Бош саҳифаЯнгиликларБеларусь АҚШ ва Европанинг бир қатор мамлакатларидан сабзавот, мева ва ёнғоқ импортига эмбарго жорий қилмоқда!
ДолзарбМахсусЯнгиликлар

Беларусь АҚШ ва Европанинг бир қатор мамлакатларидан сабзавот, мева ва ёнғоқ импортига эмбарго жорий қилмоқда!

Афсуски, бу EastFruitнинг 6 декабрдаги мақоласида қайд этилган прогноз –  Беларусга мева- сабзавотлар олиб кирилиши таъқиқланиши мумкинлиги ҳақидаги хавотирларни тасдиқламоқда. Республика раҳбарияти 2022 йилнинг 1 январидан бошлаб, ўз фуқароларига қўшимча солиқ солиб, уларнинг сифатли сабзавот, мева, резавор ва ёнғоқлар харид қилишини чеклашга қарор қилди: биз назарда тутаётган қарор 2021 йилнинг 7 декабрида Беларусь Республикаси Миллий юридик интернет порталида эълон қилинди.

Ажабланарлиси шундаки, Украина мева-сабзавот маҳсулотларини олиб кириши таъқиқланган мамлакатлар рўйхатда йўқ. Шунингдек, бу рўйхатга Европа Иттифоқига аъзо бўлмаган давлатларнинг киритилиши ҳам кутилмаган ҳолат бўлди. Бундан ташқари, нафақат АҚШ, Буюк Британия, Норвегия, Швейцария, Исландия ва Шимолий Ирландия, балки Россия санкциялари остида бўлмаган Албания, Шимолий Македония, Черногория каби давлатларни ҳам назарда тутмоқдамиз. Шу билан бирга, Россияга анъанавий дўст мамлакат – Сербия сабзавот ва меваларни олиб кириш таъқиқланган мамлакатлар рўйхатига киритилмаган.

EastFruit таҳлилчилари ушбу эмбаргодан ким фойда кўриши ва бу Беларусь ҳамда Россиянинг мева-сабзавот бизнесига қандай таъсир этишини таҳлил қилишга уриниб кўришди. Зеро, ҳеч кимга сир эмаски, Беларусь Россия Федерациясида таъқиқланган озиқ-овқат маҳсулотларини ушбу мамлакат пештахталарига олиб боришда асосий транзит нуқтаси бўлган. Шунга кўра, ушбу мамлакатлардан мева-сабзавотларни олиб киришни таъқиқлаш орқали Беларусь нафақат нархларни ошириб, ўз истеъмолчилари учун танловни чеклайди, балки мева-сабзавот савдоси билан шуғулланувчи тадбиркорларни катта  қўшимча даромаддан ҳам маҳрум қилади. Айтганча, сабзавот, мева, резавор ва ёнғоқлардан ташқари, Белорусь парранда гўшти, сут ва гўшт маҳсулотлари, қандолат, шунингдек, бошқа баъзи озиқ-овқат маҳсулотлари импортини ҳам таъқиқлайди.

Шуни англаш лозимки, Европа Иттифоқидан Беларусга маҳсулот етказиб беришни таъқиқлаш эмбаргога тушмаган мамлакатлар учун нафақат Беларусь бозорига кириш имкониятини яхшилашда, балки Европа Иттифоқи давлатларидан Россия Федерациясига мева-сабзавот маҳсулотларининг реэкспортини таъқиқлашда ҳам фойдалидир. Ва бу Россиянинг ўзида мева-сабзавот маҳсулотлари нархини оширади. Аслини олганда, улар аллақачон рекорд даражага яқинлашиб улгурган ҳам.

Беларусь эмбаргосида кимлар ютқазади?

Асосий йўқотишлар Беларусь ва Россиянинг мева-сабзавот истеъмолчилари гарданига тушади. Улар паст сифатли маҳсулотлар учун кўпроқ пул тўлашлари керак бўлади.

Польша, Испания, Нидерландия, Бельгия ва Греция эса энг кўп йўқотишларга дуч келади. ЕИ мева-сабзавот экспортёрларининг умумий зарари йилига 300 миллион долларни ташкил қилиши мумкин. Умуман олганда, ушбу маҳсулотлар учун муқобил бозорларни топиш Польшадан ташқари ҳеч бир мамлакат учун қийин бўлмайди. Бироқ, бу Европа Иттифоқи фермерлари учун катта йўқотиш бўлади.

Таъқиққа тушган бошқа мамлакатлар ушбу эмбаргонинг мева-сабзавот бизнесига таъсирини сезишмайди ҳам. Лекин кичик Шимолий Македония учун экспортдаги 10 миллион долларлик йўқотиш сезиларли бўлиши мумкин.

Эмбарго кимга фойда келтиради?

Бироз ғалати туюлиши мумкин, аммо бундай қарор Украина учун жуда фойдали. Зеро, энди у олма ва бошқа меваларни кўпроқ экспорт қила олади, бу йил эса Беларусь ҳудудига сабзавот ҳам, картошка ҳам етказиб беради. Украина – Беларусга қўшни, у ҳар йили мазкур мамлакатга 20-30 миллион долларлик сархил мева-сабзавотлар етказиб беради.

Сархил олма бозоридаги инқироз шароитида #freshapplecrisis, бу эмбарго Украина учун чинакам ҳадя бўлади, чунки, ушбу мамлакатда олма нархи жуда пастлигича қолмоқда, айниқса, Россия ва Беларусдагина талабгир бўлган эски навлар сегментида бу ҳолат яққол кўзга ташланади. Польша билан рақобат йўқлиги фонида олма савдоси 1 январдан ўсиши мумкин. Тўғри, йил охирига келиб, импортёрлар Европа Иттифоқидан имкон қадар кўпроқ маҳсулот импорт қилишга ҳаракат қилишади. Шунингдек, бу йил Беларусь Украинадан сабзи, картошка, музлатилган сабзавотлар ва иссиқхона помидорларини фаол равишда сотиб олади. Шунингдек, мавсум давомида Украина Беларусга ва у орқали Россия Федерациясига эртаги сабзавотлар, резавор ва меваларни фаол экспорт қилади.

Бироқ шуни ҳисобга олиш керакки, Украина ҳам исталган вақтда ушбу қарорга киритилиши мумкин.

Эмбарго Молдова учун ҳам фойда келтиради. Бу ерда олма билан боғлиқ вазият Украинаникига ўхшаш – ҳозир Беларусга сотиш осонроқ кечадиган кўплаб эскирган навлар мавжуд. Молдова, шунингдек, узум савдосини яхшилашга эришади, аммо шуниси ҳам борки, узум захиралари бу йил у қадар юқори эмас. Ёз мавсумида Молдовадан кўплаб мева ва резаворлар Россия Федерацияси ҳамда Беларусь бозорларига осон йўл топади. Қўшимча потенциал фойда – Молдова орқали Европа Иттифоқидан Россия Федерациясига маҳсулотлар реэкспорти оқимининг кўпайишидир.

Эмбарго Сербия учун ҳам фойдали бўлади. Зеро, бу мамлакат рўйхатда йўқ, демак, Беларусга олма сотиш билан боғлиқ вазият бироз яхшиланади. Ҳозир Сербия учун ушбу экспорт йўналишининг устуворлиги пасаймоқда. Мавсумда Сербия Россия ва қисман Беларусь бозорига жуда кўп данакли мевалар ҳамда голубика етказиб беради. Айтганча, Сербия Беларусь ўрнига Россия Федерациясининг реэкспорт хабига айланиши мумкин. Аммо шуниси ҳам борки, бундан бир неча йил аввал бу борада тортишув бўлган ва шундан бери реэкспорт ҳажми кескин камайган.

Таъқиқ Марказий Осиё давлатлари – Қозоғистон, Ўзбекистон, Тожикистон, Туркманистон ва Қирғизистон учун ҳам фойдалидир. Бироқ, бу ерда рентабеллик у қадар аниқ-равшан эмас, чунки, Беларусь мазкур мамлакатлардан жуда кўп маҳсулот сотиб олмайди ва логистика мураккаб ҳамда қимматлигича қолмоқда. Бироқ, муқобил вариантлар йўқлиги фонида Беларусь ушбу мамлакатлардан данакли мевалар ва эртаги сабзавотлар хариди ҳажмини ошириши мумкин. Бундан камроқ даражада Грузия улуш олади.

Туркия эмбаргодан кўп фойда кўради – у Беларусь Европа Иттифоқидан сотиб ололмайдиган барча товарларнинг деярли тўлиқ ўрнини қоплай оладиган ягона мамлакатдир. Россия бозоридаги вазият ҳам янада қулай бўлиши мумкин. Бундан ташқари айни ҳолат Эрон учун  фойдалидир.

Марокаш ва Мисрдан цитрус экспортёрлари Испания, Греция ва Италия билан рақобат бўлмаганда Беларусь бозорида савдо ҳажмини оширишлари мумкин.

EastFruit

Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.

Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!

Бу сизга ҳам қизиқ бўлиши мумкин

Турк лирасининг қулаши: Туркиядан импорт қилинадиган мевалар оқими ортиши кутилмоқда

EastFruit

Ўзбекистонда тарвуз нархи бир ҳафта ичида 33 фоизга пасайган

EastFruit

Сергей Алба: ер ости томчилатиб суғоришга йўналтирилган инвестициялар бир мавсумдаёқ ўзини оқлайди

EastFruit

Шарҳлар қолдиришингиз мумкин