Бош саҳифаМева-сабзавот бизнесиМуаллифлик блоглариРоссия бозорига кириш имконсиз эканлиги Украина учун мева, резавор ва ёнғоқ экспортини кескин ошириш имконини берди
Долзарб Махсус Муаллифлик блоглари

Россия бозорига кириш имконсиз эканлиги Украина учун мева, резавор ва ёнғоқ экспортини кескин ошириш имконини берди

Украина бозорида ҳар қандай мева нархи пасайиши билан, Украина ва Россия ўртасида эркин савдо-сотиқ амалга оширилган пайт ҳақидаги хотиралар дарҳол қулоққа чалина бошлайди. Кўпинча, буни, яъни, бозорга кириш имкони бўлганида эди, Россия меваларнинг барини сотиб олар ва нархлар пасаймасди, деган гапни боғбонлар айтишади.

Aммо, агар ҳис-туйғулар ва сиёсатни бир четга суриб,  далилларга эътибор қаратадиган бўлсак, айнан Россия бозорига кириш имкониятининг йўқ бўлиши Украинага мева-сабзавот бизнесида сезиларли ютуқларга эришиш имконини берди. Экспорт ҳажми ҳам, мева-сабзавот маҳсулотларининг сифати ҳам ошди.

Ушбу блогда мен халқаро агробизнес ва қишлоқ хўжалиги бозорларини профессионал таҳлил қилиш бўйича 25 йилдан ортиқ тажрибага асосланган шахсий позициямни ифода этаётганимни ҳозирданоқ қайд этмоқчиман. Тажрибам шуни кўрсатмоқдаки, ҳар қандай протекционизм, энг аввало, рақобатни чекловчи мамлакат учун зарарлидир. Бироқ, Россия Федерацияси Украина ва бошқа мамлакатларга ўз ҳудудида озиқ-овқат маҳсулотларини сотишни таъқиқлашга қарор қилди ва бунга нисбатан бошқалар худди шундай жавоб қайтармади. Шу боис, биз мавжуд натижалардан келиб чиққан ҳолда чинакам натижаларни таҳлил қиламиз.

Мен мамлакат боғбонларининг, хусусан, Украина Россия бозорига кира олганида вазият анча яхши бўларди, деб ҳисобловчиларнинг асосий тезисларини кўриб чиқаман.

1-тезис: «Украина мева-сабзавот маҳсулотлари экспорти Россия бозорига кириш ҳуқуқи бой берилгач, камайди».

Лўнда хулоса шуки, бу фикр тўғри эмас. Аксинча, мева-сабзавот маҳсулотлари экспорти ўсди ва бу ўсиш Россия бозорига кириш имконига эга бўлинган вақтга нисбатан анча тез содир бўлди. Экспорт статистикаси бепул, масалан, у Trademap.org сайтида мавжуд. Тўғри, кўпчилик дарҳол «статистика Украина томонидан сохталаштирилган», деган фикрни айтади. Аммо бу ерда ҳам скептиклар янглишмоқда – мазкур статистика тизими БМТ ва ЖСТ томонидан яратилган, ундаги маълумотларни «ойна» статистикаси сўровини бериб, осонгина текшириш мумкин. Мен буни мунтазам равишда амалга ошираман ва Украина бўйича маълумотларда сезиларли оғиш йўқ.

Бироқ, келинг, конкрет таҳлилга ўтамиз ва экспорт ҳажмининг 2009 йилдан 2020 йилгача бўлган динамикасини кўриб чиқамиз.

Қизил “кўрсаткичли ўқ” 2016 йилда қайд этилган, Россия Украинадан сабзавот ва мевалар олиб кирилишини буткул таъқиқлаган эди, ўшанда. Бунда савдо бутунлай эркин бўлган 2020 ва 2015 йиллар кўрсаткичларини осонгина солиштириш мумкин.

Маълум бўлишича, Россия Федерациясига маҳсулот етказиб бериш таъқиқланганидан бери Украина мевалари экспорти 55 фоизга ёки 84 миллион долларга ўсган. Aйтганча, 2020 йил энг яхши йил бўла олмади – аномал кечки совуқлар мевалар ҳосилини йўқ қилди ва бу, таққоснинг янада ёрқинроқ намоён бўлишини таъминлайди, чунки, биз экспорт учун бирор-бир муваффақиятли йилни асос қилиб олмаяпмиз.

Бу билан экспортнинг ўсиши ёки пасайиши масаласига чек қўйиш мумкин. Шубҳасиз, Россия бозорига чиқмагач, бизнинг мева экспортимиз кескин ўса бошлади ва у ҳозир ҳар қачонгидан юқори.

Бироқ, менимча, Украинадан Россияга мева, резавор ва ёнғоқ етказиб берилиши билан боғлиқ таъқиққа қадар ва ундан кейинги даврдаги экспортнинг ўсиши ёки пасайишини ҳам таққослаш керак.

Маълумотлар бузилишининг олдини олиш учун келинг, таъқиққа қадар бўлган узоқ даврни, яъни 2009 йилдан 2015 йилгача бўлган вақтни олайлик. Хўш, шу даврда Украинанинг мева, резавор ва ёнғоқ экспортида нималар содир бўлган эди? Келинг, ўша пайтдаги тенденцияларни ҳисобга олган ҳолда аниқлайлик: ушбу даврда ҳар йили Украинанинг мева маҳсулотлари экспорти 10,7 фоизга камайган ва экспорт даромадлари йилига 17,8 миллион долларга камайган! Яъни кўплаб боғбонлар жуда қулай деб ҳисоблаган у даврда экспорт ҳажмида барқарор пасайиш тенденцияси кузатилган.

Энди таъқиқдан кейинги ҳолатни солиштирамиз.

2016-2020 йилларда экспортнинг ўртача ўсиш суръати йилига 11 фоизни ташкил этди. Украина боғбонларининг даромади эса йилига 22,6 миллион долларга ўсди!

Йилига 11 фоизлик пасайиш ёки 11 фоизлик ўсиш – хўш, буларнинг қай бири яхшироқ? Ҳар йили 17,8 миллион доллар даромаддан айрилиш афзалми ёки 22,6 миллион доллар қўшилганими?

Дарвоқе, бу ерда Россия Украинанинг боғдорчилик бизнесига умуман таъсир қилмагандек туюлиши мумкин, ўсиш эса шунчаки вазиятдан келиб чиққан, холос. Бироқ, қуйида мен Россия Федерациясига етказиб беришни таъқиқлаш Украина боғдорчилигига жуда ҳам ижобий таъсир этганлигини шарҳлайман.

Aммо, ҳозирча, қуйидаги нотўғри ва очиқчасига манипуляцион тезисларга ўтаман.

2-тезис: «Украина мевалари, резавор ва ёнғоқлари Европада ҳеч кимга керак эмас – Россия бўлмаса, уларни сотиш мумкин бўлган жойнинг ўзи йўқ!»

Аслида, бундай баёнотлар умуман қуюшқонга сиғмайди ва қуйидаги график бу фикрнинг сабабини осонликча тушунтириб бера олади.

Ҳақиқат шундаки, Европа Иттифоқи мамлакатларининг Украинадан мева маҳсулотларини сотиб олишдаги улуши ҳар доим Россия ва МДҲ деб аталувчи бошқа мамлакатлар улушидан юқори бўлиб келган. Жуда узоққа бормайлик, 2010 йилда ҳам Европа Иттифоқи экспортдан тушадиган даромаднинг 36 фоизини, МДҲ эса 32 фоизини таъминлаган. 2020 йилда  Украина мевалари, резаворлари ва ёнғоқларининг 77%и Европа Иттифоқига, атиги 9%и МДҲга йўналтирилган. Ҳақиқат шундаки, Украина мева маҳсулотлари Европа Иттифоқида ҳатто Украина ва Россия ўртасидаги эркин, булутсиз савдо-сотиқ ҳукм сурган даврда ҳам талабгир эди.

Нега у ҳолда кўплаб украиналик боғбонлар ўз маҳсулотлари Россияда керагу Европа Иттифоқида  талабгир эмас, деган нотўғри тушунчага боришган? Ҳаммаси оддий – Украина илгари Россияга боғдорчилик маҳсулотларидан, асосан, олмани сотган. Ва Россия бозори сифатсиз, ҳатто сараланмаган олмаларни ҳам қабул қилаверган, Европа Иттифоқи бозорини эса бундай олма умуман қизиқтирмаган.

Россияга сифатсиз олма сотишни қўмсаётган боғбонлар икки муҳим нарсани унутишган:

1) Бугун Россия бозори ҳам ўзгарган ва у ерга маҳсулот етказиб бериш таъқиқланишидан бир неча йил олдин РФ ҳам юқори сифатли олма талаб қилганлиги сабабли Украинанинг олма экспорти ҳажми тез пасайиб кетган.

2) Олма ҳеч қачон Украина мева сегментининг асосий экспорт товари бўлмаган. 2012-2015 йилларда олманинг Украина мева маҳсулотлари экспортидаги  улуши тахминан 3%ни ташкил этган. Дарвоқе, 2016-2020 йилларда умумий экспорт тушуми кескин ўсишига қарамай, олманинг экспортдаги улуши 5%гача ўсди, буни мен юқорида ёзган эдим!

Хуллас, рақамлар яна бир бор тасдиқламоқдаки, Украина боғдорчилик саноати учун Россия бозорига киришнинг муҳим таъсири ҳақидаги фикр фақат экин ўстириш технологиялари ва олма сифати билан боғлиқ жиддий муаммолари бор боғбонлардагина шаклланиши мумкин. Шу билан бирга, уларнинг ҳали ҳам Россия олма бозорида нималар содир бўлаётгани ҳақида ишончли маълумотларга эга эмаслиги аниқ.

3-тезис: Россия – Украина меваларини сотиш учун энг истиқболли бозор

Aлбатта, Россия улкан савдо бозори эканлиги, шубҳасиз. Шунга қарамай, Украина ва Россия ўхшаш иқлим зоналарида жойлашганлигини унутмаслик керак, зеро, шунинг учун ушбу икки мамлакатда етиштириладиган мева, резавор ва ёнғоқларнинг спектри ўхшашдир. Бундан ташқари, агар Украинада нимадир етиштирилса ва у Россияда талабгир бўлса, нима учун худди шу маҳсулотни РФда етиштириш мумкин эмас?! Шу боис ҳам,  маҳсулотингиз нимаси биландир ноёб саналган бозорларга эътибор қаратиш стратегик жиҳатдан қизиқроқдир.

Aммо, келинг, ушбу савдо бозорини истиқболли деб ҳисоблаш мумкинми ёки аксинча, «ўлик» санашми, буни тушуниш учун Россия бозоридаги тенденцияларни таҳлил қилайлик.

Aввало, мева, ёнғоқ ва резаворларнинг жаҳондаги 10 та энг яхши импортёрларини кўриб чиқамиз ва узоқ муддатли импорт тенденцияларини таҳлил қиламиз. Россия 2020 йил охирида еттинчи ўринни эгаллаб, топ-10 таликка кирган. Ва мева маҳсулотларининг энг йирик 10 та импортёри орасида у мева, резавор ва ёнғоқ импортини камайтирган ягона мамлакатдир! Бунда биз барча маҳсулотлар,  жумладан, экзотикларни ҳам ҳисобга олдик! Мазкур ҳолат шуни англатадики, 10 та йирик импортёр орасида Россия энг кам истиқболли мева бозори ҳисобланади.

Балки, умуман, жаҳон мева бозори савдоси пасайиб кетгандир? Эҳтимол, бошқа минтақалар ҳам пасайиш даражасини кўрсатаётгандир? Келинг, яна глобал савдо статистикасини кўриб чиқамиз ва қуйидаги манзарага гувоҳ бўламиз.

Шундай қилиб, мева, резавор ва ёнғоқ импортининг жаҳон бўйича ўртача ўсиш суръати йилига 4,0 фоизни ташкил этади ва энг яхши 10 та импортёр импортни янада тезроқ – йилига 4,5 фоизга кўпайтирмоқда. Шу билан бирга, Россия импортни йилига 1,4 фоизга қисқартиряпти. Aйтганча,  Украинанинг мева маҳсулотларига «эҳтиёж сезмайдиган» Европа Иттифоқи ҳам Россия Федерациясидан фарқли ўлароқ, импортни кўпайтирмоқда ва ўсиш суръатлари нисбатан юқори – 2,7 фоиз, гарчи, бу кўрсаткич  жаҳондаги ўртача даражадан паст бўлса ҳам.

Табиийки, бу ерда ҳеч бир шубҳа йўқки, Украина мева, ёнғоқ ва резавор бозори учун ЕИ тенденцияларини ҳисобга олсак, Россия бозорига қараганда, у анча истиқболли ҳисобланади.

Текшириб кўриш осон бўлган ушбу далиллар ишонч уйғота олмаган тақдирда ҳам, Россия олма бозорига эркин кириш ҳуқуқига эга бўлган қўшни Молдова билан боғлиқ мисолга мурожаат қилиш мумкин. 2020 йили Молдовада олма ҳосили бўйича сўнгги йиллардаги рекорд даражада паст кўрсаткич қайд этилди. Ва шу билан бирга, июнь ойидан бошлаб, Молдова боғбонларининг омборларида олма захиралари рекорд даражада юқори бўлди, нархлар деярли рекорд даражада паст эди ва ҳатто шу нархда ҳам Россияда ҳеч ким Молдовадан олма сотиб олмади. Натижада, олмани 8-9 ой давомида ўстириб, сўнг сақлаган Молдова боғбонлари юқори сифатли маҳсулотини қайта ишлаш сегментига арзон нархларда сотишга мажбур бўлди.

Нима учун Россияга Молдовадан олма керак эмас? Худди шу сабабга кўра, ҳатто Россия бозорига тўлиқ ва очиқ кириш ҳам мева сифати билан боғлиқ муаммоларга дуч келадиган украиналик боғбонларнинг муаммоларини ҳал қила олмайди – жаҳонда мева етишмовчилиги йўқ. Россия  истеъмолчилари эса юқори сифатли маҳсулот харид қилишни афзал билади, чунки танлов бор ва у жуда кенг. Ушбу мавсумда Туркиядаги жуда тез экспансия ва Украина олмаларининг нархи пастлиги сабаблари ҳақида биз батафсил ёзганмиз. Эрон эса 2020/21 йилги мавсум охирида олма экспорти бўйича жаҳонда етакчига айланиши мумкин!

Бироқ, Россия ҳам шу йилларда ўз ишлаб чиқаришини ривожлантиришда давом этди. Aйтганча, Россияда маҳсулот сифати билан  боғлиқ жиддий муаммолар  мавжуд. Шунинг учун Россияда сифати паст меваларга талаб ҳам паст – улар шунчаки жуда кўп. Маълумки, маҳсулот қанча арзон бўлса, уни ташиш шу қадар фойдасиз, чунки, транспорт арзон маҳсулот таннархида қиммат мевалар нархига нисбатан кўпроқ улушга эга.

Шундай қилиб 5 ёки 10 йил олдин Россия бозори бутунлай бошқача эди. Энди унга шунчаки паст сифатли арзон олма керак эмас,  керак бўлган тақдирда ҳам, уни Украинанинг ўзидаёқ осонгина сотиш мумкин. Нафақат олма – мева сегментининг ҳар қандай маҳсулотини мисол келтириш мумкин ва манзара худди шундай тус олаверади. Бу йил, масалан, Ўзбекистон, совуқдан зарар кўрганига қарамай, Россия Федерациясига етказиб бериладиган гилос нархларини кескин пасайтиришга мажбур бўлди.

Кўпгина мамлакатлар нафақат мева етиштиришга маблағ сарфлайди, балки унинг сифатини ҳам юксалтиради, шу маънода қайсидир даврларни қўмсаш бефойда. Шунга кетган вақтни янги, истиқболли савдо бозорларини қидиришга сарфлаш афзалдир.

Нима учун мен Россия бозорига кириш имконияти йўқ бўлиши Украина мева-сабзавот бизнесининг мева-резавор сегментига ижобий таъсир кўрсатди, деб ўйлайман?

Мен украиналик боғбонларни Россия бозорига кириш ҳуқуқидан маҳрум бўлиш билан боғлиқ дастлабки ишоралардан ҳам аввал мева экспортини диверсификациялашга ишонтирдим. Бунинг бир нечта сабаблари бор эди:

  1. Aгар барча маҳсулотлар битта савдо бозорига борадиган бўлса, бу бизнес учун жуда катта хавф.
  2. Aгар ушбу бозор талаблари ва афзалликлари бошқа барча етакчи савдо бозорларидан кескин фарқ қиладиган бўлса, хавф янада юқори бўлади. Чунки, бу ҳолда сиз харидорга тўлиқ қарам бўлиб қоласиз. Юқоридаги мисол – Молдова олмаси бунинг ёрқин далилидир.
  3. Юқорида айтганимдек, Россия Украина билан бир хил иқлим шароитига эга ва худди шундай маҳсулотларни ўстириши ёки етиштириши мумкин. Бу жиҳат Украина меваларининг ноёб эмаслигини исбот этади ҳамда Украинанинг ушбу бозордаги позициясини сусайтиради.
  4. Россия ўзини энг ишончли савдо ҳамкорларидан бири сифатида исботлай олмади. Бунга Польша, Молдова, Туркия, Грузия ва бошқа мамлакатлар маҳсулотини ўз бозорига киришини таъқиқлаш билан боғлиқ кўп сонли сиёсий мотивлар мавжуд. Демак, сиз фақат РФга маҳсулот сотадиган бўлсангиз, риск янада баланддир.
  5. Кенг тарқалган нотўғри тушунчага қарамай, Россия Украина мевалари учун бошқа савдо бозорларида олиниши мумкин бўлган нархга нисбатан энг юқори нархни тўламади. Биз буни Украина мева экспортини диверсификациялашга ёрдам бериб, кўп маротаба исботладик.
  6. Россия аҳоли даромадлари даражаси юқори бўлган мамлакатлар тоифасидан эмас. Демак, у ерда сифатли маҳсулотни баланд нархда сотиш анчайин мураккаб.
  7. Россия ҳар доим мева-сабзавот истеъмоли бўйича жаҳон тенденцияларидан ортда қолган. Шунинг учун ушбу бозорга томон йўналиш мева-сабзавот бизнесининг тенденциялари ва сегментларига тезкор эътибор қаратгани туфайли Украинанинг юқори экспорт даромадларини олиш имкониятини пасайтирди.

Шу сабабли, украиналик боғбонлар Россия бозори ёпиқлигини англаганларида Украина озиқ-овқат экспортини диверсификациялаш лойиҳалари доирасида биз тақдим этган маълумотлардан фаол фойдалана бошлашди. Биз бир қатор савдо миссияларини ташкил этишга ёрдам бердик, иштирокчиларни синчковлик билан танладик ва тайёрладик. Украинанинг сархил мевалари ҳатто Малайзия ва Сингапурга етиб бориши, у ерда юқори нархланиши мумкинлигини аниқладик (бу борада олма ҳақида гапирмаса ҳам бўлади). Украиналик боғбонлар 10% кўпроқ куч сарфлаб, Жануби-Шарқий Осиё, Яқин Шарқ, Буюк Британия ва бошқа мамлакатларда сифатли олма учун Россия импортёрлари тўлаганидан бир неча баравар юқори нархларни олиш имконига эга бўлишди.

Сифатсиз меваларга талаб кескин пасайиши украиналик боғбонларни боғларнинг нав таркибини фаол ўзгартиришга, маҳсулотни сақлаш ҳамда қайта ишлашга сармоя киритишга ва энг муҳими, юз мароталаб қайтиб келган маркетингни, экспортни тарғиб қилишга мажбур қилди. Энди Украина олмаси жаҳоннинг деярли барча мамлакатларида польшаликникига нисбатан қимматроқ сотилмоқда. Чунки, биз ноёблигимизга ва олмани тайёр сифатли маҳсулот ҳолатига етказиш салоҳиятимизга ишонтира олдик.

Украина боғдорчилигидаги асосий ютуқлардан бири – бу нишали экинларга фаол сармоялар ажратиш ва резавор сегментини жадал ривожлантириш бўлди. Украина резаворлари деярли эксклюзив тарзда Европа Иттифоқига сархил ёки музлатилган ҳолда етказиб берилмоқда ва бу тенденция энди фақат тезлашади.

Юқори сифатга бўлган эътибор украиналик истеъмолчига ҳам фойда келтирди. У энди ҳатто июнь ва июль ойларида ҳам муносиб сифатли Украина олмасини арзон нархда харид қилиши мумкин.

Шунинг учун ҳам Россия бозорига кириш имконияти йўқ бўлиши Украинадан мева маҳсулотлари экспортининг шундай тез ўсишига олиб келди. Қўшни мамлакат бозорига кириш қайта тиклангудек бўлса, бу бозор Украина боғдорчилиги учун шунчаки қўшимча бонусга айланади. Ҳозирча кириш имконияти йўқ экан, украин боғбонлари расмийлардан бизнинг маҳсулотларимиз ноёб саналадиган янги бозорларини очишни фаолроқ талаб қилишса яхши бўларди. Мен кўп бор айтганманки, Украина учун Вьетнам мева бозорига кириш ва Миср мева бозорига кириш даражасини яхшилаш жуда муҳимдир. Буниси, энди, яна бир алоҳида материал учун мавзу.

EastFruit

Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.

Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!

Бу сизга ҳам қизиқ бўлиши мумкин

Ўзбекистон музлатилган мева-сабзавотлар экспортини кескин оширди – экспорт таркиби ва салоҳияти таҳлили

EastFruit

Сифатсиз ва қиммат поддонлар ўзбекистонлик фермерларнинг миллионлаб маблағни бой беришига олиб келади

EastFruit

Олтиндан қиммат мевалар: Японияда энг қиммат мевалар дўкони фаолият кўрсатмоқда (фото)

EastFruit

Шарҳлар қолдиришингиз мумкин