди: яъни мева-сабзавот бўлими магазинга кирилган жойда эмас, балки  ўртада жойлашган;  кўпинча, ўтиш  йўллари жуда тор, албатта, бу магазиннинг умумий майдони кичиклиги билан боғлиқ;  барча магазинларда ҳам бўлим консультантлари мавжуд эмас.

Маҳсулот нархи

Супермаркетларни мева-сабзавот  маҳсулотларининг асосий тўплами нархи бўйича баҳолаш қуйидаги товар гуруҳлари нархларини таққослаш асосида амалга оширилди: мева (олма, банан, апельсин, мандарин, лимон)лар,  карамшўрва  тўплами сабзавотлари (оқ карам, пиёз, сабзи, қизил лавлаги), помидор, бодринг, картошка.

Картошканинг аҳамияти ошгани ва мос равишда Ўзбекистон бозорларида кузатилаётган анча юқори нархларни ҳисобга олган ҳолда ушбу маҳсулот биринчи марта бизнинг аудитимизда алоҳида баҳолаш товар гуруҳига киритилди.

HAVAS дискаунтерлар тармоғи аввалгидек истеъмолчилар учун анча арзон нархларни таклиф қилмоқда. Ушбу тармоқда биз,  мевалар,  карамшўрва сабзавотлари тўплами, помидор ва бодринг анча арзон эканини сездик.  «Уй ёнида» шаклидаги бошқа тармоқ  – BarakaMarket магазинлари,  аксинча, энг қиммат мева-сабзавот бўлимларига эга тармоқ ҳисобланади.

Йирик супермаркетлар орасида бирмунча  паст нархларни  Тошкентнинг умумий баҳолаш рейтингида иккинчи ўринни эгаллаган Carrefour таклиф қилмоқда. Makro тармоғи аввалгидек йирик супермаркетлар орасида нарх  рейтинги аутсайдерилигича  қолмоқда.

2020 йилнинг ноябри билан таққослаганда ўртача чакана нархларнинг  ўзгаришида  аксарият мева-сабзавот позицияларида фаол ўсиш қайд этилмоқда. Импорт қилинган цитрус – апельсин ва мандарин —  истеъмолчилар учун анча  арзонлашди. Қолган сабзавот ва мевалар қимматлашган бир вақтда оқ карам ва сабзи  нархи бироз тушди. Ўтган йилнинг ноябридан чакана нархи ўсиши бўйича помидор мутлақ етакчи бўлиб қолди. Унинг чакана нархи деярли 2,3 баравар ошди.

Умумий  баҳо

Тўрт асосий мезон (маҳсулот ассортименти, унинг сифати, мева-сабзавот бўлими сифати ва  мева ҳамда сабзавотларнинг асосий тўплами баҳоси) бўйича  баҳолаш  асосида супермаркетлар тармоқлари мева-сабзавот бўлимларининг умумий баҳоси чиқарилади.

Тўрт мезон бўйича  умумий рейтингда биринчи позицияни  янги   Carrefour супермаркетлари тармоғи эгаллади.  Carrefourда  мева-сабзавот бўлими ва  унинг пештахталарида тақдим этилган маҳсулотлар сифати энг юқори экани, шунингдек, йирик супермаркетлар орасида нарх энг арзон эканлиги  қайд этилди.  Ассортимент ва нархлар бўйича  Carrefour иккинчи ўринни  олди, бу эса тармоққа барча таъқибчилардан катта устунликни  таъминлади. Ҳозирги вақтда  Тошкентда  бу тармоқнинг атиги 3 та магазини фаолият олиб бормоқда, бироқ компания  бир неча бор  ўзининг Ўзбекистон бозоридаги иштирокини жадал суръатлар билан кенгайтиришга қаратилган режаларини  маълум қилишга улгурди.

Ўзбекистон  маҳсулот  ретейлининг оқсоқолларидан  бири  бўлмиш Korzinka  супермаркетлар  тармоғи  мева-сабзавот бўлимида  маҳсулотларнинг энг кенг ассортиментини таъминлаб, иккинчи ўринни эгаллади. Бироқ қолган кўрсаткичлар бўйича  «Корзинка»нинг мавқеи  ўртача, шунинг учун ҳам, кейинги учта тармоқ билан фарқи  кичик даражада.

Andalus  тармоғи бўлим сифатида иккинчи, нарх даражаси бўйича учинчи бўлгани учун  рейтингимизда учинчи ўринни эгаллади.Тармоқнинг заиф жойи – маҳсулот ассортименти ва сифати.

Makro супермаркетлар  тармоғи тўртинчи ўринга тушиб кетди, бунинг сабаби, асосан, маҳсулотлар нархининг жуда баланд эканлигидир. Қолган мезонлар бўйича, шубҳасиз, етакчилар учлигида бўлди.

Аввалги  аудитнинг кутилмаган етакчиси  GreenApple бешинчи ўринга тушди. У маҳсулот сифатидан бошқа барча тоифаларда ўртача  натижа кўрсатди.  Маҳсулот сифати бўйича у етакчилар учлигига киришга муваффақ бўлган эди.

Иккинчи ва бешинчи позиция ўртасидаги фарқ, аслида, у қадар сезиларли эмас. Охирги учта позиция – бу рейтингнинг аниқ аутсайдерлари: Havas, MakroExpress ва BarakaMarket. Агар Havas нарх-наво бўйича  етакчи бўлса,  «Макро Экспресс» ва «Барака Маркет»нинг кучли томонлари сезилмади.

Мос равишда, рейтингдаги янги  тармоқ —  «уй ёнидаги магазин» шаклидаги BarakaMarket  экспресс-аудитда бўлганидек,  баланд нархлари, кам ассортименти ва мева-сабзавот бўлимининг ёмон сифати билан рейтингнинг энг паст пиллапоясидан ўрин олди.

 Тошкент  супермаркетлари тармоқларини позициялаштириш

Тошкент бозорида  супермаркетлар тармоғи сони ўсиши муносабати билан биз  биринчи марта уларни позициялаштириш  бўйича  баҳолаш ўтказишга қарор қилдик. Тармоқни позициялаштириш матрицаси янги сабзавот ва меваларнинг асосий тўплами нархини  баҳолашнинг қолган уч мезони (ассортимент, маҳсулот ва бўлим сифати) билан нисбатини кўрсатади.

Матрицадаги супермаркетлар қуйидаги тарзда жойлашади: магазин қанчалик ўнгда бўлса, харидорлар учун шунчалик  жозибали  нархларда  янги мева-сабзавотларнинг асосий тўпламини таклиф этади;  супермаркет қанчалик баландда жойлашган бўлса,  у  ассортимент, мева-сабзавот маҳсулоти ва бўлим сифати мезонлари бўйича  шунчалик юқори баҳо олди.

Бундай  матрицада супермаркетларнинг жойлашуви уларни тўртта сегментга бўлиш имконини  беради:

  • оптимум– истеъмолчи учун энг мақбул сегмент магазинлар бўлиб, улар  ҳамёнбоп нархлар, шунингдек, маҳсулот, бўлим ва ассортиментнинг  анча юқори сифатини таклиф этади;
  • премиум – ўз истеъмолчиларига маҳсулот, бўлим ва ассортиментнинг юқори сифатини, бироқ камроқ жозибали нархларни таклиф қилади;
  • дискаунтер – ўз истеъмолчиларига анча жозибали нархларни, аммо маҳсулот, бўлим ва ассортиментнинг юқори бўлмаган сифатини таклиф қиладиган  магазинлар;
  • номақбул сегмент – истеъмолчиларга на қизиқарли нарх, на  маҳсулот ва на бўлимнинг яхши  сифатини  таклиф эта оладиган магазинлар.

EastFruit аудитларини  ўтказиш  амалиёти (турли мамлакатларда 12 йилдан ортиқ!) “номақбул сегмент”га тушиб қоладиган тармоқлар, кўпинча,  норақобатбардош бўлиб қолиши ва эртами-кечми бозордан чиқиб кетишини  кўрсатади. Бу  ахборот  етказиб берувчилар учун огоҳлантиришдир, негаки, уларнинг сўровномаларига кўра, етказиб берилган маҳсулот тўлови билан боғлиқ муаммоларнинг  катта миқдори худди шу “номақбул сегмент”га кирган тармоқларда юзага келади.

Шуни қайд этиш жоизки,  супермаркетнинг аниқ бир  сегментга киритилиши доимий эмас ва  истиқболда,  баҳоланадиган мезонларни ҳисобга олган ҳолда тармоқларни позициялаштиришни  қайта кўриб чиқамиз.

2021 йилнинг март ойида Тошкент супермаркетларини  позициялаштириш матрицасини кўриб чиқамиз.

Матрицада кўриниб турганидек,  Тошкентнинг биратўла икки супермаркетлар тармоғи номақбул сегментга кирган – бу   BarakaMarket ва MakroExpress, яна бир тармоқ – Carrefour — озиқ-овқат ретейли учун  бирмунча жозибали  бўлган  мақбул сегментга, яъни  паст нархли,  юқори сифат ва кенг ассортиментга эга бўлган мақбул сегментга тушган.

Дискаунтерларнинг HAVAS  тармоғи  классик  дискаунтер сифатида бозорда  шахсий позициялаштиришни тасдиқлади. Тор ассортимент, унча юқори бўлмаган  сифат, бироқ ўта арзон нархлар  ушбу супермаркетлар тармоғининг ташриф қоғози ҳисобланади.

«Премиум» сегментига  яхши тавсифнома, аммо анча баланд нархлар билан   мамлакат озиқ-овқат ретейли етакчилари  – Makro ва Korzinka тармоқлари   кирди.

Сегментлар тўқнашувида позитив, мақбул сегментга яқинроқ  GreenApple ва Andalus жойлашди. Магазинлар сони камроқлиги уларга  бозорда ўз  ўрнини топиш  имконини бермоқда. Бироқ, улар учун асосий хавф тармоқни кенгайтиришда  позицияларни тутиб қолиш ҳисобланади.

Анъанавий аудитимиз якунлари бўйича хулосалар чиқарар эканмиз,  шуни қўшимча қилишни истардикки, Ўзбекистоннинг чакана тармоқларида мева-сабзавот савдоси бозоридаги рақобатнинг фаоллашувини  Carrefour кириб келганида кузатишимиз мумкин. Фақат айни рақобат кескинлашувини кутамиз, бу эса мева-сабзавот ишлаб чиқариш, сақлаш, сотиш сифати ва самарадорлигини оширишга ижобий таъсир кўрсатади.  Айни пайтда бу фаоллашув Ўзбекистондан мева-сабзавот маҳсулотлари экспортига ҳам ижобий таъсир қилади.  Ҳозирча минтақада катта иш тажрибасига эга бўлган  яна бир хорижий тармоқ – Қозоғистон озиқ-овқат ретейли етакчиларидан бири  MagnumCash&Carry. чиқиши кутилмоқда.

Ўзбекистон  мева-сабзавот ретейлининг хусусиятлари ҳақида  Makro  супермаркетлар тармоғи бошқарувчиси Роман Сайфуллиннинг EastFruitга берган интервьюсида ўқиш мумкин. Агар сиз томоша қилиш ёки эшитишни афзал  кўрсангиз, унда интервьюнинг тўлиқ видеоверсиясини мана бу ҳавола орқали бизнинг  YouTube каналимизда кўришингиз мумкин.

EastFruit

Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.

Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!

Бу сизга ҳам қизиқ бўлиши мумкин

2021 йилнинг январь-май ойларида Ўзбекистон мева-сабзавот экспортини қисқартирди

EastFruit

Данакли мевалар шаршараси: гилос, олхўри, ўрик, шафтоли – супермаркетларнинг мева-сабзавот бўлими учун дизайн ғоялари (фото)

EastFruit

Россияда сабзи қимматлиги сабаб, Ўзбекистонда паловнинг таннархи ошмоқда!

EastFruit

Шарҳлар қолдиришингиз мумкин