Бош саҳифаМева-сабзавот бозориЧакана савдо тармоқлари аудити2021 йилнинг ноябрь ойидаги чакана-аудит натижалари: Коrzinka Тошкентдаги лидерлик позициясига қайтди
Долзарб Мева-сабзавот бозори Чакана савдо тармоқлари аудити Янгиликлар

2021 йилнинг ноябрь ойидаги чакана-аудит натижалари: Коrzinka Тошкентдаги лидерлик позициясига қайтди

EastFruit лойиҳаси мониторингига кирувчи мамлакатлардаги супермаркетлар тармоғининг мева-сабзавот бўлимларида ўтказиладиган ҳар чоракдаги анъанавий аудит 2021 йилнинг 9-10 ноябрь кунлари Ўзбекистон пойтахти – Тошкент шаҳрида ўтказилди.

Ушбу шаҳарда жамоа вакиллари 9 та супермаркетлар тармоғининг 28 та дўконида бўлишди – Маkrо ҳамда Маkro Express 24/7, Коrzinka, HAVAS, Green Apple, Аndalus, Cаrrefour, Baraka Маrket ва Asia.uz. шулар жумласидандир. Аудит бир вақтнинг ўзида, лойиҳанинг бошқа мамлакатларидаги каби бир хил методология бўйича ўтказилди.

Супермаркетларни баҳолаш параметрлари ҳақида кўпроқ маълумот олиш учун бу ерга қаранг.

Ўтган йил давомида Тошкент шаҳридаги аудит ўз таркибига кирувчи супермаркетлар тармоғи сони бўйича сезиларли даражада кенгайди. Шундай қилиб, 2020 йилнинг ноябрь ойида ташриф буюрилган олти дўкон тармоғи (Маkrо, Маkrо Express 24/7, Коrzinkа, HAVAS, Green Аpple ва Аndalus)га яна учтаси қўшилди – Cаrrefour, Baraka Маrket ва Asia.uz. Шунга қарамай, баъзи нуқталарда биз рейтингларни ўтган йилги мониторинг билан солиштирамиз. Шундан сўнг супермаркетлар тармоғи баҳоланишини батафсил кўриб чиқишни таклиф қиламиз.

Маҳсулот ассортименти

“Коrzinka” Тошкент супермаркетлар тармоғининг мева-сабзавот бўлимларидаги маҳсулотлар ассортименти бўйича етакчиликни сақлаб келмоқда. Коrzinka пештахталарида сархил сабзавот ва мевалар позициясининг ўртача сони  2020 йил ноябрига нисбатан  12 фоиз ошди.

Маҳсулот ассортименти бўйича рейтингдан иккинчи ўринни Маkrо эгаллади, аммо ундаги ассортимент 2020 йилнинг ноябрь ойидан бери худди шундай 12% га камайган.

Green Apple тармоғи ўтган йилнинг ноябрь ойидан бошлаб, мева-сабзавотлар ассортименти ўсиши бўйича етакчи бўлиб, уни 22 фоизга оширди. Бу тармоққа мазкур мезон бўйича рейтингда учинчи ўринни эгаллаш имконини берди.

HAVAS ва Baraka Market позициялар сони бўйича худди аввалгидек аутсайдерлигича қолмоқда. HAVAS дўконларида маҳсулотлар ассортименти 2020 йилнинг ноябрига нисбатан 1% га камайди.

Baraka Market маҳсулот ассортименти бўйича рейтингда анъанавий аутсайдер ҳисобланади. Алоҳида дўконларда, масалан, банан, лавлаги, сабзи, бодринг каби энг кенг тарқалган маҳсулотларни ҳали ҳам топиб бўлмайди. Аммо шуни таъкидлаш жоизки, Ўзбекистонда авакадо каби у қадар машҳур бўлмаган маҳсулот бизнинг аудитимизга киритилган ушбу учта дўкондан иккитасида тақдим этилган.

Маҳсулотлар сифати

Дарвоқе, Тошкент шаҳридаги мева-сабзавот бўлимларида  маҳсулот сифати сезиларли даражада яхшиланганини эътироф этиш жоиз. 2021 йилнинг ноябрь ойида нуқсонли маҳсулотларнинг тармоқлар ассортиментидаги улуши 1 фоиздан ошмади (олдинги мониторинг давомида у 5 фоизга етган эди), тўрт тармоқ (Коrzinka, Green Apple, Аndalus ва Baraka Market)да эса бутунлай нолга тенг бўлди. Мониторинг пайтида нуқсонли маҳсулотлар орасида аудиторлар, кўпинча, қуйидаги позицияларни учратишди: карамнинг барча нави, кўкатлар, мандарин ва банан.

Бўлим сифати

Сархил сабзавот ва мевалар бўлимининг сифат мезонига кўра, «Мерчандайзинг» ва «Комфорт» кичик тоифаларида энг юқори баллни тўплаган Green Apple тармоғи етакчилигича қолди. Бироқ, аввал айтиб ўтганимиздек, тармоқ жуда кичик ва фақат уч дўконга эга, бу мева-сабзавот бўлими сифатини таъминлаш вазифасини соддалаштиради.

Маkro тармоғи бўлим сифати бўйича рейтингда иккинчи ўринга чиқиб олди. Шунга қарамай, у ҳали ҳам тақдим этилаётган хизматлар сифати устида ишлаши керак. Мисол учун, аудитга киритилган дўконлардан бирида бўлим маслаҳатчилари йўқ эди ва биз у ерда узоқ вақт юрган бўлсак-да, ҳеч ким ёнимизга келмади.

Рейтинг аутсайдерлари – Baraka ва HAVAS супермаркетлари бўлди. Иккала тармоқда ҳам товарлар учун нарх белгилари етишмаслиги ва ишлаб чиқариш бўлимининг номақбул жойлашуви (дўконга кираверишда эмас) қайд этилди. Шунингдек, HAVAS тармоғи супермаркетларидан бирида бўлим маслаҳатчиси жойида йўқлиги сабаб, уни чақиртиришга тўғри келди. Baraka тармоғининг мева-сабзавот бўлимида эса харид маҳсулотлари солинадиган халталар ҳар доим ҳам топилавермади.

“Asia.uz” тармоғи дўконларидан бирида бўлимдаги маслаҳатчилар товарларнинг штрих-кодларини умуман билмасликлари ва ҳар бир маҳсулотни ўлчаб кўриш чоғида тарози томон югуриш ҳолатларига дуч келдик. Бу эса харидларини ўлчатмоқчи бўлган мижозларнинг навбат кутиб қолишига сабаб бўлди. Аммо умид қиламизки, бу камдан-кам содир бўладиган ҳолат эди ва бўлим ходимлари шунчаки янгиланган, чунки, илгари бу тармоқда юқоридаги каби вазият ҳеч кузатилмаган. Якуний натижага кўра, бу бўлим сифати бўйича тармоқ рейтингида ўз аксини топди ва у олтинчи ўринни эгаллади.

Натижаларни сарҳисоб қилар эканмиз, шуни таъкидлашни истардикки, барча тармоқлар информативлик борасида ишлаши керак. Масалан, “Комфорт” тоифасида тармоқлар олган энг юқори балл мумкин бўлган максимал 10 баллдан 9,0 баллни ташкил этган (ўртача – 10 баллдан 7,1 балл), “Мерчандайзинг” тоифасида эса энг юқори балл 10 баллдан 8,0 балл (ўртача – 10 дан 6,1 балл). Шу билан бирга, “Информативлик” тоифасида аниқ ортда қолиш кузатилмоқда ва энг юқори балл 10 дан 5,5 баллни ташкил этди (ўртача – 10 дан 4,8 балл). Агар маҳсулотларнинг нарх белгиларида биз ҳали ҳам ишлаб чиқарувчи мамлакатни (асосан, тропик  ва цитрус меваларда) кўришимиз мумкин бўлса, унда ишлаб чиқарувчи ва маҳсулот ишлаб чиқарилган ҳудуд номи ҳаммасида ҳам йўқ.

Маҳсулотлар нархи

HAVAS дискаунтерлар тармоғи ўз форматини тўлиқ оқлади ва 2021 йилнинг ноябрь ойида истеъмолчиларга мева-сабзавотларнинг паст нархларини таклиф қилди (цитрус мевалар, картошка ва пиёздан ташқари). Ундан сўнг Asia.uz ва Коrzinka тармоқлари ҳамёнбоплик бўйича рейтингдан жой олди.

Маkro тармоғи нархлар рейтингида аутсайдерга айланди. Тармоқда апельсин, лимон, лавлаги, пиёз ва помидор нархлари Тошкентнинг барча дўконларидан қиммат экани қайд этилди.

2020 йилнинг ноябрь ойига нисбатан ўртача чакана нархларнинг сезиларли ўзгариши кўпчилик мева-сабзавот маҳсулотлари позициясида қайд этилган. Нархлар пасайиши бўйича етакчи позиция бодринг бўлди, у йил давомида деярли 50% га тушди. 2021 йилнинг ноябрь ойида Тошкент шаҳридаги супермаркетларда узум нархи 2020 йилнинг ноябрь ойига нисбатан ўртача 45 фоиз арзон бўлди ва ушбу маҳсулот бўйича таклиф анча ошди.

Импорт маҳсулотларининг ўртача нархи ҳам пасайди – мандарин (24 фоиз), банан (23 фоиз), киви (10 фоиз), авокадо (8 фоиз) ва апельсин (7 фоиз). Импорт  маҳсулотлари нархи пасайишида ҳукуматнинг октябрь ойида қабул қилинган божхона божларини бекор қилиш тўғрисидаги қарори асосий омил бўлди.

Оқ карам нарх ўсиши бўйича етакчилик қилмоқда – унинг нархи 2,4 баравар ошди. Бу йил Ўзбекистондан карам экспорти рекорд даражада бўлиши мумкинлигини аввалроқ ёзган эдик. Эҳтимол, мамлакатнинг ички бозорида нархлар бу тахлит  ўсишига айнан шу изоҳ бўла олар.

Сабзи 2020 йилнинг ноябрига нисбатан 36 фоиз қимматлаган.

2021 йилнинг октябрь ойидан бошлаб, Ўзбекистонга олма импорти ҳам божхона тўловларидан озод қилинган бўлса-да, ушбу турдаги маҳсулот нархи ўтган йилга нисбатан ўртача 62 фоиз юқорилигича қолмоқда. Бунинг сабаби шуки, одатда, пастроқ нарх тоифасида олманинг маҳаллий навлари таклиф қилинади, шу боис, ҳукумат қарори бу тоифага ҳозирча таъсир кўрсатмади. Келгусида божхона тўловларининг нолга туширилиши ушбу турдаги маҳсулот импорти кўпайишини рағбатлантирса, маҳаллий боғбонлар нархларни пасайтиришга мажбур бўлишлари мумкин.

Умумий баҳо

Аудит натижаларига кўра, умумий рейтингда тўрт мезон бўйича (бўлим сифати, нархлар, маҳсулот сифати, ассортимент) Коrzinkа узоқ вақтдан буён биринчи марта лидерлик позициясини қайтариб олди. Бу тармоқда мева-сабзавот маҳсулотларининг энг кенг ассортименти ва сифати қайд этилди.

Иккинчи ўринни Тошкентнинг собиқ лидери – Green Apple тармоғи эгаллаб турибди, у мева-сабзавот бўлими сифати ва тақдим этилаётган маҳсулотлар сифати бўйича шаҳардаги етакчи тармоқ бўлди.

Рейтинг аутсайдери ҳали ҳам Baraka Market тармоғи бўлиб, у 2021 йилнинг март ойидан тўлиқ бизнинг аудитга киритилган. Шундан бери охирги позициядан юқорига кўтарилмади. Ушбу тармоқ мева-сабзавотларнинг энг кичик ассортиментини таклиф қилади ва бўлим сифати ҳам жуда паст.

Тошкент шаҳридаги супермаркетлар тармоқларининг жойлашуви

Юқоридаги диаграммада: Тошкент шаҳридаги супермаркетларнинг жойлашув матрицаси, 2021 йил, ноябрь

2021 йилнинг ноябрь ойида Тошкент шаҳридаги супермаркетларнинг жойлашув матрицаси билан танишамиз ва уни шу йилнинг июль ойидаги мониторинг натижалари билан солиштирамиз.

Салбий ҳолатдан бошлаймиз. Бу сафар Baraka Market ва Маkro Express номақбул сегментга қайтди, яъни бу ҳар икки тармоқнинг ҳам мева-сабзавот маҳсулотлари бўлимида нарх сиёсати бўйича яна ишлаш кераклигини англатади.

HAVAS тармоғи дискаунтерлар сегментида мустаҳкам ўрин эгаллади, бу эса унинг бозордаги жойлашувига тўлиқ мос келади.

Carrefour аввалгидек, «Премиум» сегментида қолди. Унинг ёнига «Оптимум» сегментидан ўтган Маkro тармоғи жойлашди.

Green Apple тармоғи «Оптимум» ва «Премиум» сегментлари оралиғида қолди.

«Оптимум» сегментига Коrzinka ва Аndalus тармоқлари бирикди. Asia.uz тармоғи ҳам «Премиум» сегментидан ушбу сегментга ўтди.

Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон дўконларидаги асосий ўзгаришлар нарх сиёсатида рўй бермоқда, сифат борасида эса вазият унчалик ўзгармаяпти. Бу тармоқлар сегментлар бўйича фақат иккита пастки сегмент («Номақбул» ва «Дискаунтерлар» сегменти) ва иккита юқори сегмент («Премиум» ва «Оптимум») ўртасида ҳаракатланаётгани билан тасдиқланмоқда. Лекин тармоқларнинг ҳеч бири пастки сегментларнинг биридан юқори сегментларнинг бирига (ёки аксинча) ўтмади.

Анъанавий аудитимиз натижаларини сарҳисоб қилар эканмиз, шуни қўшимча қилмоқчимизки, биз яқин келажакда Ўзбекистон чакана савдо тармоқларининг мева-сабзавот бозорида рақобат кучайишини кутмоқдамиз. Зеро, жуда тез орада, яъни декабрь ойи бошида ушбу бозорга янги иштирокчи кириб келиши кутилмоқда – Қозоғистоннинг йирик чакана-савдо тармоғи –  Маgnum Cash & Cаrry. У хусусда батафсил маълумотни мана бу ерда ўқишингиз мумкин.

Шундай қилиб, барча мавжуд тармоқлар истеъмолчилар ишончини қозониш ва ушбу ишончни сақлаб қолиш учун янада кўпроқ куч сарфлашига тўғри келади. Биз, ўз навбатида, 2022 йилнинг биринчи чорагида ўтказиладиган навбатдаги аудитимизда вазиятни тезкорлик билан акс эттиришга ҳаракат қиламиз.

EastFruit

Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.

Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!

Бу сизга ҳам қизиқ бўлиши мумкин

Ўзбекистонда 2026 йилга қадар 36 минг гектар майдонда доривор ўсимликлар плантациялари барпо этилади, фермерларга эса имтиёзлар берилади

EastFruit

Қувайт компаниялари Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини импорт қилишга қизиқиш билдирмоқда

EastFruit

Куз фаслида Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темир йўли қурилиши бошланади

EastFruit

Шарҳлар қолдиришингиз мумкин