EastFruit жамоаси Шарқий Европадаги олма етиштирувчилар ва бозор иштирокчилари билан суҳбатлашиб, ҳозирги вақтда олмага бўлган талаб даражасини аниқлади. Сўров натижалари фақат бозор иштирокчиларининг субъектив жамоавий фикрини акс эттиради, лекин биз ҳар доим бозор индикаторларидан кўп нарса кутадиган ва доимгидан кўра кўпроқ вазиятни акс эттирадиган ишлаб чиқарувчиларнинг ҳис-туйғуларини фарқлаш учун ушбу натижаларни нархлар реаллиги билан таққослаймиз.
Молдова
Европа Иттифоқи таркибига кирмайдиган Молдова олма экспорт қилувчи энг йирик ҳудуддир. Шунинг учун унга ҳар доим алоҳида эътибор қаратилади. Фермерлар олмага бўлган талаб жуда пастлиги ҳақида гапиришмоқда ва шу боис ҳам улар келажакда талаб қайта тикланишига умид қилиб, сақлаш жойларини топишга ҳаракат қилишяпти. Савдогарлар ҳам олма сотиб олишга шошилмаяпти, чунки, унга ягона бозор – Россияда талаб деярли йўқ.
Шундай бўлса-да, ўзининг мева омборлари мавжуд бўлган савдогарлар экспорт сифатли олма етиштириладиган боғлардан маҳсулот харид қилмоқда, чунки, бу боғларда олма етиштираётганлар маҳсулотни, кўпинча, ҳар бир кг учун 0,20 – 2,25 АҚШ центидан сотишга мажбурдир.
Шу билан бирга, ҳозир Молдовада олма сотишнинг ўртача нархи 2018 йилга қараганда анча юқори. Ўшанда сентябрнинг иккинчи ярмида, боғдан сотиладиган олма навларининг аксарияти ҳатто 10-15 АҚШ центига бериб юборилган эди. 2020 йил нархларини эса ҳозир кимдир орзулашга ҳам журъат эта олмайди.
EastFruit таҳлилчилари 2020/21 йилги мавсумни 2018/19 йилги мавсумдан ажратиб турадиган муҳим жиҳатга эътибор қаратишмоқда – ҳозир Молдовада олма сақлаш қувватлари уч йил аввалгидан анча юқори. Бу эса юқори эҳтимол билан рекорд миқдордаги олма сақлаш учун жойлаштирилишини англатади. Шунда ҳам бозор иштирокчилари омборхоналар танқислиги ҳақида гапиришмоқда!
Иккинчи фарқ – олманинг Россияда етиштирилиши. Уч йил давомида у шунчалик ўсдики, Молдовадан олма экспортининг бутун ҳажмини қопламоқда. Албатта, бу Россия Федерациясида Молдова олмасига талаб йўқ дегани эмас, лекин мазкур ҳолат талаб сезиларли даражада камайганидан далолат беради.
Биз Россия олма бозоридаги рақобат ўсиши ҳақида #freshapplecrisis хештеги мавзусидаги мақолада батафсил ёзганмиз, шунинг учун айтилган фикрларни такрорлаб ўтирмаймиз.
Украина
Шуниси қизиқки, Украинада олманинг улгуржи нархлари даражаси ҳозир Молдовадан ҳам юқори. Шундай бўлса-да, боғбонлар нарх даражасидан норози.
Бироқ, бу ерда ҳам ҳозирча олма нархи ҳар килограмм 12-18 центдан сотилган 2018 йилдаги даражадан анча йироқдир. Ҳозирги вақтда юқори сифатли олманинг экспорт навлари Украинада улгуржи шаклда тахминан икки баравар қимматга сотилмоқда. Тўғри, Украинада ҳам олмага бўлган ички ва экспорт талаби нисбатан пастлигича қоляпти.
Олма экспортёрлари ҳозир логистика нархи кескин ошиши ва реф-контейнерлар етишмовчилиги муаммоси билан юзма-юз келишмоқда. Бироқ, улар келажакда олма нархи сезиларли даражада ошишини кутмасдан уни имкон қадар тезроқ юборишга ҳаракат қилишяпти.
Нега энди украиналик боғбонлар олмани молдовалик фермерларга нисбатан қиммат сотяпти? Бизнингча, бунинг жавоби оддий: ҳозирги пайтда Украина боғдорчилиги бозор талабларига кўпроқ мослашган. Бу қисман Россияга олма ва бошқа меваларни етказиб беришга таъқиқ қўйилгани (беш йилдан зиёд вақт давомида амал қилмоқда) сабаблидир. Шундай қилиб, ҳозирги вақтда Украинада истиқболли ва жаҳонга машҳур олма навлари ҳамда клонлари етиштирилмоқда. Замонавий мева сақлаш омборлари сони ортган, йирик ишлаб чиқарувчиларнинг деярли барча омборлари олмани оптик саралаш ускуналари билан жиҳозланган. Қолаверса, мамлакатда олма экспорти учун зарур бўлган тара ишлаб чиқарилмоқда, олма ҳосили йиғилиб, омборга қўйилаётгандаёқ, узоқ муддатли экспорт логистикаси мўлжал қилиняпти, йирик боғларнинг аксарияти GlobalGAP бўйича сертификатланган ва кўплаб боғбонлар сифат ҳамда хавфсизлик масаласига энг талабчан мамлакатлар билан савдо-сотиқни амалга ошириш тажрибасига эга.
Аммо, Молдовадаги каби бу йил Украинада сақлаш учун рекорд миқдордаги олма жойлаштирилади. Бу эса олма нархига босим мавсум давомида сезилиб туришини англатади.
Польша
Польша олмадан юқори ҳосил олди, аммо рекорд даражада эмас. Фермерлар олма нархини паст деб ҳисоблашмоқда ва ҳатто маҳаллий супермаркетлар тармоқларига қарши норозиликлар билдиришяпти. Чунки, уларнинг фикрича, нархларни туширган – супермаркетлардир. Польша олмасининг нархи ҳақиқатан ҳам ўтган йилгидан анча паст. Бироқ, бошқа мамлакатларда бўлгани каби нархлар 2018 йилдагига нисбатан юқори.
Польша олмасининг нархи ҳозир Украинадаги олма нархлари билан тенг. Аммо шуни ёдда тутиш керакки, ўтган йили мамлакат янги мавсумга рекорд даражадаги олма захиралари (ўтган йилги ҳосил) билан кириб келди. Ва 2021 йилнинг ёзида олма 2020 йилги йиғим-терим даврига нисбатан арзонроқ сотилди. Демак, сақлаш зарар келтирди. Шу боис, польшалик боғбонлар олмани ўтган мавсумга қараганда фаолроқ сотишга интилишлари эҳтимолдан ҳоли эмас.
Грузия
Аввал ҳам ёзганимиздек, Грузиядаги олма нархи ўтган йилгига тенг. Шу билан бирга, нархлар жуда тез тушяпти.
Грузиянинг афзаллиги – мавсумнинг эрта бошланишидир. Бу эса «Гала» навли олманинг катта қисмини сақлашга ҳожат қолдирмасдан, Россияга экспорт қилиш имконини берди. Шу билан бирга, олма нархи ҳали анчагина мақбул эди.
Айни пайтда Россияда олмага талаб пасайган, бу эса Грузиядаги нархларнинг пасайишига олиб келди. Мамлакатда олма боғлари майдони ўсишини ҳисобга олсак, 2021 йилда олма ҳосили ҳатто солкашлик (мевали даражтларнинг даврийлиги) хусусиятини ҳисобга олинганда ҳам ўтган йилгидан паст бўлмаслиги мумкин.
Грузияда замонавий мева сақлаш омборлари сони ва уларнинг сиғими ҳам доимий равишда ўсиб бормоқда. Демак, бу йил олма савдоси анчайин силлиқ бўлади ва нархлар, биринчи навбатда, Россия бозоридаги вазиятга боғлиқдир.
Россия
Россия Федерациясида олманинг улгуржи нархлари 2018 йилдаги нарх даражасига жуда яқин. Бироқ, бу ҳам ажабланарли эмас, чунки, ўша пайтдан бошлаб, маҳаллий олма етиштириш даражаси кескин ўсди ва сақлаш ҳамда қайта ишлаш имкониятлари кенгайди. Шунга қарамай, бозорнинг деярли барча иштирокчилари бир овоздан олмага бўлган талабнинг пастлиги ҳақида гапиришмоқда.
Бу меванинг чакана нархи пастлиги истеъмолни рағбатлантириши керакдек туюлади, лекин супермаркетлар тармоғида олма савдосининг кескин ўсиши ҳали кузатилмади. Улар пештахталардаги олма ассортименти кенгайиши ва ҳарорат янада пасайиши билан бозорда тарвуз ва бошқа мавсумий мевалар камайгач, талаб қайта тикланишига умид қилишмоқда. Аммо, умуман олганда, Россияда олма учун ички талаб тенденцияси, шубҳасиз, маҳаллий ишлаб чиқариш ўсишига қарамай, салбийлигича қолмоқда.
Агар биз Россиядаги ва минтақанинг бошқа мамлакатларидаги олма нархларини солиштирсак, у ҳолда Украина, Молдова ва Польша боғбонлари бундай нарх даражасини фақат орзу қилишлари мумкин. Россиялик боғбонлар ҳозир бошқа мамлакатлардаги ҳамкасбларига нисбатан ўртача икки-уч баравар кўпроқ даромад олишмоқда. Бироқ, Россия Федерациясида, таҳлилчиларнинг фикрига кўра, олма нархининг янада тушиш потенциали мавжуд, уни етиштириш самарадорлиги эса қуйи бўлиши эҳтимоли бор. Шунга кўра, Россия Федерациясида олма етиштириш нархи минтақанинг бошқа мамлакатларига нисбатан юқори бўлади.
Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.
Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!