Бош саҳифаЯнгиликларУкраина рекорд миқдорда гилос импорт қилди, маҳаллий маҳсулотга талаб йўқлиги сабаб экспорт кескин камайди
ДолзарбМахсусЯнгиликлар

Украина рекорд миқдорда гилос импорт қилди, маҳаллий маҳсулотга талаб йўқлиги сабаб экспорт кескин камайди

EastFruit таҳлилчилари 2021 йилда эътиборни бир неча бор гилос бозоридаги оғир вазиятга қаратишганидан хабарингиз бор. Зеро, ўшанда маҳаллий маҳсулотлар нархи рекорд даражада пасайган, аммо уларга ҳануз талаб йўқ эди. Хусусан, Украинанинг Запорожье вилояти Мелитополь шаҳридаги боғбонлар маҳсулотларининг бир қисмини чиқиндига ташлашга мажбур бўлишди, чунки, у умуман сотилмади.

Бироқ, ажабланарлиси шундаки, айнан 2021 йилда бозорда ортиқча маҳаллий гилос максимал даражада, нарх эса аксинча, минимал бўлган маҳал Украина бу мевани ўз тарихидаги рекорд даражада импорт қилган. Украинага сархил гилос импорти ҳажми 2 минг тоннага етди ва 2020 йилга нисбатан 83 фоизга ўсди.

Қизиғи шундаки, Украинадан гилос экспорти арзон нархлар, маҳсулот танқислиги ва Европа Иттифоқи бозорларида ҳам гилоснинг юқори нархига қарамай, кескин камайди. Бутун мавсум давомида украиналик экспортёрлар атиги 466 тонна гилос экспорт қила олишди. Бу кўп йиллар давомида мамлакатдан экспорт қилинган гилоснинг рекорд даражадаги паст кўрсаткичидир.

“Истеъмолчилар, жумладан, украиналикларнинг ҳам гилос сифатига бўлган талаблари тобора ортиб бормоқда. Улар замонавий йирик мевали навларга кўпроқ қизиқишяпти. Шу билан бирга, Украинада  гилос етиштириш технологиялари, асосан, анъанавийлигича қолган ва замонавий бозор нуқтаи назаридан эскирган. Агар бир неча йил аввал бундай гилос учун истеъмолчини мамлакат ичида ва Беларусда топиш мумкин бўлган бўлса, ҳозир бизнинг бозор ва Беларусь, Россия бозорларида импорт қилинадиган юқори сифатли маҳсулотлар бўйича кўплаб таклифлар пайдо бўлди. Украина истеъмолчиси бунинг учун кўпроқ тўлашга тайёр. Айтганча, 2021 йилда унчалик кўп бўлмаган юқори сифатли Украина гилосига ҳам талаб жуда юқори ва нархлар анчагина баланд  эди», дейди Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) инвестицион департаменти иқтисодчиси Андрий Ярмак.

“Айтганча, Украина бозорига асосий гилос етказиб берувчига айланган Ўзбекистонда ҳам бу йил илк бор худди шундай ҳолат юзага келди. У ерда гилос етиштириш ортиб бормоқда, бироқ, ушбу мева учун юқори нарх тўлайдиган ва юксак талаблар қўядиган мамлакатларга экспорт камлигича қоляпти. Шу боис, ўзбек фермерлари гилосни қандайдир йўл билан сотиш учун унинг нархини пасайтиришга мажбур бўлишмоқда. Ваҳоланки, худди шу пайтда жаҳонда сифатли гилос нархи ўсишда давом этмоқда”, дейди ФАО эксперти.

Шунингдек ўқинг: Ўзбекистон бу йил Жанубий Кореяга гилос экспортини оширди

2021 йилда Ўзбекистон Украинага 745 тонна гилос экспорт қилди, бу ўтган йилгига нисбатан 12 баробар кўпдир. Украина ва Молдова бозорларига 2021 йилда 431 тонна сархил гилос етказиб бериш ҳажми икки баравар ошди. Греция Украинага Молдова билан деярли бир хил миқдорда гилос экспорт қилди, бу мамлакатдан етказиб бериш ҳажми эса  йил давомида ўзгармади, чунки, Европа Иттифоқидаги нархлар юқорироқ эди. Украинага Эроннинг ҳам гилос экспорти ортиб бормоқда, бироқ ҳозиргача бу мамлакатдан мавсум давомида 100 тоннадан кам сархил гилос импорт қилинди.

2021 йилнинг 3 декабрида Андрий Ярмак Украина боғбонларининг мева бизнесига стратегия ва ёндашувларини зудлик билан ўзгартириш зарурлиги, шунингдек, мева-сабзавот бизнесини ўзгартирадиган  технологиялар ҳамда маркетингдаги глобал инновациялар ҳақида  “Украина сабзавот ва мевалари – 2021. Янги инвестицион имкониятлар” деб номланган 17-халқаро конференцияда сўзлаб беради. 2 декабрь куни эса бу ерда яна иккита ноёб тадбир бўлиб ўтади: Ритейл-форум ва Савдо форуми. Ушбу форумларда нафақат супермаркетлар тармоғига маҳсулотлар етказиб бериш бўйича шартномалар тузиш, балки Украинадаги супермаркетлар тармоғида турли хил сабзавот ва меваларнинг савдо ҳажми ҳамда етказиб берувчилар нуқтаи назаридан тармоқлар рейтинглари билан танишиш, бу борада эксклюзив маълумотлар олиш мумкин бўлади. Ушбу тадбирни ўтказиб юбормай десангиз, мазкур ҳавола орқали иштирок этиш учун рўйхатдан ўтишингиз керак.

EastFruit

Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.

Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!

Бу сизга ҳам қизиқ бўлиши мумкин

Турк лирасининг қулаши: Туркиядан импорт қилинадиган мевалар оқими ортиши кутилмоқда

EastFruit

Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари Малайзия импортёрларида қизиқиш уйғотмоқда

EastFruit

Ўзбекистонда тарвуз нархи бир ҳафта ичида 33 фоизга пасайган

EastFruit

Шарҳлар қолдиришингиз мумкин