Бош саҳифаЯнгиликларUSAID кўмагида ўзбекистонлик экспортерлар АҚШга 1 млн долларлик қуритилган мева етказиб беради
Янгиликлар

USAID кўмагида ўзбекистонлик экспортерлар АҚШга 1 млн долларлик қуритилган мева етказиб беради

Ўзбекистон компаниялари АҚШ Халқаро ривожланиш Агентлиги (USAID) кўмагида АҚШ импортёрлари билан музокаралар олиб бормоқда, дея хабар берди АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси.

2022 йилнинг 8-10 февраль кунлари Ўзбекистоннинг учта йирик боғдорчилик маҳсулотлари экспортери ҳамда Ўзбекистон Экспортни рағбатлантириш агентлиги USAID молиявий кўмагида Калифорния штатининг Туларе шаҳрида ҳар йили бўлиб ўтадиган World Ag Expo кўргазмасида илк бор иштирок этди.

Мазкур сафарда Ўзбекистонлик компанияларга USAID стенд тўловларини молиялаштирди ҳамда потенциал ҳамкорларни топишда ёрдам берди. Кўргазма якунига кўра, ҳар уч компания АҚШ импортчилари билан музокараларга киришга муваффақ бўлди. Ўтган ҳафта компаниялардан бири АҚШнинг Нью-Йорк шаҳрида жойлашган озиқ-овқат импортчисига қиймати 1 миллион доллардан ортиқ бўлган миқдорда қуритилган мевалар, хусусан, ўрик қоқиси ва майиз етказиб бериш бўйича келишувга эришди. Яна бир компания Калифорниянинг Сан-Хоакин водийсида жойлашган West Hills College коллежи билан боғдорчилик соҳасидаги ишлаб чиқарувчилар билан ўзаро тажриба алмашув ташрифларини ташкиллаштириш борасида мулоқотларни бошлади.

Шунингдек ўқинг: Ўзбекистон карамнинг асосий турлари экспорти бўйича рекорд даражаларни қайд этишда давом этмоқда

Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги сектори бандликни таъминлаш борасида энг йирик иқтисодиёт тармоқларидан биридир. Мазкур сектор улушига ялпи ички маҳсулотнинг тахминан 27 фоизи тўғри келади ва у ишчи кучининг 25 фоизини иш билан таъминлайди. 2021 йилда Ўзбекистон қиймати 957,3 миллион АҚШ долларига тенг бўлган 1,5 миллион тонна мева-сабзавот экспорт қилди. Ушбу кўрсаткич 2020 йилга нисбатан 5,1 фоизга камайган. Мазкур маҳсулотлар экспортининг асосий қисми Россия, Қозоғистон, Қирғизистон, Хитой ва Покистонга юборилади. Ўзбекистон экспортчилари Ғарбий Европа ва АҚШнинг юқори даражада рақобатли бўлган ва юқори даражадаги сифатни талаб қилувчи бозорларига киришга қийналар эдилар. АҚШ озиқ-овқат импортчиси билан тузилган 1 миллион долларлик келишув, глобал миқёсда кичик бўлса-да, Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги қишлоқ хўжалиги савдоси учун муҳим қадамдир. West Hills College коллежи билан ўрнатилган алоқалар ҳам муҳим аҳамиятга эга. Ўзбекистон ўз боғдорчилик соҳасини кенгайтирар экан, Американинг техник тажрибаси, асбоб-ускуналари ва қишлоқ хўжалиги жиҳозларидан фойдаланиш Ўзбекистон экспортчилари учун муҳим аҳамият касб этади.

World Ag Expo кўргазмасида 1200 дан ортиқ компания иштирок этади ва қишлоқ хўжалиги техникаси, маҳсулотлари, коммуникациялари ва технологияларининг энг сўнгги намуналарини намойиш этади.  Бу йил кўргазмада 65 мамлакатдан 100 мингдан ортиқ ташриф буюрувчи, йирик харидорлар ва чакана сотувчилар иштирок этди.

EastFruit

Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.

Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!

Бу сизга ҳам қизиқ бўлиши мумкин

Иордания Ўзбекистон анорлари учун ўз бозорларини очди

EastFruit

Ўзбекистонга Венгриядан картошканинг мини туганаклари келтирилди

EastFruit

Буюк Британия қишлоқ хўжалиги соҳасига Ўзбекистондан ишчилар жалб қилишни режалаштирмоқда

EastFruit

Шарҳлар қолдиришингиз мумкин