Бош саҳифаЯнгиликларУкраинада сабзавотлар май ойи охиригача яна 25-30 фоиз қимматлаши мумкин
Янгиликлар

Украинада сабзавотлар май ойи охиригача яна 25-30 фоиз қимматлаши мумкин

Уруш туфайли Украина бақлажон ҳосилининг 71 фоизини, помидор ҳосилида 68 фоиз, қалампирда 58 фоиз, пиёзда 46 фоиз, бодрингда 45 фоиз, қовоқда 39 фоиз, сабзида 38 фоиз, картошкада 38 фоиз, лавлагида 35 фоиз, карам ҳосилида эса 32 фоизини бой бериши мумкин. «Фокус» нега Украинада сабзавотлар тез қимматлашаётгани ҳамда ушбу мамлакат булғор қалампири, кабачок, бақлажон ва бодринг тақчиллигига дуч келдими-йўқми – шуларни аниқлади.

Украинада сабзавотларнинг келгусидаги ҳосилига таҳдид нафақат ҳудудларнинг бир қисми босиб олингани, балки баҳорги юмушлар учун сарфланадиган ресурслар етишмовчилиги билан ҳам боғлиқ.

Агромаҳсулот етиштирувчиларни ресурслар билан таъминлашда ҳам ҳукумат, ҳам турли жамғармалар кўмак беради. Масалан, Аграр сиёсат вазирлиги ва халқаро ҳамкорлар кўмагида “Ғалаба боғлари” ташаббуси бошланган.  Украина аграр сиёсат ва озиқ-овқат вазирининг биринчи ўринбосари Тарас Висоцкийнинг айтишича, бу лойиҳа ер участкасида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришга тайёр бўлган барча украиналикларни зарур материаллар билан таъминлашга ёрдам беради.

Бироқ, 2022 йилда Украина сабзавот тақчиллигига дуч келиши мумкин. «Ғалаба боғлари» лойиҳаси маълумотларига кўра, Россия бошлаган уруш туфайли Украина бақлажон ҳосилининг 71 фоизини, помидор ҳосилида 68 фоиз, қалампирда 58 фоиз, пиёзда 46 фоиз, бодрингда 45 фоиз, қовоқда 39 фоиз, сабзида 38 фоиз, картошкада 38 фоиз, лавлагида 35 фоиз, карам ҳосилида эса 32 фоизини бой бериши мумкин.

Ушбу ҳисоб-китоб март ойи охиридаги ҳолатга асосланган. Кейинроқ душман Киев, Чернигов ва Сум вилоятларидан чекинган бўлса-да, вазият буткул яхшиланиши даргумон.

Биринчидан, озод қилинган ҳудуддаги далаларни минадан тозалаш керак.

Иккинчидан, бир қатор сабзавотлар, хусусан, помидор, бақлажон, қалампир етиштириш билан Украина жанубидагилар шуғулланган. Бу ҳудудларнинг катта қисми эса Россия армияси назорати остида қолмоқда.

Украинада қайси сабзавотлар нархи ошиши мумкин?

Украинада сабзавот нархи уруш бошланганидан кейин дарҳол кўтарилиб кетди. Давлат статистика хизмати маълумотларига кўра, 2022 йилнинг март ойида 2021 йилнинг декабрига нисбатан картошка нархи 33,6 фоизга ошиб, килограмм учун 11,70 грн.ни, пиёз – 60,6 фоизга ошиб, килограмм учун 19,42 грн.ни, лавлаги – 64,2 фоизга ошиб, килограмм учун 21,91 грн.ни ташкил қилди. Сабзи ва оқ карам эса икки баробаар қимматлашди – кг учун 20,06 грн. ва 23,34 грн.гача.

Помидор нархи, айниқса, сезиларли даражада ошди.  Супермаркетлардаги нархларни кузатиб борувчи minfin.com.ua портали маълумотларига кўра, биргина апрель ойида помидор нархи 53,22 фоизга, март ойида эса 8,38 фоизга қимматлашган. 17 апрель ҳолатига кўра, оддий қизил помидорнинг ўртача нархи кг учун 80,23 грн, пушти помидор нархи – 157,20 грн.га етди.

“Аграр иқтисод институти” МИМнинг Нарх белгилари ва қишлоқ хўжалиги бозори бўлими бошлиғи Инна Сало фермерларнинг энергия ташувчилар, транспорт, коммунал хизматлар, электр энергияси ва ҳоказолар билан боғлиқ ҳаражатлари ошишини сабзавот нархи қимматлашининг асосий омили деб атамоқда. Эксперт май ойи охирига қадар сабзавот турига қараб, истеъмол нархлари яна 25-30% га ошишини кутиш кераклигини айтмоқда.

“Эртаги сабзавотлар, асосан, мамлакат ғарби ва жанубидаги иссиқхоналарда етиштирилади, уруш даврида эса уларнинг ҳосилини йиғиб олиш ва сотиш анча қийинлашди”,  дейди Инна Сало. «Херсон вилоятида, Запорожьенинг бир қисмида ва жанглар давом этаётган бошқа вилоятларда сабзавотлар экиладиган далалар бой берилмоқда. Бошқа томондан, логистика муаммоси туфайли Туркиядан иссиқхона сабзавотларини импорт қилиш ҳам қийинлашган”.

Ушбу омиллар нарх динамикасига таъсир қилмоқда. Мутахассиснинг фикрича, сабзавот етиштириладиган ҳудудларда таклиф ҳаддан ташқари кўп бўлса, бошқаларида, аксинча, тақчиллик, нархлар сакраши қайд этилиши мумкин.

EastFruit

Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.

Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!

Бу сизга ҳам қизиқ бўлиши мумкин

Турк лирасининг қулаши: Туркиядан импорт қилинадиган мевалар оқими ортиши кутилмоқда

EastFruit

Ўзбекистонда тарвуз нархи бир ҳафта ичида 33 фоизга пасайган

EastFruit

Ўзбекистоннинг жанубий ҳудудларида эртаги узум навлари ҳосилини йиғиб олиш бошланди

EastFruit

Шарҳлар қолдиришингиз мумкин