Бош саҳифаМева-сабзавот бизнесиИнтервьюЎзбекистонда киви етиштиришнинг ўзига хос хусусиятлари – тажрибали боғбон билан суҳбат
ДолзарбИнтервьюМахсус

Ўзбекистонда киви етиштиришнинг ўзига хос хусусиятлари – тажрибали боғбон билан суҳбат

Ўзбекистон Тelegram-каналлари ва Facebookнинг боғдорчилик илмига оид гуруҳларида ушбу мамлакат учун экзотик мева саналмиш киви кўчатларини сотиш бўйича таклифлар тобора кенг тарқалмоқда. Бироқ, мамлакатда кивининг саноат плантациялари мавжудлиги ҳақида ҳозирча ҳеч қандай маълумот йўқ.

EastFruit мутахассислари Ўзбекистонда киви етиштириш амалиёти ҳақида тажрибали боғбонлардан бири, Фарғона вилояти Қўқон шаҳрида яшовчи Шуҳрат Умаровни суҳбатга тортди. Жаноб Умаров бу мамлакатда киви етиштириш бўйича 15 йиллик тажрибага эга. У Ўзбекистон иқлим шароитида мазкур турдаги экинни етиштириш технологиясининг ўзига хос хусусиятлари борасида сўз юритди. Шуҳрат Умаров кивини очиқ грунтда ўстиради ва бу экинни қишнинг қаттиқ совуқларига чидамли, деб ҳисоблайди.

– Нима учун Ўзбекистонда киви етиштириш бўйича тажриба ўтказишга қарор қилганингизни қисқача сўзлаб берсангиз.

– Иқлим шароитимиз ва еримиз учун янгилик бўлган экинлар билан тажриба ўтказиш менга ёқади. 2006 йили эшитдимки, андижонлик боғбонлардан бири Туркиядан бир неча киви кўчатини олиб келибди. Бу мени қизиқтириб қолди, лекин, афсуски, ўша пайтда кўчатларни сотиб олишга маблағим етмади. Кейинроқ кивини уруғларидан ҳам етиштириш мумкинлигини билиб олдим. Дўкондан кивининг Hayward навини сотиб олиб, уруғларини ажратдим ва махсус тупроққа экдим, шу тариқа  кўчатлар ўстира бошладим. Орадан бир йил ўтгач, киви кўчатларининг бўйи тахминан 40 см га етди, шундан кейин мен уларни ташқаридаги оддий тупроққа кўчирдим. Кейинги 5 йилда кўчирилган ўнта кўчатдан учтаси гуллади, лекин шу учтадан фақат биттаси мева солди.

Гуллаш ва мева бериш жараёнидаги фарқларни кузатиб, киви кўчатлари икки хил – «эркак» ва «урғочи» турга бўлинишини тушундим. Кивининг «эркак» тури чанглатади, у гулласа-да,  мева бермайди ва фақат «урғочи» туригина мева беради. Уларнинг ҳатто гулларида ҳам фарқ бор.

Суратда: киви ўсимлигининг «урғочи» (чапда) ва «эркак» (ўнгда) турлари гуллаганда

Киви кўчатларини пайвандлаш усуллари, «эркак» ва «урғочи» турларининг оптимал нисбати, пайвандлаш учун йилнинг энг мақбул даврлари, бу ўсимликни парваришлашнинг ўзига хос хусусиятлари, жумладан, суғориш, ўғитлаш, буташ ва ҳоказоларни ўрганиб олдим.

Натижада, 2018 йили биринчи марта ҳар бир тупдан қарийб 50 килодан киви йиғиб олишга муваффақ бўлдим. Агар гектарига ҳисобланса, менинг ҳисоб-китобларимга кўра, тахминан 40 тонна киви олинади, чунки 1 гектар майдонга 800 тупга яқин киви кўчати экилади.

Шуни эътиборга олиш жоизки, ўсимлик мева бера бошлаган пайтдан бошлаб, киви ҳосили ҳар йили кўпайиб бораверади. Масалан, дарахт мева берган илк йилда унинг ҳар бир тупидан 5-10 кг, иккинчи йили 20-30 кг ва шу тариқа 50-60 килогача ҳосил олинади.

– Маҳсулотингиз таъмининг импорт қилинган киви таъмидан фарқи борми?

– Бор, албатта. Ўзбекистонда етиштириладиган киви импорт қилинганларидан анча ширин ва менимча, бой таъми билан фарқ қилади. Буни обдон таърифлаб бериш мен учун мушкул, бунга баҳо бериш учун уни татиб кўриш керак, ўшандагина Ўзбекистонда етиштирилган киви мазасини тушунасиз.

 – Ўз тажрибангиздан келиб чиқиб, айтинг-чи, Ўзбекистон шароитида киви етиштиришнинг қандай ўзига хосликлари бор?

– Бу ўсимлик учун қуйидаги шарт-шароитларни таъминлаш муҳим: биринчидан – ўсимлик остидаги тупроқ ҳар доим нам ва юмшоқ бўлиши керак, иккинчидан – ҳавонинг керакли намлик даражасини сақлаб туриш лозим. Ўзбекистоннинг иссиқ ва қуруқ иқлим шароитида биринчисини томчилаб ёки бошқа усулда суғоришни йўлга қўйиш мумкин, лекин сувни кўп бермаслик керак. Иккинчи шароитни куннинг маълум вақтларида сув пуркаб турадиган махсус спринклер ускунаси ёки шунга ўхшаш “микроклимат” яратувчи ускуналар ёрдамида таъминлаш мумкин. Тажрибамга асосланиб айтишим мумкинки, Ўзбекистон шароитида киви ўсимлигига “сунъий ёмғир” ёки “микроклимат” ускуналари ёрдамида сув пуркаб туришни май ойидан сентябрга қадар ҳар куни бир неча соат давомида, ёз ойларида эса қуёш ботганидан кейин таъминланиш зарур.

Агар ҳаво намлиги керакли даражада таъминланмаса ёки бу режим мунтазам равишда бўлмаса, киви мевалари импорт қилинган муқобилларига нисбатан кичикроқ бўлиб қолади. Бошқача айтганда, бу киви мевасининг калибрига салбий таъсир кўрсатади.

Шунинг учун Ўзбекистонда киви етиштириш учун ҳаво ва тупроқ намлиги юқори бўлган, шунингдек, ҳаво ҳарорати республикадаги ўртача кўрсаткичдан паст ҳудудлар ва микрозоналарни танлаш мақсадга мувофиқдир.

Парваришда киви “инжиқ” ўсимлик эмас. У касалликларга чидамли ва  зараркунандалардан ҳимоялаш учун махсус чора-тадбирлар талаб қилмайди. Шу боис, киви етиштиришдаги агротехник ишлар ҳажми бошқа экинларни ўстиришга қараганда анча кам. Ўғитларга келсак, мисол сифатида шуни айтишим мумкинки, биогумусдан фойдаланиш яхши натижалар берди.

Ўзбекистон шароитида киви кўчатларини пайвандлашнинг мақбул вақтини билиш ва кузатиш, буташ усуллари ҳамда техникасини ўзлаштириш муҳимдир. Зеро, кивининг ҳосилдорлиги шунга боғлиқ. Масалан, бу йил мева берган новдалар келаси йили мева бермайди, шунинг учун уларни буташ керак.

Кивининг Hayward нави ноябрь ойининг биринчи ўн кунлигида тўлиқ пишиб етилади. Лекин узоқ муддатли сақлаш ва транспортировка учун  тахминан 25 октябрдан йиғим-терим ишларини бошлаш зарур.

– Кивининг қишга чидамлилиги ва баҳор ойларида бўлиб турадиган совуқларнинг ҳосилга таъсири ҳақида нима дея оласиз? Бундай ҳолат ҳар бир неча йилда содир бўлиб туради, тўғрими?

– 15 йил давомида мен ўстирган кўчатлар ҳар қандай қишга ва совуқ об-ҳавога чидамлилигини кўрсатди. 2008 йили Ўзбекистонда жуда совуқ қиш бўлди. Ўшанда  кўчатларим атиги икки ёшда эди ва мен киви етиштириш билан боғлиқ тажрибаларим тугади, деб ўйлаганман. Ажабланарлиси, баҳор келганида кўчат куртаклаганига кўзим тушди – киви совуқдан омон қолган эди.

2021 йилнинг февраль ойи охири ва март ойи ўрталаридаги совуқлар, албатта, ҳосилга салбий таъсир кўрсатди. Бу йил ҳосилдорлик ҳар бир тупдан 25-30 кг ни ташкил қилди, яъни, одатдагидан деярли 2 баравар паст бўлди. Асосийси, ҳосил умуман бўлмади эмас, ҳар бир тупдан («урғочи» туридан) икки баравар кам бўлса-да, барибир ҳосил олдим.

– Ўзбекистонда йирик киви плантацияларини яратиш режангиз борми?

– Менга бу саволни вақти-вақти билан беришади, лекин асосий фаолиятим бошқа турдаги ўсимликларни етиштириш билан боғлиқ, қолаверса, бундай плантацияларни яратиш учун ерим ҳам йўқ. Киви етиштириш – мен учун қизиқарли машғулот. Бунда мени қизиқтирган асосий ғоя –ушбу мевани Ўзбекистон шароитида етиштириш мумкинми ва қандай натижаларга эришиш мумкин, каби саволларга жавоб излашдир.

Ушбу севимли машғулотнинг тижорат компоненти сифатида мен киви кўчатларини етиштириш ва сотиш бўйича кичик бизнес ташкил этишга муваффақ бўлдим. Қолаверса, мендан киви кўчатини харид қилиб экканларга уни парваришлашда ўз маслаҳатларимни ҳам аямайман.

– Боғбон ва фермерларнинг киви етиштиришга бўлган қизиқишини қандай баҳолайсиз? Кўчатларингизга катта буюртмалар бўлганми?

– Менда киви кўчатлари учун катта буюртмалар бўлмаган. Буюртмалар ҳажми тахминан бир неча кўчатдан тортиб йигирма донагача бўлиб, уларни асосан, кичик майдонларда, томорқаларда ёки хонадонлар ҳовлисида экиш учун сотиб олишади. Шунга кўра, олинган киви ҳосили ҳам шахсий истеъмолга йўналтирилади ва бозорга деярли кириб бормайди.

EastFruit таҳлилчиларининг баҳолашича, 2017 йилдан 2019 йилга қадар Ўзбекистонга киви импорти ҳажми 1,2 минг тоннадан рекорд даражадаги 4,1 минг тоннагача ошган. 2020 йилда эса 2,1 минг тоннага тушган. Бу ҳажмнинг ярмидан кўпроғи Эрондан, қолган қисми эса Покистон ва Туркиядан етказиб берилди. Кичик миқдордаги киви партиялари (йилига 70 тоннагача) Чили, Хитой ва Россиядан импорт қилинган. 2021 йилда Ўзбекистонга киви етказиб берувчи давлатлар сафига Аргентина ҳам қўшилди.

Ҳозирги вақтда Ўзбекистон супермаркетларида кивининг ўртача чакана нархи 55 000 сўм/ кг (5,1 доллар/кг)ни ташкил қилади.

Шубҳасиз, Ўзбекистонда киви етиштириш таннархи ишчи кучига сарфланадиган харажатлар нисбатан камлиги туфайли бу маҳсулотни жаҳон бозорига етказиб берадиган йирик давлатларга қараганда паст бўлади. Ҳавонинг зарур намлик даражасини ускуналар (спринклерлар) эса зарурат туғилганида кивини совуқдан ҳимоялашга ҳам ёрдам беради. Чунки, баҳорда ҳарорат нолдан пастга тушганида энг самарали ҳимоя тизими –  тождор спринклерлардир.

EastFruit экспертларининг фикрича, ички бозорда киви нархларининг юқори эканини ҳисобга олсак, Ўзбекистонда кивини тижорат мақсадларида етиштириш яхши фойда келтирадиган бизнес бўлиши мумкин. Бундан ташқари, пишиб етилган киви импорт қилинганига қараганда қимматроқ сотилиши эҳтимоли баланддир, чунки узоқ масофаларга етказиб бериш эҳтиёжи сабаб экспортчи мамлакатларда киви пишиб етилмасдан узилади.

Шу сабаб, Ўзбекистонда пишиб етилган киви таъм бўйича хорижникидан устунлик қилади. Агар маҳаллий аҳоли чиндан ҳам мазали кивини татиб кўрса ва бу меванинг таъми тилларга тушса, мамлакатда унинг истеъмоли кескин ошиб, ишлаб чиқаришга сармоя киритиш учун янги имкониятлар яралиши мумкин. Ва шунда экспорт ҳақида ҳам ўйлаб кўрса бўлади. Бугунки кунда, масалан, қўшни Тожикистонда кивининг машҳурлик даражаси тез ўсиб бормоқда ва бу мева аллақачон Янги йил дастурхонининг муҳим безагига айланган.

EastFruit

Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.

Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!

Бу сизга ҳам қизиқ бўлиши мумкин

Турк лирасининг қулаши: Туркиядан импорт қилинадиган мевалар оқими ортиши кутилмоқда

EastFruit

Боғлар ва узумзорлар учун янгиланган Zilus агророботи тақдим этилди

EastFruit

Марказий Осиё боғбонлари қора смородинани йошта билан, қизилини эса калина билан адаштиришмоқда!

EastFruit

Шарҳлар қолдиришингиз мумкин