Бош саҳифаЯнгиликларУшбу мавсумда Грузия фермерлари ёнғоқ ҳосили кўпайишини прогноз қилмоқда
ДолзарбМахсусЯнгиликлар

Ушбу мавсумда Грузия фермерлари ёнғоқ ҳосили кўпайишини прогноз қилмоқда

Грузияда ёнғоқ ҳосилини йиғиштириб олиш мавсуми бошланишига бир ойга яқин вақт қолди. EastFruit мамлакатнинг бир нечта йирик ёнғоқ етиштирувчиларидан ушбу мавсум бўйича прогнозларини билишга ҳаракат қилди. Шарқий Грузиядаги об-ҳаво шароитлари билан боғлиқ муаммолар ҳамда бозорда маҳаллий таклифнинг ўсишига қарамасдан, умуман, фермерларнинг кутилмалари ижобий.

Янги ёнғоқ боғларида ҳосилдорлик юқори бўлиши кутилмоқда. Чунки улар бу йил тўлиқ мевага киради, об-ҳаво эса бу йил умуман олганда яхши келди. Фермерларнинг сўзларига кўра, Грузияда бу йил ўтган йилгига нисбатан кўпроқ ёнғоқ етиштирилиши кутилмоқда.

Ўтган йили янги боғлар пўстлоқли ёнғоқни (Chandlar) маҳаллий бозорда ўртача 8-10 лари/кг (2,48-3,11 доллар)дан сотишганди. Уларнинг кўпчилиги бу йил ҳам маҳсулотни маҳаллий бозорда сотади, бироқ бир неча йирик ишлаб чиқарувчилар экспорт бозорларида музокараларни бошлаб юборишган.

“Агропродукт” компанияси Кахетин вилоятида 230 гектарлик ёнғоқ боғи ва қайта ишлаш заводига эга. 230 гектардан 40 гектари 6 йил аввал экилган. Компания менежери Михаил Абашидзенинг сўзларига кўра, бу йил 250 тонна атрофида ҳосил кутилаётганди, аммо яқинда Кахетин минтақасида ёққан дўл ҳосилнинг 15-20 фоизига зарар етказди.

“Мағиз шаклланиб улгурганди, шу сабабли у зарарланмаган, бироқ пўстлоғида дўлдан кейин қора доғлар бор. Улар эса бозор нархига таъсир қилади”, деди Абашидзе.

Компания аллақачон маҳаллий харидорлар, шунингдек, Португалия ва Германия импортёрлари билан музокара олиб бормоқда. Ўтган йили мазкур ишлаб чиқарувчилар ҳосилнинг бир қисмини Португалияга сотишган. Ҳали нархлар белгиланганича йўқ, чунки маҳаллий бозорда ҳам, дунё бозорида ҳам янги ҳосил сотувлари бошланмади.

Яна бир йирик ёнғоқ етиштирувчи – Гурам Накашидзенинг Кахетин минтақасида 82 гектарлик майдонга эга боғлари бор. У 5 йиллик боғдан 50-60 тонна ҳосил кутмоқда. Фермернинг бахтига унинг боғлари жойлашган Лагодехи муниципалитети дўлдан азият чекмади.

Мавсум ҳали бошланмади, аммо Накашидзе ўз ҳосилини 7 лари/кг (2,25 доллар)дан сотишга улгурди. Боғбоннинг фикрича, айниқса, экспорт бозорларида бу йил ёнғоқлар яхши нархда сотилади. Чунки дунёдаги асосий ёнғоқ етиштирувчилардан бўлган АҚШда ҳосил ўтган йилгидан камроқ.

Мцхета-Мтианети минтақасида 25 га боғига эга бўлган “Падеми” компанияси ҳам яхшигина ҳосил кутяпти. Компания эгаси Михаил Авалиани бу йил 50-60 тонна ҳосил олишни режалаштирган. У, шунингдек, бу йил маҳаллий ишлаб чиқариш кўпроқ бўлишини қайд этди, бироқ мавсум бошланмай туриб нарх бўйича прогноз беришни истамади.

EastFruit мониторинги маълумотларига кўра,
ёнғоқнинг (пўстлоғи билан) ўртача нархлари 2020 йил (1,86 АҚШ доллари) ва 2019 йил (2,02 АҚШ доллари) октябрь ойларида 6 лари/кг ни ташкил қилган. Одатда чандлер (янги боғларга экилган асосий нав)нинг нархлари ўзининг яхшироқ хусусиятлари туфайли маҳаллий навлардан қимматроқ юради.

EastFruit

Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.

Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!

Бу сизга ҳам қизиқ бўлиши мумкин

Турк лирасининг қулаши: Туркиядан импорт қилинадиган мевалар оқими ортиши кутилмоқда

EastFruit

Ўзбекистонда тарвуз нархи бир ҳафта ичида 33 фоизга пасайган

EastFruit

Ўзбекистоннинг жанубий ҳудудларида эртаги узум навлари ҳосилини йиғиб олиш бошланди

EastFruit

Шарҳлар қолдиришингиз мумкин