Шарқий Европа картошка бозори 2021/22 йилги мавсум бошидан буён “тинч” эмас. EastFruit мониторингига киритилган ҳар бир мамлакат бозор иштирокчилари учун кутилмаган ҳодисаларни келтириб чиқарди. Келинг, асосий вазиятларни эсга олайлик.
– Беларусь, одатда, экспортёр бўлган, картошкани маҳаллий ҳосил йиғим-терими даврида ҳам маҳсулот сифати ва ҳажми билан боғлиқ жиддий муаммолар фонида импорт қила бошлади.
– Россия ҳам тўсатдан картошка экспорти ўрнига ушбу маҳсулот импорти билан боғлиқ имкониятларни қидириш ҳаракатига тушиб кетди, ушбу маҳсулот нархи эса куз фасли учун одатдагидан бир неча баравар юқори бўлди.
– Украина сўнгги йилларда катта ҳажмдаги истеъмол картошкаси импорти билан барчани ҳайратда қолдираётган эди. Бу йил эса ушбу мамлакатда аксинча, керагидан ортиқча картошка етиштирилди. Шу билан бирга, Украинадан картошка экспорти турли сабабларга кўра, максимал даражада мураккаблашди, унинг нархи эса минтақадаги энг паст даражага тушиб кетди ва аввалги мавсумларга нисбатан сезиларли даражада паст бўлди.
– Молдова ҳар доим Россия ва Беларусдан картошка импорт қилган. Ва у кутилмаганда ушбу турдаги сабзавотни нафақат юқорида қайд этилган давлатлар, балки Болқон мамлакатларига ҳам экспорт қила бошлади. Нарх эса мамлакатдан ушбу маҳсулот экспортига қарамай, узоқ вақт минтақадаги энг паст даражада сақланиб қолди, ҳатто Украинадан ҳам пастроқ бўлди. Бу эса Молдовадан Украинага картошка экспорт қилинишига олиб келди.
– Грузия, одатда, картошканинг нетто-импортёри бўлган. Бу мавсумда эса Грузиядан Россияга анчайин катта ҳажмдаги «иккинчи нон» экспорт қилина бошланди.
Хўш, баъзи мамлакатларнинг зудлик билан картошка етказиб берувчиларни топишга уриниши ва яна айримларнинг маҳсулот реализацияси учун бозорлар қидириши нимага олиб келди? Мавсумнинг қолган ойларида бу мамлакатларда картошка бозорининг истиқболлари қандай?
Даставвал минтақа мамлакатларидаги картошканинг улгуржи нархлари даражасини солиштирайлик.
Қуйидаги графикда: Шарқий Европанинг баъзи мамлакатларида картошканинг ўртача улгуржи нархлари бўйича таққослов, $/кг, EastFruit
Кўриб турганингиздек, Россия бундан кейин ҳам нархлар бўйича етакчилигича қолмоқда ва бу ерда картошканинг ўртача нархи 1 кг учун 38 АҚШ центига етади. Грузия ва Беларусь ҳам ортда қолгани йўқ, бу ерда картошканинг нархи атиги 2 центга арзонроқ. Шу сабабли, аёнки, Грузиядан Россия Федерациясига картошка экспорти ҳозир тўхтаган ва Беларусдан Россия Федерациясига картошка етказиб бериш Украина ёки Европа Иттифоқида етиштирилган маҳсулотларнинг реэкспорти бўлиши мумкин.
Молдова ҳали ҳам картошкани нисбатан арзон сотмоқда. Назарий жиҳатдан, ушбу мамлакатдан картошкани Россия Федерациясига экспорт қилиш ҳозир ҳам мумкин, аммо Молдовадаги ҳамкасбларимиз хабар қилганидек, мамлакатда керакли миқдорда сифатли картошканинг тижорат партияларини йиғиш ҳозир осон эмас.
Энг паст нархлар Украинада – бу ерда картошкани Россия, Грузия ва Беларусдан икки баробар ёки ундан ҳам арзонроқ сотиб олиш мумкин. Айтганча, Грузияга картошка экспорти ҳақида гапириш вақти келди. Беларусга картошка етказиб бериш ҳозир янги карантин талаблари, шунингдек, логистика билан боғлиқ муаммолар туфайли мураккаблашган. Қатъий карантин қоидалари, шунингдек, Украина маҳсулотлари сифати билан боғлиқ муаммолар туфайли Европа Иттифоқи мамлакатларига ҳам картошка етказиб бериш қийин. Европа Иттифоқидаги нархлар масалан, Польшада, ҳозир Украинадагидан бироз юқорироқ.
Сўнгги ҳафталарда картошка нархи қай тариқа ўзгарди?
Шарқий Европанинг таҳлил қилинган мамлакатларида сўнгги ҳафталар картошка нархи динамикасини кўриб чиқиш анчайин қизиқарли. Ушбу динамика мамлакатларнинг танқислик ёки ортиқча маҳсулот етиштиришга қарши қай даражада ҳаракат қилаётганини кўрсатади. Қуйидаги жадвалда 17 декабрь ҳолатига кўра, сўнгги 4 ва 8 ҳафта давомида, шунингдек, 2021 йилнинг сентябрь ойи бошидан буён нархлар фоиз ҳисобида ўзгариши кўрсатилган.
Қуйидаги графикда: Шарқий Европанинг айрим мамлакатларида картошка нархлари ўзгариши, фоизда, EastFruit
Кўриб турганингиздек, сентябрь ойи бошидан буён керагидан ортиқ етиштирилган маҳсулотдан халос бўлган Молдовада картошка нархи 33 фоизга ошди. Шу билан бирга, сўнгги 4 ҳафтада бу мамлакатда картошка нархи барқарор бўлди, яъни талаб ва таклиф мувозанатлашди. Бироқ, нархлар ўтган йилга қараганда бироз юқори.
Беларусь сўнгги икки ой ичида картошканинг улгуржи нархини бироз пасайтирди – ўрта ҳисобда картошка 4 фоизга арзонлашди. Бироқ, агар сентябрь ойи боши билан солиштирадиган бўлсак, картошка нархи ҳали ҳам 28 фоизга юқори. Қолаверса, бу ерда картошка ҳамон йилнинг шу давридаги одатий кўрсаткичдан икки баравар қиммат. Демак, танқисликни тўлиқ бартараф этишнинг иложи бўлмади.
Россия картошка тақчиллигини жуда муваффақиятли бартараф этмоқда, чунки, бу ерда нархлар сўнгги 4 ҳафта ичида 8%га ва сўнгги икки ойда 21%га тушди. Бироқ, ҳозир картошка бу ерда сентябрь ойи бошидагидан 21 фоиз қимматроқ сотилмоқда. Ва бу ажабланарли эмас, негаки, Россия учун айни пайтда жаҳонда арзон картошка манбалари йўқ. Ҳозир Россияда картошка 2019 йилга нисбатан уч баравар, 2020 йилга нисбатан бир ярим баробар қимматроқ сотилмоқда.
Грузияда картошка нархлари аста-секин ўсиб бормоқда. Чунки, улар жуда юқори ва ўтган йилгидан икки баравар баланд, шундан хулоса қилиш мумкинки, Грузиядан картошка экспорти мавсуми тугади. Ушбу нарх даражасида мамлакат ҳатто мазкур турдаги сабзавотни импорт қилишни ҳам бошлаши мумкин.
Польшада ҳам картошка нархи динамик равишда ошиб бормоқда, лекин, нархлар нисбатан пастлигича қоляпти. Кўриниб турибдики, мамлакат ортиқча маҳсулот етиштиришга қарши саъй-ҳаракатларни муваффақиятли олиб борди.
Аммо Украинада картошка нархи пасайишда давом этмоқда, бу эса маҳсулотни сотиш билан боғлиқ муаммолар давом этаётганини англатади. Деҳқонлар картошка сифатини сезиларли даражада оширмасдан туриб, чиқиш мумкин бўлган ташқи бозорларсиз соҳадаги вазиятни ўзгартириб бўлмайди. Шунинг учун энди украиналик картошка етиштирувчилар йилнинг ушбу даврида ўз маҳсулотларини одатдагидан деярли икки баробар арзон сотишмоқда.
Келгуси ойлар учун картошка нархлари бўйича прогнозлар қандай?
Картошка нархини юқори эҳтимоллар билан башорат қилиш учун доимий равишда фундаментал бозор таҳлилини ўтказиш керак. Бу ишни Украинада фақат «АПК-Информ: сабзавотлар ва мевалар» компанияси амалга оширади. Аммо ушбу прогноз оммавий эмас ва компаниянинг веб-сайтида буюртма бериш мумкин.
Шу боис, фикримизни шакллантиришда биз савдо тенденциялари ва бозор иштирокчиларининг фикрлари ҳақидаги мавжуд маълумотларга таянамиз. Шунга кўра, биз буни прогноз эмас, балки минтақадаги картошка бозори иштирокчиларининг умумий тахминлари деб атаймиз.
Демак, биринчи навбатда, маҳсулот танқислигини бошдан кечираётган мамлакатлар, хусусан, Россия ва Беларусь картошкани қаердан сотиб олиши мумкинлиги ҳақида гапирсак.
Покистон аллақачон картошканинг янги ҳосилини йиғиб олишга киришган, аммо логистика харажатлари шундайки, ҳозирги вақтда Россия Федерациясининг Европа қисмига ва Беларусга бу мамлакатдан картошка етказиб беришнинг ҳеч бир маъноси йўқ.
Эрон ҳам худди Миср каби 2022 йилнинг январь ойидан бошлаб картошка бозорига янги ҳосил билан кира бошлайди. Бироқ, бу йил Мисрда картошка ҳосили одатдагидан анча кам бўлади ва у ерда нархлар аллақачон жуда юқори. Баҳорда Россияга картошканинг асосий етказиб берувчиси Миср бўлганлиги сабабли, бу мамлакатдан картошка нархи Россия Федерациясида нархлар шаклланиши учун ҳал қилувчи аҳамият касб этади. Шундан келиб чиққан ҳолда бозор иштирокчилари февраль ойида Россияда картошка нархи ошишини кутишмоқда. Шунга ўхшаш прогноз мос равишда Беларусь учун ҳам бўлади.
Айтганча, Беларусда картошка нархи ошишининг яна бир сабаби бор – 2022 йил 1 январдан бошлаб, Европа Иттифоқидан бу мамлакатга картошка, шунингдек, бошқа сабзавот ва мевалар импорти тўхтатилади. Бундан ташқари, ушбу мамлакатдаги картошка нархи Россия Федерациясидаги нархлар билан бевосита боғлиқ.
Бошқа томондан, Украинада картошка захиралари етарли бўлмоқда жаҳоннинг аксарият мамлакатларига ушбу маҳсулотни экспорт қилиш эса имконсиз ёки жуда қийин. Бу картошка нархини жуда паст даражада ушлаб туриш истиқболидан далолат беради.
Молдовада эса қиш-баҳор фаслида талаб қилинадиган сифатли картошка захиралари бозор эҳтиёжларидан паст бўлиши мумкин. Шу сабабли, кўплаб бозор иштирокчилари бу мамлакатда картошка нархи ошиши эҳтимоли бор, деган фикрга хайрихоҳдир.
Картошка мавсумининг яна бир қизиқ жиҳати – минтақа мамлакатларида уруғлик картошка нархи юқорилигидир. Унга бўлган талаб ўсди, лекин таклиф, аксинча, камайди.
Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.
Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!