Бош саҳифаЯнгиликларУкраиналик фермерлар картошкадан қанча даромад олишади?
Долзарб Махсус Янгиликлар

Украиналик фермерлар картошкадан қанча даромад олишади?

Картошка жуда юқори рентабелликка эга бўлишига қарамай, уни етиштиришга йўналтирилган инвестицияларнинг реал рентабеллиги қарийб 30%ни ташкил қилади. Ушбу фикрни Украинада импорт қилинадиган ва етиштириладиган уруғлик картошка бозори етакчиларидан бири –  «Агрико Украина» компанияси директори Николай Гордийчук Aggeek видеоблогида билдирди.

Картошка етиштиришда қанча пул ишлаш мумкинлиги ва тизимли фойда олиш учун нима қилиш кераклиги ҳақида EastFruit материалида ўқинг.

Хўраки картошканинг 1 гектарига харажатлар ўртача 5,6 минг долларни, фойда – 1,9 минг долларни ташкил этади.

«Картошка етиштириш – бу муваффақиятнинг атиги 50%и. Зеро, уни мавсум давомида энг мақбул нархларда сотиш учун тўғри сақлай билиш ҳам керак. Бундан ташқари, ишлаб чиқариш бўйича шерикларимиз мавсум давомида доимий равишда сифатли маҳсулот етказиб беришимизни исташади – буни, табиийки, замонавий омборсиз уддалаб бўлмайди. Бугунги кунда бизда сиғими 1200 тонналик омборхона мавжуд. Унинг қурилиши 500 минг долларга тушди”, дейди Николай Гордийчук.

Дастлаб корхонанинг 20 гектар майдонида уруғлик картошка етиштирилган. Бугунги кунда «Агрико Украина«да  200 гектарга яқин майдонни картошка экини эгаллаган.

«Агрико Украина» директорининг сўзларига кўра, ҳозир картошка бозорида маданий навларга талаб ўсиб бормоқда. Улар истеъмолчилар томонидан белгиланади. «Агар илгари биз универсал навларни етиштирган бўлсак, бугун истеъмолчи қайнатиш, печда пишириш, фри тайёрлаш учун алоҳида-алоҳида навларни хоҳлайди. Табиийки, истеъмолчининг  истакларини инобатга олган ҳолда HoReCа сегменти биздан шундай навларни сўраб мурожаат қилади”, дейди Николай Гордийчук.

Агар 1 гектар хўраки картошкадан олинадиган даромад ҳақида гапирадиган бўлсак, Николай Гордийчукнинг сўзларига кўра, бу ўртача 50 минг грн ($1,9 минг)ни ташкил этади.

“Картошка 1 гектар ердан даромад олиш нуқтаи-назаридан юқори маржинал экин ҳисобланади. Шу билан бирга, картошка етиштириш бизнеси жуда катта маблағ талаб қилади – 1 гектар хўраки картошкани етиштиришнинг ўртача қиймати 120-150 минг грн (4,5-5,6 минг доллар), уруғлик картошка етиштириш эса тахминан 250 минг грн / га (9,4 минг доллар)дир. Бунга уруғлик материал, технологиялар, ўғитлар ва йиғим-терим харажатлари киради. Масалан, картошкани сақлаш учун мўлжалланган бир дона қути тахминан 2 000 грн (75,25 доллар) туради. Бизнинг қумли тупроқларда ишлайдиган комбайнни таъмирлаш учун эса йиллик харажатлар 250-300 минг грн (9,4-11,3 минг доллар)ни ташкил қилади. Шундан келиб чиққан ҳолда капиталнинг рентабеллиги тахминан 30%га тенг, дейиш мумкин. Айнан шу боис, бугун катта ер банкига эга бўлган кўплаб компаниялар картошка бизнесидан воз кечиб, рентабеллиги 100%лик экинлар, масалан, соя етиштиришни йўлга қўйишди. Кўпинча, картошкачилик билан кичик ва ўрта фермерлар шуғулланади, улар учун картошка етиштириш ижтимоий компонентга эга”, дейди Николай Гордийчук.

Шунингдек ўқинг: Украина фермерлари асосан қурғоқчиликка бардошли, эртапишар картошка навларини танламоқда – Николай Гордийчук, “Агрико-Украина”

«Агрико Украина» директорининг сўзларига кўра, унинг компанияси ўз уруғлик картошкасини етказиб берувчи фермер хўжаликлари билан ишлайди. «Ва уларга нимани таклиф қилиш яхшироқ эканини тушуниш учун биз хўраки картошка сегментида ҳам ишлашга қарор қилдик. У бизнесимиз айланмасининг 10 фоизидан камроғини ташкил этади.

Бундан ташқари, сўнгги йилларда биз Metro Cash&Carry, Good Wine, WineTime тармоқлари билан ишлаяпмиз. Шу билан бирга, ёш картошкалар етказиб бермаймиз – бу бизнинг ниша эмас. Аниқ белгиланган мавсумда – сентябрдан апрель ойи охирига қадар ишлаймиз»,  дейди Николай Гордийчук.

Қайта ишлаш сегменти ривожи ҳисобга олинган ҳолда Украинанинг уруғлик картошка бозори қайта шакллантирилади.

«Агрико Украина» директорининг сўзларига кўра, уруғлик картошка бозори ривожининг асосий драйвери бу қайта ишлаш сегментидир. АҚШ ва Ғарбий Европа бозорларида картошканинг 90%и қайта ишланган ҳолда сотилади. “Украинада айни пайтда бунинг аксини кўриш мумкин. Келгусида эса Украина картошка бозори бутунлай қайта шакллантирилади. Ҳозирча қайта ишлаш сегменти бозорда ўз ўрнини секинлик билан эгаллаб бормоқда. Масалан, PepsiCo Украинада ишлай бошлагач, маҳаллий деҳқонлар учун йиллик ҳажми 50 минг тонналик бозор пайдо бўлди ва бу бозорнинг нархлари барқарор. Бироқ, бугунги кунда Украинада бирорта ҳам йирик ишлаб чиқарувчи, масалан, картошка фрисини тайёрлайдиган корхона йўқ. Ишончим комилки, унинг пайдо бўлиши – вақт масаласига боғлиқ. Ҳозирча картошка фрисининг барча ҳажми, хусусан, HoReCa сегменти учун Бельгия, Голландия ва Польшадан импорт қилинмоқда. Фри ишлаб чиқариш қувватлари Украинада ишга тушиши билан, ишончим комилки, бизнинг компания тегишли навларни етиштирмоқчи бўлган фермерлардан уруғлик картошка бўйича сўровлар қабул қилади».

Шу билан бирга, Николай Гордийчук фри ишлаб чиқариш жуда кўп энергия сарфланадиган жараён эканлигига эътибор қаратди.

«Бугунги кунда Украинада энергиянинг нархи анча юқори. Иккинчидан – бу пулнинг қиймати. Картошка фри ишлаб чиқарувчи завод қурилишига тахминан 20 миллион евро сармоя киритиш керак. Шу боис, бугунги кунда Украинада Польша, Бельгия ёки Голландия корхоналари маҳсулотлари билан таннарх бўйича рақобатлашадиган маҳсулот ишлаб чиқариш деярли имконсиздир. Бундан ташқари, юқорида айтиб ўтилган импорт масштабида рақобатлаша оладиган завод йилига 40-50 минг тонна  картошка фри ишлаб чиқариши керак. Украина бозорининг ички истеъмоли эса 16-20 минг тонна даражасидадир. Шунга кўра, фри ишлаб чиқариладиган заводни қуриш босқичидаёқ, маҳсулотни экспорт бозорларига сотиш ҳақида ўйлаш керак. Хуллас, биз шундай хулосага келишимиз мумкинки, Украинада бундай қайта ишлаш заводини қуришни фақат яхшигина савдо каналларига эга бўлган йирик халқаро компания амалга ошириши мумкин”, дейди Николай Гордийчук.

«Агрико Украина» директорининг сўзларига кўра, Украинада картошкани қайта ишлаш сегментининг ривожланишига, шунингдек, бозор иштирокчилари ўртасида алоқа йўқлиги, айниқса, «фермер – воситачи – савдо тармоғи» занжирида бу яққол кўзга ташланади. «Менимча, энг яхшиси, «воситачи»нинг ушбу занжирдан чиқарилиши – бу ишлаб чиқарувчи ва чакана савдо тармоғи ўртасидаги ҳамкорликни яхшилашга ёрдам беради», дейди ишонч билан Николай Гордийчук.

EastFruit

Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.

Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!

Бу сизга ҳам қизиқ бўлиши мумкин

Ўзбекистонга Венгриядан картошканинг мини туганаклари келтирилди

EastFruit

Картошканинг Туркиядан келтирилган янги навлари Ўзбекистонда синовдан ўтказилади

EastFruit

Туркияда ўтган йили 1,3 миллион тонна сархил мева шарбат ишлаб чиқариш учун қайта ишланди

EastFruit

Шарҳлар қолдиришингиз мумкин