Бош саҳифаМева-сабзавот бозориБозорлар шарҳиКелажакка дахлдор Hi-tech 2022 йилда реал воқеликка айланди: хортидронлар, «вертикаллар» ва мева-сабзавотчиликда автоматизация
Бозорлар шарҳиДолзарбМахсусЯнгиликлар

Келажакка дахлдор Hi-tech 2022 йилда реал воқеликка айланди: хортидронлар, «вертикаллар» ва мева-сабзавотчиликда автоматизация

2022 йил жаҳонда агробизнес учун хайтек, дижитал ва робототехника инқилоби содир бўлди ва бу глобал қишлоқ хўжалиги келажагини тубдан ўзгартириб юбормоқда.  Бугун Австралияда шмель- дронлар иссиқхоналарни чанглатиш учун учаётган бўлса, Финляндияда Аrugga AI Farming компаниясининг Исроилда ишлаб чиқарилган ари-дронлари  қўлланмоқда. Японияда боғлардаги мевалар ўғирланишининг олдини олиш учун учувчи-қўриқчи дрон пайдо бўлди. Тайван метролари ва Сингапурдаги уйлар томида вертикал фермалар бунёд этилмоқда. Жаҳондаги энг йирик вертикал ферма Дубайда йилига 2 миллион фунт кўкат етиштиради. Ва АҚШда учувчисиз боғбон вертикал фермани айланиб чиқиб, барглардаги ноодатий ҳолатлар — сариқ доғ, нотекис ўсган жой, поя узунлиги ёки ранг билан боғлиқ нуқсонларни излайди. Италияда эса Теvel дрони пишиб етилган олмани териб олади, Испанияда АINIA номли теримчи робот тўкилиб тушган яроқли меваларни териб, чиқиндиларини камайтиради. Баъзи мамлакатлар экологик  электр тракторлардан фаол фойдаланаётган бўлса, бошқалари микрогравитацияда экин етиштириш усулларини ўрганмоқда ва тупроқсиз озиқлантириш технологиялари ишлаб чиқиляпти.

EastFruit лойиҳаси мониторинг олиб борадиган  минтақа мамлакатларида ҳам улкан хайтек-ўзгаришлар рўй бермоқда. Шундай қилиб, Европадаги энг муҳим агробозорлардан бири бўлмиш Украина қишлоқ хўжалиги бозорида 1,5 минг дрон 2021 йилда, урушдан аввал биринчи миллион гектарга ишлов берди! Бу ерда учувчисиз технологияларни қўллаш бўйича энг мақбул қонунчилик ва ҳуқуқий майдон мавжуд ва бу, эҳтимол, Украинанинг хайтек, роботлаштириш технологияларидан фойдаланиш ҳамда бу борадаги интеграциялашувда лидерлардан бири бўлганининг асосий сабабидир.

Маълумки, 2022 йилда EastFruit Халқаро лойиҳаси БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) ҳамда Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ) кўмаги билан Sapienza Media ҳамкорлигида EastFruitHortiTech туркумидаги онлайн  конференцияларни ўтказди. Ушбу тадбирларда минтақанинг етакчи мутахассислари боғдорчиликни рақамлаштириш тенденциялари, технологиялари ва  афзалликлари, шунингдек, боғдорчиликда рентабелликни  ошириш ҳамда атроф-муҳитга таъсирини камайтириш учун энг сўнгги технологик ютуқлардан фойдаланиш имкониятлари ҳақида сўз юритишди.

Учувчисиз технологиялар, роботлар ва дронлар

Дронлардан фойдаланиш мева-сабзавот етиштирувчилар даромадини сезиларли даражада оширишга ёрдам беради. Украинанинг Drone.ua компанияси экспертлари ҳамда #EastFruitHortiTech туркумидаги «Боғдорчилик ва сабзавотчиликда учувчисиз технологиялар: Шарқий Европа ва Марказий Осиёда улардан фойдаланиш имкониятлари» мавзусидаги биринчи вебинар маърузачиларининг фикрича, фермер хўжалигига дронларни жорий этишнинг иқтисодий самараси ҳосилдорликни ошириш ва қишлоқ хўжалигида ресурсларни тежаш туфайли бир мавсумда 200 000 долларга етади.

Уруш бўлаётганига қарамай, украиналик фермерлар ўз фаолиятларига инновацион технологияларни жорий этишда йилдан-йилга очиқ бўлиб боришмоқда. Украинада, ҳатто агродрон учувчилари учун мактаблар ва Шарқий Европадаги энг йирик қишлоқ хўжалиги дронлари флоти мавжуд.  Украина фермерлари роботлаштирилган жараёнлар, хизматлар ва умуман технологияларни жорий этиш тезлиги бўйича жаҳонда 1-ўринни эгаллаб турибди.

Украинада ҳатто уруш шароитида ҳам дронлар учун Ҳаво кодекси мавжуд бўлиб, у агробизнесда дронлар билан ишлаш бўйича ўзгаришларни ўз ичига олади. Унда ҳаво ҳудудини захирага олиш тартибини қисқартириш, махсус рухсатномалар олишни талаб қилмайдиган операциялар ва парвозлар турлари рўйхатини кенгайтириш, дрон-оператор мутахассисликларини ҳисобга олиш тизимини соддалаштириш масалалари акс этган. Қишлоқ хўжалиги учун роботлаштириш тизими нечоғли муҳим эканини ҳукумат яхши билади. Украинанинг дронлар ёрдамида пестицидлар қўллаш тажрибаси ҳам қизиқ. Қонунчиликка киритилган ўзгартиришлар агробизнесда дронлардан фойдаланишни авиация билан тенглаштирмайди, чунки улар авиацияга қараганда экологик жиҳатдан афзалроқ ва Ўсимликларни ҳимоялаш воситалари (ЎҲВ)ни ўта аниқлик билан пуркайди. Украинада сабзавот ва боғлар экинларининг ҳолатини баҳолаш учун ўсимликларни ҳимоялаш воситалари ва барг озуқаларини қўллашда учувчисиз аппаратлардан фаол фойдаланилади. Ва бу ЎҲВ, ўғитлар, боғ ҳамда даладаги бошқа операциялар учун  маблағни яхшигина тежаш имконини беради.

Дронлар ёрдамида экинларни мониторинг қилиш Молдова фермерлари орасида ҳам тобора оммалашиб бормоқда. Дронлар экинларнинг ҳолатини анча тезкор, мунтазам ва аниқ кузатиши мумкин, бу эса кенг қамровли маълумотларни олиш имконини беради.

Масалан, ўсимликлар ва экинларнинг ҳолатини аниқлаш мультиспектрал дрон камералари ёрдамида амалга оширилади. Улар ўсимликлар эволюцияси, бегона ўтлар ва ҳашаротлар, сув танқислиги сингари муаммоларни тезкор таҳлил қилиш учун бир нечта алоҳида датчиклардан олинган маълумотларни бирлаштиради. Бундан ташқари, олинган тасвирни таҳлил қилувчи дастурлар ўсимликлар саломатлиги индексларини ўз ичига олган хариталарни яратиши мумкин.

Грузияда кузатувчи дронлар узумзорларда, пуркагич-дронлар эса бодомзорларда муваффақиятли ишлатилмоқда.  Боғдорчиликда дронлар ёрдамида боғ участкаларини эмас, балки ҳар бир дарахтни назорат қилиш мумкин. Бу мева етиштиришнинг юқори барқарорлиги ҳамда  даромад ошишига олиб келади.

Аммо Марказий Осиё мамлакатларида, яъни, ишчи кучи етарли миқдорда, дала ёки боғда ишлашни хоҳловчилар етишмаслиги муаммоси йўқ жойларда роботлаштиришга ўтиш у қадар тез кечмаяпти. Ваҳоланки,  Ўзбекистон ва Тожикистонда учувчисиз технологиялар ҳозир ҳар қачонгидан зарур. Айни пайтда айнан Марказий Осиё мамлакатлари, Тожикистон ва Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги экотизимида учувчисиз технологияларнинг самарадорлиги юқори эканлигига ҳеч бир шубҳа бўлмаса-да, EastFruit лойиҳаси мониторинг олиб борадиган мамлакатлар орасида уларга қизиқиш даражаси пастлигича қолмоқда.

Қишлоқ хўжалигида автоматлаштириш 2030 йилга бориб, Барқарор ривожланиш мақсадлари (БРМ)га эришишда муҳим роль ўйнайди. Яна ҳам аниқроғи, БРМ 1 (Қашшоқликни йўқ қилиш) ҳамда БРМ 2 (Очликни йўқ қилиш) атроф-муҳит, иқлим барқарорлиги ва ўзгаришлари билан боғлиқ масалаларни ҳал этиш,  тадбиркорлик имкониятларини яратиш орқали агро-озиқ-овқат тизимларида ижобий ўзгаришларга катта ҳисса қўшади. Шу билан бирга, рисклар мавжуд, чунки кичик ишлаб чиқарувчилар автоматлаштириш имконига эга бўлмаса, бу номутаносибликни келтириб чиқариши мумкин. Бундан ташқари, хайтек технологиялар фойда келтириши ва салбий экологик оқибатларга олиб келмаслиги учун уларни жорий этишга оқилона ёндашув зарур.

Қишлоқ хўжалигини автоматлаштиришнинг тўлиқ имкониятларини очиш учун технологиялар арзонроқ ва инклюзив бўлиши ҳамда экологик барқарорликни ошириши керак. Асосий вазифа – технологияларни маҳаллий шароит ва маҳаллий инновацияларга мослаштиришни таъминлашдир.

Вертикал фермерлик

2022 йилда Россиянинг Украинадаги жанговар ҳаракатлари билан боғлиқ энергия инқирози туфайли Шарқий Европада вертикал технологияларни жорий этиш суръати бироз сустлашди. Шунга қарамай, EastFruit таҳлилчилари лойиҳа мониторинг олиб борадиган мамлакатларда муваффақиятли фаолият юритаётган бир қанча янгиликлар билан яқиндан  танишишди. Қайд этиш жоизки, вертикал фермаларнинг дастлабки лойиҳалари аллақачон Украина, Молдова, Грузия ва минтақанинг бошқа мамлакатларида пайдо бўлган, Ўзбекистон ва Тожикистонда эса улар ҳақида деярли ҳеч нарса маълум эмас.

Секин-асталик билан  сабзавот, кўкат ва зиравор етиштирувчилар автоматлаштирилган гидропоник ва аэропоник фермалар, акселератор концепциясига мувофиқ яратилган гидропоник контейнерлар, чакана савдо тармоқлари учун мўлжалланган сервис фермерлиги функциясини бажарувчи контейнер-фермалар, ресторан ва супермаркетлар қошида ташкил этиладиган витрина типидаги вертикал фермалар, шунингдек, бир неча квадрат-метрлик уй-рўзғор мини-фермалари бўйича тажрибаларга қўл уришмоқда.

Супермаркетлардаги шаҳар вертикал фермаларининг кўкат ва сабзавотлари бутун жаҳондаги кўплаб истеъмолчилар учун энди янгилик бўлмаса-да, Шарқий Европа ва Кавказдаги супермаркетларда уларнинг нархи, айниқса, пандемиядан кейин янада арзонлашди. Ҳозир ритейлерлар нафақат вертикал фермаларнинг кўкатларини сотмоқда, балки ушбу бизнесни ривожлантиришда ҳам иштирок этяпти. Бунинг учун улар вертикал агробизнесга бевосита сармоя киритади ёки супермаркетларда кичик вертикал фермалар ташкил этади.

Ҳозирги кунда вертикал хайтек-технологиялар тараққиёт йўлининг  бошида турибди, аммо технологиялар нархи пасайиб бориши ва уларнинг хилма-хиллиги фойда олиш учун янги имкониятлар эшигини очади.

Шундай қилиб, 2022 йилда EastFruit Грузиянинг Тбилиси саноат ҳудудида жойлашган ва 280 метр квадрат майдонни эгаллаган High Gardens фермасига ташриф буюрди. Бир ой ичида фермада 1,5 тонна ноёб кўкат ва сабзавотлар, масалан, пак чой (хитой карамининг бир тури), татцой, васаби, Осака хантали, турп, кейла (жингалик карам) етиштирилади. Ҳаммаси бўлиб, вертикал ферма ассортименти ўсимликларнинг 10 дан ортиқ турини ўз ичига олган бўлиб, уларнинг вегетация даври 20 дан 45 кунгача давом этади. Кўкатлар ва сабзавотларни назорат остида етиштириш ғояси пандемия даврида пайдо бўлди. Сархил ва мазали маҳсулотлар, айниқса, талабчан Осиё ошхонаси учун узлуксиз етказиб беришни тақозо этувчи HoReCa секторидан талаб тикланиши грузиялик тадбиркорларни америкалик ҳамкасблари билан ҳамкорликда вертикал ферма учун инвестиция киритишга ундади.

Шуни алоҳида қайд этиш жоизки, агар сиз вертикал фермага сармоя киритишга қарор қилсангиз, банкрот бўлмаслик учун энг аввало, экинни тўғри танлашингиз керак. Чунки уни ўсиш жараёнида алмаштириш катта инвестиция талаб этади. Шунинг учун вертикал технологияларга сармоя киритган фермерлар, кўпинча, райҳон ва салат-латук каби даромадли экинларни етиштириш билан шуғулланишмоқда.

Шуни қайд этиш жоизки,  бугунги кунда Украинадаги уруш натижасида юзага келган оғир энергетик вазият туфайли вертикал технологияларни жорий қилиш суръати сустлашди. Бироқ, вертикал фермаларда кўкатлар, зираворлар, сабзавотлар ва ҳатто жаҳондаги энг қиммат зиравор — заъфарон етиштириш бўйича муваффақиятли лойиҳалар мавжуд.

Инновацион фермалар ҳатто бомба-паналарда ҳам ишлаяпти. Шундай қилиб, Виктор Шулешко аэропортда жойлашган Днепрдаги тадқиқот лабораториясидан маҳрум бўлди, аммо тадқиқотини давом эттирди ва бомба-панадаги 16 метр квадрат майдонда тўрт қаватли стеллажларда турли хил зираворларни етиштирмоқда. Шу билан бирга, фермер ўзининг ёритиш тизимларини ишлаб чиққан ва у Европа Иттифоқи ҳамда БААга экспортни режалаштирмоқда.

EastFruit жамоаси, шунингдек, 2022 йилда «Вертикал фермер хўжаликлари: ривожланиш стратегиялари, бизнес-моделлар ва рисклар» деб номланган ихтисослаштирилган онлайн конференцияни ўтказди. Унда амалиётчи-экспертлар вертикал фермалар концепцияси, реал  моделлар ва вертикал бизнес-режалаштирувни қандай бошлаш ҳақида сўзлаб беришди.  Спикерлардан бири Украинада сабзавот ва кўкатлар етиштириш учун ноёб вертикал комплекс яратган Green Wave Organic компанияси директори Владимир Новий эди. Комплекс максимал даражада автоматлаштирилган бўлиб, бу инсон омилининг маҳсулот етиштириш жараёнига таъсирини сезиларли даражада камайтириш имконини беради.

Вертикал фермалар сабзавот ва кўкатларни имкон қадар савдо нуқталарига яқинроқ жойда етиштириш имконини беради. Шундай қилиб, логистика харажатларини сезиларли даражада тежашга эришилади. Харидорлар  янги узилган маҳсулотларни арзон нархларда олишади.  Ҳатто 15 гектарлик кичик мажмуа ҳам Ғарбий Украинанинг кўкатларга  эҳтиёжини деярли қоплайди — 1,5 минг квадрат метрлик Украина инновацион вертикал фермаси ҳар куни 1,5 минг кг маҳсулот етиштиради.

Вертикал фермаларда электр энергияси энг муҳим омилдир. У нафақат ёритиш, балки иситиш, совутиш, шамоллатиш учун ҳам керак бўлади. Бундан ташқари, IT-инфратузилма (компьютерлар, сенсорлар ва бошқалар) ишлашини таъминлаш учун ҳам сезиларли миқдорда электр энергияси талаб қилинади.  Ва буларнинг бари жаҳонда кузатилаётган электр энергияси нархи ошиши фонида (айниқса, электр энергияси ўз хўжалигингизда ишлаб чиқарилмаса) сезиларли харажатдир.

Шу билан бирга, кўплаб вертикал фермалар ишлаб чиқаришни қайта тикланадиган энергия манбалари  ва энергия самарадорлигига асосланган ҳолда амалга оширишга интилмоқда. Зеро, вертикал хўжаликларда сувдан анъанавий хўжаликларга нисбатан 70-80% тежамкорлик билан фойдаланилади. Ер ресурсларидан самарали фойдаланиш бўйича ҳам аниқ ва улкан афзалликлар мавжуд.

Агро-электр-энергетика яхши ишлайдиган яна бир  муҳит — чекланган миқдордаги сув ва иссиқ ҳарорат панеллар ишлашига ҳам, экинлар ўсишига ҳам тўсқинлик қилиши мумкин бўлган уй томидаги фермалардир.

Электр-энергия мустақиллиги, ўсимликлар ва қуёш панелларининг хайтек симбиози

Шарқий Европадаги тадбиркорлар энергия инқирози шароитида электр энергияси, дизел ёқилғиси ва ўғитлар нархи ошиши муаммосига дуч келишди.  Кўпчилик пулни тежаш ва мева-сабзавот корхоналарининг узлуксиз ишлашини таъминлаш мақсадида фотоэлектрик панеллар билан ечим топмоқда. Янги авлод қуёш парклари энергия ва озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш, шунингдек, сувни тежаш имконини беради ва қуёш энергиясини ишлаб чиқариш, уни қўллаш билан боғлиқ ердан фойдаланиш муаммосини ҳал қилишга ёрдам беради.

2022 йилнинг ноябрь ойида ишлаб чиқариш узлуксизлигини таъминловчи қуёш батареяси тизимини ишга туширган молдовалик мева-сабзавот экспортёрининг тажрибаси жуда қизиқ. Шундай қилиб, Молдованинг Криулянск туманида йилига 4000 тоннага яқин мева йиғиб, Европа Иттифоқи мамлакатларига экспорт қилувчи Fani SRL корхонаси ҳудудида фотоэлектр тизими ишга туширилди.  Лойиҳа «Яшил иқтисодиётга ўтишни қўллаб-қувватлаш» дастури доирасида амалга оширилди. Ўрнатилган фотоэлектр тизими 7 йилдан ортиқ фаолият юритаётган ва Германия, Австрия, Руминия, Латвия, Литва каби мамлакатларга олхўри, узум, ўрик экспорт қилишда ёрдам бериб келаётган Fani SRL компаниясининг саралаш ва қадоқлаш линиясини муқобил энергия билан таъминлайди.

Аризона университетида ўтказилган Biosphere 2 тадқиқоти қуёш панеллари орасида помидор етиштиришнинг самарадорлигини исботлади: ўсимликлар  иссиқлик стрессини камроқ олади ва панеллар ўсимликлар транспирацияси туфайли яхши совутилади. Қуёш панелларининг сояси сувни тежаш, намлик яратиш ва ҳароратни (ҳатто иссиқни хуш кўрадиган помидорлар учун ҳам ўта иссиқлик қилиши мумкин бўлган ҳароратни) пасайтиришга ёрдам беради.

Париж келишувига кўра, жаҳонда 2050 йилга қадар атмосферага чиқиндини нолга тенглаштириш мақсад қилинган, Европа Россия углеводородларига қарамликни камайтиришга ҳаракат қилар экан, мамлакатлар ўзининг қуёш қувватларини оширишга уринмоқда.

Яна бир қизиқарли ечим ҳақида гапирмоқчимиз. У ҳам бўлса, Грузияда резаворлар йиғиб олинганидан сўнг уларни дарҳол совутиш учун топилган ностандарт ечим — қуёш энергиясида ишлайдиган микроавтобус базасидаги мобил музлатгичдан фойдаланишдир. Қуёш панеллари батареяларни қувватлантириш учун электр энергиясини беради.  Инвертердан узатилган доимий кучланиш 1-1,5 соат давомида -2 +4 даража оралиғида автоном ишлашга қодир бўлган музлатгич камерасида белгиланган ҳароратларга эришишни таъминлайди. Ўчирилган режимда камера ҳароратни яна 5 соат давомида ушлаб туришда давом этади.

Хайтек иссиқхона

Айни пайтда Вагенинген университети (Нидерландия) олимлари иссиқхоналарда меҳнат шароитларини яхшилаш устида иш олиб бормоқда. Зеро, ишлаб чиқариш жараёни борган сари роботлаштириляпти, механизациялашяпти ва рақамлаштириляпти.  Бироқ, ишчиларга эҳтиёж бор. Ишчиларни жалб қилиш учун жазирама ва юқори намликнинг одамларга таъсирини камайтириш, ҳамкасблар, жамоа ва машиналар билан алоқада бўлиш тавсия этилади. Улар иссиқхоналарда ишлаш янада қулай бўлиши учун Joyride Horticulture лойиҳасини ишлаб чиқишди.

Иссиқхона бизнесига ақлли технологияларни жорий этишнинг яхши намунасини тожикистонликлар ҳам намоён этмоқда. Қулупнайнинг бир тупидан 12 доллардан зиёд даромад — бу фермернинг реал тажрибаси. Сифатли резавор 2-4 баробар қиммат туради, ҳатто Тожикистонда ҳам бунинг учун кўпроқ пул тўламоқчи бўлганлар топилади. Хўжанд шаҳри яқинидаги «Хариф» масъулияти чекланган жамиятининг замонавий иссиқхонасида худди шундай резавор етиштирилмоқда. Бу ердаги ультра-замонавий иссиқхоналарда итальян селекциясининг энг яхши навли қулупнайларини етиштириш учун тўрт хил ёндашув мавжуд.

Смарт-мониторинг тизимлари

Замонавий фермерлар тобора кўпроқ IT мутахассисига айланиб боришмоқда. Қўлда смартфон, ақлли дастурга эга ноутбук, дрон эса  аллақачон замонавий фермерлик стандартига айланиб улгурди.

Телефон ва ноутбуклар учун ақлли иловалар ёрдамида ишлаб чиқариш жараёнларини кузатиш ва автоматлаштириш тизимлари ҳақида алоҳида тўхталамиз. «Смартфондаги фермалар» дастурларининг хилма-хиллиги ва smart farming ечимлари бу бозорни тўлдириб, уни ривожлантирмоқда ва энг муҳими, бундай инновациялар фермерлар учун тобора ҳамёнбоп бўлиб бормоқда.

Ўзбекистон картошка далаларига «Е-kakashi» мониторинг қурилмалари ўрнатилмоқда. Олинган маълумотлар таҳлили натижасида ўзбекистонлик фермерлар учун картошка ҳосилдорлигини ошириш ва касалликларга қарши курашиш бўйича тавсиялар ишлаб чиқилади. Ишланма муаллифларининг фикрича, “е-kakashi” деб номланган тизим кибернетик “мия”ни ўзида намоён этади. Бу интернет-буюмлар, маълумотларнинг супермассивлари ва сунъий интеллект каби технологиялардан фойдаланган ҳолда сенсорлар ва маълумотларни қайта ишлаш модулларининг мураккаб тармоғини ўз ичига олган кибер-физик тизимдир. Тизим вазифалари далаларда мониторинг олиб бориш ва маълумотларни йиғиш, агрономик маълумотлар базаси ёрдамида уларни  таҳлил қилиш, фермерлар учун тавсиялар ишлаб чиқишдан иборат. Бунинг натижасида, фермерлар ўз хўжаликлари самарадорлигини сезиларли даражада ошириб, атроф-муҳитга камроқ таъсир кўрсатган ҳолда максимал ҳосил олиш имкониятига эга бўлишади, деб ҳисобланмоқда. Тизим фермер хўжаликлари самарадорлигини оширишдан ташқари, беқарор сув таъминоти ва зарарли газлар эмиссияси каби экологик муаммоларни ҳал қилишга ҳам ёрдам беради.

Шунингдек, Марказий Осиё ва Шарқий Европа фермерлари телефон орқали агробизнесни комплекс тарзда бошқариш бўйича Украинанинг смарт-ечимидан фойдаланишлари мумкин. LevadaTrace — бу фермадаги ишларнинг боришини, ходимларнинг маҳсулдорлигини кузатиш ва «даладан дастурхонгача» бўлган йўлда маҳсулотларнинг юқори сифатини сақлаш учун мўлжалланган инновацион дастур бўлиб, ўсимликларни парваришлаш тадбирларини режалаштириш ва назорат қилиш, йиғиш ва омборга жойлаштириш жараёнини кузатиш, фермер хўжалигида бажарилган ишлар бўйича ҳисоботларни шакллантириш, маҳсулотнинг озиқ-овқат хавфсизлиги талаблари (ISO 22000 ва Global G.А.P.)га мувофиқлигини тўлиқ назорат қилиш унинг вазифалари сирасига киради.

Шунингдек, эслатиб ўтмоқчимизки, мева-сабзавотчиликда робототехника ва хайтекни ривожлантириш ҳақидаги  материалларимизда биз энг янги технологияларга ўтиш билан боғлиқ рискларга ҳам, тўсиқларга ҳам алоҳида эътибор қаратганмиз. Шундай қилиб, масалан, жаҳон боғдорчилигида уч (3D) ўлчамли мева етиштириш ўрнига икки ўлчамли (2D ёки 2Д)га ўтиш  келгусидаги стандартга айланиши мумкин.  Бошқача айтганда, агар ҳозир дарахт ёки буталарнинг ҳажми (ҳатто интенсив боғларда ҳам) баландлиги, эни ва узунлиги бўйича ўлчанса, келажакда фақат эни ва баландликдаги ўлчамли технологиялар афзалроқ бўлади. Бошқача айтганда, кўпчилик ҳозир «мева девори» ёки «fruit wall» деб атайдиган нарса. Бундай боғда қаторлар бутунлай «текис» бўлади. Умуман олганда, шунга ўхшаш тижорат боғлари кўплаб етакчи боғдорчилик мамлакатларида ҳозирданоқ мавжуд.

Хортидронлар, роботлар ва коботлар

Кenneth Research компаниясининг қишлоқ хўжалиги роботларининг глобал бозори ҳақидаги ҳисоботига кўра, 2050 йилга бориб, жаҳонда аҳоли сони 40 фоизга ўсиб, 9,7 миллиардга етади – мева етиштириш икки баробар ортади. 2050 йилга бориб, бутун жаҳон бўйлаб мева етиштириладиган ерлар икки баробар ошиб, 140 миллион гектарга етади.  Қишлоқ хўжалигида бандлик 2050 йилга бориб, икки баробар қисқаради, натижада, 5 миллион нафар мева теримчи етишмайди. Теримчилар етишмаслиги ҳозирданоқ, бутун жаҳон бўйлаб мева-сабзавотларнинг 10% дан ортиғи дала ва боғларда терилмай қолиб кетишига сабаб бўлмоқда. Ва бу миқдор Европа Иттифоқидаги йиллик истеъмолга тенгдир. Айнан хортидронлар фермерлар ишининг бир қисмини енгиллатади.

Қайд этиш жоизки, мева-сабзавотчиликда замонавий роботлаштирилган тизимлар ҳақида энг батафсил маълумотни ФАО халқаро маслаҳатчиси Катерина Звереванинг блогида «Агроботлар даври бошланмоқда! Роботлар, коботлар ва дронлар фермер зиммасидаги қайси юмушларни уддалай олади?» сарлавҳали I қисм ва II қисмга бўлинган материалдан олишингиз мумкин.

Янги хайтек-ечимлар қишлоқ хўжалиги ходимлари зиммасига тушадиган оғир юкни камайтириш, бошқа ишларга вақт орттириш, натижада, турмуш шароити ва инсон фаровонлигини яхшилаш ҳисобига меҳнат унумдорлигини оширади.  Сўнгги пайтларда дижитал ва хайтек, агромаҳсулотлар, хусусан, мева-сабзавот етиштиришда автоматлаштириш ва робототехникани жорий этиш тарихий эволюцияни амалга оширди — 1910 йилларнинг моторлаштирилган механизациясидан ўтиш, сўнг эса 1980 йилларнинг  рақамли ускуналаридан янги дижитал-технологиялар ва робототехникага ўтиш… Эволюция давом этмоқда, лекин ҳамма мамлакатлардаги барча қишлоқ хўжалиги вакиллари ҳам бир хил босқичда эмас.

EastFruit таҳлилчилари 2022 йил давомида Грузия, Молдова, Украина, Тожикистон ва Ўзбекистон — лойиҳамиз мониторинг олиб бораётган мамлакатларда мева-сабзавот бизнесига рақамли технологиялар жорий этилишини ўрганишди. Тадқиқот давомида хортидронларнинг ҳамёнбоплиги, одатда, ўз ускуналарига эга бўлмаган кичик ишлаб чиқарувчилар учун асосий омил эканлиги аниқланди. Ва шу боис, кичик ишлаб чиқарувчиларда рақамли автоматлаштиришни жорий этишдаги тўсиқлардан бири унинг нархидир, шунинг учун ҳам, технологияларнинг ҳамёнбоплигини таъминлаш, қолаверса, уларни жорий этиш учун даставвал оқилона стратегик ёндашув зарур. Бундан ташқари, автоматизация чидамлилик даражасини ошириш ва чинакам инклюзив, ўзгартиришларга қодир бўлиши учун у нафақат ишлаб чиқарувчининг характеристикаси нуқтаи назаридан, балки маҳаллий топографик, иқлимий ва ижтимоий-иқтисодий шароитларни ҳисобга олган ҳолда маҳаллий шароитларга мослаштирилиши керак.

EastFruit

East Fruit таҳлилий платформасида чоп қилинган мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат ушбу материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.

Мазкур сайт саҳифаларида жойлаштирилган шарҳлар ҳамда блоглар муаллифларининг фикрлари таҳририят нуқтаи назари, фикри ва позициясини ифода этмаслиги мумкин.

Бу сизга ҳам қизиқ бўлиши мумкин

Боғлар ва узумзорлар учун янгиланган Zilus агророботи тақдим этилди

EastFruit

«HortiТеch: мева-сабзавот бизнесидаги энг замонавий рақамли технологиялар – Ўзбекистон учун имкониятлар» мавзуидаги конференция видеоси EastFruit’да!

EastFruit

Ер ости томчилатиб суғориш усули Ўзбекистон агробизнесини тубдан ўзгартириши мумкин

Andriy Yarmak

Шарҳлар қолдиришингиз мумкин