Бош саҳифаМева-сабзавот бизнесиМуаллифлик блоглариKnow how – know why эмас ёхуд нега замонавий иссиқхона учун махсус ўқитилган мутахассислар керак?
ДолзарбМуаллифлик блоглари

Know how – know why эмас ёхуд нега замонавий иссиқхона учун махсус ўқитилган мутахассислар керак?

Замонавий юқори технологик иссиқхоналар иқлим ва суғориш компьютерлари билан жиҳозланган. Шу боис, кўплаб инвесторлар компьютер ҳамма нарсани билади, дея нотўғри ўйлашади. Аслида, бундай эмас. Компьютерлар фақат агрономнинг кўрсатмаларига амал қилиши уни маълум одатий юмушлардан озод қилади, холос. Бироқ, барча созламаларни агроном ўрнатади. Қолаверса, компьютерга керакли параметрларни киритадиган IT мутахассиси ёки муҳандиси эмас, балки агрономдир.

Шунингдек, комьютер ёрдамида бошқариладиган тайёр иссиқхоналарни таклиф қиладиган аксарият компаниялар бир йилдан икки йилгача бунда қўлланган технологияларни ишлатишда ёрдам беради. Бу амалда шуни англатадики, мутахассис (одатда, голландиялик) мунтазам равишда фермер хўжалигига келиб, ҳар ойнинг бир-икки ҳафтасини шу ерда ўтказади. У агроном ва ходимларга кўрсатилган компьютерларни бошқариш, озуқавий эритмалар тайёрлаш, иссиқлик тежовчи экранлар билан ишлаш ва бошқа техник амалиётларни ўргатади. Шуни ёдда тутиш керакки, ушбу маслаҳатчиларнинг аксарияти ўз мамлакатидаги  иссиқхоналарда катта амалий тажрибага эга, аммо, кўпинча, бошқа мамлакатлар, хусусан, Осиё минтақаси воқеликлари тўғрисида кам тасаввурга эга. Маслаҳатчи бўлишдан аввал уларнинг аксарияти ўз иссиқхоналарида қалампир, помидор, бодринг ёки гул етиштирган ва озиқлантириш ёки ўсимликларни ҳимоялаш бўйича маслаҳатчилар хизматидан фойдаланишган. Кўпгина ҳолларда ушбу маслаҳатчилар кўчат етиштириш бўйича ўз тажрибасига эга эмас, чунки, Ғарбий Европада тахминан сўнгги 40 йил давомида кўчатларни ихтисослашган фермер хўжаликлари етиштиради.

Дарҳақиқат, узоқ йиллар давомида турли мамлакатларда ишлаб келган ва жуда катта тажриба тўплаган кўплаб хорижий маслаҳатчилар мавжуд. Маслаҳатчилар хизмати арзон эмас ва кўпинча, иссиқхона эгалари, айниқса, агрономлар шартнома якунида улар маслаҳатчилардан кутган камроқ натижани кўришади.

Гап шундаки, тасаввурга эга бўлиш етарли эмас, know how (билиш), яъни нима учун у ёки бу ҳолатда бошқача йўл тутиш кераклигини билишнинг ўзи кам. Бу ўринда know why ҳам муҳим. Яъни нега бугун суғориш оралиғи кечагига қараганда кўпроқ ёки озроқ бўлиши керак? Нега ўсимлик барглари бирдан сарғайиб кетди? Нега бутун бир ҳафта давомида битта ўртача кунлик ҳароратни таъминлаш керак эди ва бугунги кунда у бирданига бошқача бўлиши керак? Бу каби саволлар жуда кўп ва улар, кўпинча, жавобсиз қолади. Янги иссиқхона хўжалиги мутахассислари маслаҳатчидан назарияни ўрганмоқчи бўлади, аммо у мутахассислар назарий машғулотларни шундоқ ҳам билади, деб ўйлайди. Бундан ташқари, алоқа муаммолари ҳам мавжуд – маслаҳатчилар, одатда, инглиз тилида гапиради, аммо кичик иссиқхоналар эгалари ва кўплаб агрономлар бу тилни яхши билмайди. Таржимонлар эса мавзу ва терминологиялардан яхши хабардор эмас.

Шунингдек ўқинг: Иссиқхоналар етарли миқдордаги яроқли сув бўлган жойда қурилиши керак.

EastFruit лойиҳаси амалга оширилаётган мамлакатларда замонавий иссиқхоналарнинг муваффақиятли ишлаши учун маҳаллий мутахассислар тайёрлашни ташкил этиш зарур. Буни юқори ва ўрта касб-ҳунар таълими муассасалари амалга ошириши керак эди, аммо ҳозир уларда замонавий иссиқхона технологияларини ўргатувчи педагоглар йўқ. Оддий дала агрономлари ҳам ўсимликлар физиологияси ва агрокимёсининг кўп жиҳатларини билишмайди. Амалиётда, кўпинча шундай бўлади: замонавий иссиқхонани ташкил қилишни агрономдан кўра, махсус тайёргарликсиз оддий кишига ўргатиш осонроқ.

Бир қатор мамлакатлар, жумладан, Ўзбекистонда Голландиянинг “Билансия” консалтинг фирмаси фаолият юритиб, иссиқхона мутахассислари ва ҳатто кадрлар тайёрлаш бўйича махсус хизматларни тақдим этади. Бироқ, муаммо шундаки, кўплаб инвесторлар ушбу хизмат учун пул тежаб, маслаҳатчи билан тузилган шартноманинг ўзи билан кифояланишади.

Кадрлар етишмовчилигини қандай бартараф этиш мумкин? Айниқса, хорижий маслаҳатчилар хизматидан фойдалана олмайдиган кичик фермер хўжаликларида бу муҳим масала.

Дастлаб, кичик иссиқхоналар эгалари ва каттароқ иссиқхоналар агрономлари учун қатор семинар ва тренинглар ташкил этиш зарур. Масалан, Ўзбекистонда бунга Республика Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Боғдорчилик ва иссиқхона хўжалигини ривожлантириш агентлигини жалб қилиш мумкин. Ушбу агентликнинг бутун мамлакат бўйлаб филиаллари мавжуд. Энг аввал хорижий мутахассислар, хусусан, бошқа постсовет мамлакатларидан келган мутахассислар маърузачи сифатида қатнашса бўлади, шу билан бирга, маҳаллий мутахассисларнинг ҳам иштироки зарур. Масалан, Ўзбекистон ва Грузияда бундай мутахассислар бор, аммо улар ҳали ҳам кам. Маърузачилар орасида наслчилик фирмаларининг савдо вакиллари, субстрат ишлаб чиқарувчилари, ўсимликларни ҳимоялаш воситалари, жумладан, биологик, иссиқхона ускуналари, экранлар, иссиқхона учун турли қопламалар ва автоматизация ускуналарини ишлаб чиқарувчилар бўлиши мумкин. Тўғри, улар ўз маҳсулотларини реклама қилишади. Аммо шунинг баробарида техникадан қандай фойдаланишни ўргатишади.

Ушбу веб-семинарларни кейинчалик профессионал таълим муассасалари ёки консалтинг ташкилотларининг веб-сайтларида нашр этиш орқали миллий тилларда ёки ушбу тилларга таржима билан ихтисослашган веб-семинарлар ўтказиш мумкин. Масалан, 2020 йилнинг ёзида бир ҳафта давомида рус тилида “Иссиқхона марафони“ бўлиб ўтди. Шундан сўнг “Иссиқхона қўриқчилари” номли муайян мавзуларга бағишланган веб-семинарлар серияси ташкил қилинди ва бу тажрибали ҳамда янги иш бошлаган иссиқхона мутахассислари – агрономлар, муҳандислар, ўсимликларни ҳимоялаш бўйича мутахассислар учун жуда фойдали бўлди. Қизиғи шундаки, ушбу веб-семинарлар ташкилотчиси – иссиқхоналарни ёритиш мосламаларини ишлаб чиқарувчи «EvaLight» хусусий фирмаси бўлди. Ва бу тадбирлар тингловчилар ва кузатувчилар учун бепул эди.

Шуниси муҳимки, янги иш бошлаган иссиқхона эгалари иккала тизимлаштирилган назарий маълумотлар (биринчи навбатда, микроиқлим, сув сифати ва овқатланиш, ўсимликларни ҳимоялаш тизимининг аҳамияти тўғрисида)дан, шунингдек, замонавий технологик қўллаб-қувватлашдан фойдаланишлари муҳимдир.

Ҳозирги кунда кўплаб мамлакатлардаги турли хил мессенжер платформаларида профессионал қизиқиш гуруҳлари мавжуд. Амалиёт шуни кўрсатмоқдаки, ишлаб чиқарувчилар билан масофадан туриб самарали маслаҳатлашиш мумкин. Шундай қилиб, Доғистондаги кичик фермер хўжаликлари иссиқхоналарининг эгалари гуруҳига озуқа моддалари эритмаларини тайёрлаш бўйича Новосибирдан агрокимёгар, Россия Федерациясининг турли минтақаларидан ўсимликларни ҳимоялаш бўйича бир неча мутахассислар ва турли минтақалардан бир неча агроном-технологлар муваффақиятли маслаҳат беришади. Натижада, плёнка иссиқхоналарида помидорнинг ҳосили кокос толасида ўстирилганда 15-17 кг/м2 дан 20-22 кг/м2 гача кўтарилди. Бундай гуруҳларнинг камчиликлари шундаки, улар, одатда, бир вақтнинг ўзида бир нечта муаммоларни ёки бир хил муаммоларни бир неча бор муҳокама қиладилар. Улар ўқитиш учун деярли яроқсиз, аммо муаммога тез жавоб беришда жуда самарали. Бундай гуруҳни ким – консалтинг фирмаси, иссиқхона эгасининг ўзи ёхуд у ёки бу ускуналар савдогарлари ташкил қилганига қараб, унда қатнашиш пуллик ёки бепул бўлиши мумкин.

EastFruit

Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.

Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!

Бу сизга ҳам қизиқ бўлиши мумкин

«HortiТеch: мева-сабзавот бизнесидаги энг замонавий рақамли технологиялар – Ўзбекистон учун имкониятлар» мавзуидаги конференция видеоси EastFruit’да!

EastFruit

Ўзбекистон супермаркетларида ультра-эртаги картошка сотувга чиқди

EastFruit

Иссиқлик ўтказмайди, лекин ёруғлик беради — АgTech компанияси RedSea’нинг iyris иссиқхона томи технологиясини синовдан ўтказмоқда

EastFruit

Шарҳлар қолдиришингиз мумкин