Бош саҳифаМева-сабзавот бизнесиТехнологияларГрузиядаги боғдорчилик «дронизацияси»: бодом плантацияларида DJI Аgras Т-30 дронининг тест жараёни (видео)
ВидеоДолзарбМахсусТехнологияларЯнгиликлар

Грузиядаги боғдорчилик «дронизацияси»: бодом плантацияларида DJI Аgras Т-30 дронининг тест жараёни (видео)

EastFruitнинг Грузия жамоаси ушбу мамлакатдаги энг йирик бодом плантациялари – «Удабно»га ташриф буюриб, у ерда учувчисиз аппарат (UAV) ёки одатда, «дрон» деб аталувчи ўсимликларни ҳимоялаш воситалари (ЎҲВ)ни пуркайдиган ускунани синовдан ўтказди.  Синовдан мақсад, бодом боғига турли тезликларда  турли даражадаги фаол моддаларни пуркаш самарадорлигига баҳо бериш эди. DJI Аgras Т-30 дронининг синов жараёнини «Агродрон» компанияси тақдим этди. Ушбу компания Грузияда дала ва боғларга кимёвий ишлов бериш бўйича хизматлар кўрсатади.

Қуйидаги видеони томоша қилинг ва компания ҳақидаги тўлиқ матнни ўқинг. Видео остига изоҳ ёзишни унутманг: сиз ушбу технологияни истиқболли деб ўйлайсизми, агар шундай бўлса нима учун?

«Удабно» компанияси директорининг сўзларига кўра, компания анъанавий тракторлар ўрнига учувчисиз пуркагичлардан фойдаланиш имкониятини кўриб чиқмоқда, бу усул, биринчи навбатда, пуркаш сифати ва тезлиги жиҳатидан самарадорликни кўрсатадими-йўқми – шуни синовдан ўтказиш лозим, чунки, тракторда пуркашнинг муайян чекловлари мавжуд, мисол учун, унинг тунги вақтда ишлаш имконияти йўқ.

Бодом плантацияларида агродрон уч хил тезликда синовдан ўтказилди. Пуркаш интенсивлиги ва чуқурлиги дарахтларга бириктирилган лакмус қоғоз бўлаклари ёрдамида аниқланди.  Синовдан ўтган қаторларда дрон ва дарахтлар орасидаги масофа 2-3 метрни ташкил этди, шу билан бирга, уч хил боғни қайта ишлаш тезлиги турлича эди.  Синов вақтида шамолли об-ҳаво бўлиб, оқим йўналишини ўзгартирган ҳолда дроннинг тўғри ишлашига тўсқинлик қилди.  Бундан ташқари, шамол дрон батареяси тезроқ тугашига олиб келади.

Биринчи синов гектарига 60 литр фаол моддалар сарфи билан 5-10 км/соат тезликда ўтказилди.  Иккинчи қаторга ишлов беришда тезлик 10-15 км/соат, ФМ сарфи эса 40 л/га эди. Учинчи қаторда эса гектарига 30 литр фаол модда сарфланган ҳолда тезлик 15-20 км/соатни ташкил этди. Турли қаторлардаги дарахтлардан олинган назорат лакмус қоғозлари солиштирилгач, энг яхши натижа – ўсимликнинг фаол модда билан максимал қопланиши – иккинчи қаторда намоён бўлди. Бу ерда тезлик 10-15 км/соатни, ФМ сарфи эса гектарига 40 литрни ташкил этди.

Дронни уч кишидан иборат жамоа бошқарди. Агродронни тўғридан-тўғри бошқариш билан бир қаторда жамоа аъзолари унинг хавфсизлиги ва узлуксиз ишлашини таъминлаши, хусусан, ҳар бир қўнишдан сўнг аккумуляторни алмаштириш ва бакни тўлдиришни таъминлаш керак эди. Agrodrone компанияси матбуот котиби Ника Месхининг сўзларига кўра, аккумуляторнинг ишлаш муддати об-ҳаво, тезлик ва резервуардаги моддалар миқдори каби кўплаб омилларга боғлиқ, бироқ ўртача ҳисобда аккумулятор 7-12 дақиқа ишлашга етади. Қизиғи шундаки, бу вақт ичида агродрон бир гектарга яқин дала ёки боғга ишлов бера олади.

Ника Месхининг сўзларига кўра, Грузияда агродрон-пуркагичлар хизматига талаб ортиб бормоқда.  Компания 2020 йили –  пандемия даврида иш бошлаган. Ўшанда фермерлар ўз томорқасига вақтида ишлов бера олмаган, чунки кўп ҳолларда тракторчилар карантинда бўлиб, ушбу турдаги хизматга талаб ошган эди.

Дастлаб фермерлар шубҳа билан қарашди, бироқ, улар дронлар самарадорлигига ишонч ҳосил қилишгандан сўнг мазкур турдаги хизматга талаб ортди”, дейди Ника Месхи.

Кўпинча, Аgrodrone маккажўхори ва буғдой каби бир йиллик экинлар билан ишлайди, аммо бу йил компания ёнғоқ ва фундук боғларида биринчи марта иш олиб борди. Корхона дронлари жорий йилнинг ўтган даврида жами 1500 гектардан ортиқ бир йиллик ва кўп йиллик экинларга ишлов берди.

Ҳозирги босқичда бир йиллик экинларга ишлов беришга катта талаб бор, бироқ, биз ёнғоқ боғларига ҳам потенциал харидор сифатида қарамоқдамиз. Грузияда кўплаб ёш ёнғоқ боғлари мавжуд, улар бир неча йилдан сўнг бизнинг мижозларимизга айланиши мумкин, чунки, дарахтлар ўсар экан, боғда тракторларни ҳайдаб бўлмайди«, дейди Ника Месхи.

Тажриба вақти (2022 йилнинг 15 июнь санаси)да агродронлар билан ишлов бериш нархи гектарига 50-80 лари (17-27 АҚШ доллари)ни ташкил этади ва бу иш ҳажми ҳамда ўсимликлар турига боғлиқ.  “Агар мижоз бизнинг хизматимиздан бир неча марта фойдаланса, бир йиллик экинлар учун нарх гектарига 50 лари (17 доллар)ни ташкил қилади. Максимал нархни биз кўп йиллик боғларни бир марталик пуркаш учун айтамиз. Бизда ҳар гектар учун нархлар трактор ижараси нархидан кўра 10-15 лари (3,5-5 доллар) юқори, бироқ, кўплаб фермерларга бу нарх мақбул, чунки, тракторлар, кўпинча, бу жараёнда далалардаги дарахтлар ёки ўсимликлар меваларига зарар етказади. Мисол учун, маккажўхори далаларига трактор билан ишлов бериш экинларнинг камида 10%ига зарар етказади. Зарарсиз ишлов беришдан ташқари, дронларни ижарага олишнинг мижоз учун яна бир қулай жиҳати бор, у ҳам бўлса, учувчисиз ускуна тракторга нисбатан кам вақт олади ва иш жараёнини осонлаштиради”, дейди Ника Месхи.

Ҳозирги кунда компания фақат Грузия шарқида, Кахетида фаолият юритмоқда ва 50 га яқин мижозлари бор. Потенциал мижозлар 5 гектардан ортиқ ер майдонига эга фермер хўжаликларидир.  Келгуси мавсумда компания 40 литр сиғимли 5 та янги GJI дронларини харид қилишни режалаштирмоқда, бу эса мавсумда 15-20 минг гектар ерга хизмат кўрсатиш имконини беради.

EastFruit

Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.

Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!

Бу сизга ҳам қизиқ бўлиши мумкин

Ўзбекистонда шафтоли ва нектаринларни қайта ишлаш (видео)

EastFruit

Эквадорда совуқ об-ҳаво туфайли банан етиштириш 25 фоизга қисқаради

EastFruit

Мева-сабзавот учун картон қадоқ — ривожланган бозорларнинг фойдали сегментларига йўлланма

EastFruit

Шарҳлар қолдиришингиз мумкин