EastFruit таҳлилчиларининг хабарига кўра, ўтган ҳафта Украинада оқ бошли карам нархи деярли икки баробар ошди. Агар ноябрь ойи охирида кўпчилик фермер ва савдогарлар карамни 5 дан 8 грн/кг гача (0,19-0,30 доллар/кг) улгуржи нархда таклиф қилган бўлса, 2021 йилнинг 10 декабрига келиб, нархлар 8-10 грн/кг ($0,30-0,37) даражасига кўтарилди.
Нархлар кескин ошиши натижасида импортёрлар бошқа қўшни мамлакатлардан маҳсулот сотиб олиш имкониятларини кўриб чиқа бошлашди. Оқ бошли карам Шарқий Европанинг оз сонли мамлакатларида кўп миқдорда истеъмол қилинадиган ўзига хос маҳсулот бўлгани сабабли ва Беларусь ҳамда Россияда ҳам карам нархи барча рекордларни янгилагани туфайли Украина импортёрлари Польшадан ушбу турдаги сабзавот харидини бошлашга мажбур бўлишди.
Бугунги кунда Польшада кичик ҳажмдаги улгуржи партияларда карам 0,75 злотийга сотилмоқда, бу 5 грн/кг га тенг. Катта улгуржи савдо билан эса пастроқ нарх ҳақида гапириш мумкин. Шунинг учун ҳозир Украина бозори юқори сифатли Польша карами нархини ҳам қабул қилмоқда. Боз устига, Украина бозори иштирокчилари нархлар ўсишда давом этади, деган фикрда.
Украинада карам нархининг бундай кескин ошишига нима сабаб бўлди? Мутахассислар фикрича, буларнинг барига “домино эффекти” сабабдир.
«Россияда карам нархи кетма-кет бир неча ҳафта давомида тез ўсишда давом этмоқда, чунки, маҳаллий бозорда карамнинг кескин танқислиги кузатиляпти. Табиийки, ўртача нарх ҳозир бир килограмм учун 0,6 долларга яқин даражада шаклланмоқда, бу ўтган йилнинг шу давридаги Украина карами нархидан икки баравар ва Россия карами нархидан беш баробар юқори! Табиийки, Россия карамни барча мумкин бўлган етказиб берувчилардан, биринчи навбатда, Беларусдан импорт қилишга ҳаракат қилмоқда. Бироқ, у ерда ҳам Россия Федерациясидан талаб ортиб бораётгани сабабли, карам нархи тез суръатлар билан ўсиб бормоқда. Шу билан бирга, қурғоқчилик туфайли Беларуснинг ўзида етиштирилган карам ҳосили унчалик юқори эмас эди. Шунга кўра, Беларусь Украинада ушбу сабзавот нархини ортидан «тортқилаган» россиялик импортёрларнинг эҳтиёжларини қондириш учун Украинадан карам сотиб ола бошлади», дейди Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) инвестицион департаменти иқтисодчиси Андрий Ярмак.
Украинанинг ўзида карамнинг ўртача улгуржи нархи бир йил аввалгидан тўрт баравар юқори. Демак, Украинада бусиз ҳам нархи рекорд даражада юқори бўлмиш «борш тўплами» сабзавотлари нархи янада тез ўсишда давом этади. Сабзавотлар нархлари билан боғлиқ худди шундай муаммо Ўзбекистонда ҳам мавжуд бўлиб, ушбу турдаги сабзавотнинг Россия бозорига экспорти кўпайиши туфайли нарх рекорд даражага етмоқда.
Энди, агар Украина Польшадан карамни кенг миқёсда сотиб ола бошласа, бу ерда ҳам нарх ошиши мумкин. Тўғри, ижобий ҳолат ҳам йўқ эмас – минтақадаги мева-сабзавот бўйича энг йирик савдо майдони EFTradePlatformда сўнгги пайтлар карам етказиб бериш билан боғлиқ таклифлар кескин ошди. Афтидан, фермерлар ушбу сабзавот нархи ошишига ижобий муносабатда бўлиб, узоқ муддатли сақлаш харажатлари ва зарарлар хавфини ўз зиммаларига олмай туриб, уларни жуда яхши фойда билан сотишга ҳаракат қилишмоқда.
Фермерларнинг бошқа бир гуруҳи эса карам нархининг ўсиш чегараси ҳали тугамаганига ишониб, кутиш позициясида туришни маъқул кўришмоқда. Биз суҳбатлашган сабзавот етиштирувчиларнинг айримлари январь-февраль ойларида Россия бозорида карам нархи мисли кўрилмаган даражадаги нарх – 1 доллар (кг учун)га етиши мумкинлигига ишонмоқда! Украина фермерларининг умидлари унчалик катта эмас – улар карамни нарх 0,5 доллар (кг учун)га етганида замонавий сабзавот омборларидан сотишни бошлашга тайёр.
Шу билан бирга, март ойида Россия ва Украина бозорларида Марказий Осиёнинг жанубий вилоятларидан эртаги карамнинг биринчи партиялари пайдо бўлишини унутмаслик керак. Бу барқарорлашувга ва ҳатто нархлар пасайишига олиб келиши мумкин. Ўзбекистонлик фермерлар эртаги карам экиладиган майдонларни кескин кенгайтириш ниятлари борлигини аллақачон маълум қилишган эди.
Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.
Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!